Россия – Ўзбекистон: Путин нега мигрантларга бағрикенг бўлиб қолди? Янги ўзгаришлар O‘zbekiston Rossiya Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, courtesy
Россия кейинги ойларда меҳнат муҳожирларига ҳужжатларда енгиллик беришга қаратилган бир неча янги қонунлар ва лойиҳаларини кетма-кет эълон қила бошлади.
Пандемия даври инқирозларида ватанларига қайтган мигрантлар бу йил ортиғи билан Россияга қайтишган. Мамлакатда мигрантлар оқимининг рекорд даражаси қайд этилган.
Бу каби ўзгаришлар Украина уруши манзарасида кузатилган.
Россия ўзбекистонликлар учун энг йирик меҳнат бозори бўлиб келади.
Улар ортга юбораётган маблағлар Ўзбекистон учун, йилларки, ижтимоий ҳимоя камари вазифасини бажариб келади.
Аксар аҳолиси чекка қишлоқ ҳудудларида яшовчи мамлакатдаги миллионлаб одамларнинг тирикчилиги асосан худди ана шу пул орқасидан ўтади.
Россиянинг Украинага босқини оғир оқибатларига қарамай, Россияга ишлашга кетувчи ўзбекистонликларнинг нафақат сони, уларнинг ватанига юбораётган пул миқдори ҳам ошган.
Орада уларнинг Ўзбекистонга рекорд сўммада маблағ юборишганига оид расмий хабарлар олинган.
Эртага, 24 февраль куни Путин Украинада ўзининг "махсус ҳарбий амалиёти"ни бошлаганига роппа-роса ярим йил бўлади, Украина уруши ўзининг еттинчи ойига киради.
Ўтган йилларда муҳожирларни майда қоидабузарликлар учун ҳам мамлакатдан қувиб чиқараётган Россия нима учун кутилмаганда шундоқ ҳам кўпайиб бораётган мигрантларга бағрикенглик қила бошлади?
Алоқадор мавзулар:
- Россия-Ўзбекистон: мигрантлар учун янада оғир кунлар келаяптими?
- Россия: Ўзбекистонлик мигрантлар қандай қилиб урушдан пул ишлаб олишди? Ўзбекистон, янгиликлар
- Россия: Мигрантлар "импорти" асосан Ўзбекистондан - Россия ва мигрантлар, дайжест
- Россия, мигрантлар: пул юбориш ҳам ортаяпти, тобутлар келиши ҳам. Россияликлар пулларини олиб чиқиб кетаяптими? Муҳокама якунланди, таклифлар қани? Ўзбекистон, МДҲ, янгиликлар
Камайган тақиқлар
Россия Ички ишлар вазирлиги 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида 5 йил ичида хорижликларга энг кам тақиқ қўйган йил бўлди, деб ёзади migrant.mobi портали Россия нашрларига таяниб.
Миграция сиёсати департаментининг берган маълумотларига кўра, Россия Ички ишлар вазирлиги 2022 йилнинг биринчи ярмида 80 минг нафардан кўп хорижий фуқароларнинг мамлакатга киришини тақиқлаган.
- Январь-июнь ойларидаги статистик маълумотларга кўра, бу сўнгги беш йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир, - деб ёзади ТАСС.
Таққослаш учун: ўтган йилнинг шу даврида 100 мингга яқин муҳожирга мамлакатга кириш тақиқланган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи олти ойида Россияга кириши тақиқланган хорижий фуқаролар сони сўнгги беш йилликдаги энг кам кўрсаткични ташкил этди.
2020 йилнинг биринчи ярмида Ички ишлар вазирлиги 111 минг нафар, 2019 йилнинг олти ойида - 135 минг, 2018 йилда - 145 минг нафардан ортиқ хорижий фуқароларнинг мамлакатга кириши тақиқланган эди.

Сурат манбаси, Official/ RF IIV
Пандемия даврида карантин чекловлари оқибатида Россиядаги меҳнат муҳожирлари ишсиз ва пулсиз қолиб, оммавий равишда ватанларига қайтишганди.
Натижада Россиядаги қурилиш, қишлоқ хўжалиги, коммунал хизматлар ва бир неча соҳаларда ишчи кучи етишмовчилиги кузатилди.
Россия Меҳнат вазирлиги сўровига кўра, Марказий Осиёдан мигрантларни чартер рейслар орқали мамлакатга келишини йўлга қўйганди. Ва турли қонунбузарликлар сабаб Россиядан ҳайдалган ва бу давлатга киришига тақиқ қўйилган минглаб меҳнат муҳожирларига миграция авфи жорий этилганди.
Бекор қилинаётган суғурта
Россияга ишлашга келган меҳнат муҳожирлари қонуний фаолият учун меҳнат патентини расмийлаштиришлари лозим.
Бу ҳужжатни олиш учун эса ўнга яқин ҳужжатларни жамлаб, патент учун аризага қўшиб топширилади.
Улар орасида Россия тарихи, маданияти ва рус тилидан имтиҳондан ўтганлик сертификати, мигрантнинг юқумли ва оғир касалликларга тиббий кўрик натижаси, ихтиёрий тиббий суғурта (ДМС) полиси ҳам бор. Албатта, патент олиш учун мигрант ихтиёрий тиббий суғурта полисини расмийлаштириши шарт.
Россия янги йилдан мигрант шу мажбуран оладиган ихтиёрий суғурта полисини бекор қилмоқда.
"2023 йил 1 январдан бошлаб Россияда вақтинча бўлиб турган чет эл фуқаролари меҳнат фаолияти даврида ихтиёрий тиббий суғурта (ДМС) полиси расмийлаштиришлари керак бўлмайди", - деб ёзади Россия нашрлари.
- 2022 йил 14 июлдаги 240-ФЗ Федерал қонунига кўра Россия Федерацияси Меҳнат кодексига ўзгартиришлар киритилди. Унга мувофиқ, Россия Федерациясида вақтинча бўлиб турган чет эл фуқароларининг (юқори малакали мутахассислар бундан мустасно) иш берувчи билан меҳнат шартномасини тузишда ихтиёрий тиббий суғурта полисини (ДМС) тақдим этиш бекор қилинди. Шунингдек, агар тиббий суғурта муддати ёки пуллик тиббий хизмат кўрсатиш шартномаси муддати тугаган бўлса, мигрантларни ишдан тўхтатиб туриш ёки ишдан бўшатиш мумкин эмас, - дейилади маълумотда.
Бу борадаги ўзгаришлардан яна бири келгуси йилдан бошлаб Россия Федерациясида меҳнат қилаётган мигрантлар мажбурий тиббий суғурта (ОМС) тизимида суғурталанган шахслар сифатида тан олинадилар. Шунга кўра, вақтинча Россия ҳудудида бўлган чет эллик мигрантлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар мажбурий тиббий суғурта (ОМС) бўйича тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Тиббий суғурта Россиядаги мигрантлар учун йиллар давомида муаммо бўлиб келаётган, миграция борасидаги ҳуқуқ ҳимоячиларининг бу борадаги чиқишлари ва мурожаатлари эътиборсиз қолдириб келинаётганди.
Иш жараёнида соғлигига шикаст етган ёки тоби қочган мигрант қўлида пулга сотиб олган суғурта полиси бўлишига қарамай, ё бирламчи тез тиббий ёрдамга ёки хусусий тиббий масканларга мурожаат қилишга мажбур эди.
Онлайнга ўтаётган "регистрация"
Марказий осиёлик мигрант Россияга келгач, илк тўқнаш келадиган муаммоси - "регистрация", яъни, миграция қайди.
Муҳожир вақтинча яшайдиган жойи манзилига ўзини қайд этиши учун уй эгаси билан Давлат хизматлари марказига бориши, 3 ойдан сўнг патент асосида ИИБ да муддатини узайтириши лозим.

Сурат манбаси, Official/mc.mos.ru
Аммо уйини муҳожирга ижарага берган аксар уй эгалари улар билан бориб, ИИВга ариза ёзишни истамайди (Россия қонунчилигида уйни ижарага берган шахслар маълум миқдорда давлатга солиқ тўлаши лозим).
Иш жойидан ётоқ билан таъминланмаган, бирон аниқ манзили бўлмаган мигрантлар ноилож, "ўртакаш қоғозчи"лар орқали ўзини ётоқхона ёки ҳостелларга миграция қайдига қўяди. Албатта, сотиб олинган бу қайд сохта - мигрант у ерда яшамайди, берилган қайднома ҳамма вақт ҳам ИИВ базасига киритилмайди.
Меҳнат муҳожирларини кўчада тўхтатиб, ҳужжатларини текширган полиция ходимларининг эътирози ҳам аввало шунга бўлади.
Бу муаммо ҳам йилларки, ечимини топмай келаётганди.
Шу кунларда Россия матбуоти Ички ишлар вазирлиги Россия Омбудсмани Татяна Москалкованинг миграция пропискасининг соддалаштирилган тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифини кўриб чиқишини ёза бошлашди.
Татяна Москалкованинг фикрича, хорижликларга давлат хизматлари портали орқали яшаш жойи тўғрисидаги билдиришномаларни мустақил равишда юборишга рухсат берилиши керак.
- Россия Федерациясида рўйхатдан ўтмай юрган, жаримадан "қўрққан" қочоқларнинг кўп бўлиши мумкинлиги ҳисобга олинса, бу яхши ечим. Уй эгаси ўз манзилига ташриф буюрувчиларни онлайн тарзда рўйхатдан ўтказишга рози бўлиши мумкин. Бу барча томонлар учун рўйхатдан ўтиш тартибини соддалаштиради ва бошқа мамлакатлардан келган фуқаролар тезда Россияда ҳуқуқий мақом олишлари мумкин бўлади, - дейилади хабарда.
Аммо Россияда миграция борасидаги кўп йиллик тажрибага эга юристлар мигрантларга бу имконият Москалкова айтгани каби осонгина бўлмаслигини ёзишмоқда.
- Давлат хизматлари портали орқали қайднинг жорий этилиши келгусида амалда ишламайди, айни вазиятга ҳеч бир таъсирини ўтказмайди. Бу худди "Россия Почтаси" каби - бору йўқдек. Қоғозни чоп этиб олиш мумкин, аммо маълумотлар ИИВ базасига киритилмайди, - тахминлайди мигрантлар учун бепул юрист Валентина Чупик.
Аммо онлайн қайд амалга ошгудек бўлса, Москалкова ҳисобга олмаган яна бир қулайлик бўлади: у муҳожирни "ўртакаш"ларга тўлайдиган ортиқча xаражатдан ҳам қутқаради.
Аслида эса, ушбу "прописка тизими" аллақачон дунёнинг кўплаб давлатларида йўқ. Фақат собиқ иттифоқнинг бир неча давлатларидагина сақланиб қолган.
Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.
Танлов совғаси - Истиқомат рухсатномаси
Сўнгги вақтларда Россия мамлакатда истиқомат рухсатномаси (ВНЖ) расмийлаштиришда ҳам енгилликлар бера бошлади: квоталар кўпайди, имтиёзли олиши мумкин бўлган касблар рўйхати кенгайди ва ҳатто айрим давлат танловлари ғолибларига ҳам "ҳадя" қилинадиган бўлди.

Айниқса, мамлакатдаги дастурчилар, IT мутахассислари шу йилнинг феврали охиридан бошлаб юртларини тарк эта бошлагач, Россияда бу борада кадрлар танқислиги юзага келди.
Шундай пайтда Россия ИИВ ва Меҳнат вазирлиги хорижлик ITчиларга ва уларнинг оила аъзоларига енгиллаштирилган тартибда истиқомат рухсатномаси берилиши борасидаги қонун лойиҳасини эълон қилди.
Россия Давлат думаси бу лойиҳани маъқуллаб, қўшимча имтиёзларни ҳам маълум қилди.
Жорий йилнинг 1 апрели куни эса Владимир Путин "Россия - имкониятлар мамлакати" умумроссия танлови финалчилари ва ғолиблари учун истиқомат учун рухсат олишни осонлаштирадиган қонунни имзолади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













