Донецк ва Луганск: Россиядаги ўзбекистонлик мигрантлар нимадан хавотирда? Rossiya Ukraina dunyo yangiliklar

мигрантлар
Сурат тагсўзи, Россия Ўзбекистон фуқаролари учун энг йирик меҳнат бозори бўлади

Россия Украинанинг икки бўлгинчи минтақаси мустақиллигини тан олиб, бу ҳудудларга қўшин киритишга қарор қиларкан, айни воқеаларни Россияда ишловчи ўзбекистонлик мигрантлар ҳам хавотир билан кузатишмоқда.

Россиянинг сўнгги хатти-ҳаракатлари Ғарб жазо чораларига сабаб бўлди. Аллақачон Британия Россиянинг 5 та банки ва 3 нафар шахси: Борис ва Игорь Ротенберглар ҳамда Геннадий Тимченкога нисбатан санкцияларни эълон қилди.

АҚШ Президенди Жо Байден Россиянинг суверен қарзларига қарши санкциялар киритишини маълум қилди.

Европа Иттифоқи Россия Давлат думасининг Донецк ва Луганск халқ республикаларининг мустақиллигини тан олинишига овоз берган 351 депутати ва 27 нафар юридик ва жисмоний шахсларига нисбатан санкциялар киритди.

"Европа Иттифоқига аъзо 27 та давлат бир овоздан Россияга қарши санкцияларнинг биринчи пакетига келишдилар", - маълум қилди Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан Украинага оид вазият бўйича ўтказилган навбатдан ташқари анжуманда.

Иттифоқ ортидан Канада ва Австралия ҳам Россияга қарши санкциялар киритди. Канада ҳукумати Россиялик қатор депутатларга, Австралия эса Ҳавфсизлик Кенгаши аъзоларига нисбатан қўлланилишини эълон қилди.

Деярли барча давлатлар ДХР ва ЛХРнинг тан олиниши ортидан Россияга қарши эълон қилинган санкцияларини дастлабкилари эканлиги ва олдинда Россияни ўта кескин жазо чоралари кутаётганини билдиришган.

Ғарб ваъда қилаётган мислсиз жазо чоралари Россия иқтисодини нишонга олаяпти. Бу албатта Россияга қўшни ва ҳамкор мамлакатларни ҳам ташвишга солмоқда.

Россия ва ўзбекистонликлар

Россия Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий савдо шериги ҳам энг катта меҳнат бозоридир.

Расмий рақамларга кўра, 2 миллиондан кўпроқ ўзбекистонлик ҳозир Россияда меҳнат муҳожирлигида.

Ўтган йили ўзбекистонлик мигрантлар ватанига 8 млрд доллардан ошиқ пул маблағи юбориб, мамлакатга халқаро пул ўтказмалари бўйича рекорд кўрсаткичга етказишган.

Владимир Путин ДНХ ва ЛНХ мустақиллигини тан олиш ва икки бўлгинчи минтақага қўшин киритиш борасидаги қарорларини эълон қилиши ортидан Россия фонд биржаларида рублнинг қадрсизланиши мигрантлар хавотирини кучайтирган.

Пандемия инқирозидан сўнг энди-энди молиявий аҳволи ўнглана бошлаган меҳнат муҳожирлари Россияга қарши қўлланиладиган иқтисодий жазо чоралари уларнинг даромадларига бевосита таъсир қилишидан ташвишдалар.

Би-би-си Ўзбек хизмати Москвада ишлаётган бир неча меҳнат муҳожири билан суҳбатлашиб, бу борадаги фикрларини ўрганди:

Аббосбек Анорбоев, ишчи:

Ишдан кеч қайтаётиб, бўлиб ўтган воқеалар (Путиннинг қарорга қўл қўйиши - таҳр.)ни ўқидим ва шокка тушдим.

Тўғрисини айтсам, мен воқеалар бу даражага келади, деб ўйламаган эдим.

Кеча тонгда қарасам, доллар кўтарилиб бошлабди.

Ўтган куни ўзимча ҳисоб-китоб қилаётган эдим: ойлик олсам, 20 фоизи озиқ-овқатга, яна 30 фоизи яшаш жойига ажратилади. Қолганини уйга юборсам бўлар экан, деб ўйлагандим.

Ким билади, воқеалар шу зайлда кетса, балки уйга қайтармиз. Балки бошқа жойга "сурармиз".

мигрант 2

Соломон Янгибоев, бармен:

Рублнинг қадрсизланишига жуда ёмон муносабатдаман.

Масалан, менинг дўстларим мендан долларда қарз олишган, дейлик. 1000-1500 ёки 2000-3000 доллар.

Мен уларга қарзни олган вақтдаги курсларида қайтаради, деган умидда бераман.

Дейлик, 7000 рублга 100 доллар олган бўлса-да, энди қайтаришда 8000-8100 рублга 100 доллар сотиб олишлари керак бўлади.

Бу фарқ бир неча баравар бўлса, Россиядаги бир одамнинг ўртача ойлик иш ҳақига етади.

Албатта, бу жуда ёмон.

Рублнинг кескин қадрсизланиши ортидан мигрантлар Россияни тарк этиши мумкинми? Ўйланманки, ҳа.

Ҳатто мен - рус мактабида ўқиган ва Россия фуқаролигини олган йигит бўлсам, ҳам бу ердан кетиш ҳақида ўйлаяпман.

Ойликлар ошмаяпти, доллар ва нархлар эса кўтарилаяпти.

Бу ерда яшашгина эмас, кун кўриш ҳам имконсиз бўлиб бораяпти.

Шаҳноза Қўлдошева, ошпаз:

Кечадан бери ишхонамизда шу мавзуни қизлар билан муҳокама қилаяпмиз.

Урушмай ўлсин, шунинг оқибатида биз мигрантларга қийин бўлаяпти.

Ўзи яқинда патент нархи ошганди. Энди унга кўникиб тургандик, энди бу ёқдан доллар ошаяпти.

Бу ерда ҳамма воқеа бизни ҳаётимизга таъсир қилаяпти.

Бир томондан турли миш-миш, гап-сўзлар ҳам кўпайиб кетаяпти.

Ҳаммаси - бизнинг зараримизга хизмат қиладиган хабарлар.

Москвада яшаш қимматлашиб кетаяпти, бундай давом этадиган бўлса, ватанга қайтишимиз ҳам мумкин.

Аммо ҳамма мигрантлар қайтади дея олмайман.

Бир қисми - малакали мутахассис бўлган мигрантлар Россиядан чиқиб кетиши мумкин, аммо пулга муҳтож, муҳожирликдан кун кўриб оила боқаётган ишчилар Россияда ишлайверади, деб ўйлайман.

мигрант 1

Мухтор Абдуллаев, ишчи:

Россия-Украина воқеалари ортидан доллар курси юқорилаши минг машаққат билан ишлаб топадиган пулини долларда юборувчи барча мигрантларни хавотирга солади.

Айтиш мумкинки, рубл муомалада бўлган РФ фуқароларидан кўра, мигрантлар кўпроқ зарар куришади.

Ҳозирда турли иловалар орқали долларда эмас, рублда юбориб, сўмга конвертация килиш мумкин, лекин рубль курси долларга нисбатан қурбини йўқотса, бошқа валюталар, шу жумладан сўмга нисбатан ҳам қадри йўқолади.

Меҳнат мигрантлари ҳар доимгидек албатта "калтак"дан (зарардан - таҳр.) бенасиб қолмайди.

Наргиза, идиш ювувчи:

Уруш-жанжалнинг кимга кераги бор? Тинчлик бўлсин, аввало.

Бир юртдан бошқа юртга ишлаймиз, деб келдик. Келганимиздан кейин бу ерда бу аҳвол.

Биринчидан, патент кўтарилиб кетди. Иккинчидан, доллар кўтарилиб кетди.

Олган пулимизнинг ярми квартирага, патентга, регистрацияга, ҳали унга-ҳали бунга кетаяпти.

Доллар кўтарилганидан кейин янада қийинлашади.

Ўзи шунча қийналганимиз етар. Бегона юртда юришни ўзи бўлмайди.

Болам-чақам, уйим-жойим келганмиз. Сал пул орттириб камимизни бутлайлик, бирим икки бўлсин, деб келганмиз.

Шунинг учун бу ерларда ҳамма қийинчиликларга сабр қилиб ишлаяпмиз. Доллар ошса, ойликдан орттириб уйга қанча юбора оламиз?

Ундан кўра, иложи борича мигрантларга ёрдам қилишсин.

Ишсиз юргани қанча, кўча супуриб, чиқинди териб пул топаётгани қанча!

Қаерда бўлса, ўзбеклар эзилган, урилган-туртилган.

Камига доллар ошди. Буниси ҳаммасидан ошиб тушди.

Энди бу Россия-Украина деб ҳам ўзбеклар қийналаяпти.

Жўнатадиган пулимиз 300 доллар олсак, 50 долларга қолаяпти.

Бошқалардек, бир йилда бир ҳужжатга тўласак, бунчалик қийналмасдик.

Ҳаммага тинчлик керак. Урушнинг нима кераги бор?

Долларнинг кўтарилиб тушишига урушни нима алоқаси бор?

мигрант 3

Бахтиёр Турсунов, қурувчи:

Доллар курси ошиши, албатта, бизларни ҳам хавотирга солади, сабаби - бизлар иш ҳақимизни рублда ҳисоблаб оламиз ва долларга алмаштириб, уйга юборамиз.

Доллар курси қанчалик ошгани билан, меҳнат ҳақи кўтарилмайди. Бу эса иш ҳақи пасайиб кетаётганини кўрсатади.

2008 йилларда ҳам Россиядаги сиёсий воқеалар ортидан доллар курси бирданига икки баравар кўтарилганди, аммо юртимиздан Россияга келиб ишловчилар сони ошса ошдики, камаймади.

Бу сафар унчалик кўтарилмас, деб умид қиламиз.

Ишқилиб, тинчлик бўлсин доимо.

Доллар курси ўзимизда ҳам ошиб бормоқда, шу сабабли кетувчилар кам бўлса керак.

Қайта пасайишидан умидвормиз.

Оддий ҳалққа қийин бўляпти барибир.

Фарҳод Темиртирноқ, блогер:

Ўзбекистон фуқаролари ўзи кам ойликли ишларда ишлашади.

Улар уйга пул юбориш учун доллар сотиб олиб жўнатишади.

Шу томондан қийналишлари мумкин.

Банкларда долларни сотиб олиш қиммат, сотиш нархи нисбатан пастроқ.

Шу тарафдан мигрантларга жабр бўлиши мумкин.

Асосан, катта ойлик оладиганларга қийин бўлади.

Ҳозирги кунда уларнинг кўпчилиги меҳнат шартномаси асосида ишламайди.

Шунинг учун доллар сотиб олиб жўнатишларига тўғри келади.

Карталари орқали ватанига пул жўнатмоқчи бўлишса, кўплаб ҳолатларда карталари блокланиб қолади.

Хавотирга асос борми?

Россия рублининг қадрсизланиши мигрантларнинг хавотирларини оширмоқда.

Миграция масалалари бўйича мутахассислар Россиядаги мигрантларга ўз маошларига доллар сотиб олишни маслаҳат бериб, бугунги сиёсий вазият манзарасида доллар курсининг янада кўтарилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

мигрант 4

"Россия рубли дунёдаги энг беқарор валютага айланди", - деб ёзди РБК нашри.

Россиянинг бугунги сиёсий вазияти бу ерда меҳнат муҳожирлигида бўлган минглаб ўзбекистонликлар ҳаётига қандай таъсир қилади?

Хавотирлар илдизи қаерда?

Миграция масалалари бўйича юрист Ботиржон Шермуҳаммад сўнгги воқеаларнинг таъсири аввало иқтисодий бўлишини таъкидлади.

юрист

Ботиржон Шермуҳаммад, юрист:

- Ғарб томонидан Россияга нисбатан кенг қамровли санкциялар қўлланилиши натижасида рубль курси кескин равишда тушади, албатта. Бу нарса эртага муҳожирларимизнинг даромадларига кескин таъсир қилади, камайишига олиб келади. Иккинчидан, Россиянинг ўзида импорт бўлаётган маҳсулотлар нархларининг ошишига олиб келади.

Мигрантларга бир жиҳатдан сотиб олаётган товарларнинг нархи даромадига тааллуқли бўлса, яна бир жиҳатдан топган пулини Ўзбекистонга юборган пайтда валюта айирбошлаш вақтидаги фарқ ҳисобига кескин таъсир қилади.

Ўрганиб чиқишимизча, 2008 йилдан бери ҳозирги кунгача рубл курси 330 фоизга тушган, яъни қадрсизланган.

2008 йилда Жанубий Осетия билан Абхазияни Россия тан олган пайтда бирдан 28 фоизга тушган.

2014 йилда Қримни тан олган пайтда рубль 59 фоизга қадрсизланган.

Умуман олганда, Россия рубли ўртача ҳисобда ҳар йили камида 20-24 фоизга тушиб бораяпти ва бу нарса йилдан йилга Россияда бўлиб турган мигрантларимизнинг даромадларига таъсир қилаяпти.

Охирги пайтларда ҳар томонда ҳарбийлашув, уруш олди ҳаракатлари бўлиб, амалдорлар томонидан мигрантларга нисбатан риториканинг янада кескинлашуви келиб чиқаяпти.

Масалан, Путиннинг охирги чиқишларини ҳам, Бастрикиннинг таклифларини ҳам кўрдик.

Мигрантларни янада қаттиқроқ назоратга олиш, қонунларни ва чораларни янада кескинлаштириш, экстремизм билан боғлиқ маълумотларни кўтариш ҳолатлари кўринди.

Умуман олганда, Россияда душман, айбдор излаш, чет эл фуқароларига гумон билан қараш каби вазиятлар кўп бўлади. Бундай ҳолатлардан ўзбекистонликлар ҳам жабр кўриши мумкин.

Савол: Рублнинг қадрсизланиши шу зайлда давом этса, мигрантларнинг Ўзбекистонга қайтиши эҳтимоли қанчалик?

- Қанчалик эканини айтиш қийин. Мисол учун 2014 йилда рубл курси бирданига 59 фоизга ошган пайтда ҳам кўп одам қайтиб кетди, деб айта олмаймиз.

Илож йўқлигидан Россияга ҳалиям боришаяпти.

Лекин қайтиб келганлар ҳам бўлади, албатта.

Ватанга қайтган билан ҳам у ерда у қадар шароит бўлмаганидан кейин барибир катта сондаги мигрантлар Россияда ишлашга мажбур бўлишади.

Охирги пайтларда кўраяпмизки, Туркияда ҳам бирданига доллар курси ошиши эвазига кўпчилик қайтиб кетди.

Лекин бизнинг фуқароларимиз долларда пул топадиган хорижий мамлакатларга бормагунча, шунга яраша малакага эга бўлмагунча, Россия ёки Туркияга бориб ишлашга мажбур бўлишади.

Ҳозирча, Ўзбекистонда улар учун муқобил таклифлар йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek