Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 10 Январь, 2006 - Published 18:02 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
"Мемориал" Андижон қурбонлари рўйхатини эълон қилган
Андижон қурбонлари
Қурбонлар исми-шарифи илк бор эълон қилинмоқда
Андижон воқеалари тергови чоғида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қурбонлар сони 187 нафар эканини айтган, халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари ташкилотлари эса мазкур соннинг бир неча баравар кўп эканини даъво қилиб келадилар.

Шу пайтгача Ўзбекистоннинг ўзида Андижон қурбонлари оммага ошкор этилмаган. "Мемориал" нимага асосланиб бу рўйхатни тузган?

Би-би-сининг ушбу саволига марказнинг Марказий Осиё бўйича фаоли Виталий Пономарёв жавоб қайтарган.

В.Пономарёв: Биз Ўзбекистон Олий маҳкамасида Андижондаги май воқеалари устидан олиб борилган жараёндаги айблов хулосасини қўлга киритишга муваффақ бўлдик. Ҳужжат икки мингтача саҳифадан иборат ва ҳалок бўлганлар рўйхати ана шу ҳужжатнинг бир қисмидир. Ҳалок бўлганларнинг ҳар бири ҳақида қисқа маълумот ва ўлим сабаби ҳақида экспертиза хулосаси ҳам берилган.

Би-би-си: "Мемориал" ташкилотида мавжуд бўлган маълумот билан Ўзбекистондаги расмий рўйхат қанчалар бир-бирига мос тушади?

В.Пономарёв: Баёнотимиз чоп этилганидан кейин биз қатор журналистлар ва инсон ҳуқуқлари фаолларидан ана шу рўйхатда бўлган бир неча ўнлаб кишилар борасида ахборот олдик. Рўйхатдагилар фақат андижонлик бўлмаган, улар орасида Қўқон ва бошқа ҳудудлардан келганлар ҳам бўлган. Ана шу рўйхатдаги бир неча ўнлаб кишилар ҳақида бизда қўшимча маълумотлар бор, яъни туғилган йили, манзилгоҳи ва ҳоказо. Шу билан бирга, биз расмий рўйхатда бўлмаган, ҳалок бўлган бир неча инсон ҳақида ҳам маълумот ололдик, бироқ бу маълумот қўшимча текширувни талаб қилади. Энг муҳими шуки, Андижонда ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхати бизга бу каби ишни олиб боришга йўл очиб берди, чунки расмий рўйхатсиз биз ўзимидаги маълумотларни таҳлил қила олмаётгандик, яъни ҳукумат рўйхатга кимни киритди ва қандайдир сабаб билан кимни киритмагани ноаниқ эди. Энди бу рўйхат Андижонда аслида нима содир бўлгани борасида халқаро терговни олиб боришда жуда муҳим аҳамият касб этади.

Би-би-си: Баёнотингизда "Мемориал" маркази Андижонда ҳалок бўлганларни аниқлаш борасида қўшимча иш олиб бораётгани айтилади, қай йўллар билан олиб борилаётир бу ишлар?

В.Пономарёв: Нафақат Андижон, балки атрофдаги туманлар ва нафақат Ўзбекистон, балки қўшни Қирғизистон туманларида ҳам одамлар бу борада маълумот йиғишга ҳаракат қилишяпти. Улар Андижон воқеалари қурбони бўлган кишиларнинг қариндош-уруғлари ва таниш-билишлари билан суҳбатлашаяптилар. Биз ана шу кишилар билан алоқа ўрнатмоқдамиз ва ўзаро ахборот алмашиб турибмиз. Агар биз бирор маълумот олсак, улардан буни тасдиқлаш ёки аниқлашни сўраяпмиз. Олиб бораётган ишларимизнинг хулосаларини Андижон воқеаларининг бир йиллигига бағишланган матбуот анжуманида ошкор этмоқчимиз.

Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy