Украина. Янгиликлар: ‘Қиёмат’ генерали энди Путинга ғалаба келтирадими - у ким? Putin Rossiya Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, EPA
Украинадаги Россия кучларига энди Путиннинг "Қиёмат" генерали бошчилик қилади. Рамзaн Қодиров уни "ҳақиқий жангчи", деб атаган. "Вагнер" асосчиси ҳам мақтаган. "Қиёмат" генерал бунгача Сурияда ном чиқарган. Айнан у қўмондонликка келиши биланоқ бутун Украина Россиянинг ракета ҳужуми остида қолган. 'Қиёмат' генерали энди Путинга ғалаба келтирадими?
Алоқадор мавзулар:
- Қрим, Белгород ва Херсон: Россия ҳарбий объектларида яна устма-уст портлаш, бунақаси бўлмаган, Путин ҳозирча жим
- Украина уруши ва Россия: Зеленский Қримни барибир олмоқчи, Қримдаги портлаш ортида ким турибди?
- Путин буни билармиди: Россия Украина урушида нега энг сара ҳарбийларини йўқотмоқда?
- Россия қўшинлари ташлаб қочган Украин ерлари: ўқ-дорилар, ҳарбий пойафзал ва "кечиринг" ёзуви
Москва ҳар қандай йўл билан бўлмасин ғалаба қозониш учун саъй-ҳаракатларини икки баравар оширмоқда.
Россия Мудофаа вазирлиги армия генерали Сергей Суровикин "махсус ҳарбий амалиёт ҳудудларида қўшма кучлар гуруҳи қўмондони" этиб тайинланганини маълум қилди. Украинадаги урушни Кремль "Махсус ҳарбий амалиёт" деб атайди.
Бу қарор Украина кучларининг бир неча ҳафталик муваффақиятли қарши ҳужумлари, жумладан, Москва ўзининг «абадий» ўзиники деб эълон қилган ҳудудлардан рус қўшинлари қувила бошлагандан сўнг қабул қилинди.
Суриядаги иштирок
Расмий биографиясига кўра, Суровикин Новосибирскда туғилган ва 55 ёшда.
У 1990 йиллардаги Тожикистон ва Чеченистондаги можароларда қатнашган ва 2015 йилда Сурияда, Москва Сурия президенти Башар ал-Ассад ҳукумати томонида урушга аралашганда иштирок этган.
Июль ойида Россия Мудофаа вазирлиги Суровикин Украинадаги «жанубий» кучларга раҳбарлик қилгани ҳақида хабар берган эди.
Генерал Суровикин Чеченистон ва Сурияда инсон ҳуқуқлари поймол қилиниши ҳолатлари бўйича айблангани туфайли, ҳуқуқ фаоллари бу тайинловдан хавотир билдирган.
Бу тайинловни Путиннинг иттифоқчиси Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва «Вагнер» гуруҳи асосчиси Евгений Пригожин илиқ кутиб олди.
Россия армиясини тинч аҳолига қарши ҳарбий жиноятлар содир этганликда айбланаётганига қарамай, уларнинг иккаласи ҳам Россия армиясини Украинада янада қатъийроқ чоралар кўришга ундаб келади.

Сурат манбаси, Getty Images
Сергей Суровикин илк бор оммавий ахборот воситаларида 1991 йил августида ўша пайтдаги Совет раҳбари Михаил Горбачёвга қарши давлат тўнтаришига уриниш пайтида пайдо бўлган.
Ўша пайтда армия капитани бўлган Суровкин Москва марказида тинч намойишчиларга қарши армия операциясида қатнашган.
Намойишчилар бир неча ҳарбий бронетранспортёрлар йўлини тўсиб, тош ва бутилка отишни бошлаганди.
Суровкин олдинга боришни буюрди. Уч киши босиб кетилган ва ўлган эди.
Скандаллар
Суровкин ҳибсга олинди ва етти ой тергов изоляторида ўтирди, бироқ кейинчалик унинг ўзи буйруқларни шунчаки ижро этгани важидан ундан барча айбловлар олиб ташланди.
1995 йилда у ноқонуний равишда қурол сотишда айбланди. Москва ҳарбий суди уни айбдор деб топди ва бир йил шартли озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳам кейинчалик унинг таржимаи ҳолидан олиб ташланди.
Сергей Суровикин 2002 йилда ҳарбий академияни тамомлаган. Кўп ўтмай, у Екатеринбург шаҳридаги ҳарбий қисм қўмондони бўлди ва икки йил ўтгач, унинг номи яна бир жанжал марказида бўлди, яқин ҳамкори Суровикиннинг офисида ўзини отиб ўлдирганди.
2004 йилда Суровикин Чеченистонда жойлашган ҳарбий қисм қўмондони этиб тайинланган эди, ўша пайтда Россия Москвага қарши курашаётган маҳаллий партизанлар устидан назоратни сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганди.
Суровикин бир неча марта қўл остидагилар томонидан маҳаллий аҳолига нисбатан зўравонликда айбланган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Суровикин қўмондонлиги остидаги батальонлардан бири турар-жой биноларига бузиб кириб, "тозалаш операцияси"ни ўтказган.

Сурат манбаси, Getty Images
Ушбу хабарларга кўра, ўнлаб эркаклар маҳаллий мактаб ҳовлисига олиб кирилган, калтакланган ва лой ерга ётқизилган ва ёмғир остида у ерда қолиш буюрилган.
Суровикин бу айбловларни рад этди.
2017 йилда Россия Сурия ҳукумат кучларига мамлакат бўйлаб мухолифатни бостиришда ёрдам берганида, Сергей Суровикин Россиянинг Суриядаги ҳарбий авиацияси қўмондони бўлди. Бу йилга қадар у ҳеч қачон ҳаво кучларида хизмат қилмаган эди.
2017 йилнинг ноябрида Суровикин Россия Аэрокосмик кучлари бош қўмондони этиб тайинланди, бу ҳарбий хизматнинг ушбу соҳасида унчалик тажрибали бўлмаган офицернинг биринчи марта шундай жойга тайинланиши эди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича даъволар
Сурияда Суровикин қўмондонлиги остидаги ҳарбий қисмлар инсон ҳуқуқларини бузиш, жумладан, кимёвий қурол ишлатиш ва шифохоналарни бомбалашда айбланган.
Human Rights Watch (HRW)нинг 2020 йилги махсус ҳисоботида Суровикин, 2019 йилдан 2020 йилгача Идлиб вилоятига қарши ҳужум пайтида инсон ҳуқуқлари бузилгани учун жавобгарликка тортилиши мумкин бўлган бошқа рус ва баъзи суриялик қўмондонлар билан бирга саналган.
HRW Россия ва Сурия қўшинлари турар-жойлар ва фуқаролик инфратузилмасини атайлаб нишонга олганини айтди. 2019 йилги New York Times тадқиқоти ҳам худди шундай хулосага келди.
Москва ҳар доим бундай айбловларни рад этиб келади.
Сурияга хизмат сафари натижасида Сергей Суровикинга мамлакатнинг олий мукофоти Россия Қаҳрамони унвони берилди.
Унинг ўтмишдошининг исми ҳеч қачон расман ошкор этилмаган, бироқ баъзи рус ОАВлари бу генерал Александр Дворников, иккинчи Чечен уруши генерали, шунингдек, Суриядаги Россия кучлари қўмондони бўлганини хабар қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













