Заҳарли ва бўғма илон ўртасида. Уруш пайти Россия иқтисодиётида нималар бўлаяпти? Ukraina Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Ольга Шамина, Виктория Сафронова
- Role, Би-би-си Рус хизмати
Россиянинг Украинага ҳужум қилганига олти ой тўлди. Урушнинг бошида, Ғарбнинг биринчи санкциялари киритилганидан сўнг, Россия иқтисодиётини нима кутаётгани ҳақида ғамгин прогнозлар мавжуд эди: ялпи ички маҳсулотнинг кескин пасайиши, доллар 200 рублдан, гиперинфляция, маҳсулотлар тақчиллиги ва бошқа кўплаб тахминлар. Аммо энг пессимистик прогнозлар амалга ошмади ва иқтисодиёт бир қарашда яхши ҳолатда кўринади. Аслида шундайми?
2022 йилнинг ёзи - уруш авжида, Россия иқтисодиёти бир қарашда жуда ёмон ҳолатда эмасдек кўринади.
Иккинчи, умумий ҳарбий чоракда ЯИМ атиги 4% га камайди - бу иқтисодиётни бир неча йил орқага қайтариши мумкин бўлган кучли пасайиш, лекин ҳалокатли эмас.
Москва биржасида рублнинг доллар ва еврога нисбатан қиймати 2018 йил бошида қандай бўлган бўлса, ўшандай. Холбуки, у вақтда Россияга нисбатан бундай қаттиқ санкциялар қўлланилмаган, хорижий компаниялар ва инвесторлар мамлакатни тарк этмаган эди, уруш ҳақида-ку асло гапирмайлик. 2022 йил апрель ойи бошидан буён доллар ва евро 27 фоиздан кўпроқ арзонлашди.
Февраль охири ва март ойининг бошларида россияликларни қамраб олган истеъмол ваҳимаси кетди. Унинг баробарида эса, инфляция пасайишни бошлади: йиллик ҳисобда нархларнинг ўсиши секинлашади ва улар одатда ойдан ойга умуман қулайди.
Алоқадор мавзулар:
Ҳатто тадбиркорлик кайфияти ҳам бироз тикланаётганга ўхшайди - бу ҳеч бўлмаганда хизматлар соҳасида кўринди. PMI индекси - компания сўровларига асосланади ва иқтисодиёт ҳолатининг ишончли кўрсаткичи ҳисобланади. Июль ойида хизматлар соҳаси бўйича 54,7 пунктга кўтарилди (50 дан юқори бўлган ҳар қандай нарса тармоқ ёки иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсишидан далолат беради). Хизмат кўрсатиш соҳаси компаниялари мамлакат ичида талабнинг ўсганлигини қайд этдилар.
Тўғри, саноат компаниялари сўров натижаларига кўра, у қадар некбин кайфиятдан йироқ: улар ишлаб чиқариш ҳажмини камайтирмоқда, улар хомашёнинг айрим турлари танқислиги ва маҳсулотларига талаб пастлигидан шикоят қилишмоқда.
Росстат маълумотларига ишонадиган бўлсак, март ойида юқори инфляция ва рублнинг девалвацияси манзарасида урушдан кейин пасайиб кетиши керак бўлган аҳолининг даромадлари ҳам иккинчи чоракда унчалик камаймаган - атиги 0,8 фоизга пасайган. (Инфляция ва мажбурий тўловларни ҳисобга оладиган реал ихтиёрий даромад ҳақида гапираяпмиз).
Баъзи маълумотлар истеъмол талаби ҳам аста-секин жонлана бошлаганини кўрсатади.
Умуман олганда, бу кўринишлар Россия расмийларига мамлакат иқтисодиёти барқарорлашмоқда ва инқироздан чиқмоқда, деб айтишга имкон беради.
"Россияга қарши иқтисодий блицкриг аввал бошданоқ муваффақият имконига эга эмасди" - санкциялар таъсирини шундай таърифлади Президент Владимир Путин Санкт-Петербург иқтисодий форумида.
У ўз нутқининг катта қисмини Россия иқтисодиёти инқирозни қандай енгиб чиқаётгани ва Ғарб давлатлари умуман уддалай олмаётганига бағишлади. Худди шу риторика рус пропагандасини ҳам қамраб олди.
Бироқ, иқтисодчилар бошқача фикрда: Россия иқтисодиёти инқирозда, бу шунчаки тез ва кескин пасайиш эмас, балки секин ва бир неча йил давомида кечадиган босқичма-босқич қисқаришдир.
"Агар сиз заҳарли илонга эмас, балки бўғма илонга дуч келган бўлсангиз, бу - ҳолатингиз яхши дегани эмас", - мамлакатдаги вазиятни аниқ тасвирлайди Россия иқтисодиёт мактаби ректори Рубен Ениколопов.
Узоққа чўзиладиган қулаш
"Иқтисодиёт чироққа ўхшайди, уни шунчаки ўчирасан, деб ўйлаганлар иқтисодиёт қандай ишлашини билишмайди. 90-йиллардаги энг оғир инқироз пайтида ҳам ҳаёт сезилмасдан икки йил ичида ўзгариб кетди. Инқироз бир онда юз бермайди", - дея тушунтиради Чикаго университети профессори Константин Сонин.
Март ва апрель ойларида кўпчилик ҳақиқатан ҳам чироқ камида бир оз вақтга "ўчади" деб кутишган. Сонин Халқаро ҳисоб-китоблар банкидан кўрган энг аянчли тахминлар - ЯИМнинг 15-20% га пасайиши прогнозини эслайди.
Бироқ, баҳорда Россия расмийлари ҳам анча пессимистик кайфиятда эдилар. Масалан, апрель ойида Ҳисоб палатаси раҳбари Алексей Кудрин Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг расмий прогнозига кўра, Россия ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда тахминан 10 фоизга тушишини айтди.
Май ойида Иқтисодий ривожланиш вазирлиги аллақачон 7,8 фоизга тушишни кутган эди. Ўтган ҳафтада эса бўлимнинг янги прогнозлари - бу йилги атиги 4,2 фоизга бўлиши мумкинлиги оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлди

Сурат манбаси, Getty Images
Шунингдек, Марказий банк ҳам ўз прогнозини сезиларли даражада яхшилади. Апрель ойи охирида Марказий банк 2022 йил охиригача ялпи ички маҳсулот 8-10 фоизга, йил охирига қадар инфляция 18-23 фоиз даражасида пасайишини кутган эди. Ҳозирги прогнозда ҳаммаси некбинроқ: 2022 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 4-6 фоизга тушиши ва йил охирида инфляция 12-15 фоизга тушиши тахминланмоқда.
"Бозор иқтисодиёти ўзгарувчан шароитларга жуда эгилувчан тарзда мослашади. Бу менинг нуқтаи назаримга кўра, Россия иқтисодиёти мисли кўрилмаган босимга қарамай, нима учун кўпчилик кутгандек ҳалокатли қисқаришни бермаганини кўп жиҳатдан тушунтиради", - дея ҳисоблайди Ениколопов.
У "чироқ ўчмагани"нинг бошқа сабабларини ҳам келтиради. Ахир, Европа кўпчилик кутганидек, Россия энергия ресурсларини сотиб олишни тезда камайтирмади, секин-секин камайтирмоқда.
Бундан ташқари, Россия компаниялари коронавирус пандемияси тажрибаси туфайли бундай инқирозга кўпми-камми тайёр эдилар: улар етказиб бериш занжирлари узилишини кутгани ҳолда омборларда заҳира тўпланишганди.
"Улар қандайдир Шанхайнинг ёпилиши мумкинлиги сабабли логистика узилишига тайёргарлик кўришди. Ўрнига санкциялар чиқди - ва натижа бир хил: етказиб бериш тўхтайди, сиз заҳиралар ҳисобига яшайсиз ", - деб ҳисоблайди иқтисодчи.
Ениколопов иқтисодиётнинг ҳозирги жонланишини русларнинг "вазият билан келишиб олгани" билан изоҳлайди. Одамлар одатда ноаниқликнинг кескин ўсишига шундай муносабатда бўлишади: улар "харажатларни тўхтатадилар ва музлатиб қўйишади, жамғармаларни кўпайтиришни бошлайдилар".
Ҳозирда "Россия истеъмолчиларида тинчланиш бошланди, шунинг учун оз-оздан жонланиш белгилари бор", деб тушунтиради иқтисодчи.
Ениколоповнинг фикрича, инқироз ҳеч қаерга ҳам йўқолмаган. 2022 йил учун прогнозлар ҳақиқатан ҳам яхши томонга ўзгариб бормоқда, аммо қисқаришларнинг бир қисми 2023 йилга ўтади.
Буни расмий прогнозлар ҳам тасдиқлайди. Марказий банк келгуси йил учун прогнозини ёмонлаштириб, 1-4 фоизга пасайтирган. Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, оммавий ахборот воситаларига кўра, 2,7% га тушишни кутмоқда.
"Менинг ялпи ички маҳсулотнинг пасайиши бўйича прогнозим 8 дан 12 фоизгача. Келгуси йилда эса яна пасайиш бўлади. Ва агар кейинги йил ҳатто минус 1 бўлса ҳам, у 2008-2009 йиллардагидан ҳам ёмонроқ бўлади. Ва агар кейин учинчи йилда тушиш бўлса, у 90-йиллардаги таназзул каби бўлади ", - тахминлайди Константин Сонин.

Сурат манбаси, Getty Images
"Биз апокалиптик сценарийлардан узоқлашдик ва бу нуқтага қайтмайдиган кўринамиз, - дейди "Ренессанc Капитал" бош иқтисодчиси София Донец.
У март ойида 2022 йилда ялпи ички маҳсулотнинг пасайишини "кенг диапазонда" - 6 дан 10% гача баҳолаганди.
Энди Донец иқтисодиётнинг бу йил 4,7 фоизга ва 2023 йилда 3,5 фоизга қисқаришини кутмоқда. Жорий йилнинг кузидаёқ компанияларнинг чинакам ёпилиши бошланади, бу эса инқирозда ҳали бўй кўрсатмаган ишсизликнинг ошишига олиб келиши мумкин, аниқлик киритади Донец.
"Биз 2023 йил 2022 йилга қараганда деярли қийинроқ бўлишини кутмоқдамиз", дейди иқтисодчи.
Махфий инқироз
"Баъзи иллюзиялар бор - ҳамма инфляция ва рубль курси Россия иқтисодиётида ҳаммаси яхши эканлигидан далолат бериши ҳақида гапиради, аммо ундай эмас. Аслида бу кўрсаткичлар ҳозирги пайтда бу борада муаммолар кўплигини билдиради", деди Ениколопов.
Рубль курси юқори, чунки импорт жуда тушиб кетди ва нефт-газдан тушумлар ҳамон юқори. Инфляция эса пасаймоқда, чунки аҳолининг харидоргирлик талаби пасайиб бормоқда, дея тушунтиради Еникополов.
Агар йиллик ҳисобда инфляция темпи шунчаки секинлашса, июнь ойидан бошлаб Россияда нархлар ойма-ой пасаймоқда - бу жараён дефляция деб аталади ва бу жиддий муаммолар белгиси бўлиши мумкин.
Одатда, Россияда нархлар август ойида бироз пасайишни бошлайди - кейин дўконлар ва бозорларда янги мева-сабзавотлар пайдо бўлади. Аммо бу йил пасайиш бир неча ой олдин бошланди. Бундан ташқари, август ойида, Росстат статистик маълумотларига кўра, нафақат мева-сабзавотлар, балки баъзи кийим-кечак ва электроника буюмлари ҳам арзонлашади.
Дефляция иқтисодиёт учун хавфли ҳодисадир. Агар аҳоли ҳеч нарса сотиб олмаса ва нархлар тушиб кетса, у ҳолда бизнес янги маҳсулотлар сотиб олишни тўхтатади ёки камроқ ишлаб чиқаришни бошлайди - бу иқтисодиётнинг қулашига олиб келади.

Сурат манбаси, Getty Images
Марказий банк таҳлилчилари Россия иқтисодиёти тушиб қолган "мослашувчан кутиш" тузоғи ҳақида ёзишмоқда. Буни қисқача қилиб шундай таърифлаш мумкин: бизнес аҳоли харид қилишни бошлашини, аҳоли эса бизнеснинг нархларни пасайтириб, ассортиментини кенгайтиришини кутмоқда.
Ҳамма кутаётган пайтда иқтисод "музлаяпти". Талабнинг бироз жонланиши манзарасида иқтисодиёт бу ҳолатдан чиқа бошлаганми ёки йўқми, ҳозир аниқ эмас.
Бундан ташқари, иқтисодчилар инқирознинг бошқа "яширин" белгилари - биринчи навбатда, Ғарб компанияларининг кетиши ва экспорт билан боғлиқ муаммолар туфайли товарлар ифатининг босқичма-босқич пасайиши ва айрим хизматларнинг йўқолиши ҳақида гапиришади.
"1000 долларлик телефонлар сотилди деймиз, лекин сифатини унутамиз. Ҳаммаси бир хилдек, истеъмол бир хил, лекин маҳсулотлар сифати тушиб кетган ва бунга йирик халқаро компанияларнинг кетиши таъсир қилган. Гўёки бир хил нархдаги фаст-фуд истеъмол қилдингиз, аммо илгари у "МакДоналдс" эди, энди эса "Вкусно - и точка", - мисоллар келтиради Ениколопов.
Донец инқирознинг яна бир омили - одамларнинг умидлари эканини қайд этади.
"Ҳозир ноодатий ҳолат, кутишлар ҳозирги ҳолатга қараганда секинроқ тикланмоқда. Одатда вазият яхшиланса, одамлар келажакда бундан ҳам яхшироқ бўлади деб ўйлашади. Ҳозир эса ҳолат яхшиланди, аммо кутишларда яхшиланиш йўқ", - вазиятни тасвирлайди иқтисодчи. Аҳоли ноаниқликдан қўрқади - бирданига "иккинчи тўлқин ёки иккинчи чуқур" пайдо бўлса-чи?!
"Ҳозирнинг ўзидаёқ [инқирознинг] оқибатлари тўла сезиларли. Одамларнинг турмуш даражаси пасайиб кетди, лекин албатта, уларнинг шаҳрига бомба тушгандек эмас. Агар одамларнинг харажатлари қисқарса, бу 2008-2009 йилдагига кўра у қадар сезиларли эмас. Аксарият россияликлар учун бу аллақачон 10 йил давомида рўй бермаган оғир иқтисодий инқироздек туюлади ва сўнгги 30 йил ичида бу фақат бир марта содир бўлди", дея қўшимча қилади Сонин.
Қашшоқлик томон қадам
Иқтисодчилар ҳали ҳам асосий хавфни истеъмолчи кайфиятида ёки бизнес кутишларида эмас, балки санкцияларда кўришмоқда.
Агар иқтисодиёт молиявий санкциялар оқибатларини тўла енгиб чиққан ва чуқур инқирознинг олдини олган бўлса, унда Ғарб компанияларининг кетиши ва технологик санкциялар Россиянинг қолоқ бўлиб қолишига олиб келади.
"Технологик қолоқлик аллақачон кўринаяпти. 2022 йилда Россияда ишлаб чиқарилган автомобиллар бир йил аввал ишлаб чиқарилган автомобилларга қараганда камроқ тараққийлашган", - деб мисол келтиради Сонин.
Ениколопов асосий таҳдид охирги истеъмол учун мўлжалланган маҳсулотлар соҳасида эмас, балки ишлаб чиқариш воситаларида, деб ҳисоблайди. Янги айфонсиз яшаш мумкин, аммо дастгоҳлар таъминотининг йўқлиги бизнесга зарба бўлади.
"Ўрта муддатли истиқболда бу анча оғриқли, чунки унда [ишлаб чиқариш воситаларида] мултипликация эффекти бор: агар айфон минг долларга етказиб берилмаса, Россия иқтисодиёти минг доллар йўқотади. Агар минг долларга дастгоҳлар етказиб берилмаса, иқтисодиёт ўн ёки юз минг доллар йўқотиши мумкин ", - тушунтиради иқтисодчи.

Сурат манбаси, Getty Images
Ениколопов бу таъсир кейинчалик ўзини намоён қилади - натижа жуда секин кўринади, деб ҳисоблайди. Хитойдан параллел импорт ва уни қандайдир тарзда етказиб беришни уддалашадими-йўқми, аниқ эмас.
"Хитой, албатта, технологик етакчи ва унда Россияга кучли ёрдам беришлари учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Бу уларнинг манфаатларига ҳам тўғри келмайди, улар жуда прагматик. Шунинг учун улар Россияни технологик жиҳатдан қолоқ бўлиб қолмаслиги учун савдо қиладилар, - тушунтиради иқтисодчи.
"Катта ҳисобда савдо санкциялари ҳали тўлақонли амалга оширилмаган", - эслатади Донец. У бизнеснинг бир қисми технология импортисиз "ишлаб чиқариш циклини кўпайтириш" мумкинлигига ишончи комил эмас.
Яна бир хавф - бу йил охиридан бошлаб жорий этиладиган нефт эмбаргоси.
"Биз ўз обрўимизни йўқотдик. Бу қисқа муддатли эмас, балки узоқ муддатли, кўп йиллар давом этадиган муаммо. Россия жаҳон иқтисодиётига тўлиқ интеграциялаша олмайди. Демак у бир суръатда ривожлана олмайди ва технология етакчиларидан ортда қолади», - дея қўшимча қилади Эниколопов.
Технологик қолоқлик иқтисодиётни қайта қуришга - ибтидоий технологияларга ва паст сифатли маҳсулотларга олиб келади.
"Россия иқтисодиёти бошқа қурилма томон ўз ҳаракатининг бошланғич нуқтасида турибди. Агар илгари етакчи давлатларга нисбатан ривожланишга йўналтирилган бозор иқтисодиёти мавжуд бўлган бўлса, энди у камбағал ва ривожланмайдиган марказлашган иқтисодиётга ўтмоқда. Аммо бу фақат йўлнинг бошланиши", - қайта қуришни шундай тасвирлайди Сонин.
Унинг прогнозига кўра, Россия инқироз ва кейинги секин ўсишни ҳисобга олган ҳолда урушдан олдинги 2021 йилдаги ишлаб чиқариш ва истеъмол кўрсаткичларига 10 йилдан кейин эриша олади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















