Ўзбекистон, Украина: 'Украинлар бизнинг озодлигимиз учун ҳам курашяпти' – ўзбекистонликлар нима демоқда?, Ukraina, O'zbekiston, yangiliklar

ukraine

Сурат манбаси, AFP

Ўзбекистон расмийлари Украина инқирози юзасидан сукут сақлаётган бир пайтда, маҳаллий мустақил нашрлар мавзуни фаол ёритишда давом этган, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, хусусан, ўзбек сегментининг таниқли шахслари жадал ривожланаётган воқеаларга нисбатан ўз муносабати билан чиқа бошлаган.

24 февраль тонгида Россия қўшинлари Украина шарқий ҳудудларига кирди.

Кейинроқ, ҳарбий ҳаракатлар мамлакатнинг деярли барча чегаралари томонидан кенг кўламда юз бераётгани маълум бўлган.

Кремль бу махсус ҳарбий амалиёт эканини иддао қилган бир пайтда, Украина дохил аксар Ғарб давлатлари Москва Киевга қарши "уруш бошлаганини" таъкидламоқда.

Бу воқеалар ўзбекистонликлар назаридан ҳам четда қолмаган.

Киберфазода ўзбекистонликлар билдирган аксар қарашларда Россия ҳаракатлари кескин қораланмоқда.

Алоқадор мавзулар:

Украина ва ўзбекистонликлар

Ўзбекистонликлар қолдирган изоҳларда Украинани дастакловчи кўплаб фикрлар кўзга ташланади.

Публицист Нозим Сафари эса "Путин ҳокимиятининг сўнгги кунлари" бошланаётганини ёзиб чиққан.

Тармоқдаги чиқишларнинг аксарида Россия бошлаган ҳарбий ҳаракатлар кенг кўламли урушга сабаб бўлиши эҳтимолидан хавотир билдирилган.

"Икки соатдан буён шундай деб ёзишга қўлим бормаяпти. Лекин, афсуски, уруш бошланди. 21- асрда ҳам агар масъулиятсиз, ёлғончи, ёвуз шахс қўлига ҳокимият, ҳокимият бўлгандаям, чексиз ҳокимият ва яна ядро чемонданчаси билан тушиб қолса, оқибатлари нимага олиб келишини кўзимиз билан кўришимизга тўғри келади", ўз қарашларини билдирган блогер Отабек Бакиров.

Таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимов Украина халқига бардамлик тилаган.

"...Украин халқига сабр ва матонат тилайман. Ҳақингизга дуодамиз", - ёзган у.

Публицист Сардор Салим ҳам украинлар учун дуода эканини билдирган.

"Украинлар бизнинг озодлигимиз учун ҳам курашяпти. Дуо қилайлик, ғалаба қозонсин".

Жамоат фаоли Азиза Умарова "расман уруш бошлангани"дан таассуф билдирган.

"Бундай шароитда ҳар қандай минтақавий ҳарбий ва псевдо-иқтисодий иттифоқларда фаол иштирок этиш қанчалик улкан сиёсий-ҳарбий хатар келтириб чиқариши, ҳатто, оддий инсонлар учун ҳам аён бўлади", - таъкидлаган у.

"Зомби ТВни ўчиринг"

Бироқ дақиқа сайин қолдирилаётган янгидан янги изоҳларда Россия ва унинг Украинага нисбатан ҳаракатларини оқлаш ҳам кўзга ташланади.

Бу мазмундаги фикрларнинг кўпида Россия "Ғарб, хусусан, НАТО тажовузидан ўзини ҳимоя қилаётгани" таъкидланган.

"Ўз хавфсизлиги учун ҳаракат қилаётган давлатни қандай айблаш мумкин? Украина ҳукуматининг ўзи Ғарб қўлидаги қўғирчоқ эди", - фикр ёзиб қолдирган тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Бошқа фикр билдирувчилар айрим ўзбекистонликларда шаклланган бундай қарашларда Россия пропагандаси таъсирини кўрганлар.

Улар Россия расмий ахборот манбаларини "Зомби ТВ" дея атаб, уларни мамлакат ҳудудида тақиқлашни таклиф қилганлар.

"Сиёсий мазмундаги хабарлар, таҳлиллар берувчи барча Россия телеканалларини таъқиқлаш вақти аллақачон келган эди. Кеч бўлмасдан бу пропаганда машиналарига чек қўйиш керак", - дея ёзган журналист Хуршид Йўлдошев.

Жамоатчиликка яхши таниш тадбиркор Фируз Аллаев ҳам айни қарашни илгари сурган.

"…Кремль пропагандасига ишониб, кўр-кўрона урушни қўллаб-қувватлаётганлар кам эмас. Қайсидир давлатнинг сиёсий идеологияси бизнинг ҳудудда тарғиб қилиниши келажакда бизга ҳали яхшигина муаммолар яратиши мумкин. Русийзабон аҳолимиз эътирозига сабаб бўлмаслиги учун улар ўрнини рус тилидаги кино, илмий-оммабоп, спорт, маданият мавзуларидаги телеканалларга алиштирса бўлади деб ўйлайман", - фикр қолдирган тадбиркор ўз саҳифасида.

Блогер Шаҳноза Соатова бу борада ахборот уруши кетаётганини ҳам эслатган.

"Рус сайтлари фейкларга тўлди, Кремль пропагандаси ахборот урушида ҳамма усуллардан фойдаланади. Қайси манбадан келмасин, ахборотга дарров ишонманг, муқобил манбаларга ҳам мурожаат қилинг".

Эвакуация

Айни пайтда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси эвакуация ҳаракатлари бошланганини маълум қилган.

"Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Украина ҳаво ҳудудининг ёпилишини инобатга олган ҳолда жўнаб кетиш йўналишлари ва жўнаб кетиш жойи ишлаб чиқилмоқда", - дейилади элчихона хабарида.

Ўзбекистон элчихонаси, шунингдек, фуқаролардан "тинчликни сақлаш ва қўшимча саволлар туғилганда элчихона билан алоқада бўлиш"ни сўраган.

Эслатма: Мақолада келтирилган иқтибос ва фикрлар жузъий таҳрирлар билан чоп этилмоқда ва улар таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek