Сталин қурбонлари: Ӯзбекистон Халқ Комиссарлар Совети Раиси ӯринбосари Жӯра Тӯрабеков

Муҳаббат Комилова бобосининг сурати билан
Сурат тагсўзи, Муҳаббат Комилова бобосининг сурати билан
    • Author, Мустақил журналист
    • Role, Тожикистон-Ўзбекистон
Видео тагсўзи, Россия жамиятида Сталин қатағонларига бефарқлик кучайган.

Ӯтган асрнинг ӯттизинчи йиллари, аниқроғи - 1937-йилда тез-тез такрорланган бир хил манзара - тӯсатдан Жӯра Тӯрабековнинг уйига қиёфаси тошдан-да совуқ кимсалар бостириб киришди. Уйнинг тит-питини чиқариб ташлашди, «душманлик» далилларини излашди. Ва нима воқеа юз берганлигини англаёлмай, титраб-қақшаётган уй бекаси - Сора опани олиб кетишди.

«Хайр, болаларим! Сенларни Худога топширдим! Бошларинг тошдан бӯлсин!»

Она кӯз ёшларини тиёлмай чиқиб кетар экан, 13 ёшли Комилжон ногоҳ отасининг ишхонасида ишлайдиган котибанинг совуқ сӯзларини эслади:

- Отанг йӯқ, энди бу ерда бӯлмайди!

Ҳар доим майин-майин сӯзловчи котибанинг бошқача оҳангда сӯзлаши боланинг қулоқларини эмас, юрагини тешиб ӯтди.

Отаси туни билан уйига келмагач ва ҳатто сим қоқиб, нега бормаётганлигини айтиб қӯймагач, она-болалар хавотирланиб, Жӯра Тӯрабековнинг ишхонасига сим қоқишганди.

Бошга урилган тӯқмоқдек жавобдан телефон қулоғини тутган бола тошдек қотиб қолди, ранги бӯзариб, оёқ-қӯллари бӯшашган она юрагини чангаллади.

Тоға: «Мен уларни танимайман, танишни ҳам истамайман»

Мен бу воқеани Комил аканинг ӯз оғизларидан эшитганман. Орадан қанча йиллар ӯтган бӯлса-да, у ҳаяжонланарди. Овозининг титрашидан, тез-тез ютинаётганидан бу ҳаяжон эмас, йиллар ӯтса-да, ӯчиб-битмаган жароҳат изтироби эканлигини англаб турардим.

Ӯшанда… ӯша машъум кунда эса, Комил ӯзидан икки ёшгина катта опаси Тожинисо билан сочилиб ётган буюмларни, қоғозларни йиғлай-йиғлай йиғиштирар экан, муаллимлари ҳар соатда такрорлайдиган гаплар - Шӯро ҳукуматининг одиллиги, адолатпарварлиги ҳақида ӯйларди.

Вале… Эртасига опаси икковини ҳам олиб кетишди. Қӯйлиқдаги мингдан ортиқ бола қамалган ӯйингоҳга элтишганда ҳам Комил муаллимининг гапларига ишонарди. Ҳадемай, опа-укани шахарнинг бошқа томонидаги «тақсимлагич» деб аталган ерга жӯнатишди. У ерда қариндоши борларга хабар беришни ва бу ердан олиб кетишлари зарурлигини, бӯлмаса, бир ҳафтадан сӯнг узоқ-узоқларга жӯнатиб юборишларини уқтиришди.

Комил ҳам, Тожинисо ҳам нима қиларларини билишмасди. Тошкентда кимлариям бор? Қариндош-уруғлари шаҳардан икки юз чақирим наридаги Исписор деган ерда бӯлсалар. Отасини, онасини, отасининг ӯртоқларини қамашган бӯлса. Акаларини ҳам қамаб қӯйишибди. Болаларнинг бор умидлари тоғаларидан эди. Тоғалари Тошкентда ӯқийди. Лекин у нега келмаяпти. Балки ҳеч нарсадан хабари йӯкдир? Шунча йил уйларида яшади, дадаси ӯқитди, энди анови суд-прокурор бӯладиган институтда ӯқияпти. Келиб қолар… Унга қандай хабар бериш мумкин? Опа-ука ӯйлаб, ӯйларига етмай туришганида, Ӯзбекистон Комфирқаси раҳбарларидан бирининг онаси неварасини олиб кетиш учун келиб қолди. Опа-ука уни танишарди. Тоғаларига хат ёзиб, онахондан унга етказишни илтимос қилишди. Эртасига яна келган кампир болаларнинг бошини силаб, хӯрсина-хӯрсина сӯзлади: «Болаларим, тоғаларингни қидириб, Шайхонтовурга бордим. У одам эмасакан. Хатларингни ӯқиб кӯриб, мен уларни танимайман, танишни ҳам истамайман», деди. Кампир кӯз ёшларини яшириш учун ортга ӯгрилди…

Нажот фариштаси

Жўра Тўрабеков, ўнг томонда ёнбошлаб ётибди
Сурат тагсўзи, Жўра Тўрабеков, ўнг томонда ёнбошлаб ётибди

Жӯра Тӯрабековнинг катта ӯғли Ҳомид тӯқимачилик техникумида ӯқир ва ётоқхонада яшарди. Ӯз ҳамюрти бӯлган тенгдоши «Тӯппончаси бор, отасини қамаганлардан ӯч олмоқчи», дея тегишли жойларга бориб чаққач, Ҳомидни ҳам қамашганди. Чиндан ҳам у отасига инқилобий жасорати учун берилган, номи битилган қуролларни авайлаб сақларди. Лекин отаси қамалгач, кӯпни кӯрган кишиларнинг маслаҳати билан қуролларни махсус маҳкамаларга элтиб топширганди.

У қуроллар топширилгани ҳақидаги қоғозни кӯрсатган-да, ҳатто қиё боқишмади. Чунки қурол бир баҳона эди, холос. Барибир қамаш учун бошқа бирон-бир важ ӯйлаб топишарди.

Иттифоқо, она-бола ёнма-ён турмаларга тушишади. Сора опа аёллар, Ҳомид эркаклар турмасида эди…

Ҳали бу гаплардан Тожинисо ва Комилнинг хабари йӯқ эди. Фақат улар оналарининг «Ишқилиб, акаларинг тинч бӯлсинда», деганини эсларидан чиқаришмасди…

Эртасига Тожинисо қатиқчи холалари ҳақида эслаб қолди. Уйларига сут-қатиқ олиб келадиган, укасини яхши кӯрадиган хола кӯзига нажот фариштаси бӯлиб кӯринди. Лекин у Қорасувда туради. Қандай хабар берса бӯлади-я?. Шукрки, ит эгасини танимайдиган алғов-далғов даврда ҳам ҳали инсонийлигини йӯқотмаган, дунёда меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат деган устувор туйғулар борлигини кӯрсатиб турадиган яхши кишилар ҳам йӯқ эмас эди.

Хола Ӯзбекистон Халқ Комиссарлар Совети Раиси ӯринбосари Жӯра Тӯрабеков ва унинг оиласи бошига тушган кулфатларни эшитиб, болаларни қидиришга тушди ва улар-ни топиб борди.

… Опа-ука қатиқчи холалариникида саккиз ой яшашди. Хола ӯғли Хӯжақул билан чин тоғаси «халқ душмани»га «дум» бӯлишдан қӯрқиб юз ӯгирган, ӯзларига беш бегона, кӯнг-ли ӯксук болалар атрофида парвона бӯлишди. Хӯжанддан Комилнинг катта тоғаси Абду-ғани келиб, жиянларини олиб кетаётганда, хола ӯксиб-ӯксиб йиғлаганча хайрлашди. Ху-дони унутмаган оддий аёлнинг кӯксидан бир нима узилди, гӯё.

Жонтешар гаплар

Комилларнинг ота юртларидаги уйлари бузилиб, ӯрнига пахта экилганди. Уч ойдан сӯнг бир йил турмада ётиб, озиб-тӯзиб кетган онажонлари қайтиб келди. Лекин оталаридан дарак бӯлмади.

Гарчи бир неча ой уй-жойсиз, дарахтлар остида кун кечиришган бӯлишса-да, бировнинг ошкора ҳақоратига, камситишига, бировнинг кинояли нигоҳига тез-тез дуч келишса-да, опа-ука оталарининг «халқ душмани» эмас, аксинча, ӯз халқининг чин дӯсти эканлигини яхши билишарди. Ҳар қадамда камситилса-да, Комил мағрур ӯсди. Бегоналар етказган жароҳат тез битиб кетади, лекин ӯз жигарингдан чиққан жонтешар гапларга чидаш қийин. Комил чидади. Абдураззоқ тоғаси синглиси ва жиянларига уй қуриб беришга бош бӯлганда, Комилни ишга жойлаштирганда, институтни битириб келиб, судялик қилаётган кичик тоғаси ҳамон юз бурганча юрарди. «Сендек жиян менда йӯқ, мендек тоға сенда. Онангга айтиб қӯй, ҳадеб уйга боравермасин. «Халқ душмани»нинг хотини келибди», деган гапларга сира тоқатим йӯқ!» Судя тоға сӯзламасди, оғзидан олов сочиб, ӯспирин-нинг кӯксини ёндирарди.

Тақдирнинг қизиқ-қизиқ ӯйинлари бор. Йиллар ӯтиб, кичик тоғанинг ишлари ортга кет-ди. Аксинча, жияннинг ишлари олға босди. У молияда ишлаб юрган кезлари тақдир яна тоғаси билан учраштирди. Тоға қисиниб-қимтиниб пул сӯради. Комил индамай, идора те-мир сандиғини очди-да, бир даста пул олиб, тоғага узатди. Кӯзлари чақнаган тоғанинг ти-ли базӯр айланди: «Бу… жуда кӯп-ку…» У пулга қӯл чӯзаётганда, жиян ӯзини тута олма-ди: «Қорнингизни ёрса, дунёдаги бор қонун юмалаб тушади. Бир оғиз бу пуллар кимники, деб сӯрасангиз-чи. Халқнинг пулларини индамай жиғилдонингизга тиқмоқчимисиз?!»

Бу воқеадан сӯнг тоға-жиян узоқ вақт юз кӯришишмади. Ӯлими олдидан тоға Комилга одам юборибди, албатта келсин, мен ундан розилик сӯрамоқчиман, дебди. Комил борди…

1500 маҳбус ва тирик қолган икки инсон

Ой кетидан ой, йил кетидан йил ӯтиб, 13 йилдан сӯнг Ҳомид акалари ҳам қамоқдан қайтди.

Раҳматли Ҳомид ака билан суҳбатимиз асло ёдимдан чиқмайди.

37-йилда терговчи ӯрис хотиннинг «Уйларингга кимлар келарди? Файзулла Хӯжаев, Акмал Икромов, Зелкина келармиди», дея устма-уст сӯраганлиги-ю, Ҳомид ҳеч қандай йиғин бӯлмаслигини айтганда, қӯлидаги резина таёқ билан аямай урганлигини, жазо муддатини Соликамскда ӯтагани, ӯн йил давомида дарахт кесганини айтганди. У ердан 1500 кишидан фақат икки кишигина қайтиб келишганини айтаётганида, томоғига бир нарса тиқилиб, анчагача бир сӯз демасдан қолганди.

1958-йилда кӯпчилик репрессия қурбонлари қатори Жӯрабек Тӯрабеков ҳам оқланди. Комилнинг ӯз отаси ҳақида маълумот олиш учун югурмаган ери қолмади. ТуркВОда ҳужжатларга яқин йӯлатишмади. Навоий кутубхонасидаги газеталарнинг айни отаси ҳақида ёзилган ерлари юлиб олинганди… Отанинг қачон, қаерда ӯлдирилгани фарзандлар учун номаълум қолаверди. Номаълум!

Инсон темирдан эмас, лекин ҳамма нарсага чидаркан. Эри оқлангач, шахсий нафақа та-йинланган Сора опа узоқ умр кечирди - 85 ёшда вафот этди. Отаси не-не умидлар билан ӯқитган Ҳомид оддий ишчиликдан нон топди. Комил узоқ йиллар молия-тафтиш соҳасида ҳалол хизмат қилди.

Афсуски, ёлғиз қиз Тожинисонинг умри қисқа экан.

Сора ӯрис

- Мен онам (исписорликлар бувини она дейишади- муаллиф) - халқ Сора ӯрис деб атайдиган ажойиб бир инсон билан узоқ-узоқ суҳбатлашардим. Айтишларича, қамоқда ётганларида бир ҳафтагача оч қолиб кетган эканлар. Турма эшигида турганлар Тожинисо аммам олиб борган егуликларни олишмас экан. Лекин улардан бири аммамни яхши кӯриб қолибди. Бир марта олиб борган нарсаларини олгач, кейинги сафар шарт қӯйибди. Унга турмушга чиқса, навбатда турган кунлари онаси сира оч қолмаслигини айтибди. Ӯзини эмас, онасини ӯйлаган аммам рози бӯлибдилар. -дейди Жӯра Тӯрабековнинг невараси, умрини маориф соҳасига бағишлаётган Муҳаббат Комилова.

Муҳаббат опанинг айтишича аммаси Эсон номли милиса билан бирга яшаб, бир ӯғил, бир қизли бӯлади. Лекин «халқ душмани»нинг қизига уйланибсан, деб Эсонни ишдан ҳайдаб юборишади.

Орадан вақт ӯтгач, Тожинисо Исписорга қайтиб келади. Уруш охирлаган - 1945-йил йил бӯлса-да, қорин тӯйдириш қийин эди. Тожинисо ҳамкишлоқлари қатори Далварзинга - ҳозирги Бекобод туманидаги ғаллачилик хӯжаликларига қатнайди. Меҳнати эвазига топилган ғаллани эшакка ортиб, уйга қайтади. Йӯл тоғ этаклари, кимсасиз жойлардан ӯтарди. Далварзиндан қайтиб келаётган кунлардан бирида қароқчилар ҳужум қилишади. Онаси, болалари учун олиб кетаётган ризқ-рӯзни ҳимоя қилган Тожинисо қароқчилар қӯлида ҳалок бӯлади.

- Дадам, Ҳомид амаким ҳам дунёдан ӯтишган. Жойлари жаннатдан бӯлсин, - дейди Муҳаббат Комилова. - Мен улардан, Сора онамдан ҳалол яшашни, одамлар учун хизмат қилишни ӯргандим. Сора онам кафтларингни шундай очгинки, бармоқларинг бир-бирига тегмасин, улар орасидан тӯкилган ризқ-рӯз тӯйдирган одамларнинг дуоси билан Аллоҳ кафтингни тӯлдиради, дердилар.

Муҳаббат опа ӯйланиб қолади.

- Онам бир гапни икки-уч айтиб берганлар: «Уйимизга Файзулла Хӯжаев, Акмал Икромовлар тез-тез келиб туришарди. Баъзан эшик олдида туриб, суҳбатарига қулоқ тутардим. Улар қандайдир мустақиллик, деҳқонларнинг ер эгаси бӯлишлари ҳақида гапиришарди. Бу гапларнинг маъносини кейинчалик англаб етдим».

Бирданига Муҳаббат опанинг чеҳрасига табассум югуради:

- Биз дадам ва аммамга меҳрибонлик қилган, ӯзникилар соясидан қӯрқиб четлаб ӯтишганда, бегона болаларни ӯз фарзандларидек боққан қатиқчи холам билан узоқ вақт борди-келди қилдик. Яхшилик ерда қолмас экан. Холажоним фарзандларидан бахт топдилар. Ӯғиллари Хӯжақул, Фарҳод, Иззатилло, қизлари Раъно опам жуда яхши, обрӯли вазифаларда ишлашди. Холажонимнинг жойлари жаннатдан бӯлсин.

Муҳаббат опанинг айтишича кейинги йилларда борди-келдилари бироз узилиб қолган. «Биз -Исписорда, Тожикистонда, улар Тошкентда, Ӯзбекистонда яшашади. Виза тартиби сабабли бориш-келиш қийинроқ. Ӯзбекистондаги янгиланишларни эшитяпмиз. Ҳозир визанинг бекор қилинишига ё осонлашишига умид қилиб турибмиз».

Фикр ӯзгардими, тамом!

Невара сӯзлар экан, мен яна ӯттизинчи йиллар қурбонларидан бири - Жӯра Тӯрабеков ҳақида ӯйлай бошлайман. У ҳали 1924-26-йилларда Хӯжанд уезди ижроқӯми раиси муовини бӯлган. Кейинроқ Андижон округи фирқа қӯмитасига котиблик қилган. Ӯзбекистон Марказий Назорат комиссияси раиси бӯлган. 1937-йилда Ӯзбекистон Министрлар Совети раисининг биринчи ӯрибосари қилиб тайинланган. Умрининг охирги ойларида Ӯзбекистон Халқ Комиссарлари Кенгаши Раисининг ӯринбосари бӯлиб ишла-ган. Жӯра Тӯрабеков камбағал деҳқоннинг ӯғли бӯлиб, темирйӯлда ишлаб юрган кезлари инқилобчилар сафига қӯшилганди. Ҳомид аканинг эътироф этишича, Жӯра Тӯрабеков ӯттизинчи йиллардаги ҳақсизликларни кӯриб, бошқача фикрлай бошлаган.

"Дадам ҳеч қачон халқ душмани бӯлмаганлар! Дадам ӯз халқининг фидойи дӯсти эди!"

Мен бу гапларни Ҳомид ака ва Комил аканинг икковларидан ҳам эшитганман. Икковлари ҳам (ота-оналари каби жойлари жаннатдан бӯлсин) кӯзлари ёниб, тасвирлаб бӯлмас ғурур, ифтихор билан гапиришганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858860002