Россия: Қўқонлик отахон муҳожир нега уйга қайта олмаяпти? Video O'zbekiston Rossiya yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot
Би-би-си Ўзбек хизматига Москва вилоятида ёши 60 га яқинлашиб қолган ўзбекистонликнинг оғир аҳволга тушиб қолгани ҳақида видеомаълумот келиб тушди.
Биз мигрант отахон билан Қаҳрамон Юсупов билан боғланиб муаммолари ҳақида сўрадик.
Касалхонага ташлаб кетишди
- Бир ишга боргандим. Озарбайжон кишининг ресторанида электр ўтказиш ишини қилаётгандим. Нимадир бўлдию шотидан йиқилдим. Оёғим синди. Касалхонага олиб боришди, ўша ерда гипс қилишди, - гапириб берди Қаҳрамон Юсупов.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Қўқонлик муҳожир юборган видеотасвирда қўлтиқтаёқда тургани кўринади. У 4 ойдан буён қийин аҳволда қолаётганинин сўзлади.
- Иш берувчим мени касалхонага ташлаб кетиб қолди. Ҳатто ойлигимни бермади. Гипс оёқда ишсиз, пулсиз қолиб кетдим. Борадиган жойим ҳам йўқ эди. Танишимга қўнғироқ қилиб вазиятимни тушунтирдим. Касалхонадагилар таксига солиб юборишди, танишимни далаҳовлисига келдим, - дейди отахон.

Сурат манбаси, Screenshot
"Бу ерда ҳам ҳеч киммас, у ердаям"
Муҳожир имконсизлигидан танишига юк бўлаётганидан хижолатлигини, уйга қайтишни исташини айтди.
- Ўзим Қўқон шаҳрида яшайман. Неччи йиллар бўлиб кетган бормаганимга. Кенжа ўғлимни ҳам уйлантириб олай деб шу аҳволга тушиб қолдим, - ўкинади муҳожир.
Ўзбекистонга кетиш учун паспорти, ҳужжатлари бор-йўқлигини сўрадик.

Сурат манбаси, Screenshot
- Паспортим алмашмаган-да, эски одаммизу, олдинги паспортда қолиб кетдим, - дейди мигрант.
- Шунча йил ҳужжатсиз юриш муаммо бўлмадими?
- Бўлган. "Спецприёмник"ка (Россияда миграция қонунларини бузган чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш маркази) тушиб қолганман. Бир йил ётдим. Манзилни нотўғри берганим учун қайтариб чиқариб юборишди. "Бу ерда ҳам хеч ким эмас экансан, у ердаям", дейишди.
"Аёлимни дафнига боролмадим"
Муҳожир оила боқиш учун ўн йиллаб Россиядан кетмаганини, аммо бу ерда иши ҳар доим ҳам юришавермаганини айтади.
- Оилангиз, болаларингиз борми?
- Бор, аммо аёлим 2 йил бўлди, ўтиб қолди. Шароитим бўлмади, бора олмадим. Шу ерда худойи қилдим.
- Кечирасиз, уйга ёрдам қилиб турармидингиз?
- Имконим қадар-да. Россияга келган пайтларимда пул яхши эди, яхши пул юбора олардим. Кейин вазият ўзгариб кетди. Бир амаллаб, топганимча 300-200, баъзида 100 доллар юбориб турардим. Кейин кўп алдандим. Содда одамман, ишлатиб пулимни беришмайди. Кўп қийинчиликларни бошимдан кечирдим, - ҳикоя қилади отахон-муҳожир.
Ёрдамга шай ташкилотлар

Сурат манбаси, Screenshot
Қаҳрамон Юсуповга бошпана бериб, ош-овқатига қараб турган таниши элчихонадан ватанга қайтиш сертификатини олишда ҳам ёрдамлашган. Бир неча ойки, пулсиз, тиббий ёрдамсиз қолаётган муҳожирнинг бутун умиди - яхши инсонлар кумагида уйига етиб олиш.
- Қўлимда шифохонанинг қоғози бор, оёғимни операция қилиш керак. Бу ерда 300 минг рубль экан. Яхши одамлар ёрдам берса, уйга етиб олсам, даволанардим, - умид қилади муҳожир.
Биз бу масалада Ташқи Меҳнат миграцияси агентлиги (ТММА)нинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Саиднўмон Мансуров билан боғландик.
Агентлик раҳбари Қаҳрамон Юсуповнинг ҳужжатлари оғир аҳволда қолган мигрантларни ватанга қайтаришда ёрдам дастурига тўғри келмаслиги, аммо инсонийлик нуқтаи назаридан ўз ҳисобидан муҳожирни уйига жўнатишда ёрдам беришини билдирди.
Шунингдек, Миграция бўйича халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги координатори Санжар Тошбоев билан ҳам боғландик, ташкилот ўз дастури доирасида хорижда оғир аҳволда қолган ўзбекистонликларга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Мақола чоп этилишидан олдин ТММАнинг Москвадаги ваколатхонаси мутахассиси Машраб Мадраҳимовдан отахон муҳожир Қаҳрамон Юсупов 9 август куни Ўзбекистонга жўнатилиши учун ҳозирлик кўрилаётганини билдик.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













