Россия-Ўзбекистон: Патентда эгасининг юз тасвири? Маҳкумлар ва муҳожирлар бирга ишлайдими? Амир Темур ҳайкалига татарлар нега қарши? Мигрантлар оқими яна ортмоқда Rossiya O‘zbekiston yangiliklar

Меҳнат патентида эгасининг тана белгилари бўлади;
Янги "КамАЗ"ларни маҳкумлар ва муҳожирлар йиғади;
Ўзбекистонга оид яна бир ҳайкалга россияликлар норози;
ИИВнинг янги ҳисоботи: Россияга 11 ойда 12 млн киши кирган;
Алоқадор мавзулар:
- Россия: Мигрантлар "импорти" асосан Ўзбекистондан - Россия ва мигрантлар
- Дайжест. Россия: Мигрантлар хавфлими ёки уларнинг жойи? Депутатлар нега мигрантларга қарши курашмоқчи?
- Дайжест. Россия, мигрантлар: Бу йил кўп пул юборилаяпти, Москвада патент нархи кескин ошди, Собянин мигрантларни камайтирмоқчи
- Москва мэри: 'Аралашмаган муҳожирлар ортга қайтсин'
Янги йилдан янгича патент
Россия меҳнат муҳожирларига ўз эгасининг юзининг электрон тасвири ва бармоқ изларини ўз ичига олган чипли карта кўринишидаги патент бера бошлайди.
Бу маълумот Ички ишлар вазирлигининг буйруғига асосан ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
"Россияга визани талаб қилмайдиган тартибда келган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга электрон маълумот ташувчиси бўлган карта кўринишида берилган патент шакли тасдиқлансин", — дейилади ҳужжатда.
Карта ичига ўрнатилган контактсиз интерфейсга эга микросхема патентда кўрсатилган барча маълумотларни, шунингдек "эгасининг шахсий биометрик маълумотларини", яъни унинг идентификациясига мос келадиган белгилар - юзнинг электрон тасвирини, патент соҳибининг қўлларининг икки бармоғининг папиллер нақшларини ўз ичига олади.
Бундан ташқари, ҳужжатда унинг эгасининг меҳнат фаолияти тўғрисидаги асосий маълумотлар ҳам кўрсатилади. Россия ИИВ нинг маълум қилишича, мазкур қарор 29 декабрдан кучга киради.
Маҳкумлар ва муҳожирлар бирга?

Сурат манбаси, ITAR-TASS/ ARTYOM KOROTAYEV
Янги "Камаз"ларни маҳкумлар ва муҳожирлар йиғади.
"Ходимлар тақчиллиги кучайиб бораётгани сабабли, жорий йилда илк бор "КамАЗ" Ўзбекистондан 450 га яқин меҳнат муҳожирини ишга ёллади, бироқ кадрлар танлашда қийинчиликлар сақланиб қолмоқда", дея автомобил заводи бош директори Сергей Коготиндан иқтибос келтиради "Ведомости" нашри.
Директорнинг сўзларига кўра, муаммони ҳал қилиш йўлларидан бири - Федерал Жазони ижро этиш хизмати (ФСИН) дастури бўйича маҳкумларни ишга олишдир.
Коготин ишчилар танқислиги коронавирус пандемияси ортидан юзага келганини айтади. Компанияда 32 мингга яқин киши ишлайди. 2020 йилда карантин чекловлари даврида 60 ёшдан ошган 1,9 минг киши масофавий ишлашга юборилиши лозим бўлган. Натижада мажбурий таътилдагилар орасидан корхонадан кетганларнинг ярми ишга қайтмаган.
Бўш иш ўринларини маҳбуслар билан тўлдирмоқчи бўлаётган завод бош директори муҳожирларнинг маҳбуслар билан бирга ишлаши қандай муаммоларни юзага келтириши эҳтимоллари ҳақида нашр ҳам, раҳбар ҳам сўз очмаган.
Кимга қаҳрамон, кимга босқинчи

Сурат манбаси, official/illyustrativ tasvir
Самарада Амир Темур ҳайкалининг ўрнатилиши ҳақидаги хабарлар маҳаллий аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, бу ҳайкалга айниқса татарлар қарши чиқишади.
"600 йил муқаддам ҳозирги Самара вилояти ҳудудида Кондурчи ва Сока дарёлари қўшилган жойда бўлиб ўтган Амир Темур ва Тўхтамиш оасидаги жанг жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлишда давом этмоқда", деб ёзган маҳаллий матбуот.
Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Маданият вазирлиги билан биргаликда ёдгорликни ўрнатиш бўйича меморандум тузилгани ва 2023 йилга режалаштиргани ҳақида хабарлар эълон қилинганди.
Ҳозиргача таклиф қилинган жойга ёдгорлик тош ўрнатилган. Бу маҳаллий этнографлар ташаббуси билан амалга оширилган. Улар "ёдгорликни ўрнатиш минтақанинг туризм салоҳиятини ривожлантириш консепциясига киритилиши мумкин ва шаҳар бюджетига пул олиб келади", деган фикрни билдиришган.
Аммо Самара вилоятидаги татар диаспораси вакиллари бунга асло рози эмас. Татарлар аҳоли сони бўйича руслардан кейин иккинчи ўринда туради.
Самара вилояти "Туган Тел" татар жамияти президенти Илёс Шакуров бир қанча татар аҳоли пунктларини вайрон қилган буюк саркардага ҳайкал ўрнатишнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайди.
2018 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкалининг Москвага ўрналишига ҳам маҳаллий аҳоли қарши чиққан ва норозилик петициялари уюштиришганди.
11 ойда 12 млн га яқин

Сурат манбаси, official
Россия ИИВ расмий сайти Россия Федерациясидаги жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари давомидаги миграция ҳолати бўйича асосий кўрсаткичлар ҳисоботини эълон қилди.
Маълумотга кўра, ўтган 11 ой давомига Россияда 11 895 887 чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахслар миграция ҳисобига қўйилган. Ўтган йилнинг бу даврида мазкур кўрсаткич 8 983 944 ни ташкил этган.
Шунингдек, 2 023 146 киши меҳнат патенти расмийлаштирган, 130 753 киши вақтинча яшаш рухсатномаси, 220 327 киши вақтинча яшаш гувоҳномасини илк бор расмийлаштиришган.
Россия фуқаролигини олганлар чет эл фуқаролари сони ҳам ўтган йилдагидан кўра ортиб, 667 939 нафарни ташкил қилган.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон Россиядаги меҳнат муҳожирлари сони бўйича энг етакчи мамлакат ҳисобланади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















