Россия талаблари бўйича музокаралар НАТОга кўчяпти - Ukraina, Dunyo, Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Женевада 9-10 январда Россия ва АҚШ ўртасида бўлиб ўтган икки-томонлама музокаралардан сўнг, «Путин ултиматуми» чоршанба куни Брюсселда «Россия-НАТО кенгаши» доирасида давом этади. Кенгаш 2019 йилдан бери илк марта, айнан шу мавзу сабаб йиғилмоқда.
Ғарб Россиядан Украинага бостириб кирмаслигини кафолатловчи ҳуқуқий мажбуриятларни талаб қилмоқда, Россия эса НАТОдан Украинани ҳеч қачон НАТОга қабул қилмаслик ва 1997 йилдан кейин НАТОга қўшилган давлатлардан ҳарбий инфратизилма ва қўшинларни олиб чиқиб кетишни талаб этяпти.
Россия бу талабларни ўзи ишлаб чиққан келишув лойиҳасига киритган ва уни декабрда тақдим қилганди. Москва ундаги шартларни ўта қисқа муддатда ва истисноларсиз имзоланишини талаб қилар экан, кўплар унинг қанчалар жиддий эканини шубҳа остига олганлар. Ғарбдаги сиёсий вазиятда Владимир Путиннинг аксар талабларини қондириш имконсиз.
Айни дамда, Жо Байден маъмурияти Россия мавқеини бир нечта саҳналарда муҳокама қилишга рози бўлган.
Илк учрашув икки томон ўртасида Женевада бўлиб ўтди, аммо Америка томони Россия таклиф этган келишув лойиҳаси унда муҳокама этилмагани, бу талабларни қондириш имконсин эканлиги, ҳамда Украина ва европаликларнинг тақдирини Вашингтон уларнинг иштирокисиз муҳокама қилмаслигини айтди.
Россия делегациясига бошчилик қилган Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков эса Женевадаги учрашув ортидан кўтаринки кайфиятда жавоб берди. Унинг айтишича, мулоқот чуқур ва профессионал бўлган.
Унга кўра, музокараларда ҳеч қандай сезиларли силжиш бўлмади, аммо ҳеч ким буни кутмаганди ҳам.
Чоршанба куни Россиянинг талаблари кўп-томонли доирада АҚШнинг НАТОдаги европалик иттифоқчилари иштирокида, аммо яна Украинасиз муҳокама этилади. Украина делегацияси пайшанба куни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг мажлисида қатнашади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












