Россия-Украина: Байден америкаликларни зудлик билан Украинани тарк этишга чақирди Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP VIA GETTY IMAGES
АҚШ президенти бирорта ҳам фуқароси Украинада қолмаслиги шартлигини айтди. Унга кўра, Россиянинг Украинага ҳужум қилиш хавфи янада ортган.
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Жо Байден Россия бостириб кирса, уларни қутқариш учун Украинага қўшин юбора олмаслигини билдирган.
АҚШ президентининг айтишича, "агар Америка ва россияликлар бир-бирларига қарши ўт очишни бошлашса, бу жаҳон уруши бўлади. Аммо бугун бутунлай бошқа дунёдалар".
Жо Байден айни ўринда "минтақадаги вазият бирдан издан чиқиб кетиши мумкин"лиги билан огоҳлантирган.
Америка президенти америкаликлар Украинани ҳозирнинг ўзидаёқ тарк этишлари кераклигини айтган.
АҚШ давлат департаменти ҳам уларни зудлик билан шундай қилишга ундаган.
Жо Байденга кўра, "дунёдаги энг йирик армиялардан бирига рўбарў келиб туришибди".
"Бу ердаги аҳвол буткул бошқача".
АҚШ бундан аввал Киевдаги дипломатларини олиб чиқиб кетишга киришган.
Ёрдам беролмасликларини айтиб, ўз фуқароларига Россияга бормасликни маслаҳат берган.
Кеча, пайшанба куни Москва ҳам Киевдаги айрим зарур бўлмаган дипломатларини чақириб олиш масаласини кўриб чиқаётгани маълум бўлган.
Россия Ташқи ишлар вазири буни "англо-саксонлар Украинада ниманидир уюштириш режаси"да экани билан изоҳлаганди.
Минтақадаги вазият

Сурат манбаси, Getty Images
Россия Украина билан чегараси яқинида 100 мингдан ортиқ ҳарбийсини ушлаб турибди.
Кеча, пайшанба куни Украинага чегарадош Беларусда ҳам йирик қўшма ҳарбий машғулотларини бошлаган.
Машқларга ҳар икки томондан ўн минглаб аскар ташланган.
Украина Россия энди денгизларга ҳам йўл бермаётганидан шикоят қилган.
Россия кучлари Азов денгизини буткул тўсиб қўйганликларини билдирган.
Қора денгизга ҳам чиқиш деярли имконсиз бўлиб қолганини айтган.
Россия Украина жанубида жойлашган бу икки денгизда келаси ҳафта ҳарбий машғулотлар ўтказмоқчи.
Уларнинг жонли отишма билан бўлиб ўтажаги борасида аллақачон соҳилбўйидагиларни огоҳлантиришга ўтган.
Россия бу икки денгиз узра ҳаво ҳудудида ҳам чекловлар киритган, уларнинг парвоз учун хавфли бўлишини айтган.
Украина ҳам 10 кунлик ҳарбий машғулотларини бошлаган, аммо бу борада кўп тафсилот бермаган.
Баёнот ва иддаолар

Сурат манбаси, Reuters
Россия шу кунга қадар ўзининг Украинага бостириб кириш режаси ва мақсади йўқлигини такрорлаб келади.
Кремлнинг баён қилишича, шу йўл билан Украинанинг НАТОга қабул қилинмаслигига эришмоқчи.
Борис Жонсон кеча, пайшанба куни минтақадаги вазиятга яна ўзининг баҳосини берган.
Европа бу ўн йилликларда кузатилмаган энг йирик хавфсизлик инқирозига тўқнаш келиб турганини айтган.
Аммо унинг дипломатия барибир иш беради, деган ишончда экани кўрилган.
Дунёнинг етакчи давлатлари лидерлари Украина юзасидан мавжуд тангликни юмшатиш ҳаракатида.
Аммо Россия, Украина, Франция ва Германияни ўз ичига олувчи Нормандия тўртлигининг кеча, пайшанба кунги йиғини ҳам иш бермаган.
Тўққиз соатлик музокаралар ортидан ҳам, томонлар тил топиша олишмаган.
Украина вакили нега бундай бўлгани сабабига ойдинлик киритган.
Андрей Ермак, "келишолмаган масалалар бўлгани", аммо уларни ҳал этиб олиш учун яна музокаралар олиб бориш истагида эканликларини айтган.
Янги музокаралар

Сурат манбаси, Getty Images
Бугун, жума куни Британия Мудофаа вазири Москвада россиялик ҳамкасби билан учрашади.
Ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирларининг Россия пойтахтида бўлиб ўтган кечаги музокаралари эса, ўзаро айблов ва раддиялар билан кечган, бирор бир жиддий олдинга силжишларсиз якун топган.
Британия Мудофаа вазири Москвага сафари олдидан Украинага яна ҳарбий кўмак юборишларини билдирган.
У НАТОга аъзо давлатлар таҳдид-пўписа ўзларини қўрқита олмаслигини намойиш этиб қўйишлари муҳимлигини таъкидлаган.
Британия ҳукумати эса, санкцияларга оид янги таҳрирдаги қонун лойиҳасини расман маъқуллаган.
Бу билан Кремлга яқин ҳар қандай шахс ёки ширкатни санкцияга тортиш учун қонуний асос яратган.
Тарихча ўрнида

Сурат манбаси, EPA
Россия президенти АҚШни ўзларини урушга тортаётганликда айблади. АҚШ ва НАТОнинг Россияга берган жавобига ҳам илк бор ошкора ўзининг муносабатини билдирди. Ундан қониқмагандек кўринди. Ўзларининг энг асосий талаблари рад этилганини эътироф этди. НАТО билан урушиш аҳволига келиб қолишлари мумкинлигини айтди.
Россия келаси ой Украинага ҳужум қиладими? Байден огоҳлантирди
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
"Нима, кейин НАТО билан урушамизми?.."
Россия президенти АҚШни Украинада ўзларини урушга тортаётганликда айблади.
Сўнгги бир неча ҳафта ичида бугунги инқирозий вазиятга биринчи марта расман ва ошкора ўзининг баҳосини берди.
Расмий Вашингтоннинг асл мақсади мавжуд зиддиятдан фойдаланиб, Россияга янада кўпроқ санкция киритиш эканини айтди.
Россия президенти бу ҳақда Венгрия Бош вазири билан пойтахт Москвада кечган юзма-юз музокаралар ортидан гапирди.
Путиннинг айтишича, АҚШ ва НАТОда 26 январь куни олган жавоб мактубларини ҳозир "диққат билан таҳлил қилишмоқда".
Аммо "Россиянинг энг асосий ташвишлари эътиборга олинмагани ҳозирданоқ маълум бўлди. Мен буни Венгрия Бош вазирига ҳам айтдим", - дея баён қилган Путин.
Россия президентининг бу сўзларидан иқтибосни Интерфакс ахборот агентлиги келтирган.
Путиннинг маълум қилишича, АҚШ ва НАТОдан асосан учта нарсани талаб қилишган:
Икковлондан "НАТОнинг кенгайишига йўл қўймаслик, Россия чегаралари яқинида зарба берувчи қурол тизимларини жойлаштирмаслик, блокнинг Европадаги ҳарбий инфратузилмасини Россия ва НАТО ўртасида таъсис акти имзоланган 1997 йилдаги ҳолатига қайтариш"ни сўрашган.
Россия президентининг айтишича, энг асосийси бўлган ана шу уч талаблари АҚШ ва НАТО томонидан етарлича инобатга олинмаган.
НАТОнинг ваъдаси?...

Сурат манбаси, EPA
"Сизга маълумки, бизга НАТО блоки инфратузилмасини шарққа қараб бир қарич ҳам силжитмаслик ҳақида ваъда беришган. Буни ҳамма яхши билади. Аммо биз бугун уларнинг қаергача кириб келишганини кўриб турибмиз. Бунга Польша, Руминия, Болтиқбўйи давлатлари бир мисол", - дея баён қилган Россия президенти.
Россия билан хавфсизлик масаласи кун тартибида бўлган қатор музокаралар чоғида НАТО "очиқ эшиклар сиёсати"га содиқ қолишини такъидлаган.
Путиннинг айтишича эса, блокнинг бу тамойили ҳақида ҳам бирор бир ерда ёзиб қўйилмаган.
"Очиқ эшиклар" сиёсати дейишаяпти. У қаерда пайдо бўлиб қолди? Бу ҳақда қаерда ёзиб қўйилган? Ҳеч қаерда", - дея Путин ўзининг саволларига ўзи жавоб қайтарган.
Россия президенти ўзининг чиқишида НАТОни ташкил этиш тўғрисидаги 1949 йилдаги шартноманинг 10-бандига таянган.
Унда альянс бошқа Европа давлатларини барча иштирокчилар билан келишилган ҳолда НАТОга қабул қилиши мумкинлиги айтилган.
"Мумкин, аммо мажбур эмас. Ўша АҚШ ёки ўша НАТО, шу жумладан, Украинага ҳам биз сизнинг хавфсизлигингизни таъминлаймиз, уни қадрлаймиз, деб айтиши мумкин. Биз сизнинг интилишларингизни ҳурмат қиламиз. Аммо қабул қила олмаймиз. Чунки аллақачон ўз зиммамизга олиб бўлган бошқа халқаро мажбуриятларимиз бор. Бунинг Украина учун қандай тушунарсиз ва ё ҳатто оғриқли ери бор?", - дея ўз сўзларида давом этган Путин.
Путиннинг яна бир иддаоси
Россия президентининг баён қилишича, Украинанинг блокка кириши - Қрим устидан НАТО ва Россия ўртасида қуролли низога олиб келиши мумкин.
"Украинани НАТОнинг аъзоси, деб тасаввур қилайлик. Қурол-яроққа тўла. Польша ва Руминиядаги каби замонавий зарба берувчи ҳарбий тизимлар ўрнатилган. Қримда ҳарбий амалиёт бошласа. Мен ҳали Донбассни тилга олаётганим йўқ. Яъни, тасаввур қилинг, НАТОга аъзо Украина ҳарбий амалиётларини бошласа. Нима, кейин биз НАТО билан урушамизми? Бу ҳақда кимдир ўйлаб кўрдими? Афтидан, "йўқ", - дея ўз таажжубларини изҳор қилган Путин.
Россия Америка Қўшма Штатлари каби дунёнинг саноқли ядровий қудратларидан бири бўлади.
Халқаро рейтингларда жаҳоннинг учта ҳарбий қудратидан биттаси сифатида эътироф этилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













