Россия Украинага қарши провокация тайёрлаяптими? Rossiya Ukraina AQSh

Ukrainian military exercises near Kyiv - December 2021

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Россия Украинага бостириб киришни режалаяпти деган хавотирлар юзага чиққан

Украинага бостириб киришга баҳона қидириб Россия провокация тайёрлаяпти, деган огоҳлантириш билан чиқди АҚШ расмийси.

Пентагон воизи айтишича, Россия Украинани ҳужумда айблаш мақсадида "ёлғон байроқ" операциясини режалаяпти. Россия бу даъволарни рад этади.

Ушбу хабар икки мамлакат ўртасидаги тарангликни юмшатиш мақсади кўзланган АҚШ-Россия музокараларидан бир ҳафта ўтгач тарқалди.

14 январь куни Украина ўзининг ўнлаб расмий веб-сайтларига уюштирилган кибер ҳужум ортида Россия турибди деган айблов билан чиқди.

Threatening message which appeared on Ukrainian government websites

Сурат манбаси, Unknown

Сурат тагсўзи, 14 январь куни Украина расмий веб саҳифаларида таҳдидли хабар пайдо бўлган

Веб-сайтлар ишдан чиқишидан олдин сайтларда украиналиклар "бундан-да баттар" нарсага тайёр туришлари кераклиги ҳақидаги таҳдидли хабар пайдо бўлган.

Веб саҳифалар фаолияти бир неча соат ичида қайта тикланган.

АҚШ ва НАТО кибер ҳужумни қоралади, Украинага ёрдам таклиф қилишди.

Ҳужум борасида Россия изоҳ бергани йўқ.

Пентагон сўзчиси Жон Кирби 14 январь куни журналистларга гапирган.

"Биз ёлғон байроқ амалиёти деб атайдиган оператив ходимлар гуруҳи бор. Бу операция худди ўзларига ҳужум қилингандек кўринади ёки унда Украинадаги русийзабон одамлар қатнашади", деб айтган Жон Кирби.

Унинг сўзларига кўра, бу ходимлар урушга ва Украинадаги россияпараст исёнчиларга қарши портловчи моддалар билан қўпорувчилик содир этишга тайёрланганлар, деди Пентагон вакили.

Украина Мудофаа вазирлиги айтишича, худди шундай ҳаракатлар Молдованинг бўлгинчи Приднестровье минтақасида жойлашган Россия қўшинларига ҳам қарши тайёрланган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу хабарларни "тасдиқлайдиган ҳеч нарсаси йўқ асоссиз" хабарлар деб атаган.

Мухбирларга кўра, АҚШ расмийларининг бундай жосуслик маълумотларини жамоатчиликка очиқлашлари ноодатий.

Америка расмийлари бундай баёнот билан чиқишларида "Россия 2014 йили Қримга бостириб кирганда" шундай важдан фойдаланган эди дейишмоқда.

АҚШ томонининг ушбу баёнотлари Россия билан музокаралар кўнгилдагидек натижа билан якунланмаганидан кейин янгради, бу Байден маъмуриятининг Россия билан мулоқотларда яна диалог орқали тарангликни юмшатишга умид қилаётгани белгиси сифатида тақдим этилмоқда.

Россия Украинага ҳужум қилмоқчи эмаслигини айтиб келади, бироқ НАТО шарққа кенгаймаслиги талабини илгари сурмоқда, Ғарб давлатлари бундай ваъдани беролмасликларини айтиб келадилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek