Чеченистонда қулликка тушган ўзбекистонлик аёллар қандай қутқарилди - Video Rossiya O'zbekiston migrantlar dunyo yangiliklar

Ўзбекистонлик мигрант аёллар

Сурат манбаси, Screenshot

Ўқилиш вақти: 4 дақ

Россияда бир гуруҳ ўзбекистонлик аёллар иш излаб алданиб, Чеченистонга олиб кетилади.

Аёлларга кўра, иссиқхонада кунига 18-20 соатлаб сув кечиб, кеча-кундуз ишлашган.

Хитойлик иш берувчи уларнинг паспортларини олиб қўйган, қочишга уринишда айблаб, дўппослаган.

Ўзбек аёллари ёрдам сўраб, Рамзан Қодировга видеомурожаат йўллашганди. Москвадаги ҳуқуқ фаоллари ушбу аёлларга ёрдам кўрсатишган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

  • Чеченистонга келганимизни поезддан тушиб билдик
  • "Ёмғир демай, сув демай ишлатишаяпти"
  • "Очмиз, бир сўм пулимиз йўқ. Уйга нима деб борамиз?"
  • Қулликдан чиқиб - мигрантлар қамоқхонасига
  • "Хитойликлардан 2 йиллаб иш ҳақи ололмаганлар бор"

Сув кечиб ишлаётган аёллар

Ўзбекистонлик мигрант аёллар

Сурат манбаси, Screenshot

Чеченистонда 20 га яқин ўзбекистонликлар иш учун алданиб, Чеченистонга олиб кетилганини айтилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизматига келиб тушган видеотасвирларда иссиқхонада аёллар ишнинг оғирлигини тушунтиргани кўринади.

- Мана, парникнинг ичи сув бўлиб ётибди, шу сувнинг ичида ишлаяпмиз бизлар. Ёмғир демай, сув демай бизни ишлатаяпти. Аёл кишимиз, бизга ёрдам берадиганлар йўқми? Акалар, илтимос, бизга ёрдам беринглар, - ёлворади аёллар.

Аёллар, афтидан, бу видеотасвирларни Ўзбекистондаги масъулларга етиб боришидан, бу ердан қутилиш истагида олишган.

Бизга ёрдам беринг, Рамзан Ахматович!

Ўзбекистонлик мигрант аёллар

Сурат манбаси, Screenshot

Улар олдинроқ Чеченистон президенти Рамзан Қодировга ҳам ёрдам сўраб, рус тилида мурожаат қилишганди.

- Ҳурматли Рамзан Ахматович! Илтимос, бизга ёрдам беринг,

Хитойликлар билан ишлаяпмиз. Иссиқхонада иш жуда оғир, паспортларимизни олиб қўйишган, ҳеч қаерга чиқа олмаймиз. Илтимос, бизга ёрдам беринг, бизлар ҳам мусулмонмиз. Пул беришмаяпти, бизни сотиб юборишган. Илтимос, ёрдам беринг, - дейилади видеомурожаатда.

Видеолар юристларга етиб келди

Юрист

Сурат манбаси, Screenshot

Сотиб юборилгани айтилаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг мурожаати Чеченистон президентига эмас, мигрантлар учун бепул юристларга етиб келди.

- 6 июль куни Чеченистондан 12 аёл ва бир неча эркаклар ёрдам сўраб қилинган мурожаатлари етиб келди. Уларни Хитой фуқароси Чеченистонда иссиқхонада қул қилиб, паспортларини олиб қўйиб ишлатиб келишганлиги аниқланди, - дейди Москвадаги "Тонг жаҳони" МЧЖ юристи Дилшод Юсупов.

Юрист маслаҳати билан мигрантлар иш берувчидан ҳужжатларини қайтариб беришни сўрашади, аммо рад жавобини олишади. Шундан сўнг ҳуқуқ ҳимоячилари Чеченистондаги Шелковкий тумани ИИБ га мурожаат қилишади.

Волгоградга деб Чеченистонга

Қуллик шароитига тушиб қолган ўзбекистонликлар ўзларининг сотиб юборилганлигига ишонишади.

- Орзигул деган аёл бизга Волгоградда иш бор, ҳамма шароитлари яхши, деб олиб келди. Биз поезддан тушганимиздан кейин Чеченистонга келиб колганимизни билдик. Кейин билсак, у аёл бизни 100 минг рублга сотибди, - дейишади аёллар.

Мигрантларнинг сўзлаб беришича, улар 1 ойдан ошиқ вақт давомида тонгги соат 4 дан кечаси 11 гача меҳнат қилишган. Баъзида, юк ортадиган кунларда эса соат 2-3 гача ҳам ишлашган.

"Устимизни очиб уйғотади"

Ўзбекистонлик мигрант аёллар

Сурат манбаси, Screenshot

- Ювинишга қўймайди, кечаси 11 да ишдан чарчаб келамиз. Барвақт соат 4 да туришимиз керак. Шу вақтда туролмасак, устимиздан кўрпаларимизни тортиб очиб уйғотишади, - гапириб беради ёшгина мигрант аёл.

- Ётар жойимизни қаранглар, - тўшакларини кўрсатади яна бир муҳожир аёл.

Тасвирда кир, эскириб кетган юпқа матолар тўшак ўрнида ишлатилаётгани кўринади.

Улар қочишга уринишгани ва бунинг учун дўппосланганини айтишади.

- Ё пулимизни ололмасак, ё паспортимизни ололмасак, ё дам ололмасак, қандай ҳаёт бу?! Уйга кетишга пулимиз йўқ, паспортимиз йўқ, уйга нима деб борамиз энди?, - йиғлайди аёллар.

Қулликдан чиқиб қамоқхонага

Москвадаги юристлар Чеченистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари кўмагида ўзбекистонликларни қулликдан олиб чиқишган.

- Полиция паспортларини олиб беришди, катта раҳмат. Аммо мигрантларни Грознийдаги чет эл фуқароларини ушлаб туриш марказига олиб кетишди (қамаб қўйишди), - дейди Дилшод Юсупов.

Чеченистон ИИБ мигрантларга Россияда бўлиш учун зарур ҳужжатлар расмийлашмаганини маълум қилишган ва депортацияга қадар мигрантлар Грозний шаҳридаги чет эл фуқароларини вақтинчалик сақлаш марказига жойлаштирилган.

Мигрантлар эса хитойлик иш берувчи уларга миграция қайди (регистрация) ва бошқа ҳужжатларни ўзимиз расмийлаштириб берамиз, деб паспортларини олишганини айтишади.

"Бола-чақа боқамиз деб шу аҳволга тушдик"

Ўзбекистонликлар Россия қонунларига кўра, маъмурий жавобгарликка тортилиб, мамлакатдан депортация қилинган.

- Судда ҳуқуқимизни талаб этсак, гапимиз инобатга олинмади. 2000 рублдан жарима солишди, лекин чўнтагимизда бир сўм пулимиз йўқ, - дейди ёши каттароқ муҳожир аёл.

Яна бир аёл эса қулликдан қутилиб ҳам, қийин шароитда қолаётганини айтади.

- Мана, 2 кундан бери оч ўтирибмиз, буханка нон бераяпти, холос. Иссиқ овқат емасак, қуруқ чой билан нон бераяпти. Бизлар ҳам мусулмонмиз. Не айбимиз бор, бола-чақа боқамиз деб келиб шу аҳволга тушиб ўтирибмиз, - дейди аёллар.

Ярми кетди, ярми қолаяпти

Аэропорт

Сурат манбаси, courtesy/illyustrativ surat

Москвадаги юристлар Чеченистонда қулликка тушиб қолган ўзбекистонликларнинг 11 кишидан иборат биринчи гуруҳини ватанга юборишда кўмаклашди. Уларга Ўзбекистоннинг Россиядаги консулликлари ёрдам беришганини билдиришди.

- Паспортлари йўқолган ва ҳужжат ишларида камчиликлари бўлган яна 6 киши Чеченистонда қолаяпти. Аммо улар ҳам тез вақт ичида Ўзбекистонга жўнатилади, - дейди Дилшод Тўйчиев.

Муҳожирлар эса Чеченистонда яна ўнга яқин ўзбекистонликлар ночор аҳволда қолаётгани, уларнинг кўпчилиги хоразмлик эканлигини айтишди.

- Икки йиллаб ойлигини хитойликлардан ололмаётганлар бор, ота-бола, ёш-ёш йигитлар мажбурликдан ишлаб қийналиб юришибди, - деди аёллар.

Россияга текинга келманг!

Юрист Дилшод Тўйчиев муҳожирларни Шереметьево аэропортида кузатаркан, ўзбекистонликларни қулликка тушиб қолишдан огоҳликка чиқирди:

- Ким сизга "Россияда иш бор, йўлкира бепул, шароитлар зўр", деса, ишонманглар. Россияга ҳеч қачон текинга келманглар. Бу қулликнинг биринчи аломати.

Депортация қилинган ўзбекистонликлар Россия ИИВ ходимлари назоратида Ўзбекистонга жўнатиб юборилди.

Айни пайтда юқоридаги ҳолат бўйича Чеченистон ИИБ ва Москвадаги "Тонг жаҳони" МЧЖнинг ҳуқуқ фаоллари ҳамкорлигида текширув-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek