Мемориал: Россиянинг даҳшатли сирларини фош этган гуруҳ ёпилди Rossiya Memorial Qatag'on

Сурат манбаси, Reuters
Россиядаги илк очилган инсон ҳуқуқлари ташкилотларидан бири бўлган "Мемориал"нинг ёпилиши мамлакат ва бутун дунёда норозиликларга сабаб бўлди. Ташкилот Сталин тузуми жиноятларини очиш ва ГУЛАГ қурбонларини хотирлашда муҳим роль ўйнади. Аммо расмийлар ташкилотни давлат тартибларини бузишга уринишда айбладилар.
Би-би-си Рус хизмати "Мемориал"нинг аҳамияти нимада бўлганига назар ташлайди.

30 йилдан ортиқ вақт давомида "Мемориал" Совет сиёсий қатағонлари қурбонлари тақдирини очиш устида ишлади. Шунингдек, у замонавий Россияда инсон ҳуқуқларининг бузилишини фош қилиб келди.
Унинг иши ҳокимиятга доим ноқулайлик келтирарди. Дастлаб 2006 йилда огоҳлантирилган, 2014 йилда у "хорижий агент"лар рўйхатига тиркалган, ҳукумат ушбу рўйхатга чет элдан молиялаштирилаётган ташкилотлар ва шахсларни киритади.
"Хорижий агент" деган ёрлиқ СССРда 1930 йиллардаги оммавий қатағонларни ёдга солади. Кейин кўплаб одамлар чет эл агенти, сотқин ва халқ душмани деб ноҳақ айбланган.
Ажабланарлиси шундаки, қарийб бир аср олдин хорижий агентликда айбланганлар тақдирини ўрганувчи "Мемориал" ташкилотининг ўзи худди шу ёрлиқ билан тугатилди.
Гуруҳнинг ёпилишига сабаб сифатида у ўзининг ижтимоий тармоқлардаги айрим постларига қонунда талаб қилинганидек "хорижий агент" деган огоҳлантириш белгиси қўймагани кўрсатилди.
"Мемориал" адвокати Татьяна Глушкованинг таъкидлашича, ташкилот ўз нашрлари ва веб-саҳифаларининг кўпчилигини талаб қилинганидек белгилаган, шундай қилмаган ҳолларда жарима тўлаган.
Ташкилот ва унинг тарафдорлари бу айблов ноқулай ҳақиқатни гапираётган ташкилотни ёпиш учун расмий баҳона бўлганини айтишади.
Сахаров мероси
"Мемориал" 1987 йилда - Михаил Горбачёвнинг қайта қуриш даврида бошланган ислоҳотлар чоғида ташкил этилган ва унга дастлаб таниқли совет диссидент олими, тинчлик учун Нобел мукофоти совриндори Андрей Сахаров раислик қилган.
Сахаров ва унинг атрофидагилар 1929 йилдан 1953 йилгача Совет раҳбари Иосиф Сталин даврида содир бўлган қатағоннинг асл кўламини очишга эътибор қаратмоқчи эдилар. Бу даврда ГУЛАГ мажбурий меҳнат лагерларида ўн миллионлаб одамлар ҳалок бўлган деб ишонилади.
1990 йилда "Мемориал" жамоаси Россия шимолидаги Соловки лагерига сафар қилди, у илгари ГУЛАГдаги энг машҳур лагерлардан бири бўлган. Улар у ердан Москва марказига ўрнатиш учун ёдгорлик тошини олиб келишди.

Сурат манбаси, Getty Images
Соловецкий тоши ҳозир Лубянская майдонида, Россия хавфсизлик хизмати ФСБ (собиқ НКВД, кейин эса КГБ) биноси қаршисида жойлашган. Бу Россиянинг қоронғу тарихини эслатиш учун мўлжалланган ёдгорликдир.
"Мемориал", шунингдек, яқинда Россия ва бошқа постсовет мамлакатларидаги инсон ҳуқуқлари бузилишини ҳам ўрганиб чиқди. Инсон ҳуқуқлари маркази ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси сифатида 1991 йилда ташкил этилган. У сиёсий маҳбуслар ва уларнинг оила аъзоларига ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатарди.
"Мемориал" ташкилоти раиси Ян Рачинский ташкилот Андрей Сахаровнинг 100 йиллиги нишонланадиган йилда тугатилишини ажабланарли деб ҳисоблайди.
ГУЛАГ нима?
•Совет Иттифоқидаги маҳбуслар сақланадиган лагерлар давлат тармоғи, ГУЛАГ номи русча "Главное Управление лагерей" - лагерлар бош бошқармаси қисқартмасидан олинган.
•Дастлаб илк совет етакчиси Владимир Ленин даврида яратилган, Иосиф Сталин даврида ривожланган ва кейин 1960 йилда Сталиннинг вориси Никита Хрушчев томонидан тугатилган.
•Александр Солженициннинг "Гулаг архипелаги" китоби совет қамоқхона тизимидаги ҳаётни ёритиб беради. Маълумотларга кўра, 1918 йилдан 1956 йилгача 50 миллионга яқин киши меҳнат лагерларидан ўтган.
•Собиқ сиёсий маҳбус ва Нобел мукофоти совриндори бўлмиш Солженициннинг китоби нусхалари СССРда 1960 йиллар охиридан бошлаб тарқалган.
"Мемориал", катта бобом ва мен
15 ёшли Саша Лавут "Мемориал"даги энг ёш кўнгиллилардан бири. У бу ишни икки йил аввал ҳар йили Совет қатағонлари қурбонларини хотирлаш маросимида кўчада варақалар ва шамлар тарқатишдан бошлаган. Кейинчалик у гуруҳнинг "Tik Tok" ва бошқа ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларини юритишни бошлади.
Сашага исми СССРда 1970 ва 1980 йилларда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақида батафсил маълумот берган машҳур совет нашриёти "Хроника текущих собы́тий" муҳаррирларидан бири, собиқ сиёсий маҳбус, катта бобоси Александр Лавут номи қўйилган.
"Мемориал"га қўшилишдан олдин Александр етти йилни қамоқда ўтказди, кейин эса фаоллиги учун сургунда бўлди.
"Агар биз у курашган нарсага - Россияда инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига эришмаган бўлсак, демак биз анча қийин шароитларда бошланган ишни яна давом эттиришимиз керак, -дейди унинг набираси. - Мен "Мемориал"ни бобомнинг бир қисми дейман ва шунинг учун уни ўзимнинг ҳам бир қисмим деб биламан."
Айни мақолада Instagram томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Instagram ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири Instagram пост

"Шу пайтгача мен ишлаган энг яхши жой"
Университетни тугаллаганидан бери инсон ҳуқуқлари гуруҳида ишлашни орзу қилган 29 ёшли Роман Петришчев 2020 йилда "Мемориал"га ходим сифатида қўшилди ва буни "орзу қилганимдек иш" деб атади.
Ташкилот ёпилаётганини билгач, жуда хафа бўлди.
Унинг ҳамкасби 29 ёшли Наташа Секретарева февраль ойидан бери "Мемориал"да ишлайди ва у ҳам ўзини шундай ҳис қилганди: "Бу мен энг яхши одамлар билан бирга қилган энг яхши ишим. Мен ниҳоят ўз жамоамни топдим".
Роман ҳам, Наташа ҳам ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари бўлимида ишлайди, демак, улар ўтмишдаги репрессияларни ўрганмайдилар, аксинча, Россиядаги ҳозирги сиёсий маҳбус деб таърифланганларга ёрдам беришади.
Наташа "Мемориал" Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига тақдим этган иш бўйича масъул.
Ватанпарварлик ҳикояси
"Amnesty International" ташкилоти вакили Мари Стразерс "Мемориал"ни ёпиш қарорини "Гулаг қурбонлари учун оғир ҳақорат" деб атади.
"Мемориал қайта қуриш даврида, Совет Иттифоқи ҳеч қачон қайтмайди, ҳибсга олишлар ҳеч қачон такрорланмайдигандек туюлган пайтда ташкил топган", дейди ҳуқуқ фаоли ва публицист Зоя Светова Би би си Рус хизмати билан суҳбатда. "Аммо ҳозир буларнинг барчаси ҳаётимизга қайтиши мумкин деган туйғу бор."
Владимир Путиннинг президентлигида тарих ва ўтмишни соғиниш асосий роль ўйнади. Декабрь ойида у Совет Иттифоқи парчалангани ва ўзи "тарихий Россия" деб атаган давлатнинг қулаганидан афсусда эканини айтди.
"1000 йил ичида яратилган нарса асосан йўқолди", деди у.
Россиянинг Иккинчи Жаҳон урушидаги роли масаласи яқинда мамлакат конституциясига ҳам киритилди ва бу урушдаги "СССРнинг роли ҳақида ёлғон тарқатганлик" учун жарима ёки ҳатто қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Бироқ шўролар давридаги қатағонлар очиқдан-очиқ эътиборсиз қолдирилмаса ҳам, расман текширилмаган.
"Мемориал" тарафдорларининг айтишича, ташкилот Россия тарихининг ватанпарварлик ҳикоясига тўғри келмагани учун ҳозирги ҳукумат ошкор қилишни истамайдиган қисмларини аниқламоқда.
"Ўз оилаларининг ўтмишини ўрганган ва совет архивларини кўрганлар "йўқолган совет жаннати" ҳақидаги афсоналарга қарши туришда давом этиши мумкин", дейди ҳуқуқшунос Даниил Петров.
Унинг фикрича, "Мемориал" қилган ишлар "пропагандага қарши эмлаш"га айланди.
Олга сўнгги суд жараёнида "Мемориал"ни қўллаб-қувватлаш учун келган ва уни ёпишаётганини билгач, юраги эзилганлардан бири.
"Менинг бобом 1937 йилда қатл этилган. Мен уни айнан нимада айблашганини аниқлай олмадим. "Мемориал" менга ёрдам берадиган ягона жой бўларди. Энди бу умид йўқолди."
Мақолани тайёрлашда ёрдам берганлар: Наталья Зотова, Анастасия Голубева, Анна Пушкарская Илья Барабанов ва Катерина Хинкулова
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












