Украина ишғоли ва куннинг саволи: Путин ядровий тугмани босадими? Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

Россия президенти

Сурат манбаси, ANADOLU AGENCY VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Путин кеча, якшанба куни Россия ядровий кучларини жанговар шай ҳолга келтиришни буюрган
    • Author, Стив Розенберг
    • Role, BBC News, Москва
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Аввалбошдан тан олай. Путин ўзим ҳам неча бор қилмайди, деб ўйлаган ишларимни қилгану қўйган.

"У ҳеч қачон Қримни аннексия қилмайди, буниси аниқ". Аммо қилди.

"У ҳеч қачон Донбассда уруш очмайди". Лекин очди.

"У ҳеч қачон Украинанинг тўлақонли ишғолига қўл урмайди". Урди.

Мен буларнинг барчасидан "ҳеч қачон қилмайди" ибораси Путинга тааллуқли эмас экан, деган хулосага келдим.

Бу эса, ноқулай бир саволни туғдирмай қолмайди:

"У ҳеч қачон ядровий тугмани босмаса керага а?"..

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Таҳлил:

Бу шунчаки қуруқ савол эмас:

Чунки Россия лидери мамлакати ядровий кучларини жанговар шай ҳолга келтиришни буюрди.

Путин бунинг сабабини НАТОнинг "тажовузкор мазмундаги баёнотлари" билан изоҳлади.

Россия президентининг айтаётган гапларига диққат билан қулоқ тутиш керак.

Ўтган пайшанба куни Путин телевидение орқали "махсус ҳарбий амалиётлари"(аслида Украинанинг тўлақонли ишғоли) бошланганини эълон қиларкан, қаттиқ пўписа қилди:

"Бунга кимдир четдан аралашмоқчи бўлса, тарихида кўрмаган оқибатларга дучор бўлиши" билан огоҳлантирди.

"Новая газета" нашрининг Бош муҳаррири ва Нобель Тинчлик мукофоти соҳиби Дмитрий Муратовнинг айтишича, "Путиннинг сўзлари тўғридан-тўғри ядровий уруш таҳдидидек янграган".

"Ўша телевизион мурожаати чоғида Путин биргина Кремль эмас, худди Ер сайёрасининг соҳибидек ўзини тутди. Қўлида калитини ўйнатиб, серҳашам машинаси билан мақтанган одамдек ядровий тугмани ўйнатди. У, "Россия бўлмаса, Ер сайёрасининг нима кераги бор?", - деб кўп бор айтган. Унинг бу сўзларига ҳеч ким эътибор бермаган. Аммо бу таҳдид. Россия билан ҳисоблашилмаса, ҳамма нарса йўқ қилинади, дейилмоқчи".

Россия президенти

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES

Сурат тагсўзи, Агар Украина урушида муваффақиятсизликка учраб, катта талафот берса, бу Кремлни янада кескин чоралар кўришга ундайди, деган хавотирлар бор

Президент Путин 2018 йилги ҳужжатли фильмда ҳам бу ҳақда тўхталиб ўтган.

"Агар кимдир Россияни йўқ қилишга қарор қилган бўлса, биз бунга қарши жавоб беришга қонунан ҳақлимиз. Тўғри, бу инсоният ва дунё учун фалокат бўлади. Лекин мен Россия фуқароси ва давлати раҳбариман. Россиясиз бизга дунёнинг нима кераги бор", - деб айтган.

Тезгина 2022 йилга қайтсак. Россия Украинага қарши тўлақонли уруш очди.

Аммо Украина Қуролли кучлари уларга кескин қаршилик кўрсатмоқда.

Кремлни ҳайратда қолдириб, санкциялар масаласида Ғарб давлатлари ҳам бир ёқадан бош чиқаришди. Россияга қарши иқтисодий ва молиявий жазо чоралари қўллашга киришишди.

Ҳозир ҳатто Путин тузуми ўзининг тақдири ҳам шубҳа остида бўлиши мумкин.

"Путин танг аҳволда", - дейди москвалик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр.

"Унинг кўп имкониятлари қолмади. Ғарб Россия Марказий Банки активларини музлатиши билан мамлакат молия тизими қулайди. Чунки ортиқ фаолият юрита олмай қолади".

"Ҳозир у европаликларга босим ўтказиш мақсадида газ таъминотини кесиб қўйиши мумкин".

Яна бир вариант - таъсирини билиш учун Британия ва Дания ўртасидаги Шимолий Денгизнинг қаеридадир ядровий бомбасини портлатиш".

Агар Владимир Путин ядровий танловга тўхталса, атрофидаги кимдир уни бу йўлдан қайтара оладими?

"Россиянинг сиёсий элитаси ҳеч қачон халққа яқин бўлмаган", - дейди Дмитрий Муратов. "Улар ҳамиша ҳукмдорнинг тарафида бўлишган".

Владимир Путиннинг Россиясида эса, барча қудрат ҳукмдорнинг қўлида.

Чек-чегара, деган нарса деярли йўқ. Ҳамма нарсани Кремлнинг ўзи ҳал қилади.

"Путинга қарши туришга ҳеч кимнинг юраги бетламайди", - дейди Павел Фельгенгауэр. "Биз хавфли нуқтадамиз".

Украина уруши - Владимир Путиннинг уруши.

Агар Кремль раҳбари ўзининг ҳарбий мақсадига эришса, Украинанинг суверен давлат сифатидаги тақдири савол остида қолади.

Муваффақиятсизликка учраб, катта талафот берса, бу Кремлни янада кескин чоралар кўришга ундайди, деган хавотирлар бор.

Айниқса, "ҳеч қачон", деган ибора ортиқ иш бермай қўйгани назарда тутилса...

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek