Украина уруши Россия режалагандек кетмоқдами? Дастлабки таҳлил Ukrainа Rossiya Putin Yangiliklar

Украина ҳарбийлари

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Украина ҳарбийлари Россияга қаттиқ қаршилик кўрсатишмоқда
    • Author, Жонатан Бил
    • Role, BBCнинг Мудофаа масалалари бўйича мухбири
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Тарих шуни кўрсатадики, урушни тугатишдан кўра уни бошлаш осонроқ.

Албатта, бу АҚШнинг 2001 йилда Афғонистонга ва 2003 йилда Ироққа бостириб киришига ҳам тегишли. Украинада президент Владимир Путинни ана шу тақдир кутиб турган бўлиши мумкин.

Шундай қадимий аксиома бор: ҳарбий режалар душман билан биринчи тўқнашувда чиппакка чиқади. Бу, албатта, Украинадаги Россия кучларига ҳам тегишли.

Украина: Путин мамнун. Россия Украинада нималар қилаяпти? Сўнгги тафсилотлар Ukraina Rossiya BBC

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Алоқадор мавзулар:

Қироллик Бирлашган Хизматлар Институтининг (ҚБХИ) Европа хавфсизлиги бўйича эксперти Эд Арнольд Россиянинг дастлабки ҳужумини "таъсири суст" ва "кутилганидан секинроқ", деб таърифлайди.

У бир қатор сабабларни кўрсатади. Унинг сўзларига кўра, босқиннинг ҳарбий доктринаси одатда бир вақтда "катта куч ишлатишдир". Россия чегарада 150 мингдан 190 минггача аскар тўплаган бўлса-да, ҳали ҳаммасидан фойдаланмаган.

Эҳтимол, бу босқиннинг кейинги босқичларида керак бўлиши билан боғлиқдир. Ҳарбийлар режа ўзгариб қолиши эҳтимолини ҳисобга олиб, захирада куч сақлаши одатий ҳол.

Ғарб расмийларининг ҳисоб-китобига кўра, дастлабки ҳужумда жамланган кучларнинг қарийб ярми иштирок этган. Дастлабки босқин бир неча йўналишдаги ҳужумлар билан янада мураккаблашди.

Россия артиллерия ва ҳаво зарбаларини кутилгандек интенсив ишлатмади. Аммо жаноб Арнольд қўшимча қилади: "Асосийси шундаки, улар Украина томонидан жуда қаттиқ қаршиликка дуч келишмоқда, менимча, улар бундай бўлишини кутмаган."

Шу билан бирга, у Россия ҳарбий қўмондонлиги ҳар қандай муваффақиятсизликка тезда мослашишига ишонади.

Буюк Британиянинг собиқ юқори мартабали ҳарбий қўмондони генерал сэр Ричард Барронснинг айтишича, руслар "ўз ҳарбий мақсадларига тезда эришиши мумкин".

Генерал Барронснинг айтишича, Россия ҳужумининг дастлабки мақсадлари "Украина армиясини парчалаш, марказий ҳукуматни ағдариш, Украинанинг бир қисмини аннекция қилиш ва кенгроқ Россия уни ютиб юбориши" эканлиги аниқ.

Ушбу мақсадларнинг баъзиларида Россия аллақачон маълум даражада илгарилади. Улар жануб томондан олдинга силжиган. Россия кучлари 2014 йилда босиб олган Қримга қуруқлик орқали ҳудудни очди.

Эд Арнольд буни "камтарона мақсад" деб таърифлайди. Аммо бу ердан улар шарқда мудофаа қилаётган Украина кучларини ўраб олишга ҳаракат қилишлари мумкин.

Украинанинг энг тажрибали аскарларидан баъзилари сўнгги саккиз йил давомида Россия қўллаб-қувватлаган бўлгинчиларга қарши курашган, улар тўқнашув чизиғи бўйлаб турибди.

Ҳозиргача улар ўз позицияларини ишғол қилинган Донецк ва Луганск ҳудудларидан ҳужум қилаётган руслардан мардона ҳимоя қилиб турган кўринади.

Аммо агар улар ўраб олинса, танг аҳволда қолишлари мумкин.

Гап шундаки, Украина қуролли кучларининг муҳим қисми аллақачон жанговар ҳаракатларга тортилган ва уларни қайта жойлаштириш қийин бўлади.

Россиянинг танклари

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Президент Путин президент Зеленскийнинг демократик йўл билан сайланган ҳукуматини ўзига итоаткорроқ режим билан алмаштирмоқчи

Россия Киев масаласида ҳам сезиларли ютуққа эришди. Пойтахтни олиш яна бир асосий мақсаддир, чунки у ҳукуматнинг маркази ва муҳим қаршилик нуқтаси ҳисобланади.

Президент Путин президент Зеленскийнинг демократик йўл билан сайланган ҳукуматини ўзига итоаткорроқ режим билан алмаштирмоқчи.

Эд Арнольднинг айтишича, "Киевни олмаса Россия мақсадига эришмайди".

Асосий савол, бу қанчалик осон бўлади? Россия қўшинлари шаҳарни ўраб олишга ҳаракат қилмоқда. Аммо улар қанчалик чуқурроқ кириб борсалар, қаттиқроқ қаршиликка дуч келишлари мумкин.

Шаҳардаги жанглар кўпинча ҳимоячига устунлик беради. Ҳужум қилувчи кучлар учун бинолар мудофаа позицияларига айланади, кўчадан кўчага манёвр қилиш қийинроқ бўлади. Тинч аҳоли ҳам қаршилик кўрсатувчи ва потенциал нишонларнинг бир қисмига айланиши мумкин. Шаҳар жанглари ҳар қандай келгинди армия учун энг қийин ва қонли бўлиб, катта куч талаб қилади.

Днепр дарёси Украинанинг шарқи ва ғарби ўртасида табиий тўсиқ ҳосил қилади. Эд Арнольд уни рус қўшинлари учун потенциал "эксплуатация чегараси" деб таърифлайди.

Агар улар Киевни ва мамлакатнинг қолган қисмини қўлга кирита олса, Арнольднинг фикрича, мамлакат ғарбига кириб бориш фойда келтирмайди.

Президент Путин ўз қўшинлари пойтахтни эгаллаб, Украина армиясини мағлуб этганидан сўнг қаршилик барбод бўлади, деб умид қилаётган бўлиши мумкин.

Аммо 190 000 аскар босқин учун етарли бўлса ҳам, ҳарбий экспертлар бу Европанинг иккинчи йирик давлатини эгаллаш учун етарли бўлишига шубҳа қилади.

Украина Франциядан каттароқдир.

Британиянинг Ироқдаги ҳарбий қўмондони бўлган генерал Барронс шундай дейди: "Агар Путиннинг нияти 150 мингга яқин қўшин билан бутун Украинани босиб олиш бўлса, бу фақат мамлакат аҳолиси рози бўлган тақдирдагина иш бериши мумкин эди."

Унинг сўзларига кўра, мамлакат шарқида Россия билан боғланган аҳоли бўлса-да, руслар тузган ҳар қандай ҳукумат давлатни бошқариш учун 40 миллионга яқин аҳоли розилигини олиши қийин бўлади.

Генерал Барронснинг фикрича, Россия Украина армиясини охир-оқибат мағлуб этишга қодир бўлса ҳам, унинг ўрнини "жуда бардошли исён" эгаллаши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, президент Путиннинг бутун мамлакатни назорат қила олишга бўлган умиди "жиддий хатолик бўлиши мумкин".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek