Россия-Ўзбекистон: мигрантлар учун янада оғир кунлар келаяптими? Rossiya Migrant

Россия Ички ишлар вазирлигининг 2022 йилдан бошлаб миграцияга оид янги қонунлари кучга кирди. Уларга кўра, эндиликда Россияга 90 кундан ошиқ муддатда бўлиш мақсадида келган хорижликлар бармоқ излари топшириши ва ҳар 3 ойда юқумли касалликларга қарши тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Янги йилдан бериладиган меҳнат патентига ҳам биометрик маълумотлар киритилади.
Бу янги тартиб-қоидаларни таҳлил қилган экспертлар Россиядаги меҳнат муҳожирлари учун янада қийин даврлар бошланаётганлигини тахмин қилишмоқда.
Москвада миграция масалалари бўйича юрист, эксперт Зарнигор Омониллаева бу борадаги кузатишларини бўлишди.
Алоқадор мавзулар:

Зарнигор Омониллаева: Кундан кунга мигрантларга тегишли бўлган қонунлар, уларга киритилаётган ўзгаришлар, янги тартиблар, чекловлар - ҳаммаси мигрантлар учун эмас, балки Россия халқи учун қилинаётгандек. Гўё россияликларга «мана, биз муҳожирлар билан ишлашаяпмиз» деб намойиш қилиш учундек, назаримда.
Сабаби ҳар қандай қонунга киритилаётган ўзгаришнинг асосий мақсади қонунга риоя қилувчилар учун уни такомиллаштиришдир. Ҳар қандай ўзгаришлар максимал даражада енгил ва қулай шароитларни яратишга қаратилади. Лекин мигрантларга тегишли бўлган охирги қонунларни таҳлил қиладиган бўлсак, бу ўзгаришларнинг ҳаммаси мигрантларнинг олдида турган танловни торайтиришга қаратилган.
Мигрантларнинг олдида ҳаммавақт 2 та танлов бор: қонуний ёки ноқонуний бўлиш. Афсуски, охирги ўзгаришлар кундан кунга қонуний юрмаслик томонга бўлган танловни кучайтиришга қаратилаяпти. Чунки бу янги тартиблар мигрантларга қонуний юришга иштиёқини оширишга хизмат қилмаяпти.

Сурат манбаси, OFFICIAL
Би-би-си: Янги йилдан патент тўловлари нархлари ошди, миграция қайдини узайтириш ҳам қўшимча тўлов бўлаяпти. Бунинг устига янги тартиб: ҳар 3 ойда тиббий кўрикдан ўтиш ҳақида фикрингиз?
Зарнигор Омониллаева: Охирги пайтлардаги мигрантлар учун бўлаётган ҳар бир ўзгариш янги сарф-ҳаражатга айланиб бораяпти. Мигрантларнинг даромади эса ошгани йўқ. Даромад ошмаган жойда янги сарф-ҳаражатларнинг пайдо бўлиши қонуний юраман деган мигрантларнинг ҳам мақсадларини озроқ чалғитиб қўяди.
Россияга ўйнаб-кулгани келадиган мигрантлар йўқ, ҳаммалари ишлаб пул топаман, оиламни боқаман, деган каби эҳтиёжларини қондириш мақсадларда келишган. Шунинг учун бундай сарф-ҳаражатлар уларга малол келади.
Бу сарф-ҳаражатлар мантиқли бўлганида ҳам қонуний юришга бўлган тарғибот билан оқлаб кетиш мумкин эди. Аммо унинг негизида узоқ муддатли, истиқболли лойиҳа билан оқлашни топиш қийин.

Сурат манбаси, OFFICIAL
Тиббий кўриклар мисолида кўрадиган бўлсак, дейлик, мигрантда юқумли касаллик чиқди. Бу инфекция билан мигрант бирон жойда даволана оладиган шароит йўқ. Мигрантларга бериладиган суғурта билан шифохоналарда бориб даволаниб бўлмайди. Касаллик чиққан мигрантни уйига депортация қилишади. Яъни мигрантда соғлигини текшириш учун иштиёқ йўқ.
«Нима учун соғлигимни текшираман? Текширсам, касаллик чиқса, депортация, соғлигим яхши чиқса, ортиқча сарф-ҳаражат бўлади», деган фикрлари бўлади.
Мигрантнинг қонуний юришига бўлган қизиқиши йўқ бу ерда.
Би-би-си: Россияда миграция қонунлари сўнгги ўн йилликда бир неча бор ўзгарди, хатто тизимнинг ўзи ҳам. Бу галги янги тартибларнинг давомийлиги қандай бўлиши мумкин, сизнинг-ча?
Зарнигор Омониллаева: Назаримда бу қонунлардаги ўзгаришлар, янги тартиблар шу тарафга қараб кетаверса, яъни муҳожирларда қонуний юриш хоҳишини кучайтирадиган, уларнинг Россияга мослашувини осонлаштирадиган ўзгаришлар бўлмаса, аста-секин мигрантлар оқими камайиб боради. Бу эса Россия иқтисодиёти учун катта йўқотиш ҳисобланади. Ва қонуний хужжатлар билан юрадиган мигрантлар сонини камайишига олиб келади.

Бундан ҳам аввало, Россия ҳукумати, бюджети катта зарар кўради. Жамият ҳам қонуний юрган мигрантларнинг сонини камайиши оқибатида иқтисодга хизмат қиладиган катта гуруҳнинг камайишига олиб келиши мумкин. Шундан келиб чиқиб тахмин қилиш мумкинки, менимча, бундай сиёсат узоққа бормайди. Балки яқин келажакда бу қонунларнинг ҳаммаси - зарар қилаётган ўзгаришлар бекор қилинса керак. Натижада янада самарали ва сифатлироқ бошқа ўзгаришлар таклиф қилинади, деб ўйлайман.
Жамиятда ишламайдиган ҳар қандай қонуний ўзгаришлар фойда келтирмаса, жамиятдаги маълум бир вазиятни юмшатмаса ёки енгиллаштирмаса, бу қонунлар ўз-ўзидан истеъмолдан чиқиб боради. Менимча, шу анъанага қараб кетаяпмиз. Яъни бу ўзгаришлар ҳеч кимга фойда келтирмагани оқибатида истеъмолдан табиий равишда чиқиб кетади. Кейинчалик ҳукумат бу нарсага эътибор қаратганида бош мақсадга - мигрантларнинг қонуний юриши тартибларини жорий қилишга хизмат қилувчи қонунлар қабул қилинади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












