Украина жанубни қайтариб олишга ҳаракат қиларкан, Россия мамлакат бўйлаб зарбалар берди - Уруш ва тинчлик

maktab

Сурат манбаси, Ukraine's DSNS emergency service via Reuters

    • Author, Ярослав Луков
    • Role, Би-би-си

Расмий Киев жанубдаги Херсон вилоятини қайтариб олишга ҳаракат қилаётган бир вақтда, Россия Украина бўйлаб ҳалокатли зарбалар берди.

Расмийларнинг айтишича, Кропнивицский шаҳри марказига ракета келиб урилиши натижасида 5 киши ҳалок бўлган ва 26 киши жароҳатланган. Шарқдаги Бахмутда 3 киши ўлган.

Киев яқинидаги ҳарбий базага берилган зарбада 15 киши яраланган. Украинанинг шимолий ва жанубий минтақаларига ҳам зарба берилган.

Ҳужумлар Украина Россия қўшинларини мамлакат жанубида қуршаб олишга ҳаракат қилаётган бир вақтда рўй берган.

Херсондаги муҳим кўприк Украина ҳарбийлари Америкадан олган ракетлар ёрдамида зарба берганидан сўнг яроқсиз ҳолга келган. Бу Россия Антоновский кўприги орқали қурол-яроғ ва ҳарбий таъминот етказиб беришини чеклаб қўйган.

line

Алоқадор мавзулар

line

Британия мудофаа расмийларининг айтишича, 24 февралдан бери босиб олинган ягона вилоят маркази бўлмиш Херсон ишғол қилинган бошқа ҳудудлардан деярли узиб қўйилган.

Бироқ Украина ҳарбийларининг огоҳлантиришича, Москва шарқий минтақадаги қўшинларини Херсонни ҳимоя қилиш учун ташламоқда.

Россия ҳарбийлари бузилган кўприк ёнида понтон кўприк ётқизаётгани акс этган расмлар пайдо бўлди.

Херсонни назорат қилиш Россия учун муҳим, чунки бу ер орқали Россия 2014 йили қўшиб олган Қримга қуруқликдан ўтиш мумкин.

Кировоҳрад вилояти маъмурий маркази Кропивнитский шаҳридаги учувчиларни тайёрлаш мактаби сешанба куни иккита Россия ракетаси билан нишонга олинган.

Шарқий Донецк минтақасидаги Бахмут Россия томонидан ўққа утилиши натижасида камида 3 киши ҳалок бўлган ва яна 3 нафар одам жароҳатланган. 12 та уй зарар кўрган.

Бундан ташқари Киев шимолидаги Лютиж ҳарбий базасига берилган зарба натижасида 15 киши яраланган.

Маҳаллий расмийларнинг айтишича, Украинанинг марказий-шарқида жойлашган Днипропетровск вилояти ўққа тутилиши натижасида бир киши ўлган ва икки одам жароҳатланган.

Президент Владимир Путин Украинага бостириб кирганига 5 ой тўларкан, Ғарблик иттифоқчилар Россия тажоввузини қоралашда давом этмоқда.

Пайшанба куни АҚШ, Канада ва Европанинг 36 давлати бошчилигида уруш бошлангандан бери ёмонлашган, деб айтилаётган Россиядаги инсон ҳуқуқлари масаласини ўрганиш бўйича комиссия тузилиши маълум бўлди.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) орқали ҳаракат қилаётган давлатлар расмий Москвани мамлакат ичидаги ўзгача фикрлиларга босим ўтказишни кучайтирганликда айбламоқда.

Баёнотда ҳибсхоналардаги қийноқлар борасида ҳам хавотир билдирилган.

Экспертлар сентябр ойида ҳисобот тайёрлайди ва унда вазиятни яхшилаш учун нималар қилиш кераклиги борасида таклифлар берилади.

Россия яқинда ЕХҲТ нинг аъзоси сифатида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа демократик принципларга амалга қилиш борасидаги мажбуриятларни бажаришга рози эканлигини билдирганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek