Украина – Россия: Путин энди Ғарб жазо чораларига қарши нима қилмоқчи? Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Миллий пул бирликлари

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Крис Моррис
    • Role, Глобал савдо мухбири

Россия бу дақиқага йиллар давомида тайёрланди.

2014 йилда Россия қўшинлари Украинанинг бир қисмини аннекция қилиб, Қримга кириб, халқаро санкцияларнинг биринчи босқичига сабаб бўлди. Ва бу Москвага муҳим сабоқ берди.

Ўшандан бери у ҳимоя чораларини кучайтириб, долларга қарамликдан воз кечиб, Россия иқтисодиётининг санкцияларга таъсирчанлигини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Президент Путин санкцияларга Ғарб ўйлаганидан кўра кўпроқ чидаши мумкинлигига умид қилаётган бўлиши мумкин.

Россия нималар қилди?

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Халқаро захиралар

Жорий йилнинг январига келиб, ҳукуматнинг валюта ва олтиндаги халқаро захиралари 630 миллиард доллардан ошиб, рекорд даражага етди.

Графика

Бу дунёдаги тўртинчи йирик резерв бўлиб, Россия валютаси рублни сезиларли вақт давомида қўллаб-қувватлаш учун ишлатилиши мумкин.

Шуниси эътиборга лойиқки, Россиянинг ҳозирда валюта айирбошлашининг 16 фоизи доллардадир, беш йил олдин бу кўрсаткич 40 фоизни ташкил этган. Тахминан 13 фоизи ҳозирда Хитой юанида қилинади.

Буларнинг барчаси Россияни АҚШ санкцияларидан максимал даражада ҳимоя қилишга қаратилган.

"Россия истеҳкоми"

Россия иқтисодиёти таркибида бошқа ўзгаришлар ҳам юз берди.

Вақт ўтиши билан у хорижий кредит ва сармояларга қарамликни камайтирди ва Ғарб бозорларидан ташқарида янги савдо имкониятларини фаол қидирмоқда.

Хитой бу стратегиянинг муҳим қисмидир.

Москва ҳукумати, шунингдек, йирик Ғарб марказий банклари томонидан назорат қилинадиган глобал молиявий хабар алмашиш хизмати "Свифт" билан алоқаси узилган тақдирда ўзининг трансчегаравий тўлов тизимини яратиш бўйича биринчи қадамларни қўйди.

Ва у ўз бюджети ҳажмини ўсишдан кўра барқарорлик учун қисқаришига ҳам рози.

Бу шуни англатадики, сўнгги ўн йил ичида Россия иқтисодиёти йилига ўртача 1% дан кам ўсди. Аммо, эҳтимол, бу жараёнда у янада мустақил бўлди.

"Аслида, Россия Ғарб қўллаши мумкин бўлган санкцияларнинг баъзи зарбаларига дош бера олиши учун деярли муқобил молиявий тизимни қурмоқда", дейди "Coriolis Technologies" Бош ижрочи директори доктор Ребекка Хардинг.

"Аммо буларнинг барчасида қисқа муддатли оғриқлар бўлади ва Россия тизимининг заифлиги шундаки, улар бутун дунё бўйлаб ёйилган жуда нозик тармоққа эга."

Стратегик манфаатлар

Бу, албатта, Москва учун хавфли ўйин бўлиши мумкин. Россиянинг йирик банкларига, айниқса, давлат банкларига қарши санкциялар зарар келтиради.

Аммо президент Путин АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг бир оз фарқли стратегик манфаатларига эга деб умид қилган бўлиши мумкин.

Россия президенти

Сурат манбаси, EPA

Шубҳасиз, баъзи давлатларга Россия нефть ва газ саноатига санкциялар жорий этиш осонроқ. Масалан, Европа Иттифоқи табиий газнинг 40 фоизини Россиядан олса, Буюк Британия тахминан 3 фоиз олади.

Шундай қилиб, Германиянинг "Шимолий оқим-2" газ қувури қурилишини тўхтатиб қўйиш қарори Россияга зарар етказади, бироқ Ғарбий Европадаги энергия нархига ҳам бевосита таъсир қилади.

Олигархларни нишонга олиш

Бойларни нишонга олиш бутун иқтисодиётни санкция қилишдан кўра кўпроқ таъсир қилиши мумкинми?

Президент Путин маълум сабабларга кўра чет элдаги пул ва бошқа мол-мулкни ўз номига сақламайди. Аммо супер бой тарафдорлар тармоғи буни унинг учун қилади.

"2014 йилдан бери олигархларга қарши бир қанча санкциялар қўллана бошлади, бироқ улар етарлича узоққа бормади. Ўзгаришлар фақат улар кўпроқ мўлжалга олинса содир бўлади", дейди Лондон Иқтисодиёт мактаби профессори Томила Ланкина.

Россиянинг зирхли уловлари

Сурат манбаси, EPA

Лондонга ўзининг узоқ муддатли ширкатлар тармоғи, кўчмас мулк портфели ва сиёсий таъсири боис алоҳида эътибор қаратилади.

Буюк Британия ҳукумати аниқ шахсларга қарши янги санкциялар эълон қилди, бироқ коррупцияга қарши курашувчи "Transparency International" гуруҳининг таъкидлашича, биргина Лондоннинг ўзига 1.5 миллиард фунт стерлингга яқин Россия пули кўчмас мулк учун инвестиция қилинган, бунинг катта қисми офшор ҳудудларда сақланадиган маблағлардан келган.

"Ғарб ҳукуматлари бунга йўл қўйиб, нафақат рус халқини, балки ўз халқини ҳам мағлуб қилмоқда", дейди профессор Ланкина.

Тийиб туриш

Ғарб етакчилари сўнгги бир неча кун ичида эълон қилинган санкциялар бир неча эҳтимолий қадамларнинг фақат биринчиси эканини очиқ айтишди. Босим сезиларли даражада ошиши мумкин.

Аммо бу Россияни курсни ўзгартиришга мажбур қилиш учун етарли бўладими?

Ҳеч шубҳа йўқки, санкциялар таъсир қилиши мумкин, аммо бундай кенг қамровли чора-тадбирлар тўплами ҳеч қачон Россия каби йирик иқтисодиётга нисбатан қўлланмаган.

Ва уни самарали қилиш учун Ғарб узоқ вақт бу санкцияларни сақлаб туриши керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek