Янги хавотирлар: Россия Украинага бостириб кирмоқчими? Кремль ва геосиёсат NATO Rossiya Ukraina Qrim yangiliklar

Қрим ярим оролидаги ҳарбий ўқув машқлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Россия ҳарбийлари аннексия қилинган Қримда кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказишмоқда

Украина билан чегарада яна "100 мингга яқин" Россия ҳарбийси тўпланган. Украинанинг ҳудудий яхлитлигига оид хавотирлар қайта юзага чиққан. Нато Бош котиби расмий Москвани "тажовузкор амаллар"дан тийилишга чақирмоқда.

Маълум бўлишича, ўзаро чегарадаги Россия қўшинларининг сони сўнгги ҳафталарда ғайриодатий равишда ортган, катта сондаги ҳарбийси тўпланган.

Нато Бош котиби Йенс Столтенберг бунинг сабаби билан қизиққан, Россиядан изоҳ сўраган.

Унинг бу талаби Украина Ташқи ишлар вазири билан учрашуви ортидан янграган.

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар

Ўзаро хавотирлар?..

Нато Бош котиби

Сурат манбаси, ANADOLU

Йенс Столтенберг кучайиб бораётган тангликнинг назоратдан чиқиб кетишига йўл қўймаслик ўта муҳим эканини таъкидлаган.

Нато Бош котиби, ўз навбатида, Россияни Украинага қарши "тажовузкор хатти-ҳаракатлар"дан тийилишга чақирган.

Россия Президенти Владимир Путин эса, якшанба куни Натонининг Қора денгиз ва Қрим соҳилларидаги ҳарбий-денгиз машқларидан жуда ташвишда эканини билдирган.

Путин душанба куни Франция президенти билан гаплашиб олган.

Россия президенти телефон мулоқоти чоғида, "Киев Минск келишувларини бузишга қаратилган бузғунчи сиёсатини давом эттираётгани"ни иддао қилган.

Ўз навбатида, Франция президенти матбуот хизматига кўра, Эммануэль Макрон "чуқур хавотирларини изҳор этган ва Украина ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга тайёрлиги"ни билдирган.

Давомий учрашувлар ва даъватлар

Россия ҳарбийлари

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Украина билан чегарада яна катта сондаги Россия ҳарбийларининг тўпланиши Ғарбнинг жиддий хавотирларига сабаб бўлмоқда

Воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Франция ва Германия Ташқи ишлар вазирлари ҳам Брюсселда украиналик ҳамкасблари билан учрашишган.

Учрашув ортидан томонлар қўшма баёнот билан чиқишган, учовлон ҳам Россияни Украина ҳудудий яхлитлигига дахл қилишдан тийилишга чақиришган, бунга уринмаслик билан огоҳлантиришган.

Расмий Москва ҳам, ўз навбатида, Ғарбнинг бу қўрқувини "ҳушёр торттирувчи", деб атаган ва ўзи ҳам чегаралари яқинида Нато қўшинлари фаоллиги кучаяётганидан шикоят қилган.

Россия қўшинларининг салмоқли қисми ҳозир 2014 йилда аннексия қилинган Қрим ярим оролида тўпланган.

Сўнгги ҳафталарда худди шунга ўхшаш ҳолат Украинанинг россияпараст бўлгинчилар назорат қилувчи Донбасс минтақасида ҳам кузатилмоқда.

Янги уруш эҳтимоли?

Украина президенти

Сурат манбаси, EPA/ARXIV

Украина президенти ўтган ҳафта тилга олиб ўтган рақамларга таянилса, ҳозир ўз чегаралари яқинида 100 мингга яқин Россия ҳарбийси тўпланган.

Франция ва Германия Ташқи ишлар вазирлари мавжуд вазият манзарасида Россияни оғир-босиқликка ундашган, ўзининг ҳарбий ниятлари ҳақида шаффоф маълумот беришга чақиришган.

Улар ўзларининг қўшма баёнотларида расмий Москвани, "Украина ҳудудий яхлитлигини бузишга қаратилган ҳар қандай янги уриниш жиддий оқибатларга олиб келиши" билан огоҳлантиришган.

Ўз навбатида, АҚШ оммавий ахборот воситалари ўтган ҳафта расмий Вашингтон ўзининг европалик иттифоқчилари билан Россия Украинага бостириб киришга ҳозирлик кўраётганига оид жосуслик маълумотини бўлишгани ҳақида хабар беришган.

Британиялик энг юқори мартабали ҳарбийлардан бири эса, Би-би-сига Россия билан уруш бўлмаслигига умид қилаётганликларини билдирган.

Аммо генерал сэр Ник Картер барибир Натони ҳар қандай эҳтимолга тайёр туришга чақирган.

Генерал Картернинг сўзларига кўра, Россия Польша-Беларусь чегарасидаги инқироздан ўзининг Украина билан чегарасидаги хатти-ҳаракатларидан "эътиборни чалғитишнинг классик намунаси" сифатида фойдаланиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek