Қачондир ота-онангиз билан алоқани узишингиз керакми?

Сурат манбаси, Getty Images/BBC
Сара 21 ёшга тўлганидан бир неча кун ўтиб онаси билан алоқани биринчи марта узди. "Мен жуда жаҳл устида эдим", дейди Сара (исми шахсини ҳимоя қилиш учун ўзгартирилди). У телефонда гаплашар экан ғазаб билан онаси билан муносабатга чек қўйди.
Ота-онасининг унинг туғилган кунини нишонлашга вақт ажрата олмагани бир баҳона бўлди. Аммо бундан ҳам кўпроқ сабаблар бор эди. Сара онасининг совуққонлиги, ўзига бино қўйгани ва қизининг ҳаётига қизиқмаслигидан тўйган эди. Онаси Саранинг таълим олишига беписанд қараб, уни оилавий фермада ишлашга мажбурларди. Энг асосийси, Сара онаси уни қаттиққўл ва баъзан зўравон отасидан ҳимоя қила олмаганидан қаттиқ ранжиган эди.
Икки-уч йил давомида Сара онаси билан мутлақо алоқа қилмади, онаси ҳам индамай юраверди. "Эркинликни ҳис қилдим", деб эслайди Сара.
Бироқ, охир-оқибат чет элга кўчиб кетишга қарор қилганда, Сара ўртадаги вазият янада ёмон бўлишини истамаганидан ота-онаси билан яна боғланди. Унинг айтишича, улар ҳеч нарсадан афсусланмаган, ўзларини гўё ҳеч нарса бўлмагандек тутишган. Кейинги ўн йилликлар давомида бегоналашув янада кучайди.
Кўпчилик яқинларнинг бундай бегоналашуви кўпайиб бораётганини таъкидлайди, аммо буни тасдиқлаш учун етарли маълумот йўқ. Мавжуд маълумотларга кўра, бу ҳолат кутилгандан кўра кенг тарқалган. Ота-она билан алоқани узиш эса оғир қарордир.
Хўш, бу қачон тўғри қарор бўлади? У бизни бахтлироқ ёки донороқ қиладими? Умуман, ота-онамиз биздан нима қарздор ва биз улардан нима қарздормиз?

Сурат манбаси, Getty Images/BBC
Ғарбий Англия университетининг психология бўйича катта ўқитувчиси ва "Мукаммал оила йўқ: Чалкаш воқеликни қабул қилиш бўйича қўлланма" китоби муаллифи Люси Блейкнинг айтишича, бегоналашув бўйича тадқиқотлар нисбатан кам. "Бу ҳали ҳам табу мавзу, – дейди у. – Бу жуда қўрқинчли, одамлар бу ҳақда гаплашишни истамайди. Бунақа ҳолатлар фақат бошқаларда бўлади деб ўйлашади."
2022 йилда АҚШда 8500 дан ортиқ киши орасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, 24 йил давомида уларнинг 26 фоизи отасидан ва 6 фоизи онасидан узоқлашган. Уларнинг баъзилари ота-онасини кўриб туради. Германияда 10200 киши орасида ўтказилган шунга ўхшаш тадқиқот натижасида, 13 йил давомида респондентларнинг 9 фоизи онасидан ва 20 фоизи отасидан узоқлашгани аниқланган.
2020 йилда чоп этилган мазкур китобда келтирилган Корнелл университети социологи Карл Пиллемер АҚШда ўтказган яна бир сўровномада 1340 киши орасида 10 фоизи ҳозирда ота-онаси ёки фарзанди билан бутунлай алоқани узганини – умуман мулоқот қилмаслигини аниқлаган.
Аммо узоқ вақт давомида бегоналашган одамлар ҳақида кузатув маълумотлари йўқлиги сабабли, бу ҳодиса тобора кенг тарқалаётганини аниқ айтиш қийин. Бироқ Пиллемер каби баъзи тадқиқотчилар шундай ҳисобламоқда.
"Бумер авлоддан олдинги авлодларда оилавий бирдамлик ҳақида кучли тушунча бор эди. Бу меъёрлар энди заифлашди", дейди Пиллемер ва бу албатта салбий ҳодиса эмаслигини таъкидлайди. Унинг айтишича, никоҳсиз жуфтликлар ва фарзандсиз эр-хотинлар каби янги оилавий меъёрлар ҳам вақт ўтиши билан қабул қилинадиган бўлди.
Ажрашган оилалар билан ишлайдиган ва бу мавзуда бир нечта китоблар ёзган клиник психолог Жошуа Коулман ҳам бу фикрга қўшилади. У яна индивидуализм кучайиши ҳам бегоналашувга йўл очиши мумкинлигини қўшимча қилади.
"Индивидуализм маданияти – ўз шахсияти, ўзлигини англаш ва ўз бахтига эътибор қаратишдир, – деб таъкидлайди у. – Натижада, бошқалар билан муносабатларимиз иккинчи даражали ҳисобланади." Тадқиқотлар кўрсатишича, АҚШдаги кекса ота-оналар Исроил, Германия ва Буюк Британия каби бироз камроқ индивидуалистик мамлакатлардаги ота-оналарга қараганда фарзандлари билан совуқ муносабатда бўлиш эҳтимоли икки баравар юқори.
Коулманнинг таъкидлашича, бу ижтимоий тармоқлар таъсирида янада кучаймоқда. Интернетда ўзимизга ўхшаган одамларни топиш осонлашмоқда ва кўплаб инфлюенсерлар бизни "заҳарли" одамлар билан алоқани узишга ундамоқда.

Сурат манбаси, Getty Images/BBC
Терапевтлар билан мулоқотлар ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти, дейди у. Бу ҳар доим ҳам ижобий эмас, баъзи терапевтлар, масалан, воқеанинг фақат бир томонини эшитгандан сўнг, оила аъзолари билан учрашмасдан ҳам уларга психиатрик касаллик ташхисини қўйиши мумкин. Бироқ, бу психиатрия ва психология соҳасидаги ахлоқий меъёрларга зид келади. Коулман кўплаб вояга етган болаларни учратганини айтади, улар терапиядан сўнг ота-онасини токсиклик, нарцист ёки чегаравий шахсият бузилишида айблашган.
Бу алоқаларни узиш албатта ёмон қарор дегани эмас. Кўпчиликнинг, айниқса, болалигида зўравонликка учраганларнинг бундай қилиш учун жуда яхши сабаблари бор, дейди Пиллемер. "Бу борада ижтимоий уят бўлмаслиги керак, – дейди у. Коулманнинг қўшимча қилишича, агар ота-онангиз ўз хатти-ҳаракатларидан мутлақо пушаймон бўлмаса ёки сизни тинглашни ҳам истамаса, худди шундай йўл тутиш тўғри бўлиши мумкин.
Бироқ, Пиллемернинг таъкидлашича, унинг 300 нафар ўз яқинидан бегоналашган одамлар билан ўтказган сўровномаси ва атрофлича суҳбатларини жамлаган тадқиқоти шуни кўрсатдики, кўпинча алоқаларни узишга олиб келадиган сабаб "майда салбий муносабатларнинг тўпланиб бориши", масалан, эр ёки хотин томонидаги қариндошлар билан келишмовчиликлар бўлади.
АҚШда Коулман 1000 дан ортиқ одам орасида ўтказган сўровда, кўпчилик бегоналашув сабаблари сифатида оила аъзоларининг муайян хулқи ёки умумий оилавий муносабатларни кўрсатган. Бу баъзан эр-хотиннинг ажрашиши оқибатлари, ота-онадан бирини танлаш ёки ажрашган ота ёки онанинг янги турмуш ўртоғини ёқтирмаслик билан боғлиқ. Шахсий ва жинсий ўзига хослик ҳам муҳим омиллар бўлиши мумкин, масалан, баъзи ота-оналар фарзандининг гей эканлигини қабул қилолмайди. Бегоналашганларнинг деярли ҳар бешинчиси сиёсий келишмовчиликлар сабабли эканлигини айтган.
Бироқ, Блейк Буюк Британияда оила аъзоларидан узоқлашган 800 га яқин одам билан сўров ўтказганида, кўпчилик ҳиссий зўравонликни асосий сабаб сифатида кўрсатганини аниқлади. "Бу одатда муаммоли ота-оналик билан боғлиқ, масалан, ҳаддан ташқари қаттиққўл ёки авторитар тарбия услуби," дейди у. Лекин унинг сўровида иштирок этганлар бегоналашувни енгиш учун махсус ёрдам сўраган одамлар эди. Шу боис улар бу ҳолатни бошдан кечирган ҳамма одамларни акс эттирмаслиги мумкин. Аммо бу қийин оилавий муносабатларнинг кўпинча эътибордан четда қоладиган жиҳатини очиб беради.
"Менимча, ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қилмайдиган муносабатда қолиши шарт эмас, – дейди у. – Биз кўпинча жисмоний ёки жинсий зўравонлик ҳақида ўйлаймиз, лекин ҳиссий зўравонлик ҳақида гаплашиш ҳам худди шундай муҳимдир."

Сурат манбаси, Getty Images/BBC
Коулман ва Пиллемернинг таъкидлашича, ҳиссий (эмоционал) зўравонлик мураккаб тушунча бўлиб, уни нотўғри қўллаш мумкин. Коулман айтишича, баъзида вояга етган фарзандда руҳий касаллик ёки гиёҳванд моддаларга ружу қўйиш муаммоси бўлиши мумкин, бу эса уларнинг бутун болалик даврини нотўғри талқин қилишига ва ғамхўр ота-оналарини ноҳақ айблашига сабаб бўлади. Бироқ, ҳақиқий ҳиссий зўравонликдан жабрланганларни эътибордан четда қолдирмаслик ва уларнинг хотираларини ҳисобга олиш муҳимдир.
У яна таъкидлашича, соғлом тарбия меъёрлари ҳам доимий ўзгариб туради. Бугун ҳиссий зўравонлик ёки эътиборсизлик деб ҳисобланган нарса ўтмишда бундай ҳисобланмаган бўлиши мумкин. Масалан, бугунги кунда ота-оналар кўпинча фарзандининг руҳий касаллигини тан олишга ва қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилади. Аммо 40 йил олдин жамиятнинг руҳий саломатлик муаммолари ҳақидаги тушунчаси бугунги кундагига қараганда анча чекланган эди.
Кўриниб турибдики, баъзилар ота-онаси билан алоқани узиш кераклигини ҳис қилади. Лекин аслида биз улардан қанча қарздормиз?
Дублин Университет коллежидан файласуф Кристофер Каулидан ота-онамиз билан умрбод муносабатда бўлишимиз керакми, деб сўрашганида, у шундай жавоб беради: "Иккиланиб қолдим. Бир томондан, ота-онамга тўғридан-тўғри метафизик ва экзистенциал маънода ҳамма нарсам учун қарздорман. Бироқ, агар мен ота-онамнинг шафқатсиз зулмидан омон қолган бўлсам, демак, менинг бошқа мажбуриятим йўқ." Унинг фикрича, ота-она ва вояга етган фарзанд ўртасидаги идеал муносабат дўстликка ўхшаш бўлиши керак.
Биз бола бўлганимизда, муносабатларнинг кучи ва масъулияти тўлиқ ота-онамиз зиммасида бўлади. Аммо бу ёш ўтган сари ўзгаради. Коули тушунтиришича, ўсмирлар узоқлашув учун ота-оналарини айблашлари ва танқид қилишлари керак. "Аммо тўлиқ вояга етганингиздан сўнг, барча муаммоларингизни ота-онангизга тўнкай олмайсиз," дейди у. Бир кун келиб ота-оналаримиз жуда қариб, заиф бўлиб қолади. Шунда бироз сабрли ва раҳмдил бўлишимиз жоиз, дейди у.
Биз ўз муваффақиятсизликларимизга баҳо берганимизда, кўпинча ўзимизни эмас, балки ташқи омилларни айблаймиз. Масалан, агар муддатни ўтказиб юборсак, етарли вақт берилмаганини ёки ит уй вазифамизни еб қўйганини баҳона қилишимиз мумкин. Аммо ўзимиз доим ҳам бошқаларни тушунавермаймиз. Демак, ота-онамизга адолатли бўлмоқчи бўлсак, уларнинг ташқи шароитларини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Билимсизлик, руҳий касаллик, руҳий жароҳат ёки моддий қийинчиликлар уларнинг ёмон ота-оналик қилишига сабаб бўлган бўлиши мумкинми?
Пиллемер бир она ва унинг бегоналашган ўғли билан суҳбатлашганини эслайди. Улар тахминан 25 йилдан бери кўришмаган эди. Она ҳақида у шундай дейди: "1960-йиллар бошларида эри уни ташлаб кетган, аёллар учун имкониятлар кам эди. Шундай қилиб, у унча яхши бўлмаса-да, ҳар ҳолда зўравон бўлмаган одамга турмушга чиққан. Ўғил бунинг учун онадан хафа бўлган, лекин она оиласини ҳимоя қилиш кераклигини ҳис қилганди ва вақт ўтиб ўғил буни тушуниб етди."
Коулман эса баъзида ёлғиз она тарбиялаган вояга етган фарзандларга дуч келишини айтади. "Бола дейди: "Сиз доим ишда эдингиз, мен эътиборингиздан четда қолиб кетганимни ҳис қилардим", дейди. Бир томондан, ота-она буни ҳис қилиши керак. Аммо бола ҳам уни тарбиялаш учун онаси иккита ишда ишлашга мажбур бўлганини тушуниши лозим."
Ота-онамизнинг хатти-ҳаракатларини тушунишга интилиш бизга хотиржамлик бериши мумкин. Уларнинг барча ҳаракатлари ёвузлик ёки қасддан бўлмаганини англасак, оғриқ бироз енгиллашиши мумкин. Бу уларни кечиришимиз ёки улар билан муносабат сақлашимиз шартлигини англатмайди. Бироқ, вазиятни аниқроқ тушуниш орқали хира ўтмишнинг даҳшатли таъсирини зарарсизлантиришимиз мумкин. Бундай фикрлаш, биз ҳам ота-она бўлсак, ўзимизга тушадиган босимни камайтириши мумкин.
Каули кимнидир ҳаётимиздан чиқариб ташлашдан олдин бегоналашувнинг умрбод психологик таъсирини эътиборга олишимиз кераклигини таъкидлайди. Агар ота-она вафот этса, ўша қарор тўғри туюлаверадими? "Кейин сизни нима таъқиб қилишини назорат қила олмайсиз," деб таъкидлайди у.
Баъзи одамлар учун алоқа йўлларини қисман очиқ қолдириш афзалроқ бўлиши мумкин, чунки бу кейинги мулоқот имкониятини сақлаб қолади. Агар биз алоқаларни бутунлай узсак, қолган умримизни нега шундай бўлганини тушунишга уриниш билан ўтказишимиз мумкин.
Ниҳоят, Библияда айтилган ва файласуф Иммануил Кант таъкидлаган тамойилдан фойдаланишингиз мумкин: бошқаларга ўзимизга қандай муносабатда бўлишларини истасак, шундай муносабатда бўлиш. Каулининг айтишича, келажакдаги ўзингизни тасаввур қилинг. Вояга етган фарзандингиз тўсатдан замонавий мезонларга асосланиб, сизнинг тарбиянгиз ёмон бўлганини айтса, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Пиллемер таъкидлаганидек, "Биз ота-онамиз йўл қўйган хатоларни такрорламаймиз деб ўйлаш осон, аммо бошқа хатоларга йўл қўямиз".
Яна бир муҳим жиҳат: болалик хотираларингиз бутунлай тўғрими? Инсон хотираси ишончсиз бўлиб, биз кўпинча воқеаларни нотўғри эслаймиз ёки бутунлай сохта хотиралар яратамиз, айниқса, катта ёшда.
Бу бизга ўзимиз ҳақимиздаги зиддиятли тасаввурлардан халос бўлишга ёрдам беради. Масалан, ўзингизни экстраверт деб ҳисоблаган бўлсангиз, хотираларингиз одамлар ва ижтимоий тадбирлар билан тўла бўлиши мумкин. Кейинчалик ўзингизни интроверт деб ҳис қилсангиз, хотираларингиз ўзгариши мумкин – ёлғиз бўлган ёки ижтимоий вазиятларда ноқулайлик сезган пайтларингизни кучлироқ эслай бошлайсиз.
Худди шундай, ота-онамиз ҳақидаги хотираларимиз ҳам, уларнинг биз ҳақидаги хотиралари ҳам ўзгарувчан бўлиши, бу баъзилар нима учун бегоналашиши сабабларидан бири бўлиши мумкин. Коулман айтишича, кўп одамлар ота-оналари ҳақида зиддиятли хотираларни стресс сабабчиси деб билади. Алоқаларни узиш орқали бу одамлар бундай ҳис-туйғулардан халос бўлмоқчи бўлади, шунинг учун улар салбий жиҳатларни қабул қилиб, ижобий томонларни унутишга ҳаракат қилишади.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:
Эҳтимол, муҳим савол шуки, алоқаларни узиш бизни ҳақиқатан бахтли қиладими? Кўпчилик учун шундай. "Сўровлар кўрсатишича, вояга етган фарзандлар кўпинча ана шундай узилиш натижасида ўзларини бахтлироқ ва камроқ стресс остида ҳис қилишларини айтишади, – дейди Коулман. – Улар қандай уят ёки айбдорлик ҳис қилишмасин, бу тўғри қарор бўлганини ҳам ҳис қилишади. Ота-оналар учун эса аксинча. Улар учун бу фақат юрак оғриғи, қайғудан иборат."
Бироқ, бошқа ҳолларда бу муносабатларнинг узилиши ўз муаммоларини келтириб чиқаради.
"Бегоналашув жуда ёлғизлантирувчи бўлиши мумкин," дейди Блейк. У кўплаб бегоналашган фарзандлар, айниқса, оилалар анъанавий равишда кўп вақт бирга ўтказадиган байрамларда қийналишини аниқлаган. Шунинг учун, агар сиз ота-онангиз билан алоқани узишга жиддий қарор қилсангиз, атрофингизда қўллаб-қувватловчи одамлар борлигига эътибор беринг, деб маслаҳат беради у.
Пиллемернинг тадқиқотида одамларнинг фақат тўртдан бир қисмигина ўзларининг бегоналашувидан хавотирланмаган. Унинг айтишича, одамлар суҳбатни ўз қарорларидан мамнунликларини айтиш билан бошлашлари одатий ҳол эди, аммо кейинчалик улар хафа бўлганликларини ва муаммолар ҳал этилмаганлигини тан олишарди. Кўпчилик ўз қароридан афсусланишдан қўрқарди. "Бегоналашганда, мен ўзим ўтирган шохни кесиб ташлайман, – деб тушунтиради Каули. – Ўйлашимча, вояга етган фарзанд учун ўз илдизларидан узилиб қолиш зарарли."
Каули, Пиллемер ва Коулман таъкидлашича, агар сиз ота-онангиз билан муносабатларни чиндан ҳам ёқтирмасангиз, маълум муддат масофа сақлашдан бошлашингиз керак. "Мен ҳар куни йиллар давомида бегоналашган ва ўзини ўлдириш ҳақида ўйлаётган ота-оналарга дуч келаман," дейди Коулман. У бегоналашишни танлаган вояга етган фарзандларга бир йилдан сўнг ота-оналари билан алоқани қайта тиклашни тавсия қилади. "Баъзида бу вақт ота-онани уйғотиш учун етарли бўлади."
Ота-оналар кўпинча муносабатларга кўпроқ вақт, пул ва куч сарфлаганлари учун, бегоналашув улар учун оғирроқ кечади. Шу сабабли, одатда муносабатларни тиклаш учун улар кўпроқ ҳаракат қилишлари табиий.
Ярашиш имконияти бор. АҚШда 2022 йилда 8500 киши иштирокида ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, онасидан бегоналашган одамларнинг 62 фоизи ва отасидан бегоналашганларнинг 44 фоизи 10 йил ичида маълум даражада ярашган.
Ҳозирда онаси билан муносабати чекланган Сара билан ҳам шундай бўлди. Сара айтишича, онаси кексайиб қолган ва "жуда оғир ҳаёт кечирган", вақти-вақти билан жиддий руҳий касалликларга чалинган. "Мен унга бироз ачинаман", дейди Сара.
Ота-оналар фарзандларининг мукаммал болалигини таъминлаб қўйишга мажбур эмас. Фарзандлар эса ота-оналаридан умрбод миннатдор бўлишга мажбур эмас. Эҳтимол, улар бир-бирларига ҳамдард бўлиб, ўзларини англаб, бир-бирларини тинглай олишлари керакдир.






























