Дайжест. Россия, мигрантлар: Бу йил кўп пул юборилаяпти, Москвада патент нархи кескин ошди, Собянин мигрантларни камайтирмоқчи Rossiya Putin O‘zbekiston dunyo yangiliklar

- Муҳожирлар бир йилда 7 млрд. доллар юборишаяпти;
- Собянин энди коммунал хизматдагиларни қисқартирмоқчи;
- Москвада патент 5341 рублдан 5900 рублга ошади;
Алоқадор мавзулар:
Пул ўтказмалари ҳажми ошаяпти

Жорий йилнинг охиригача Россиядан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳажми 7,6 миллиард долларни ташкил этади, бу ўтган йилга нисбатан 26 фоизга кўпдир. Бу маълумот Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларида билдирилган.
Ҳисоботга кўра, 2020 йилда Россиядан пул ўтказмалари 6,03 миллиард долларни ташкил қилган.
Жаҳон банки меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга юборган пуллари Ялпи Ички Маҳсулотнинг 11,6 фоизини ташкил қилади. Бу кўрсаткич Грузияда 12,3 фоиз, Молдовада 15,2 фоиз, Қирғизистонда 27,8 фоиз, Тожикистонда 30,1 фоизни ташкил этишини маълум қилган.
Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки 2021 йилнинг саккиз ойида мамлакатга пул ўтказмалари ҳажми 4,9 миллиард долларни ташкил этганини билдирганди. Пул ўтказмалари 2020 йилнинг саккиз ойига нисбатан 35 фоизга (3,6 миллиард доллар) ва 2019 йилнинг шу даврига нисбатан (3,9 миллиард доллар) 26 фоизга ошган.
Бирданига 559 рублга

Сурат манбаси, OFFICIAL
2022 йилдан бошлаб меҳнат муҳожирларининг патент солиғи тўловининг нархи ойига 5341 рублдан 5900 рублгача кўтарилади.
Бу ҳақда Москва ҳукуматининг расмий сайти маълум қилди.
Москва шаҳри иқтисодий сиёсат ва шаҳар тараққиёти бошқармаси бошлиғи Кирилл Пуртовнинг изоҳлашича, 2021 йилнинг биринчи ярмида меҳнат мигрантлари кўп бўлган саноат тармоқлари - қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалигида расмий иш ҳақи 2020 йилга нисбатан 9,5 фоизга ошган.
- Шу муносабат билан патент қийматини мутаносиб равишда индексация қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Харажатларнинг ошиши муҳожирларга солиқ юкини тенглаштириш ва Россия меҳнат бозоридаги иш ўринларини ҳимоя қилишга ёрдам беради. Қўшимча бюджет даромадлари тахминан 1,7 миллиард рублни ташкил қилади, - дейди расмий.
Шаҳар мэри расмий сайтида ёзилишича, қабул қилинган қонунга мувофиқ, меҳнат бозорининг ҳудудий хусусиятларини акс эттирувчи коеффициент 2022 йилда 2,3878 дан 2,4832 гача оширилади. Бу патент нархини ойига 5900 рублгача оширади. Олдинги нарх - 5 341 рубль бўлиб, 2020 йилда белгиланган ва 2021 йилда ўзгаришсиз қолганди.
Эслатиб ўтамиз, Россияда ишлаш учун меҳнат патенти 2015 йилда Россия Федерациясига визасиз режимда кирувчи Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Украина ва Молдова давлатлари фуқаролари учун жорий қилинган.
Расмий маълумотларга кўра, 2015 йилдан бери берилган меҳнат патентлари сони 3 миллиондан ошган ва мигрантлардан шаҳар бюджетига 107 миллиард рублдан ортиқ солиқ ўтказилган.
Собянин мигрантлар сонини қисқартирмоқчи

Москва мэри Сергей Собянин туман коммунал хизматлари орасида мигрантлар сонини камайтиришга чақирди.
- Москвадаги туман коммунал хизматлари орасида мигрантлар сонини камайтириш учун заҳира мавжуд, - деди Москва мэри Сергей Собянин РИА Новости агентлигига берган интервьюсида.
"Ахир йирик шаҳар коммунал хизматларимизда мигрантлар деярли йўқ. Улар уй-жой ширкатлари даражасида қолишган, у ерда қора иш ва кам ҳақ тўланадиган кўча тозалаш ишлари кўп", дейди пойтахт мэри.
Аввалроқ Собянин Москвада реконструкция дастури учун қурилиш майдончаларига қўшни давлатлардан ташриф буюрувчилар сонини камайтириш бўйича кўрсатма берган эди. Унинг фикрича, меҳнат унумдорлигини, механизациялаш ва саноатлаштиришни ошириш билан бирга, турли малакали одамларни танлаб олиш ва иш ҳақини ошириш керак.
Кейинроқ мэр бу фикрига шаҳар буюртмаси доирасидаги лойиҳаларда муҳожирлар сони икки баробардан кўпроққа камайгани билан аниқлик киритганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















