Украина - Россия низоси ўзбек мигрантлари ҳаёти ва ишига энди қандай таъсир қилиши мумкин? Россия, Украина, Ўзбекистон

Россия кучлари Украинага бостириб кираркан, уруш ўзбекистонлик мигрантларга ҳам салбий қилиши борасида хавотир ва фикрлар кучайди. Расмий рақамларга кўра, Россияда 2 млн га яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ишлайди.
24 феврал куни ўзбекистонликларга алоқадор илк хабар тонгда Москвада полиция метролар ва бекатларда рейдларни кучайтиргани, йўловчиларнинг ҳужжатларни текшираётгани ҳақида бўлди.
Пойтахт Ички ишлар бошқармаси бу текширувларни хавфсизликни кучайтириш мақсадида эканлиги билан изоҳлаган.
Биз бу борада Миграция масалалари бўйича юристлар билан боғланганимизда бу каби рейдлар сўнгги ҳафтада ўта кескинлашганини билдиришди.
Алоқадор мавзулар:
- Ўзбекистон, Украина: 'Украинлар бизнинг озодлигимиз учун ҳам курашяпти' – ўзбекистонликлар нима демоқда?
- Донецк ва Луганск: Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар нимадан хавотирда?
- Россия-Украина: Донецк ва Луганскни постсовет давлатлари, Марказий Осиё ҳам тан оладими?
- Фоторепортаж: Украина Россия ҳужумлари остида қолди

Сўнгги кунларда дунё бўйича энг беқарор, деб аталган Россия рубли кескин қулади.
Пайшанба куни эрталаб доллар ва евронинг рублга нисбатан курси қарийб 10 фоизга ўсиб рекорд даражага чиқди.
Москва вақти билан 24 феврал куни эрталаб соат 9 га келиб евро курси 100 рублдан ошиб кетди, доллар эса деярли 90 рублга етди.
Россия Марказий банки рубл курсини ушлаб туриш учун валюта интервенциялари бошланганини маълум қилди.
Россиядаги минглаб ўзбекистонликлар учун яна бир ташвишли хабар «Сбербанк» билан боғлиқ бўлди.
«Сбербанк» ўз расмий сайтида банкнинг АҚШ санкциясига тушганини эълон қилди. Маълумотда санкция ортидан мижозларга валюта хизматларини кўрсатиш борасидаги чекловлари баён қилинган.
«Сбербанк» Россиядаги энг йирик банклардан бири бўлиб, мижозларининг салмоқли қисмини Марказий осиёлик мигрантлар ташкил қилади.
Банкнинг санкцияга тушгани хабари ортидан бир неча соат ичида «Сбербанк» бўлинмалари гавжумлашди. Мижозлар ҳисобларидаги маблағларни ечиб олишаётгани ҳақида гапиришмоқда.
Орадан 3 соат ўтиб, «Сбербанк» матбуот хизмати баёнот билан чиқиб, банк яна штат тизимида ишлаётгани ва вазиятнинг ҳар қандай ривожига тайёр экани, мижозларига хизмат кўрсатишда давом этишини билдирди.

«Сбербанк»нинг Москва шаҳридаги 3 та бўлимида бўлдик. Кичикроқ бўлимларида валюта айирбошлаш имконияти йўқлиги (доллар тугагани)ни айтишди.
Марказга яқин бўлимда валюта билан боғлиқ хизматлар кўрсатилаяпти, аммо навбатлар одатдагидан кўра анча катта.
Бу вақтда Марказий банк Россия индексларининг 30-35 фоизга қулаши фонида Россия бозорида қисқа савдоларни тақиқлади. Ушбу чекловлар рублга спекулятив босимни пасайтириш, чайқовчиларни, қулашдан фойда олишни хоҳлайдиганларни чеклаш уринишлари билан боғлиқ. Улар қимматли қоғозларни сотишади ва кейин яна сотиб олишади.
"Қисқа сотувлар спекулятив воситалардир: одамлар "шорт" деб аталадиган нарсаларни очишади, улар бозор учун ўйнашади. "Шортс" ни очиш қобилияти бозорни силкитади, бозор тушганда унга қўшимча босим яратади. Бу содир бўлаётган воқеалар миқёсида унчалик муҳим эмас, - дея тушунтиради Алфа-Банк бош иқтисодчиси Наталя Орлова.
Россияда қарийб барча кўчмас мулклар савдоси ва ижаралар нархлари миллий валюта - рублда амалга оширилади. Бугун ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги элит уйларнинг нархлари долларга алмаштирила бошлагани ҳақидаги хабарлар чиқа бошлади.
24 феврал куни Телеграмдаги трафик сўнгги 2 ҳафта давомидаги ўртача кўрсаткичга кўра 50 фоизга, ўтган чоршанбага нисбатан эса 100 фоизга ошган. Кун давомида қисқа узилишлар қайд этилди.
Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар Мобил алоқа компаниялари орасида «Мегафон» фаолиятида чекловлар, айрим ҳудудларда интернет секинлашгани кузатилаётганини ёзишмоқда.
Шунингдек, Қизил майдон, ГУМ, ЦУМ, меҳмонхона ва марказдаги бошқа объектлар ёпилгани хабар қилинди.

Кремл буни эҳтиёт чоралари билан изоҳлади.
Россия бўйлаб урушга қарши пикетлар бўлиб ўтмоқда.
Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, пикетга чиққанларни дарров маҳкамаларга қўпол равишда олиб кетиб, тарбиявий суҳбат ўтказиб, жарима солишаяпти.
Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги меҳнат муҳожирларини турли митинглар ва намойишларда қатнашишдан огоҳлантириб чиқди.
Москвадаги эркин ва хориж агенти саналган ОАВларга кириш имкони чекланаяпти.
Курск ва Россиянинг бошқа жанубий ҳудудларида аҳоли ва хоҳловчилар тинч жойларга эвакуация қилинаяпти.
Роскомнадзор эса воқеларни ёритишда фақат давлат (Россия) манбаларидан фойдаланишга чақирди.
Давлат Думаси аввалроқ Россия президенти эълон қилган ҳарбий операция узоқ давом этмаслигини таъкидлади.
Таҳлилчилар воқеалар ривожини кузатаркан, бу "операция" тез орада тугайдиган кўринмаяпти, дейишмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















