Россия Украина уруши, 7-кун: Янги кун янада кўп вайроналар билан бошланди Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Россия Украина уруши, 7-кун: Янги кун янада кўп вайроналар билан бошланди
Харьков шаҳри ҳокими хабар қилишича, Украинанинг иккинчи аҳолиси кўп шаҳрига ракета ҳужумлари оқибатида камида 21 инсон ҳалок бўлган, 112 киши яраланган.
Харьков шаҳридаги полиция идораси ва унга яқин жойлашган Каразин университети биноларига ракеталар келиб тушган.
Украина ҳарбийлари хабар қилишича, қуршовдаги Харьковни тўла қўлга олиш мақсадида Россия ҳарбий десантчилари ташланган.
Афтидан, Украина жанубида Россия ҳарбийлари катта силжишга эришганлар, Россия Мудофаа вазирлиги Херсон шаҳри устидан назоратни қўлга киритганини даъво қилди.
Бироқ Херсон шаҳри ҳокимига кўра, Херсон Россия қўшинларининг тўла қуршовида қолган, аммо ҳамон Украинаники.
Видео. Украина: Киев тайёрми? Россия яқинлашаяпти. Сўнгги тафсилотлар
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Бир кун олдин Киевдаги телеминора ҳужумга тутилгани, оқибатда беш инсон ҳалок бўлгани ва яна беш киши жроаҳтлангани ортидан Украина теле ва радио кўрсатув ва эшиттиришларининг эфирга узатилиши вақтинча узилган.
Украина шимолидан Киевга қараб ҳаракатланиб келаётгани хабар қилинган ҳарбий карвон Киевдан 24 километрча узоқликда экани хабар қилинмоқда.
Мамлакат жанубидаги стратегик Мариуполь порт шаҳри ҳам Россия кучларининг мунтазам бомбардимонлари остида қолмоқда.
АҚШ Конгрессидаги чиқишида Президент Жо Байден айтишича, Россия Президенти Владимир Путин Ғарбнинг Украина ишғолига жавоби бунчалар қаттиқ бўлишини ҳисобга олмаган.

Сурат манбаси, Getty Images
Россия. Украина уруши, 6-кун: Россия Киевга зарба бермоқчи, Тоқаев муросага чақирди, Харьковда йирик портлаш ва Украинада уруш жинояти содир этилдими?
Россия Украинани огоҳлантирди. Бундан аввал Харьков марказига зарба берди. Яна юзлаб танклари ва артиллерияси Украина пойтахтига яқинлашмоқда. Зеленский Харьковга қарши ҳужумларни уруш жиноятига тенглаштирди. Россия Гаагадаги Халқаро Жиноят маҳкамаси томонидан терговга тортилиши мумкин. Қозоғистон президенти яхши жанжалдан ёмон тинчлик яхши эканини айтди.
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Россия Киевга зарба бермоқчи
Россия Мудофаа вазирлиги Украинани расман огоҳлантирди.
Киевга аниқ зарбалар беришга ҳозирлик кўраётганини айтди.
Вазирлик бугун тушдан кейин расмий баёнот билан чиқди.
Киевдаги 72-ахборот-психологик операциялар бош маркази биноси ва Украина Хавфсизлик хизмати объектларини нишонга олишларини билдирди.
Россия томонига кўра, ҳарбий амалиётлар бошланиши билан давлат муассасаларига ахборот ҳужумлари сони кўпайган.
Россияликлар эса, давомий таҳдидли телефон қўнғироқлари остида қолишган.
Вазирликка кўра, бу каби хуружларнинг олдини олиш учун мазкур объектларга юқори аниқликдаги қуроллар билан зарба беришга қарор қилишган.
Россия Мудофаа вазирлиги уларда ишлаётган одамлар ва яқин атрофда яшовчи тинч аҳолидан уйларини тарк этишларини сўраган.
Тоқаев тил топишишга чақирди

Сурат манбаси, official
Қозоғистон президенти бошқарувдаги партиясининг навбатдан ташқари съездида Украинадаги вазиятга тўхталиб ўтди.
Қасим-Жомарт Тоқаев яхши жанжалдан ёмон тинчлик яхши эканини айтди.
Томонларни музокаралар орқали муросага келишга ундади.
Унга кўра, бундан бошқа йўл йўқ.
"Тинчликсиз тараққиёт ҳам бўлмайди".
"Хабар 24"нинг хабар беришича, Тоқаев, агар лозим бўлса, бу музокараларга ўзлари воситачилик қилишга тайёр эканликларини ҳам қўшимча қилган.
Қозоғистон Марказий Осиёнинг Россияга чегарадош ягона давлати бўлади.
Икки давлатнинг узлуксиз чегараси дунёдаги энг узуни саналади.
Харьковда йирик портлаш

Сурат манбаси, Reuters
Россия Харьков марказига зарба берди.
Харьков марказидаги Озодлик майдони йирик портлаш ичида қолди.
Хабарларга кўра, Россиянинг снаряди вилоят маъмурияти биносига келиб теккан.
Портлаш акс этган видеони Украина Ташқи ишлар вазирининг ўзи улашган.
Харьков Украинанинг Россия билан чегараси яқинида жойлашган.
Украинанинг технологик пойтахти саналади ва аҳолисининг сони бир миллиондан ошади.
Президент Зеленский Харьковга қарши ҳужумларни уруш жиноятига тенглаштирди.
Тинч аҳолининг қасддан нишонга олинаётганини айтди.

Сурат манбаси, Reuters
Харьковдаги сўнгги портлашда берилган талафотларга оид аниқ рақамлар ҳозирча имконли эмас.
Украина томони камида 20 кишининг яраланганини маълум қилди.
Би-би-си ҳозирча бу рақамларни мустақил манбалар орқали тасдиқлай олмади.
Украина Ички ишлар вазирлиги шу соатларда портлаш 10 кишини ўлдирганини айтиб чиқди.
Сатҳда қутқарувчилар ишлаётгани айтилади.
Россия кеча, душанба куни ҳам Харьковни шиддатли ҳужумга тутганди.
Киев учун жангми?

Сурат манбаси, Maxar/Getty Images
Россиянинг юзлаб танк ва артиллериясидан иборат йирик ҳарбий карвони Киевга яқинлашмоқда.
Ҳарбий карвоннинг бир неча ўн километрга чўзилгани айтилади.
Бунга Американинг Maxar ширкати олган янги сунъий йўлдош тасвирлари далолат қилаётир.
Россия ҳозир ўз ҳужумларини шаҳар сарҳадларида уюштираётганига оид хабарлар бор.
Буюк Британия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, пойтахт Киевда Россия кучларининг асосий қисми шаҳар шимолидан 30 километр ташқарида жойлашган.
Украинанинг қаттиқ қаршилиги сабаб, уларнинг олдинга илгарилаши секинлашган.
Аммо, хабарларга кўра, Киевнинг айрим ҳудудларида кўчама-кўча жанглар давом этаётир.
Мавжуд таҳдидга қарамай, Украина масъуллари кеча, душанба куни амалдаги комендантлик соатини бекор қилишган.
Одамларга яшириниб олган жойларидан чиқиб, озиқ-овқат ва бошқа лозим нарсаларини ғамлаб олишларига имкон беришган.
Бошқа жабҳаларда нима гап?

Сурат манбаси, Reuters
Ижтимоий тармоқларда эса, Черниговдаги ёнаётган савдо маркази акс этган видео тарқалган.
Чернигов ҳам Украинанинг ҳозир Россия ишғоли босими остида қолаётган шаҳарларидан бири бўлади.
Украиналик масъулларга кўра, кеча, душанба куни Россия Харьковни ҳам шиддатли ракета ҳужумига тутган.
Харьков Украинанинг пойтахт Киевдан кейин иккинчи йирик шаҳри саналади.
Украина Ички ишлар вазирининг ўз Facebook саҳифасида ёзишича, ҳужум натижасида "ўнлаб одам ўлган ва юзлаби яраланган".
Ҳужум Россия ишғолининг бешинчи куни ва ҳар икки томон Беларусь билан чегарада илк бор сулҳ музокараларини ўтказган бир пайтга тўғри келган.
Россия Украинани бир нечта жабҳадан ҳужумга тутмоқда.
Аммо Украина Россия қўшинларига қаттиқ қаршилик кўрсатаётир.
Талафотлар

Сурат манбаси, Getty Images
Россия уруш аввалида мақсади фақат ҳарбий объектларни нишонга олиш эканини баён қилганди.
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Россиянинг якшанба кунги артиллерия ҳужумида шимолий-шарқий Ахтирка шаҳрида ўнлаб Украина ҳарбийси ҳалок бўлган.
Россиянинг ишғолида қурбон бўлаётган тинч аҳолининг сони эса, кунма-кун ортмоқда.
Украинанинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари якшанба куни эълон қилган маълумотларга таянилса, бир неча куннинг ўзида 200 дан зиёд одам ўлдирилган. Уларнинг ораларида болалар ҳам бор.
Халқаро Амнестия ташкилоти Россияга қарши янги айблов билан чиққан.
Ташкилот Россияни аҳоли зич яшовчи ҳудудларда қурол-яроғни номутаносиб равишда қўллашда айблаган, бунинг уруш жиноятига тенг бўлиши мумкинлигини айтган.
Кеча, душанба куни Литва ҳукумати Гаагадаги Халқаро Жиноят маҳкамасига мурожаат қилиши, улардан Украинадаги "уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар"ни текширишни сўрашини айтган.
Сулҳ нима бўлади?

Сурат манбаси, Reuters
Россия ва Украина ўртасидаги илк сулҳ музокаралари душанба куниёқ ўзининг ниҳоясига етган.
Оташкесин ва Россия қўшинларининг ортга қайтарилиши улар муҳокама этган энг муҳим масалалардан бири бўлгани айтилган.
Хабарларга кўра, томонлар келаси бир неча кун ичида иккинчи давра музокаралари учун қайта учрашишга келишиб олишган.
Аммо бундан аввал маслаҳатлашиб олиш учун ўз пойтахтларига қайтишган.
Душанба кунги музокаралар арафасида ҳам томонларнинг тил топишишларига кўпчилик ишонмаганди.
Украина урушга чек қўйилиши ва Россия қўшинларининг олиб чиқиб кетилишини талаб қилган.
Россия эса, нима исташини ошкора баён қилмаган.
Аммо ҳар икки томонни бирдек қониқтирувчи битимга келиш истагида эканликларини айтганди.
Кеча, душанба куни БМТ Бош Ассамблеяси ҳам барча аъзо давлатлар вакиллари иштирокида Украина масаласини муҳокама этиб олган.
БМТ Бош котиби у ерда ҳам томонларни зудлик билан оташкесинга чақирган.
Халқаро ташкилотнинг маълум қилишича, украиналик қочқинларнинг сони ҳозир ярим миллиондан ошган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожида ФИФА ва УЕФА Россия миллий терма жамоаси ҳамда клубларини барча мусобақалардан четлатган.
Россия ҳозир Украина жанубидаги стратегик жиҳатдан муҳим Мариуполь портини ҳам қўлга киритиш ҳаракатида.
Порт Россия томонидан аннексия қилинган Қрим яримороли яқинида жойлашган.
Украина Европадаги энг йирик атом электр станцияси жойлашган Запорожьенинг Россия қўлига ўтганини рад қилган.
Уруш тарихчаси

Сурат манбаси, EPA
Россия 24 февраль куни Донбассда ўзининг "махсус ҳарбий амалиёти"ни бошлаган.
Бу ҳақда Путиннинг ўзи эълон қилганди.
Ғарб ва Украина буни "тўлақонли ишғол", деб атаган.
Москва ким аралашса, жавоблари "шиддатли" бўлиши билан огоҳлантирган.
Россия фақат ҳарбий объектларга зарба берилишини айтган.
Аммо пойтахт Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарлари ҳам портлашлар остида қолган.
Бошқа объектлар ҳам Россия ҳужумларининг нишонига айланган.
Россия кучлари Украинага уч томондан - шимол, жануб ва шарқдан кириб келишган.
Украина орада бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилган. Ҳаво ҳудудини ҳам ёпган.
Россиянинг баён қилишича, ўзининг "махсус ҳарбий амалиёти" билан Украинани ҳарбийсизлантириб, миллиатчисизлаштирмоқчи.
Украина урушни тўхтатиш учун БМТ ни неки лозим бўлса, қилишга чақирган.
Россия Донбасснинг Донецк ва Луганскини 21 февраль куни расман мустақил, деб тан олган.
Орадан кун ўтиб, Россия парламенти Путинга у ерга қўшин юборишига изн берган.
Путин Донбассда этник русларга қарши геноцид содир этилаяпти, деган даъвода.
Аммо Россия президенти ўз иддаосини дастаклаши мумкин бўлган бирор бир далил ёки исбот келтирмаган.
Ғарб сўнгги ҳафталарда Россиянинг тўлақонли ишғоли билан огоҳлантириб келаётганди.
Расмий Москва эса, буни тан олмаганди.
НАТО Россиянинг Украинани Иттифоққа олмаслик талабини рад қилган.
Бу ҳар бир мустақил давлатнинг ҳаққи, ўз ҳуқуқи эканини айтган.
Россия НАТОни ўз чегаралари ва хавфсизлигига таҳдид, деб билади.
28 февраль

Сурат манбаси, Getty Images
Украина уруши, 5-кун: Украина Россияга ҳам, Ғарбга ҳам ўз талабларини қўйди - бугун 'ҳал қилувчи кун' бўладими?
Урушнинг бешинчи кунида Россия ва Украина вакиллари музокарага киришишди. Украина зудлик билан ўт очишга чек қўйиш ва Россия қўшинларининг олиб чиқиб кетилишини талаб қилмоқда. Расмий Москва эса, ҳар икки томонни ҳам бирдек қониқтирувчи келишувга эришиш ниятида. Бу икковлоннинг Россия уруш очган сўнгги беш кун ичидаги илк мулоқотлари бўлади. Украина Россияга қаттиқ қаршилик кўрсатмоқда. Пойтахт Киев ва мамлакатнинг йирик шаҳарлари ҳануз Украина ҳукумати қўлида. Президент Владимир Зеленский ҳозир ҳам Украинада.
Тинчлик музокараларидан аввал Украина президенти ўз талабларини илгари сурган.
Владимир Зеленский Россия ҳарбийларини қўлларидан қуролларини қўйишга чақирган.
Украина президенти Европа Иттифоқига ҳам даъват билан чиққан.
Улардан Украинани зудлик билан иттифоққа қабул қилишларини сўраган.

Сурат манбаси, Reuters
Икки томон ўртасидаги музокаралар Украина-Беларусь чегарасида бўлиб ўтмоқда.
Томонларнинг бугунги учрашуви орада бир неча бор кечиктирилган.
Бунга логистика ва хавфсизлик билан боғлиқ омиллар сабаб бўлгани айтилган.
Якшанба кунги мурожаати чоғида Украина президенти музокаралардан кўп нарсага умид қилмаётганликларини айтган.
Аммо кейин Украинанани урушни тўхтатишга уринмаганликда айбламасликлари учун ана шу кичиккина имкониятдан ҳам фойдаланишларини қўшимча қилган.
Украинадаги вазиятни бугун Европа Иттифоқи Мудофаа вазирлари ҳам муҳокама этиб олишмоқчи.
Воқеаларнинг бошқа бир ривожида Россия Ғарбнинг санкцияларидан "чиқиб кетиши"ни баён қилган.
Россия Марказий Банки асосий фоиз кўрсаткичини икки баробарга кўтариб, 20 фоизга чиқарган.
Аммо мамлакат банкларида нақд пул тугаб қолади, деган хавотирлар бор.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг янги ҳисоб-китобларига кўра, уруш қочқинларининг сони ярим миллиондан ошган.
Миллионлаб одам бомбалардан қўлбола бошпаналарда жон сақлашга мажбур.
100 мингдан ортиқ одам эса, ички қочқинга айланган, мамлакатнинг ўзида дарбадар.
Тинч аҳоли орасидаги талафотлар сони ўнлаб экани айтилади. Яна юзлаби яраланган.
Украина уруши, 5-кун: 'Келаси 24 соат ҳал қилувчи бўлади'

Сурат манбаси, Getty Images
Украина президенти янги огоҳлик билан чиқди. Пойтахт Киев ва Харьковда яна портлаш. Россия илк бор талафотлари борлигини тан олди. Рубль янги антирекорд ўрнатди. БМТ Украина масаласида катта йиғин ўтказади.
Бугун Россия Украинада бошлаган ҳарбий амалиётларининг бешинчи куни:
Украина президентининг айтишича, келаси 24 соат ҳал қилувчи бўлади.
У бу ҳақда Британия Бош вазири билан телефон мулоқоти чоғида баён қилган.
Украина Қуролли кучлари штаби Бош қўмондонининг билдиришича, якшанба ўзлари учун "оғир кун" бўлган.
Россия қўшинлари деярли ҳар томондан ўзларини тўпга тутишган.
Шу соатларда Беларсуь ҳам Украинага ўз қўшинларини сафарбар этаётганига оид хабарлар олинган.
Расмий Москва илк бор урушда талафотлари - қурбонлари ва ярадорлари борлигини расман эътироф этган.
Аммо, шунда ҳам, Россия Мудофаа вазирлиги бундан ортиқ тафсилот бермаган, рақамларни очиқламаган.
Украина томонининг даъво қилишича, 4500 Россия ҳарбийси ўлдирилган.
Аммо уларнинг иддаоси ҳалича мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган.
Россия "миллатчилар", дея тилга олиб, ўзининг талафотлари Украина келтираётганидан бир неча баробар кам эканини таъкидлаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бугун, душанба куни фавқулодда йиғин чақирмоқчи.
Унда ташкилотга аъзо барча давлатлар вакиллари билан Украина масаласини муҳокама этиб олмоқчи.

Сурат манбаси, Reuters
Европа Иттифоқи эса, Украинага қурол-яроғ юбормоқчи.
Бунақаси иттифоқ тарихида бўлмаган.
Европа Иттифоқи яна Россия самолётлари учун ўз ҳаво ҳудудини ёпган.
Ўз ҳудудида Россия давлат оммавий ахборот воситалари фаолиятини тақиқлаган.
Иттифоққа аъзо давлатлар украиналик қочқинларни ҳам қабул қилишмоқчи.
Улар учун бошпана сўрашнинг одатий тартибини бир четга суриб туришмоқчи.
БМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, можаро бошланганидан буён 368 мингга яқин украиналик қочқинга айланган.
Ғарбнинг навбатдаги кескин санкциялари ортидан Россия рубли қулаган.
1 АҚШ долларига нисбатан қарийб 30 фоизга арзонлаган.
Ғарб бу гал Россия Марказий Банкини нишонга олган.
Банк захирасидаги $630 миллиард долларга яқин активларнинг четга сотилишига тақиқ қўйган.
Россиянинг бир қанча банкларини халқаро SWIFT тўлов тизимидан узган.
Булар Ғарб Россияга нисбатан энг сўнггида қўллашга қарор қилган санкциялар сифатида кўриб келинаётганди.
Путиннинг янги буйруғи

Сурат манбаси, EPA
Путин кеча, якшанба куни Россиянинг ядровий кучларини жанговар шай ҳолга келтиришга буйруқ берди.
Россия президенти бунинг сабабини НАТОнинг "тажовузи" билан изоҳлади.
Россия қўшинлари Украинада қаттиқ қаршиликка учрашмоқда.
Путиннинг буйруғи АҚШ ва НАТОнинг кескин танқидларига сабаб бўлди.
Жо Байден бунинг "қабул қилиб бўлмас" эканини айтди.
Россия АҚШ билан бирга дунёнинг саноқли ядровий қудратларидан биттаси бўлади.
Украина ишғоли арафасида Россия ўзининг ядровий каллаклар ташувчи баллистик ракеталари шайлигини яна бир бор синаб кўрган.
Улар шартли нишонга зарба берган машқларни Кремлдан туриб шахсан ўзи кузатганди.
Ғарб Россияга қарши санкциялари ва Украинага ҳар томонлама дастагини кучайтиришга тушган.
Россия Украинадаги ҳарбий амалиётларига ким аралашса, жавоби "шиддат"ли бўлиши билан огоҳлантирган.
Тарихча ўрнида

Сурат манбаси, Reuters
Россия 24 февраль куни Донбассда ўзининг "махсус ҳарбий амалиёти"ни бошлаган.
Бу ҳақда Путиннинг ўзи эълон қилганди.
Ғарб ва Украина буни "тўлақонли ишғол", деб атаган.
Москва ким аралашса, жавоблари "шиддатли" бўлиши билан огоҳлантирган.
Россия фақат ҳарбий объектларга зарба берилишини айтган.
Аммо пойтахт Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарлари ҳам портлашлар остида қолган.
Бошқа объектлар ҳам Россия ҳужумларининг нишонига айланган.
Россия кучлари Украинага уч томондан - шимол, жануб ва шарқдан кириб келишган.
Украина орада бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилган. Ҳаво ҳудудини ҳам ёпган.
Россиянинг баён қилишича, ўзининг "махсус ҳарбий амалиёти" билан Украинани ҳарбийсизлантириб, миллиатчисизлаштирмоқчи.
Украина урушни тўхтатиш учун БМТ ни неки лозим бўлса, қилишга чақирган.
Россия Донбасснинг Донецк ва Луганскини 21 февраль куни расман мустақил, деб тан олган.
Орадан кун ўтиб, Россия парламенти Путинга у ерга қўшин юборишига изн берган.
Путин Донбассда этник русларга қарши геноцид содир этилаяпти, деган даъвода.
Аммо Россия президенти ўз иддаосини дастаклаши мумкин бўлган бирор бир далил ёки исбот келтирмаган.
Ғарб сўнгги ҳафталарда Россиянинг тўлақонли ишғоли билан огоҳлантириб келаётганди.
Расмий Москва эса, буни тан олмаганди.
НАТО Россиянинг Украинани Иттифоққа олмаслик талабини рад қилган.
Бу ҳар бир мустақил давлатнинг ҳаққи, ўз ҳуқуқи эканини айтган.
Россия НАТОни ўз чегаралари ва хавфсизлигига таҳдид, деб билади.
25 февраль
Украина: оддий одамлар ватан ҳимоясига даъват қилинди

Сурат манбаси, Reuters
Украина расмийлари тинч фуқароларни қўлига қурол олиб ватанини ҳимоя қилишга чақирдилар. Ёшидан қатъи назар, кўнгилли бўлиш истагидаги инсонларга ўқотар қурол берилиши эълон қилинди, бутун Украина бўйлаб аксар эркакларнинг кўнгилли бўлиб ёзилаётганлари хабар қилинмоқда. Пойтахт Киев атрофида жанглар кечмоқда, расмийлар киевликларни қўлига қурол олиш ва Молотов коктейллари ясаб, душманга қаршилик кўрсатишга чақирмоқдалар. Кўп сондаги кўнгиллилар Киев ва Киев ташқарисида мудофаачилар сафига қўшилганлар. Украина Ички ишлар вазирлиги 18000 қурол кўнгиллиларга тарқатилганини хабар қилди.
Пойтахт Киевга Украина армияси ҳарбий техникаси киритилган.
Россия Мудофаа вазирлиги Киев яқинидаги Хостомел ҳарбий аэродромини қўлга киритганлари ҳақида хабар тарқатган. Россия ҳарбийлари орасида талофат йўқ, Украина махсус кучларининг 200 аскари ўлдирилди, дейилган Россия ҳарбийларининг хабарини мустақил манбалардан тасдиқлатиш имкони бўлмаган.
Британия қуролли кучлари вазирининг мамлакат парламенти депутатлари олдида ҳисобот беришича, Украина ишғоли бошланганидан буён 450 Россия аскари, 197 украиналик, улар орасида 57 тинч фуқаро ҳалок бўлган.
Украина расмийлари 1000 дан зиёд Россия ҳарбийси ўлдирилди, дея хабар қилишди. Бироқ бу хабарни ҳам мустақил тасдиқлатиш имконсиз.
Россия Президенти Владимир Путин украиналик ҳарбийларни ҳокимиятни ўз қўлларига олишга чақирган.
БМТнинг қочқинлар агентлиги хабар қилишича, 100 мингдан ортиқ украиналик ўзларининг яшаб турган жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар, вазият ёмонлашса, украиналик қочқинлар сони 5 миллионга етиши эҳтимоли борлигини айтган.
Президент Мирзиёев Президент Путин билан Украина ҳақида гаплашди
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилишича, 25 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев билан Россия Президенти Владимир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган.
Матбуот хизматига кўра, "икки томонлама ҳамкорликнинг қатор долзарб масалалари муҳокама қилинган". "Халқаро ва минтақавий кун тартиби, шу жумладан Украина атрофида юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашил"ган.
Кремль матбуот хизматига кўра, Мирзиёев ва Путин телефон сўзлашувида "Донбасс тинч аҳолисини ҳимоя қилиш ва Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш мақсадидаги махсус ҳарбий операция ўтказилаётганлиги муносабати билан вазият ривожланиши муҳокама этилган. Шавкат Мирзиёев Россия томонидан кўрилаётган ҳаракатларга тушуниш изҳор қилди".
Польша ва Чехия Россия самолётлари учун осмонини ёпаяпти
Польша ва Чехия бош вазирлари баёнотларига кўра, Европазга учаётган барча Россия авиа компанияларининг ўз ҳаво ҳудудларидан парвоз қилишлари тақиқланади.
Ушбу тақиқлар 26 февраль тунидан кучга киритилиши маълум қилинди.
Бу Россия авиа ширкатларининг ишини жуда қийинлаштиради деб кўрилаяпти.
Бундан олдин Буюк Британия Россиянинг "Аэрофлот" авиа компаниясининг парвозларини тақиқлаган, бунга жавобан Россия жазо чоралари кўрилишини билдирди.
Кремль: Россия Украина билан музокараларга Минскка ҳайъат юборишга тайёр
Россия-Украина: Путин барибир Зеленский билан ҳисоблашишга мажбур бўладими? BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Россия Президенти Дмитрий Песков хабар беришича, Россия Украина билан музокараларга Минскка ўз делегациясини йўллашга тайёр.
"Маълумки, бугун Президент Зеленский Украинанинг нейтрал мақомини муҳокама этишга тайёрлигини билдирди. Бошида РФ Президенти Владимир Путин ҳарбий операциянинг мақсади ЛХР ва ДХРга кўмак бериш, жумладан, Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш йўли билан ёрдамлашиш эканини айтганди. Бу нарса, нейтрал мақомнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу маънода Зеленскийнинг таклифига жавобан Владимир Путин Минскка Украина ҳайъати билан музокараларга Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва президент маъмурияти вакиллари даражасидаги Россия делегациясини юборишга тайёр», деган Дмитрий Песков.
Бундан олдин Украина президенти идораси мамлакатнинг нейтрал мақомини Россия билан муҳокама этишга тайёрлиги, ўзларига хавфсизлик кафолати берилиши зарурлиги ҳақидаги баёнот билан чиққан эди.
25 февраль кунги телемурожаатида Украина Президенти Владимир Зеленский шахсан Владимир Путинни «инсонлар ўлимини тўхтатиш мақсадида музокара столига ўтиришга» чақирди.
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров: Москва Зеленскийнинг Украинанинг нейтрал мақомини муҳокама этишга тайёрлигига ишонмайди
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров сўзларига кўра, Москва Киевнинг нейтрал мақомни муҳокама этишга тайёрлигига ишонмайди.
Сергей Лавров бу гапни ўзларини мустақил мамлакатлар деб эълон қилган Украинанинг Лугански ва Донецки раҳбарлари билан бўлган учрашувда айтди.
Бундан олдин Украина президенти идораси мамлакатнинг нейтрал мақомини Россия билан муҳокама этишга тайёрлиги ҳақида баёнот билан чиққан эди.
Россия ташқи ишлар вазири сўзларига кўра, Украинанинг нейтрал мақомини муҳокама этишга тайёрлигини айтаётган Зеленский "ёлғон гапираяпти".
Лавров сўзларига кўра, Украинадаги вазият қачонки Россия ўзининг ҳарбий операциясини тугатганидан ва Украина ҳарбий кучлари қуролларини қўйганларидан кейин музокарага қайтади.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитий Песков Зеленскийнинг нейтраллик мақомиини муҳокама этишга тайёрлигига "Кремль эътибор қаратган"и айтди.
Ўзларини мустақил деб эълон қилган ва Россия расман тан олган Донецк Халқ республикаси ва Луганск Халқ республикаси раҳбарлари билан учрашувда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, "зуғумдан озод бўлган украиналиклар ўз келажакларини эркин танлашлари учун Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш ҳақида қарор қабул қилган".
2014 йилгача нейтрал мақомда бўлган Украина раҳбарияти бу мақомни ўзгартирган ва НАТОга аъзо бўлиб кириш истагини билдирган.
Украина президенти идораси: Киев Москва билан Украинанинг нейтрал мақомини муҳокама қилишга тайёр
Украина президенти маъмурияти раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк баёнот билан чиқди, бу баёнотда Украина Россия билан мамлакатнинг нейтрал мақомини муҳокама этишга тайёрлиги ҳақида гапирилади.
"Лекин бунинг учун Киев Москвадан хавфсизлик кафолатини олиши лозим", дейилади баёнотда.
"Украина ҳар доим музокаралар учун макон қолдирган ва қолдиради. Шу жумладан, ҳозир ҳам - Россия тўлақонли ишғол бошлаган вақтда ҳам. Бу урушни тўхтатиш керак. Бу жанговар ҳаракатларни тўхтатиш керак", дейилади баёнотда.
Михаил Подоляк сўзларига кўра, Москвада Киевнинг гаплашмоқчи эканликларини "эшитишди". "Агар улар нейтраллик мақоми ҳақида гаплашишни хоҳласалар, бизда бундай муҳокамадан қўрқув йўқ. Масала шундаки, Украинанинг хавфсизлигини ва келишилган кафолатлар бажарилишини ким ва қандай қилиб кафолатлай олади.
Михаил Подоляк Президент Владимир Зеленскийнинг "Европа давлатларининг биз билан бирга урушиш ва Украинанинг НАТО сафида бўлишига тайёрликларини кўрмагани" ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирган.
"Демак, улар қўрқишади", деб айтган Украина президенти маъмурияти раҳбарининг маслаҳатчиси.
Тунда Киев ракета ҳужумларига тутилди

Украина Президенти Владимир Зеленский Россиянинг Украинага ишғоли бошланган куни 137 украиналик ҳалок бўлганини эълон қилди.
24 февралдан 25 февралга ўтар кечаси пойтахт Киев ракета ҳужумларига тутилган, Киев ҳокими Виталий Кличко хабар қилишича, турар-жой биноларидан бирига шикаст етган, ёнғин келиб чиққан, уч инсон жароҳатланган.
Шунингдек, Украинанинг бошқа шаҳарларида ҳам портлашлар рўй берган.
Россия қўшинлари Киевга томон ҳаракатланаётгани ҳақида хабарлар олинмоқда.
Россия ҳарбийлари Чернобль АЭСи ҳудудини назоратига олган.

Сурат манбаси, Украина президенти идораси
АҚШ ва Европа Иттифоқи, дунёнинг бошқа мамлакатлари Россиянинг Сбербанки ва бошқа банклари ва давлат компанияларига қарши санкциялар эълон қилди.
Буюк Британия "Аэрофлот"нинг парвозларини тақиқлади, Россия бунга жавобан жазо чоралари ваъда қилди.
Президент Путин Украина ишғолини оқлаб гапирган, унинг сўзларига кўра, Россияни ҳимоя қилишнинг бошқа йўли қолмаган.
24 февраль куни Россия шаҳарларида россияликлар Украинага қарши норозилик намойишлари уюштирдилар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари 1,5 мингдан ортиқ намойишчи қўлга олингани ҳақида хабар тарқатдилар.

Сурат манбаси, DAVID FRENKEL
24 февраль
Россия Украинага қарши уруш бошлади
Нефть баррели $100 дан кўтарилиб кетди

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Охирги етти йилда илк бор жаҳон бозорида нефтнинг бир баррели баҳоси 100 АҚШ долларидан зиёдга кўтарилиб кетди.
Украина ишғоли ҳақидаги хабарлар ортидан Брент нефтининг бир баррели баҳоси 104 доллардан зиёдни ташкил этди.
Охирги марта бундай нефть қимматлашиши 2014 йил сентябрида кузатилган эди.
Россия рублининг қадрсизланиши кузатилди: 1 АҚШ Доллари 90 рублга, 1 Евро 100 рублгача чиқиб кетди.
Москва биржасида бир муддат савдолар тўхтатилган.
Россия йирик компанияларининг акциялари қулашни бошлаган.
Жаҳондаги йирик биржаларда ҳам савдолар ҳиссаларнинг баҳоси тушиши билан бошланган.
Россия Марказий Банки рубль қийматини кўтариб туриш мақсадида интервенция бошлаганини эълон қилди.
Дунё Путинни қораламоқда

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ Президенти Жо Байден айтишича, Президент Путин "ҳалокатли инсон умрлари ва инсоний азоб-уқубатлар келтирадиган олдиндин ўйланган урушни танлади".
Дунё Россиядан жавобгарлик талаб қилади, деди у.
Президент Байден шу куни америкаликларга мурожаат билан чиқиши ҳақида эълон қилди.
Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон айтишича, "Украинадаги даҳшатли воқеалардан ларзага тушган" ва "бу бесабаб ҳужумни бошлаш билан жаноб Путин қонга ботириш ва вайронагарчилик йўлини танлади".
НАТО Бош Котиби Йенс Столтенберг Россиянинг "беҳисоб тинч инсонлар умрини хатарга қўядиган беўйлов ҳужуми"ни қоралади.
Европа Комиссияси Президенти Урсула вон дер Ляйен Президент Путинни "Европага урушни қайтаргани учун" қоралади.
АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп сўзларига кўра, жаноб Путин Американинг "кучсизлигидан" фойдаланиб қолди.
Fox News телеканалига берган интервьюсида жаноб Трамп Путиннинг "бу ишни қилмоқчи бўлганига ишонгиси келмаган".
"Ўйлайманки, у нимадир салбий нарса қилмоқчи эди, лекин бу нарса ёмонлашгандан ёмонлашиб кетаверди. Ва у кучсизликни кўрди", деб айтган Дональд Трамп.
Украина Ички ишлар вазирлиги ўн инсон ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди
Украина Ички ишлар вазирлиги ҳужумлар оқибатида мамлакатнинг турли ҳудудларида ўн инсон ҳаётдан кўз юмганини хабар қилди.
Одесса вилоятидаги Подольск шаҳрида ҳарбий қисм бомбардимонга тутилгани оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 7 инсон яраланган, 19 кишининг тақдири номаълум.
Донецк вилоятининг Мариуполь шаҳрида бир инсон ҳалок бўлган, икки киши жароҳатланган.
Киев вилоятидаги Броварда бир инсон ҳалок бўлган, беш инсон яраланган.
Херсон вилоятидаги Генический туманида 17 яшар ўспирин ҳалок бўлган.
Донецк вилоятидаги Горловка шаҳри ҳокими Иван Приходько хабар қилишича, бир тинч фуқаро ҳалок бўлган.
Ўзбекистон ўз фуқароларини эвакуация қилишни режаламоқда
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчилиги бу мамлакатда бўлган ўзбекистонликларни олиб чиқиб кетиш режаси ишлаб чиқилаётганини хабар қилди.
"Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг Киевдаги элчихонаси томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Украина ҳаво ҳудудининг ёпилишини инобатга олган ҳолда жўнаб кетиш йўналишлари ва жўнаб кетиш жойи ишлаб чиқилмоқда.
Мақбул эвакуация йўналишлари бўйича масалалар учинчи давлатларнинг манфаатдор хизматлари билан келишилган сари, Ўзбекистон фуқаролари Элчихонанинг www.uzbekistan.org.ua сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида қўшимча равишда хабардор қилинади.
Украинадан чиқиб кетишни хоҳловчи Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари паспорт маълумотларини Элчихонанинг [email protected] электрон манзилига юборишлари сўралади.
Украинада бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан тинчлик сақлашларини ва қўшимча саволлар туғилганда Элчихона билан алоқада бўлишларини сўраймиз», дейилади Ўзбекистоннинг Украинадаги элчилиги тарқатган мурожаатда.

Сурат манбаси, Reuters
Россия Президенти Владимир Путин 24 февраль тонгида Украинага қарши ҳарбий амалиёт бошланганини эълон қилди.
Президент Путиннинг телевизион мурожаати эрталабки соат 5:55 да эълон қилинди, хабарларга кўра, орадан бир неча дақиқа ўтиб, Украина ҳудудида бомбардимонлар овозлари эшитилган.
Украина пойтахти Киев, Харков ва бошқа шаҳарларида портлашлар рўй бергани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги шаҳарларни эмас, Украина ҳарбий объектларини нишонга олаётгани ҳақида маълум қилди.
Украина Президенти Владимир Зеленский бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди.
Президент Зеленский сўзларига кўра, аэродромлар ва бошқа инфратузилмалар ҳужумга тутилган.

Сурат манбаси, Reuters
Россия Мудофаа вазирлиги Украинанинг ҳарбий мудофаа тизими ва авиа базалари ишдан чиқарилгани ва Украина чегарачилари ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаётгани ҳақида хабар тарқатди.
Украина Мудофаа вазирлигига кўра, бутун мудофаа тизими жанговар ҳолатда, бўлгинчи Донбас ҳудудида Россиянинг беш самолёти ва бир тикучари уриб туширилган.
Украина чегарачиларига кўра, Украина ҳудудига нафақат Россия, балки Белорусь ҳудудидан ҳам ҳужум қилинган.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши жанговар ҳодисалар бўйича мажлисга йиғилган.
БМТ Бош Котиби Антониу Гутерриш "Президент Путин, қўшинларингизни Украинага ҳужум қилишдан тўхтатинг!", дея мурожаат қилди.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Украина вакили Россияни уруш бошлашда айблади.

Сурат манбаси, Reuters
Россия вакили айтишича, бу "оқланган ҳарбий амалиёт".
Бутун Украина бўйлаб авиа қатновлар тўхтатилган.
Россиянинг Украинага яқин ҳудудларида ҳам парвозлар тўхтатилган, "Ўзбекистон Ҳаво йўллари"нинг Намангандан Краснодар шаҳрига учган самолёти ортга қайтарилгани хабар қилинди.
Уруш ҳақидаги хабарлар ортидан Россия валютаси рубль қадрсизлангани, хом нефть баҳоси ошгани кузатилган, Москва биржасида савдолар тўхтатилган.
Одамлар Киев шаҳридан чиқиб кетишга шошилмоқдалар, шаҳардан чиқиб кетаётган автомобилларнинг узун навбати юзага келган.
Украина фавқулодда ҳолат эълон қилмоқчи, захирадагиларни ҳам чақирмоқда, Россия тўлақонли ишғолга "шай"
23 февраль

Сурат манбаси, Reuters
Украина Донецк ва Луганск истисно бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилмоқчи. Хавфсизлик ва Мудофаа Кенгаши қарор қилди. Аммо бунга ҳали яна Олий Рада рухсат бериши керак. Украина Россиянинг ҳужумини қайтаришга тайёр эканликларини айтмоқда.
Таҳлил:
Алоқадор мавзулар:
Хабарларга кўра, фавқулодда ҳолат бир ой амал қилади.
Кейин агар яна лозим бўлса, Олий Раданинг рухсати билан қайта чўзилади.
Украина бундан аввал фуқароларини Россияни зудлик билан тарк этишга чақирган.
Ўз даъвати сабабини хавфсизлик билан изоҳлаганди.
Украина президенти захирадаги ҳарбийларини яна сафга чақирган.
Аммо оммавий сафарбарлик ҳалича эълон қилинмаслигини билдирган.
Куни-кеча Россия томонидан мустақил давлатлар сифатида расман тан олинган Донецк ва Луганскда шундоқ ҳам фавқулодда ҳолат амалда.
Бунга ҳар икки бўлгинчи минтақадаги беқарор вазият сабаб экани айтилади.
Россия ишғолга "шай"

Сурат манбаси, EPA
Австралия Бош вазири янги огоҳлик билан чиқди. Унинг айтишича, Россиянинг тўлақонли ишғоли "24 соат ичида бошланиши мумкин". Бундан аввал Россия парламенти Путинга Украинанинг икки бўлгинчи минтақасига қўшин юборишга изн берган. Донбассда портлашлар юз бераётганига оид хабарлар бор.
Россия Донецк ва Луганскка қўшин киритган-киритмагани ҳозирча маълум эмас.
Расмий Москва уларнинг "тинчликни сақловчи кучлар" бўлишини айтган.
Аммо бунга Ғарбни ҳам, Бирлашган Миллатлар Ташкилотини ҳам ишонтира олмаган.
АҚШ Президенти Жо Байден Путиннинг қўшин юбориш қарорини қоралаган.
"Бу - халқаро қонунларнинг қўпол равишда бузилиши" эканини таъкидлаган.
Россия қўшини Украинага кирса, бунга кескин санкциялар билан жавоб беришларини айтган.
БМТ Бош котиби уларнинг "ҳеч қанақасига тинчликни сақлаш кучлари эмас"лигини баён қилган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи Россия Украинанинг икки шарқий бўлгинчи минтақаси мустақиллигини расман тан олишга қарор қилиши ортидан кузатилган.
Устма-уст санкциялар

Сурат манбаси, EPA
Ғарб давлатлари ва уларнинг иттифоқчилари бунга жавобан Россияга санкциялар киритишни бошлашган.
АҚШ ўзининг санкцияларини Россия суверен қарзи, икки молиявий ташкилоти, VEB сармоя ва Промсвязьбанк йирик ҳарбий банкидан бошлаган.
Жо Байден Россия яна халқаро молия тизимидан қисман узиб қўйилишини ҳам айтган.
Британия ҳозирча Россиянинг беш банки ва Путинга яқин айрим бизнесменларни нишонга олган.
Европа Иттифоқи фақат Россиянинг банклари билан кифояланмаган.
Иттифоқ Донецк ва Луганскнинг мустақиллиги учун овоз берган 351 депутат барчасини бирдек жазолашга қарор қилган.
Германия Россиянинг йирик газ қувури лойиҳаси бўлган "Шимолий оқим-2"ни лицензиялаш жараёнини тўхтатиб қўйган.
Расмий Москванинг устма-уст қарорига ўз норозиликларини билдириш учун Австралия ва Янги Зеландия Россиядан ўз элчиларини чақириб олишган.
Австралия икки бўлгинчи минтақага, Япония эса, Россиянинг ўзига санкциялар киритиш ҳаракатида.
Сўнгги вазият

Сурат манбаси, SATELLITE IMAGE 2022 MAXAR TECHNOLOGIES via EPA
Американинг Maxar ширкати олган янги сунъий йўлдош тасвирлари Украина атрофида Россия қўшинлари ва ҳарбий техникасининг янада ортганини кўрсатган.
АҚШ Шарқий Европадаги ҳарбийлари сонини оширишга қарор қилган.
Россия Украинадаги дипломатларини олиб чиқиб кетмоқчи.
Путин Россия Донецк ва Луганскни қай туришида мустақил, деб тан олишганига ойдинлик киритган.
Уларни тўлиғича, конституцияларида ифодаланган шаклда, Украина ҳукумати назорати остида бўлган ҳудудлари билан бирга қўшиб тан олганликларини айтган.
АҚШ Россия билан олий даражадаги музокараларини бекор қилган.
Оқ уй Россия вазиятни қайта юмшатмагунча, бу иш амалга ошмаслигини айтган.
АҚШ Давлат котиби Россия Ташқи ишлар вазири билан учрашишдан бош тортган.
Путин Украина инқирозига барҳам беришга қаратилган ва 2014 йилда келишилган тўрт томонлама Минск келишувлари ортиқ амалда эмаслигини баён қилган.
Кеча, сешанба куни қисқа матбуот анжумани берган.
Ҳозир минтақада вазият янада таранглашган.
Би-би-сининг Москвадаги мухбири Стив Розенберг Ғарбнинг устма-уст санкциялари борасида расмий Москванинг фикри билан қизиққан.
Унинг айтишича, бу хусусда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг вакили Мария Захарова билан гаплашган.
Мухбиримизнинг ўз суҳбатига таяниб, хулоса қилишича, янги санкциялар Россияни муросага ундай олмаган, Москва ўз мавқеида қатъий.
Жо Байден Оқ уйда Украина Ташқи ишлар вазири билан учрашган.
АҚШ президенти Дмитрий Кулебага мамлакати Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлаган.
Расмий Киев бундан аввал "ҳеч кимдан қўрқмаслиги"ни баён қилган.
"Ҳеч кимга ҳеч нарсани бериб қўймасликлари"ни таъкидлаган.
Аммо иттифоқчиларининг "аниқ ва самарали" қўлловига муҳтож эканликларини айтган.
Донбассдан портлашларга оид хабарлар олинмоқда.
22.02.2022
АҚШ ва Британия Украина ишғоли бошлангани билан огоҳлантирмоқда - Россия

Сурат манбаси, Reuters
Ғарб янги огоҳлик билан чиқди. Ишғол бошлангани билан огоҳлантирди. Бунга Путиннинг Донецк ва Луганскка қўшин киритиш қарори сабаб бўлди. Россия парламенти ҳам буни маъқуллади. Москва улар "тинчликни сақлашлари"ни айтди. АҚШ бунга ишонмаяпти. Расмий Вашингтонга кўра, Россия буни уруш учун баҳона излаб қилаяпти. Россия Украинанинг бу икки бўлгинчи минтақасига аниқ қанча аскар ва ҳарбий техникасини ташлаши ҳозирча маълум эмас.
Интерфакснинг гувоҳларга таяниб ёзишича, Донецк Халқ Республикаси ҳудудида катта сондаги бронетехника кўзга ташланган.
Икки колоннасининг республика шимоли ва ғарбига қараб кетаётгани кўрилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 3
Россиянинг айтишича, кучлари Украинанинг бу икки бўлгинчи минтақасида "тинчликни сақлашади".
Донецк ва Луганск 2014 йилги уруш ортидан ўзларини ўзлари Украинадан мустақил, деб эълон қилишган.
Россия кеча, душанба куни бу икки бўлгинчи минтақанинг мустақиллигини расман тан олишга қарор қилган дунёнинг биринчи давлати бўлган.
Путин бу хусусдаги лозим ҳужжатларга имзо чекиб, парламентдан уларни имкон қадар тезликда маъқуллашини сўраган.
Шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, Россия Давлат думаси Донецк ва Луганск Халқ Республикалари билан келишувларни ратификация қилган.

Сурат манбаси, Getty Images
Америка Қўшма Штатлари Россиянинг бу икки бўлгинчи минтақага "тинчлик сақлаш кучлари"ни юборганига ишонмаяпти.
Бунинг "беҳуда гап" эканини айтмоқда.
Расмий Вашингтонга кўра, Россия бу ишни уруш учун баҳона излаб қилаяпти.
Россия шундоқ ҳам Украина атрофида 150 мингга яқин ҳарбийсини тўплаган.
Украинани уч томондан ўраб олган.
Украина чегараси яқинида ўтказаётган ҳарбий машғулотлари ҳануз тинмаган.
Ғарб Россиянинг Украинани НАТОга олмаслик талабини рад қилган.
Расмий Киев ҳам ўзининг бу ниятидан воз кечмаслиги мавқеида.
Россия эса, бунга кескин қарши.
Шарқий Украина

Сурат манбаси, Reuters
Донецк ва Луганск, саккиз йилдирки, Россия томонидан дастакланувчи бўлгинчилар қўлида.
Россия бу икки бўлгинчи минтақа мустақиллигини улар лидерларининг расмий мурожаати асосида кўриб чиққан.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи Донецк ва Луганкс ўз аҳолисини Россияга эвакуация этишга киришган ва оммавий сафарбарлик эълон қилиб бўлган бир пайтга тўғри келган.
Донбассда замбарак ҳужумлари қайта кучаяётган бир манзарада бўй кўрсатган.
Украина президенти эса, Россияни мамлакати суверенитетини қасддан бузганликда айблаган.
Владимир Зеленский ўтган тун телевизион мурожаат билан чиққан.
У мамлакати тинчлик исташи, аммо "қўрқмаслиги" ва "ҳеч кимга ҳеч нарсани бермаслиги"ни баён қилган.
Зеленский Киев ўзининг халқаро ҳамкорларидан "аниқ ва самарали қўллов"га муҳтож эканини айтган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинида Россиянинг даъволарини АҚШ элчиси ҳам рад этиб чиққан.
У Россия Донецк ва Луганскка нега қўшин юбораётгани сабабини билишларини айтган.
АҚШ элчисига кўра, Россия Украинага бостириб киришга сабаб излаб, унинг икки шарқий бўлгинчи минтақасини расман мустақил, деб тан олган.
Россиянинг иддаоси

Сурат манбаси, Reuters
Россиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги элчиси бу гал ҳам унга қарши чиққан.
Василий Небензянинг айтишича, Донбассни Украина агрессиясидан ҳимоя қилиш лозим бўлган.
"Донбассда яна қон тўкилишига йўл қўйиш ниятида бўлмаганликлари"ни таъкидлаган.
Россия сўнгги йилларда у ердаги ўн минглаб одамга ўзининг паспортини берган.
Ғарб энди Россия ўзининг фуқароларини ҳимоя қилиш изоҳи билан у ерга ҳарбий бўлинмаларини жойлаштиришидан хавотирда.
Россия президенти душанба кунги бир соатлик телевизион мурожаатида замонавий Украинанинг қадимий рус ерларида Совет Россияси томонидан "барпо этилгани"ни иддао қилган.
Совет Иттифоқи қулаган 1991 йилда Россиянинг "ташмалангани"ни айтган.
Украинани қўғирчоқ ҳукумат томонидан бошқарилган "АҚШ мустамлакаси" эканликда айблаган.
Путин одамлар жорий раҳбарият бошқаруви остида азоб чекишаётганини таъкидлаган.
У Украинанинг россияпараст ҳукуматини ағдарган 2014 йилги намойишларни "давлат тўнтариши", деб атаган.

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ Путиннинг душанба кунги қарорини зудлик билан қоралаб чиққан.
Президент Жо Байден америкаликларнинг бу икки бўлгинчи минтақага янги сармоя киритишлари, молиялашлари ва тижорат қилишларини маън этувчи буйруққа имзо чеккан.
Британия Бош вазири Россиянинг хатти-ҳаракатлари халқаро қонунларга зид, "Украина суверенитети ва яхлитлигини қўпол равишда бузиш"га тенг амал эканини айтган.
Борис Жонсон бунинг "жуда ёмон аломат" эканини таъкидлаган.
Британия Бош вазири бугун, сешанба куни ҳукумат фавқулодда қўмитасининг йиғинини чақирмоқчи.
Унда Россияга қарши киритажак янги санкцияларини муҳокама этиб олмоқчи.
Европа Иттифоқи Россиянинг сўнгги амалига "Украина билан бирдамликда кескин ва қатъий жавоб беришлари"ни айтмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













