Россия ва Путин: Осиёда ўйинчилар алмашиб, ўйинлар ўзгараяптими? Кремль ва геосиёсат Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Викас Пандей
- Role, BBC News, Деҳли
Россия президентининг Ҳиндистонга ташрифи доимо ностальгик туйғуни уйғотади. Москва ва Деҳли ўртасидаги муносабатлар Совуқ уруш давридан бошланган ва ўшандан бери мустаҳкам бўлиб келган.
"Ҳар қандай об-ҳаво шароитида" бу икки давлатнинг ҳамкорлиги глобал дипломатиянинг муваффақиятли намуналаридан биридир.
Россия Президенти Владимир Путин ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг душанба куни Деҳлида бўладиган учрашуви ҳам шунда мос руҳда ўтиши кутилмоқда.
Алоқадор мавзулар:
Аммо катта қийматдаги мудофаа битимлари, савдо эълонлари ва жаноб Модининг қўл сиқишлари ва қучоқлашларидан ташқари, иккала мамлакат ҳам жиддий синовлардан ўтиши керак.
Бу эса, асосан, сўнгги ойлар ва йилларда икки давлат томонидан ўтказилган турли геосиёсий танловлар билан боғлиқ.
Уларнинг бу муаммолар билан қандай курашиши минтақавий ва глобал сиёсатга таъсир қилади.
Ҳиндистон-АҚШ муносабатлари ва Хитой омили
Ҳиндистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги ўсиб бораётган муносабатлар Деҳли Москва ўртасидаги муносабатларда, айниқса, сўнгги ўн йилликда пайдо бўлган безовта қилувчи омиллардан бирига айланган.
Моди ҳатто 2020 йилда Дональд Трамп Ҳиндистонга ташриф буюрганида уни қўллаб-қувватлаш учун катта намойиш ўтказди.
Бу Вашингтонни қўллаб-қувватлашнинг ёрқин белгиси бўлди.
Вашингтон билан муносабатлари сўнгги йилларда доимий равишда ёмонлашган бўлс-да, Москва бу каби ғазаблантирувчи омилларга эътибор бермади.
Аммо Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ҳиндистон АҚШ, Япония ва Австралия иштирокидаги альянс - "Тўртлик"га (Quad) қўшилгач, очиқ гапиришни маъқул кўрди.
Гуруҳнинг айтишича, "Тўртлик" ноҳарбий иттифоқ ва аниқ бир давлатга қарши қаратилмаган, аммо Лавров бунга ишонмайди.
Унинг сўзларига кўра, Ғарб "Ҳинд-Тинч океан стратегияларини илгари суриш орқали Ҳиндистонни Хитойга қарши ўйинларга жалб қилишга ҳаракат қилмоқда".
Москвада хизмат қилган собиқ ҳинд дипломати Анил Тригунаятнинг айтишича, "Тўртлик" Россия учун қизил чизиқ ва бу, албатта, икки етакчи ўртасидаги музокараларнинг бир қисми бўлади.
Москванинг "Тўртлик"дан хавотирда эканини унинг сўнгги йилларда Пекин билан муносабатлари қалинлашиб бораётганидан ҳам тушуниш мумкин.
Жаноб Тригунаятнинг қўшимча қилишича, Россия Осиёдаги иқтисодий ва геосиёсий манфаатларини таъминлаш учун Хитой билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга мажбур бўлди, чунки АҚШ бошчилигидаги Ғарб ҳам минтақада ҳукмронлик қилишга интилмоқда.
Хитой ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашуви ҳам Пекин ва Москвани бир-бирига яқинлаштирган кўринади.
Вазиятни янада мураккаблаштириб, Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ҳам яқинда таранглашди - икки давлат қўшинлари Ладахдаги Гальван водийсида калтак ва тошлар билан ҳалокатли тўқнашиб, 20 ҳинд аскари ўлган. Кейинроқ Хитой ўз аскарларининг бир қисми ҳам тўқнашувларда ҳалок бўлганини тан олди.

Сурат манбаси, Getty Images
Вашингтондаги Вильсон Маркази таҳлил маркази директори ўринбосари Майкл Кугелманнинг айтишича, янги геосиёсий воқелик "Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги муносабатларга потенциал хавф туғдиради".
Шу нуқтаи назардан, жаноб Путиннинг ташрифи алоҳида муносабатларни сақлаб қолиш учун муҳим. "Менимча, бу ҳолатда Россиянинг мақсади, ҳатто геосиёсий кўрсаткичлар бошқача бўлса ҳам, Москванинг Деҳли билан муносабатлари аҳамиятини оширишдир", деб қўшимча қилади Кугелман.
Бироқ таҳлилчилар, жумладан, жаноб Кугелман ва жаноб Тригунаят, икки давлат ўртасидаги муносабатлар пойдевори бир-бирининг муаммоларини енгиш учун етарли даражада кучли, деб ҳисоблайди.
Мамлакатлар ҳамкорлик қилиши мумкин бўлган бир қанча соҳалар бор ва Афғонистон ҳам улардан бири.
Бу, албатта, муҳокаманинг бир қисми бўлади, чунки Деҳли Афғонистонда таъсирини сақлаб қолишга ҳаракат қилади. Ҳиндистоннинг қўшниси ва асосий рақиби Покистон энди Афғонистонда стратегик ўринга эга ва у Россия, Эрон ва Хитой билан норасмий иттифоқ тузганга ўхшайди.
Москва Деҳлига Афғонистондаги йўқолган мавқеини тиклашда ёрдам бериши мумкин, ҳар икки мамлакат ҳам Афғонистон келажагидан хавотирда.
"Россия ҳам, Ҳиндистон ҳам "Толибон" ва "Ҳаққоний тармоғи"дан, шунингдек, Афғонистондан келаётган потенциал террорчилик таҳдидидан хавотирда. Шундай қилиб, Афғонистон борасида ҳақиқатан ҳам Деҳли ва Москва ўртасида мустаҳкам келишув бўлади", дейди Дерек Гроссман. У АҚШнинг "RAND Corporation" таҳлил марказининг мудофаа бўйича бош таҳлилчисидир.
Ҳиндистон ва Россия аллақачон БРИК (шунингдек, Бразилия, Хитой, Жанубий Африка), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (Хитой, Покистон ва Марказий Осиё мамлакатлари киради) ва РИК (Россия, Ҳиндистон ва Хитой) каби бир қанча халқаро форумлар доирасида ҳамкорлик қилади.
Ушбу форумлар Москва ва Деҳлига ҳам икки томонлама, ҳам глобал масалаларда яқиндан ҳамкорлик қилиш имконини беради. Хитой ушбу форумларнинг аъзоси эканлигини ҳисобга олсак, Москва, гарчи очиқ айтмаса ҳам, Пекин ва Деҳли баҳсли чегаралар борасида тинчликни сақлаши учун ўз таъсиридан фойдаланиши мумкин.
Савдо ва мудофаа
Ташрифнинг муҳим воқеаси Ҳиндистонга Россиянинг С-400 ракетага қарши мудофаа тизимини етказиб бериш бўлиши мумкин.
Бу дунёдаги энг илғор зенит мудофаа тизимларидан биридир.
У 400 км масофага уча олади ва ҳар бирига иккита ракетани йўналтириш орқали бир вақтнинг ўзида 80 тагача нишонга зарба бера олади.

Сурат манбаси, AFP
Тизим Ҳиндистонга Хитой ва Покистонга қарши қатъий стратегик ҳимояни беради ва шу сабабли у АҚШ санкциялари таҳдидига қарамай, уни сотиб олмоқда.
Вашингтон Россиянинг бир қанча ширкатларига қарши санкциялар киритди.
Россия, Эрон ва Шимолий Кореяга қарши иқтисодий ва сиёсий санкциялар жорий этиш мақсадида 2017 йилда "Америка душманларига санкциялар орқали қарши курашиш" қонуни (Caatsa) қабул қилинган.
Шунингдек, ушбу қонун ҳар қандай давлатга ушбу давлатлар билан мудофаа битимларини имзолашни тақиқлайди.
Келишув АҚШ ва Ҳиндистон ўртасида кескинликни келтириб чиқариши мумкин бўлса-да, Москва Деҳли позициясидан мамнун кўринади.
Ҳиндистон С-400 келишуви соясида икки қудратли давлат билан муносабатларни қандай мувозанатлаштиришини кўриш қизиқ.
Ҳиндистон дипломатлари С-400ни сотиб олиш қарори ҳам Ҳиндистоннинг машҳур "стратегик автономия" тамойилига содиқлигини, АҚШ эса буни ҳурмат қилиши кераклигини кўрсатади.
Жаноб Тригунаятнинг қўшимча қилишича, Ҳиндистоннинг катта мудофаа бюджети ҳам унга стратегик устунлик беради.
"Глобал муносабатларнинг аксарияти транзакцияга асосланган ва бу Москва ва Деҳлига ҳам тегишли", дея қўшимча қилади у.
"Sipri" мудофаа таҳлил маркази ҳисоботига кўра, Ҳиндистон дунёдаги иккинчи йирик қурол импортери бўлиб, дунёдаги мудофаа савдосининг қарийб 10 фоизини ташкил қилади.
Ҳиндистон портфелини диверсификация қилиш ва ички мудофаа ишлаб чиқаришни рағбатлантириш қарори туфайли унинг улуши 70 фоиздан 49 фоизга тушиб кетганига қарамай, Москва Ҳиндистоннинг энг йирик қурол етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда.
АҚШ 2011-2015 йилларда Ҳиндистоннинг Россиядан кейин иккинчи йирик етказиб берувчиси бўлган, аммо 2016-2021 йилларда Франция ва Исроилдан ортда қолди.
Вашингтон кўпроқ нарсани хоҳлайди, таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу Ҳиндистонга ёрдам беради.
Россия, шунингдек, Ҳиндистонга мудофаа экспортини оширишга ҳаракат қилади ва душанба куни баъзи йирик битимлар эълон қилиниши мумкин.
Бироқ икки мамлакат ўртасидаги савдо уларнинг салоҳиятидан анча пастлигича қолмоқда.
Ҳиндистон ҳукумати ҳисоботига кўра, 2019 йилда ўзаро савдо ҳажми (пандемиядан олдинги даражалар) 11 миллиард долларни ташкил этган ва бу Россия фойдасига бўлган, чунки у 7.24 миллиард долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилган.
Таққослаш учун, Ҳиндистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро товар ва хизматлар айирбошлаш айни даврда 146 миллиард долларни ташкил этган.
Россия ва Ҳиндистон 2025 йил охиригача ўзаро савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишни кўзламоқда.
Улар ўз портфелини диверсификация қилишга, энергия ва минераллардан бошқа маҳсулотларни ҳам қамраб олишга интилади.
Таълим, киберхавфсизлик, қишлоқ хўжалиги, темир йўллар, фармацевтика ва тоза энергия улар эътибор қаратиши мумкин бўлган соҳалардир.
Ҳиндистоннинг Россия Узоқ Шарқига сармоя киритиш учун корхоналарга 1 миллиард долларлик кредит линиясини тақдим этиш қарори ҳам мамлакатлар ўртасидаги савдони кучайтиради. Ченнай-Владивосток денгиз йўлаги бўйича ҳам музокаралар кутилмоқда. Маршрут янги бизнес очади.
Ҳиндистон ва Россия етакчилигидаги ЕвроОсиё Иқтисодий иттифоқи ўртасида эркин савдо шартномаси бўйича музокаралар ҳам олдинга силжиши мумкин.
Агар келишув амалга ошса, бу корхоналарга товарларни икки минтақа ўртасида осон ташишга ёрдам беради.
"Савдо ва мудофаа келишувлари долзарблигича қолар экан, икки давлат ўртадаги геосиёсий тафовутни йўқотиш йўлини топади", деб қўшимча қилади Кугелман.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














