Россия ўзини зўр қилиб кўрсатмоқчими? Rossiya, Navalniy, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Андрей Захаров ва Ксения Чурманова
- Role, Би-би-си Рус хизмати
"Google" ва "Meta" Россия ҳукумати ноқонуний, деб ҳисоблаган контентни олиб ташламагани учун бир неча миллион доллар жаримага тортилиши мумкин, бироқ суд ҳужжатларини диққат билан ўрганиб чиқсак, бу кўпинча қамоқдаги мухолифат етакчиси Алексей Навальнийни қўллаб-қувватловчи норозилик намойишлари ҳақидаги хабарлар экани кўринади.
Қизиқ:
Алоқадор мавзулар:
2018 йил ёзида "Сибирь викинги" тахаллуси билан ёзувчи россиялик шоир Facebook даги аккаунтида карикатура жойлаштирган эди. Унда Россия гербидаги икки бошли бургут тасвирланган, қушларнинг бошлари ўрнига эса президент Владимир Путин ва Бош вазир Дмитрий Медведевнинг юзлари акс этган.
Унга бургутнинг бошқаларга қараганда икки баравар очкўзлиги, икки баробар кўп ёлғон гапириши ва тўрт кўз билан кузатаётгани ҳақида қисқача шеър илова қилинган эди. Шеър "Руслар қачон бу вабодан қутулиш учун уйғонади?" деган ҳиссий ҳайқириқ билан якунланади.
Россия ҳукумати Facebook дан "Россия Федерациясининг давлати, Конституцияси ва президентига қўпол ҳурматсизлик" туфайли ушбу постни олиб ташлашни талаб қилди. Facebook бу талабни бажармади ва бу пост жорий йилда Россияда Ғарб ижтимоий тармоқларига қарши 60 дан ортиқ даъво аризаларидан бирига киритилди, натижада 2 миллион доллардан ортиқ жарима солинди.
Ҳақиқатан ҳам қанча жарима тўлангани номаълум. Аммо бу ҳолатлар сўз эркинлиги ва сиёсий фаолиятга чекловлар қўйилган мамлакатда ишлашнинг мураккаблигини кўрсатади - энг муҳими, июнь ойида қамоқдаги мухолифат етакчиси Алексей Навальний бошчилигидаги Коррупцияга қарши кураш жамғармасининг Толибон ёки ИШИД билан тенг даражада "экстремистик" ташкилот эканлиги ҳақидаги қарори бўлди.
Оммавий аҳборот воситалари устидан назорат бошқармаси бўлмиш Роскомнадзор раҳбари Андрей Липов "Коммерсантъ" газетасига берган интервьюсида ижтимоий тармоқлар "болалар порнографияси, суицид, гиёҳванд моддалар, экстремизм ва сохта нарсалар" сифатида таснифланган маълумотларни "энг хавфли" деб топиш ва олиб ташлашга мажбурдир, деди.
Аммо Google, Facebook, Instagram ва Twitter га қарши даъволар рўйхатида келтирилган 600 дан ортиқ постларни синчиклаб ўрганиш шуни кўрсатадики, фақат тўққизта пост болаларга нисбатан зўравонлик ёки гиёҳвандликка, 12 таси эса ўз жонига қасд қилишга алоқадор. Аксарият кўпчилиги Навальний тарафдорлари митингларида қатнашишга чақириқлардир.
"Роскомнадзор ҳам, Кремль ҳам Россияда сиёсий цензура борлигини тан олишни истамайди", - дейди "Роскомсвобода" сўз эркинлиги учун гуруҳи ҳуқуқшуноси Саркис Дарбинян. Расмий баёнотларда болаларни ҳимоя қилишга урғу берилганини изоҳлар экан, у шундай дейди: "Ушбу кураш нима учун зарурлигини кенг жамоатчиликка тушунтириш учун улар боланинг кўз ёшларидан фойдаланишади".
Медиа регулятори Роскомнадзор Би-би-сининг сўроқларига жавоб бермади, аммо сал аввал Президент сўзчиси ижтимоий тармоқларга қарши чоралар цензура эмаслиги, шунчаки Россия қонунчилиги ижроси эканини таъкидлади.
Ижтимоий тармоқ компанияларига босим 2015 йилда, россиялик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини Россия ҳудудида сақлашни мажбурий қилувчи ва ҳукуматга ушбу талабга риоя қилмагани учун уларни жаримага тортиш ёки ёпиш ҳуқуқини берувчи қонун кучга кирганидан сўнг бошланган.
Ғарб компанияларининг ҳеч бири талабларга кўнмади, бу эса 2016 йилда LinkedIn нинг ёпилишига олиб келди. 2020 йил бошидан бери Google, Meta ва Twitter жами 600 минг доллардан ортиқ жаримага тортилди.
Айнан 2016 йилда Россия ҳукумати Google дан YouTube дан айрим видеоларни ўчириб ташлашни ва маълум қидирув натижаларини блоклашни сўраган эди. Компаниянинг шаффофлик ҳисоботлари шуни кўрсатадики, сўнгги 10 йил ичида Россиядан бундай сўровлар келиши бошқа давлатлардагидан кўпроқ бўлган - Google нинг билдиришича, бу сўровларнинг учдан бир қисми "миллий хавфсизлик" ҳақидадир.
Бошқа Ғарб компаниялари сингари Google ҳам Россиянинг айрим сўровларини бажаради, аммо бошқаларни бажармайди.
Ижтимоий тармоқларда исталмаган маълумотлар тарқалишини чеклаш бўйича ҳаракатлар 2021 йил бошида, Алексей Навальний Германиядаги касалхонадан Россияга қайтганидан сўнг, "Новичок" кимёвий қуролидан заҳарланиб даволанаётгани ортидан кучайган.

Сурат манбаси, Getty Images
Навальний зудлик билан ҳибсга олинди, бунинг натижасида Москва, Санкт-Петербург ва бошқа шаҳарларда рухсат этилмаган норозилик намойишлари бўлиб ўтди ва бу намойишлар унинг тарафдорлари томонидан ижтимоий тармоқларда кенг эълон қилинди.
Бу Роскомнадзорнинг ғазабнок шикоятларига сабаб бўлди. Ушбу постлар Россиядаги учинчи энг машҳур ижтимоий тармоқ, ўша пайтда "Арсенал" футбол клубининг собиқ акциядори олигарх Алишер Усмоновга тегишли бўлган ВКонтакте (ёки VK.com) ижтимоий тармоғидан тезда олиб ташланди.
Аммо Ғарб ижтимоий тармоқлари "қулоқсизроқ" бўлиб чиқди ва Роскомнадзор уларни жиноий жавобгарликка тортиш ва жарима солишни бошлади.
Март ойидаги навбатдаги қадам бу ва бошқа постларни ўчиришдан бош тортгани учун Twitter тезлигининг пасайиши бўлди. Хусусан, расм ва видеоларнинг юкланиши секинлашди.
Ва ўша йил охирида Роскомнадзор Google ва Apple ни ўз базаларидан Навальний тарафдорларига маҳаллий сайловларда "Ягона Россия" партияси номзодини мағлуб этиш имкониятини ошириш учун мўлжалланган тактик овоз бериш иловасини олиб ташлашга кўндирди.
Навальний жамоаси раҳбари Иван Жданов ширкатларни қоралаб, уларнинг ишини "шармандали сиёсий цензура" деб атади.
Кейинроқ у Apple йўллаган мактубнинг бир қисмини Twitter га қўйди, унда прокурорлар илова ноқонуний "сайловга аралашиш"га йўл қўйгани ва ОАВни тартибга солувчи Роскомнадзор компанияни "экстремистик ташкилот"ни тарғиб қилишда огоҳлантиргани ҳақида ёзилганди.
Би-би-си Apple, Google, Meta ва Twitter дан изоҳ олишга уринди, бироқ Google ва Twitter изоҳ беришдан бош тортган, Apple ва Meta эса жавоб бермаган.
Роскомнадзор хабарларни ўчиришда, шунингдек, овоз бериш иловасини йўқотишда баъзи муваффақиятларга эришганини айтмоқда.
Май ойида у компания ўчириш сўралган 5900 та твитнинг 91 фоизини ўчирганини айтиб, Twitter ни секинлаштириш бўйича кўрилган чораларни қисман бекор қилди. Энди фақат мобил интернет қурилмаларида Twitter тасвирлари ва видеолари секин юкланишда давом этмоқда.
Twitter ўчиришдан бош тортгани учун жаримага тортилгандан сўнг ўчирган твитлари одатда фақат россиялик фойдаланувчилар учун ёпилади - улар деярли ҳар доим мамлакатдан ташқаридаги фойдаланувчилар учун кўриниб туради.
Суд ҳужжатларида келтирилган твитлардан бири январь ойида Алексей исмли ёш фаолнинг Москва шарқидаги Волга дарёси бўйида жойлашган Нижний Новгород шаҳрида келаси шанба куни ўтказилиши режаланган Навальнийни қўллаб-қувватлаш митинги ҳақида ёзган твитидан иқтибос экан.
Шаҳар маъмурлари намойишни маъқулламагани учун, Алексей ўз сўзларини диққат билан танлаган ва бу жойни "бормаслигингиз шарт бўлган жой" деб айтган. У шундай қўшимча қилган: "Путин ҳақиқатан ҳам у ерга боришингизни хоҳламайди, шунинг учун борманг!"
Аммо бу киноя Роскомнадзор Twitter ни судга беришига халал бермади ва компания охир-оқибат твитни ўчирди.
Энди россиялик фойдаланувчилар учун ушбу твит инглиз тилидаги хабар билан алмаштирилди: бу хабар "қонуний талабга кўра Россияда кўрсатилмайди".

Дунёнинг бошқа қисмларида эса твит одатдагидек кўринади.
Алексейнинг сўзларига кўра, унга ўз твитини ёпиб қўйишгани ҳақида хабар берилмаган ва у буни фақат Би-би-си у билан боғланганда билган. Уни ажаблантирган нарса намойиш ҳақидаги у ретвит қилган оригинал твитнинг ўзи кўриниб турибди.
Бундан фарқли ўлароқ, Москва шимоли-ғарбидаги Кострома шаҳридан сиёсий фаол Александр намойишлар ҳақидаги твити ўчирилганда, бу ҳақда хабар олган. Унинг VK.com даги худди шу мавзудаги пости ҳам йўқолган, бироқ Facebook у билан боғланиб, расмийлар унинг ушбу тармоқдаги пости устидан шикоят қилганини айтган бўлса да, постни ўчирмади.
Бироқ Facebook ва Instagram нинг бош компанияси Meta контентнинг бир қисмини ўчирди.
2021 йилнинг биринчи ярмида Россия расмийларининг талабига биноан Facebook ёки Instagram даги 1800 та контент олиб ташланди. Ўзининг шаффофлик ҳисоботида компания уларнинг ярмини экстремистик деб таснифлаган. Аммо у ҳукумат талабларини неча марта рад этганини айтмади.
Google шаффофлик ҳисоботида, шунингдек, Россия расмийларининг эътирозларидан сўнг қидирув натижалари ёки YouTube видеоларини ўчирганини маълум қилди. Бироқ ҳозир компания аввалгидан кўра бу сўровларни кўпроқ бажармоқда. 2021 йилнинг биринчи ярмида атиги 8 фоиз сўров рад этилган, 2019 йилнинг шу даврида эса 50 фоиз.
"Суверен интернет"

Сурат манбаси, Getty Images
- Роскомнадзорнинг 42 ёшли раҳбари Андрей Липов Россия интернетини глобал интернетдан мустақил қилиш ва унинг ташқаридан ўчирилиши олдини олишга қаратилган "суверен интернет" сиёсати муаллифларидан бири.
- Бу сиёсат 2019 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, у интернет орқали ўтаётган маълумотларни текшириш усули - Deep Packet Inspection (DPI) ёрдамида трафикни чеклаш ва блокировка қилишнинг янги тизимини ҳам ўз ичига олади.
- Айнан шу восита 2021 йил март ойида Twitter ишлаши секинлашишига имкон яратди.
Россияда ижтимоий медиа компаниялар ишини блоклаш учун техник воситалар ва буни оқлаш учун қонунлар бор.
Улар россиялик фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини Россия ҳудудида сақламаганликлари ёки зарарли контентни ўчиришдан бош тортганликлари учун қонуний равишда блокланиши мумкин - келгуси йилдан эса улар мамлакатда офиси йўқлиги учун блокланиши мумкин. Ҳозирча у фақат Google да бор (гарчи компания уни офис эмас, "юридик шахс" деб таърифласа ҳам).
Айни дамда YouTube га Германияда Кремлнинг РТ ахборот агентлиги каналларини ёпганига жавобан Россияда блокланиши мумкинлиги билан таҳдид қилинмоқда.
Бироқ ўтган йил охирида Россияда ҳам ноқонуний контентни олиб ташламаганлик учун янги қаттиқроқ жазолар жорий этилди. 24 декабрга белгиланган суд ишларида Google ҳам, Meta ҳам Россиядаги йиллик даромадининг 10 фоизигача жаримага тортилиши мумкин.
"Бу платформаларни рағбатлантиради, - дейди Роскомнадзор раҳбари Андрей Липов "Коммерсант"га. - Биз бу жарималарга ҳали қўл урганимиз йўқ, лекин қиламиз."
Meta Россиядаги даромадини ошкор қилмаган, бироқ Google ники ўтган йили камида 1 миллиард долларни ташкил этди ва бу ҳолатда у 100 миллион доллар жарима тўлаши мумкин.
Роскомнадзорнинг исмини ошкор қилмасликни сўраган собиқ мулозимининг Би-би-сига айтишича, янги жарималар Россия расмийларига Ғарб компанияларини имкони бўлган жойда нишонга олишга ёрдам беради. Ва у шундай қилишларига ишончи комиллигини айтади.
21декабрь кунги тузатиш:Ушбу мақоланинг дастлабки шаклида Би-би-си жамоаси Google, Facebook, Instagram ва Тwitter га қарши суд жараёнларида санаб ўтилган 600 дан ортиқ постни ўрганиб чиққани ҳақида хабар берилган эди. Аслида улар 400 га яқин постни кўриб чиқишган ва мақоланинг худди шу жойи кейин тузатилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















