Украина уруши: Вагнер қароргоҳи портлатилди, руслар Запорожье АЭСидан чиқмоқчи эмас, Донецк референдумга тайёр эмас Ukraina Rossiya Qrim Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
14 август куни Украинанинг Луганск вилояти Попасная қишлоғида жойлашган "Вагнер" ёлланма жангчилар гуруҳининг штаби ҳужумга тутилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Дастлаб бу хабарни россияпараст матбуот тарқатди, Украина HIMARS реактив тизими билан бинога ҳужум қилгани, талофатлар борлиги хабар қилинди.
"Вагнер" дунёнинг бир неча мамлакатларида уруш жиноятларида айбланадиган ҳарбий ташкилот.
Кремль "Вагнер"нинг мавжудлигини тан олмайди, бироқ Ғарб разведкаларига кўра, "Вагнер" Президент Путинга яқин бизнесмен Евгений Пригожинга тегишли ташкилотдир.
Гуруҳ хусусий ҳарбий компания ҳисобланади, лекин "Вагнер"чилар Кремль манфаати учун пулга жанг қиладиган ёлланмалардир.
Россиянинг мунтазам армияси Украинада ҳарбий йўқотишларга дуч келгани ортидан "Вагнер" гуруҳига одам ёллаш кўпайган, аввалги хатолари учун гуруҳдан ҳайдалганлар ҳам Украина урушига жалб этилган.
Украина расмийлари ҳам Попасная ҳужумни тасдиқладилар, бироқ ҳужум тафсилоти, қанча талофат берилгани ҳақидаги маълумотлар аниқ эмас.
Кремлпараст мухбирларнинг ушбу ҳужум ҳақидаги хабар ва маълумотлари қатор таҳлилчилар томонидан шубҳага олинди.
Алоқадор мавзулар:
- Украина уруши ва Россия: Зеленский Қримни барибир олмоқчи, Қримдаги портлаш ортида ким турибди? - Видео
- Украина ишғоли ва куннинг саволи: Путин ядровий тугмани босадими?
- Украина уруши: Россиядан нохуш хабар, АҚШ Украинани янада кучайтирмоқчи, Путин қўрққан иш амалга ошадиган ва энди россияликларга қийин бўладими?
- Украина уруши: Россия Запорожьеда референдум ўтказмоқчи
Запорожье АЭСини бўшатиш талабига муносабат

Сурат манбаси, Getty Images
42 мамлакатнинг Запорожье АЭСини демилитаризация қилиш талабига Запорожье вилояти оккупацион маъмурияти муносабат билдирди.
Россия пропагандаги бу маъмуриятни мустақил тузилма сифатида тақдим этади, гўёки Запорожье вилояти аҳолиси номидан иш кўраётган бу маъмурият ҳудудни Россияга қўшиш бўйича референдум ўтказиш ташаббуси билан чиққан.
"БМТ раҳбарияти ва Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари демилитаризация ҳақида эмас, сукут режимини жорий этиш ҳақида гапиришлари керак. Шунингдек, бу режимни бузганларга оддий санкция эмас, АЭСни ҳужумга тутганларга қаттиқ санкцияларни кўзда тутишлари лозим", дея Россиянинг Новости ахборот агентлиги ўзини "Запорожье вилояти ҳарбий-фуқаровий маъмурияти"аъзоси деб атаган Владимира Роговдан иқтибос келтирган.
Россия томони АЭС атрофини Украина ҳужумга тутаяпти, деб айблаб келади.
Украина эса Россия томонининг ўзи АЭС атрофини ҳужумга тутиб, Украинани айбдор қилаяпти, дейди.
БМТнинг Атом қуввати бўйича агентлиги МАГАТЭ Запорожье АЭСида ядровий фалокат рўй беришидан хавотир билдириб келади, ўз мутахассисларининг АЭС ичига кириб аҳволини текширишларига Россиядан рухсат сўраяпти.
Лекин Россия бунга рухсат бермай келаяпти.
Украинанинг Запорожье атом электр станцияси ҳозир Россиянинг назорати остида.
Украина ва Ғарб давлатларининг даъво қилишича, Россия АЭС биносини ҳарбий базага айлантирган ва унинг атрофидан туриб, ўз ҳужумларини уюштирмоқда.
Расмий Киевга кўра, станцияга зиён етказмаслик учун бу ҳужумларга жавоб беришга ожиз қолаяптилар.
Британия истиҳбороти: ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк Халқ республикаси Россияга қўшилиш референдумини ўтказмоқчи

Сурат манбаси, MIKHAIL TERESHCHENKO/TASS
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Украина уруши бошланганидан буён ҳар куни ўз таҳлилларини эълон қилиб келаяпти, уларда кўпчиликка номаълум маълумотлар ҳам бериб борилаяпти.
15 августдаги таҳлилини Британия разведкаси ўзини Донецк Халқ республикаси деб эълон қилган ҳудудда референдум мавзусига бағишлади.
11 август куни Россия оммавий ахборот воситалари ўзини ДХР раҳбари деб атайдиган Денис Пушилиннинг, Донецк ҳудуди "тўла озод бўлганидан кейин" Россияга қўшилиш референдуми ўтказилади, деган баёнотини тарқатди.
Бундан олдин тадқиқотчи журналистлар ўзини ДХР деб атайдиган ҳудуд раҳбарияти референдумга тайёрлаётгани исбот-далилларини эълон қилдилар, бу ҳужжатларда камида 70 фоиз аҳоли Россияга қўшилишни қўллаб-қувватлашини таъминлаш зарурлигини айтилган.
Шундай режа мажвудлиги ҳақида Украина разведкаси ҳам хабардор бўлган, уларга таяниб ўтган ой "Озодлик" радиоси хабар тарқатганди.
"Москва, шубҳасиз, ўзининг бу режасида илгарилагани тайин. Бироқ реферндумни ўтказиш бўйича якуний қарор берилдими ёки йўқ, аниқ эмас. Афтидан, Кремль Россия ҳарбийларининг бутун Донецк вилоятини босиб олишга қодир эмаслигини ўзининг Украинадаги мақсадларига эришиш йўлидаги муваффақиятсизлиги деб баҳолайди", деб ёзади Британия Мудофаа вазирлиги.
Чунки Донецк вилоятининг катта ҳудуди ҳамон Украина қўшинлари назорати остида қолмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















