Россия-Ўзбекистон: Муҳожирликка мажбурлар

Сурат манбаси, TMMA
Ўтган хафтада Россияда оғир вазиятга тушиб қолган деҳқонободлик 66 ёшли Тошқул Худойбердиев Москва вилоятидан ўз оиласига қайтарилди.
Алоқадор мавзулар:
Қишда ишсиз, пулсиз ва бошпанасиз қолиб музлаб қолган ўзбекистонлик мигрантни Москва вилояти Чехов туманидаги рус провослав черкови руҳонийлари топиб олишган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Улар кекса муҳожирнинг соғлигини тиклаб оёққа туришида кўмаклашишган.
Руҳонийлар 2017 йилдан буён Россияда ноқонуний юрган ўзбекистонликнинг хужжатлари ва ватанига қайтиш учун барча ёрдамларни кўрсатишган.

Сурат манбаси, TMMA
Москвада оғир вазиятга тушган кекса муҳожирнинг вазиятидан Би-би-си ўзбек хизмати орқали хабар топган Ўзбекистон Ташқи Меҳнат Миграцияси агентлиги жамоаси Тошқул Худойбердиевни уйигача етиб олишини таъминлашди.
Ёши катта меҳнат муҳожирларининг оғир вазиятларга тушиб қолиши каби ҳолатлар Россиядаги ўзбекистонликлар орасида учраб туради.
Статистик маълумотларга кўра, Россияда сўнгги ўн йилликда 50 ёшдан ошган мигрантларнинг сони 12 фоиздан 20 фоизга кўтарилган.
Улар орасида кўпсонли ўзбекистонлик мигрантлар ҳам бор.

Нима учун катта ёшлилар Россияга ишлашга кетишаяпти ва нега оғир вазиятларга тушиб қолишаяпти?
Россияда кекса мигрантларга қанчалик талаб бор ва уларнинг ҳуқуқий мақомлари қандай?
Миграция масалалари бўйича юрист ва эксперт Ботиржон Шермуҳаммад билан суҳбатлашдик.

Ботиржон Шермуҳаммад: Катта ёшлиларнинг Россияга ишлашга келишининг бир неча сабаблари бор. Улар асосан фарзандларни уйлантириш, уй қуриб бериш каби вазифаларни ўз зиммаларига олишади. Бу вазифалар учун ўзларини масъулиятли ҳисоблашади.
Ҳозирги кунда уй-жой сотиб олиш жудаям қийин ва оғриқли масала. Шунинг учун фарзандларнинг ишлаб топган маблағлари етмаганлиги сабабли ёши катта инсонлар Россия ва бошқа мамлакатларга ишлашга боришга мажбур бўлишаяпти. Бу муаммо иқтисодий ва бозордаги вазиятдан келиб чиқаётган омиллар.

Би-би-си: 50 ёшдан ошган мигрантларга ишчи кучи сифатида талаб қандай? Улар кўпроқ қайси соҳаларда ишлашмоқда?
Ботиржон Шермуҳаммад: Ҳар бир инсон ўз соҳасининг моҳир устаси ва яхши мутахассис бўлса ёши нечада бўлишидан қатъий назар, уларга албатта талаб бор. Чунки, бозорда яхши мутахассислар ҳаммавақт етишмаган. Ҳозирда бу долзарб муаммо ҳамдир. Аммо касб-хунари бўлмаганларга енгилроқ ишлар талаб қилинади.
Катта ёшлилар бу борада бизга ҳам иш топишда ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Жисмоний меҳнат талаб қилмайдиган, соғлигини авайлайдиган ишларни сўрашади.
Россияда билганларимиз - катта ёшли эркаклар қоровулликлар ва кўча супурувчиликда, аёллар эса асосан энага ва фаррошликда ишлашади.

Би-би-си: Катта ёшли муҳожирларнинг Россияда қийин вазиятларга тушиб қолишлари сабаблари нимада?
Ботиржон Шермуҳаммад: Ёшларга нисбатан катта ёшлиларда янги иш жойига борганда замонавий технологиялар ва мобил дастурларни қўллашда, ҳозирги кунда тез ривожланаётган мегаполислар инфраструктурасида фойдаланишда озроқ ортда қолиш ҳоллари бор.
Бунга қўшимча омиллар - жисмоний жиҳатлар. Россия иқлими совуқ ўлка, асосан қишда ишлашга тўғри келади. Шундай ҳолларда катта ёшлилар совуқни кўтармаслиги оқибатида қийин вазиятларга ҳам тушиб қолишлари мумкин.
Би-би-си: Нафақа ёшидаги муҳожирларнинг Россиядаги мақоми ва ҳуқуқлари қандай?
Ботиржон Шермуҳаммад: Катта ёшлиларга айнан ёшлари сабабли Россияга келишда, миграция ҳисобига қўйишда, патент олишда ва бошқа хужжат масалаларида имтиёзлар ёки тақиқлар йўқ. Аммо Россияда вақтинчалик яшашга рухсатнома (РВП) ва вақтинчалик яшаш гувоҳнома (ВНЖ) каби ҳуқуқий мақомларни олишда бир қанча енгилликлар бор.
Россияга меҳнат муҳожирлигига келиб ишлашни истаган катта ёшли ўзбекистонликларга бошқа мигрантларга қандай талаб қўйилса, шундай мақомда бўлишади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















