Россия-Украина: Донецк ва Луганскни постсовет давлатлари, Марказий Осиё ҳам тан оладими? Rossiya Ukraina Dunyo Yangiliklar

Байроқ

Сурат манбаси, Getty Images

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Россия Ташқи ишлар вазирлиги дунёнинг бошқа давлатларига даъват билан чиқди. Уларни ўзларидан ўрнак олиб, Украинанинг икки шарқий бўлгинчи минтақаси мустақиллигини расман тан олишга чақирди. Марказий Осиё нима қилади?

Таҳлил:

Алоқадор мавзулар:

Акс-садолар

Президент Путиннинг қарорига зудлик билан ва кескин муносабат билдирган асосан Ғарб бўлди.

Улар бунга жавобан Россияга устма-уст санкциялар киритишга тушишди.

Аксарият Марказий Осиё давлатлари ҳозирча жим, улар ташқи ишлар вазирликларининг бу хусусда бирор бир расмий баёнот билан чиқишгани ҳалича кўзга ташланмайди.

Аммо орада Россиянинг Интерфакс агентлиги Қозоғистоннинг расмий мавқеини баён қилувчи хабар тарқатган.

Агентлик ўзнинг 22 февраль кунги хабарида Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг бу хусусда журналистларга айтган гапларига таянилган.

Қозоғистон нима қилмоқчи?

Россия ва Қозоғистон президентлари

Сурат манбаси, official

Вазир Мухтар Тлеуберди мазкур масаланинг ўзларида кун тартибида турмаганлигини айтган.

Мухтар Тлеуберди бу хусусда Қозоғистоннинг расмий мавқеи мамлакат Хавфсизлик Кенгашида ишлаб чиқилишини билдирган.

У БМТ низомининг асосий тамойиллари ва халқаро ҳуқуқ асосларидан келиб чиқиб, бир қарорга келишларини таъкидлаган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб сайтида ҳозирча бу хусусда бирор бир хабар ёки баёнот кўзга ташланмайди.

Веб сайтнинг сўнгги бор 21 февраль куни янгилангани кўрилади.

Қозоғистон Марказий Осиёнинг Россия билан чегарадош ягона давлати бўлади.

Икковлоннинг дунёдаги энг узун чегарага эга эканликлари айтилади.

Тезкор муносабат

Молдова ва Грузия ҳам Россиянинг қарорига тезкор муносабат билдирган икки постсовет давлати бўлишган.

Уларнинг акс-садолари президентларининг твити шаклида ўзининг ифодасини топган.

Ўтказиб юборинг X пост , 1
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири X пост, 1

Молдова президенти Россиянинг Донецк ва Луганск мустақиллигини расман тан олишини қоралаган.

Майя Санду бунинг "халқаро қонунчиликка яққол зид экани"ни айтган.

Молдова Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаш аҳдида содиқ қолишини баён қилган.

Молдованинг бўлгинчи Приднестровье минтақасида ҳам Россия қўшинлари жойлашган.

Грузия президенти Саломе Зурабишвили ҳам Украинанинг ҳудудий яхлитлигини дастаклашларини айтган.

Ўтказиб юборинг X пост , 2
X контентига рухсат бериш

Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири X пост, 2

Мамлакати Россиянинг Донецк ва Луганскнинг мустақиллиги борасида қарорини кескин қоралашини билдирган.

Президент Зурабишвили бу Грузия 20 фоиз ҳудудининг ишғол этилиши билан якун топган сценарийнинг такрори эканлигини таъкидлаган.

Ўз вақтида Грузиянинг таркибига кирган Жанубий Осетия ва Абхазия эса, Россиянинг қарорини қўллаб-қувватлашган.

Жанубий Осетия президенти буни "кутилган, асосланган ва оқланган қарор" эканини даъво қилган.

Абхазия лидерининг айтишича эса, Путиннинг қарори "одил, геосиёсий воқеъликни адекват баҳолашга асосланган, бугунги замонанинг чақириқ ва таҳдидларига мос" бўлган.

Грузиянинг бу икки бўлгинчи минтақаси мустақиллигини Россия 2008 йилда расман тан олган.

Ўшанда ҳам расмий Москва дунёнинг бошқа давлатларини ўзларидан намуна олишга чақирган.

Аммо Россиядан ташқари Жанубий Осетия ва Абхазияни Грузиядан мустақил, деб тан олган давлатларнинг борлиги деярли кўрилмаган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи Грузия-Россия урушидан қисқа вақт ўтмай кузатилганди.

Путин

Сурат манбаси, Alexei Nikolsky/TASS

Путин ва Россиянинг қарорини асосан унинг иттифоқчилари қўллаб чиқишаётир.

Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги бу хусусда кеча, 22 февраль куни расмий баёнот билан чиққан.

Расмий Минск ўз баёнотида Беларусь Россиянинг Донецк ва Луганск Халқ Республикаларини тан олиш қарорини ҳурмат қилиши, тушуниши ва ўз ҳаракатларида буни ҳисобга олиш ниятида эканини билдирган.

Аммо баёнот мазмунидан Беларуснинг ўзи ҳам уларни расман тан олиши-олмаслиги ноаён қолган.

Кеча, сешанба куни Никарагуа ва Сурия ҳам Россия президентининг қарорини маъқуллашларини билдиришган.

Аммо ҳар икковлон ҳам Донецк ва Луганскни расман тан олишларини ҳалича очиқлашмаган.

Кубанинг коммунист ҳукумати Ғарбни Россияни "тарғибот уруши" билан нишонга олаётганликда айблаган.

Шу ой бошида Шимолий Корея АҚШни "душманона сиёсати" - Россияни "иҳоталаш ва кучсизлантириш"ни бас қилишга чақирган.

Эрон оммавий ахборот воситалари оҳанги ҳам расмий Москванинг Украинадаги амалларига хайрихоҳ эканини кўриш мумкин бўлган.

Постсовет ҳудудида янги йирик геосиёсий ўйинчига айланиб бораётган Туркия Россиянинг қарорини қабул қилмаслиги ва тан олмаслигини айтган.

Россиянинг қудратли иттифоқчиси, дунёдаги йирик геоиқтисодий ўйинчи ва глобал ядровий қудратлардан биттаси бўлган Хитойнинг муносабати анчайин умумий бўлган.

Хитойнинг БМТ қошидаги элчиси Украина муаммосини дипломатик воситалар орқали, мавжуд хавотирларни ҳисобга олган ҳолда ҳал қилишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни олқишлашларини билдирган.

Мамлакати барча томонларни вазиятнинг кескинлашувига олиб келадиган ҳаракатлардан тийилишга чақиришини баён қилган.

Бош котиби Антониу Гутерриш Россиянинг қарори БМТ Низомига зид эканини таъкидлаган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожи Кремлнинг империалистик амбициялари кучайиб бораётган ва Путин СССРнинг парчаланишидан тез-тез афсусланаётган бир пайтга ҳам тўғри келган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek