Янгиланди: Ғарб Россияга жавоб бермоқчи – Путин гапирди, Россия ва Навальний, video, Rossiya, Navalniy, Putin, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Ғарб Россияга жавоб бермоқчи - бугун, душанба куни Европа Иттифоқи Россия масаласини кўриб чиқади. Россия янги санкцияларга юз тутиши мумкин. Расмий Кремль эса, Ғарбни айбламоқда.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Шанба куни ҳибсдаги мухолифат лидери Алексей Навальнийни дастаклаб, бутун Россия бўйлаб ўн минглаб одам кўчага чиққан.
Бунга катта сондаги полиция кучларининг ҳозирлиги ва қаршилиги ҳам тўсқинлик қила олмаган. Шунча сондаги одам яна масъулларнинг рухсатисиз намойиш ўтказишган.
Агар, кузатувчиларнинг ҳисоб-китобларига таянилса, ўша куни 3,500 дан зиёд одам ҳибсга олинган. Бунақаси мамлакатнинг ўтган 20 йиллик тарихида кузатилмагани айтилади.
Ўзбекистон: "Дунёда коррупция тезроқ тугасин" - тошкентлик йигит Навальний озодлигини нега сўради?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Эстония, Латвия ва Литва Ташқи ишлар вазирлари, "бу ҳибсларга масъул россиялик мулозимларга қарши кескин чора кўриш"ни талаб қилишмоқда.
Польша президенти эса, Кремль ашаддий танқидчисининг қўлга олиниши ортидан, Европа Иттифоқига даъват билан чиққан.
Президент Дуда Иттифоқдан Россияга қарши янги санкциялар киритишни сўраган.
Учрашув

Сурат манбаси, ALEXANDER DEMIANCHUK/TASS
Худди шу каби даъват ва чақириқлар манзарасида бугун, душанба куни Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари учрашишади.
Улар Россияга қарши қандай чора кўриш масаласини муҳокама этишади.
Европа Иттифоқи масъули Жозеп Боррелнинг маълум қилишича, сўз Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ҳақида боради.
Расмий Кремль эса, ўз навбатида, Ғарб, хусусан, АҚШни шанба кунги митингларни рағбатлантиришда айлаб чиққан.
Ўз танқидлари нишонини уларнинг элчихоналарига қаратган.
Навальнийни қўллаб-қувватловчи намойишлар ва ҳибслар ўтган дам олиш кунларининг энг асосий хабарларидан бирига айланган.
Путин нима дейди?

Сурат манбаси, MIKHAIL KLIMENTYEV/TASS
Россия президенти орадан кун ўтиб, шанба кунги оммавий намойишларга ўз муносабатини билдирган.
Шу соатларда Россия Талабалари куни муносабати билан ўтказилган видеоанжуман чоғида бу масалага тўхталиб ўтган. Талабалардан бирининг саволига жавоб берган.
Президент Путин, "бу масала хусусида бундан аввал ҳам бир неча бор гапиргани, барча қонун доирасида ўз нуқтаи назарини ифодалашга ҳақли экани"ни таъкидлаган.
"Аммо қонун доирасидан четга чиққан ҳар қандай нарса нафақат самарасиз, балки хавфли экани"ни ҳам айтган.
Унга кўра, "Россия тарихида бунга ўхшаш ҳодисаларга кўп бор тўқнаш келишгани, улар давлат ва жамиятда юзага келтирган тебранишлардан биргина сабабчилари эмас, уларга ҳеч бир алоқаси бўлмаган одамлар ҳам жабр чекишгани". (Иқтибос "Медиазона" ва "Медуза"дан олинган).

Сурат манбаси, EPA
Россия шаҳарларида эса, бугун нафақат Навальний тарафдорлари, балки шанба кунги намойишларнинг оддий иштирокчилари устидан ҳам маҳкама жараёнлари давом этмоқда.
Хабарларга кўра, улардан айримларига аллақачон жарима солинган ёки маъмурий ҳибс жазоси берилган.
Айрим вояга етмаган намойишчилар эса, бирор бир жазосиз қўйиб юборилган.
Россия президенти, шунингдек, биринчи бор Алексей Навальнийнинг янги суриштирув фильмига ҳам ўз муносабатини билдирган.
Бу фильмда Геленжик яқинида Путиннинг улкан саройи борлиги даъво қилинади.
Путиннинг айтишича, "бу ахборот ўн йилдан ошиқ вақтдан бери тарқатиб келинмоқда. Нима бўлганда ҳам, ҳозир қулай фурсати деб билиб, ҳаммасини йиғиб, фуқаролар онгини ювишга қарор қилишган. Қандайдир фильмлар, видеодастурларни интернетга қўйиб юборишган".
Владимир Путиннинг таъкидлашича, Алексей Навалний суриштирувида бўй кўрсатган объектларнинг ҳеч бири унга ёки оиласига тегишли бўлмаган, қарашли эмас.
Мухолифат лидери

Сурат манбаси, AFP
Путин ашаддий танқидчиси ўтган ҳафта, Германиядан қайтиши биланоқ аэропортнинг ўзида ҳибсга олинган.
"Новичок" туркумига кирувчи асабни фалажловчи модда билан заҳарлангани айтилган оппозиция лидери беш ой давомида Германияда соғлигини тиклаган.
Аммо, ортга қайтаркан, бундан аввал ўзига берилган шартли қамоқ жазоси тартибини бузганликда айбланган.
Аэропортнинг ўзидаёқ устидан суд бўлиб ўтган, судья уни бир ой ҳибсда қолдиришга қарор қилган.
29 январь куни суд Алексей Навальнийга берилган шартли уч ярим йиллик қамоқ жазосини ҳақиқийсига ўзгартириш масаласини ҳам кўриб чиқади.
Мухолифат лидери ўзига қарши иш "тўқиб чиқарилгани" ва "овозини ўчириш"га қаратилганини айтмоқда.
Ҳибсга олиниши ортидан, Алексей Навальний "ўз келажаклари учун" одамларни кўчаларга чиқишга чақирган.
Намойишлар

Сурат манбаси, Getty Images
Шанба, 23 январь куни Россиянинг юзга яқин ҳудудида ўн минглаб одам намойишга чиққан.
Пойтахт Москвада махсус полиция кучлари намойишчиларга қарши дубинкалар қўллагани, уларни ушлаб, олиб кетгани кўрилган.
Франция Ташқи ишлар вазири буни "авторитаризмга оғиш", деб баҳолаган ва Россияга қўшимча жазо чоралари кўришга чақирган.
Бундан аввал янги АҚШ маъмурияти ҳам Россияни Навальний илова ҳибcдаги барчани қўйиб юборишга даъват этган.
Полициянинг намойишчиларга қарши қўллаган "кескин чоралари"ни қоралашини билдирган.
Ҳибсдагиларнинг сўнгги тақдири борасида янги маълумотлар ҳозирча имконсиз.
Уларнинг орасида мухолифат лидерининг аёли, яқинлари ва қатор сафдошларининг ҳам борликлари айтилган.
Россиядаги оммавий намойишлар глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.
Шу кунларда Россия ўзларига коронавируснинг ўта юқумли "британ" штамми кириб келганини расман тасдиқлаган.
Россия ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон тўртта давлатидан биттаси бўлади, мамлакатда жами коронавирус ҳолларининг расман 3700 миллиондан ортгани кўрилади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













