Ўзбекистон рейсларни тиклашга “тайёр”, Россия-чи? Янги тафсилотлар, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон рейсларни тиклашга "тайёр", Россия-чи? Ўзбекистон Россия ҳали-ҳануз мунтазам парвозларни тикламаган учта Марказий Осиё давлатидан биттаси бўлади. Четда иш ва таҳсилда банд энг катта сондаги ўзбекистонликлар эса, айнан Россиянинг ҳисобига тўғри келади. Рейслар қачон тикланади - Ўзбекистон томони изоҳ берди, янги тафсилотлар.
Икки давлат ўртасидаги мунтазам парвозлар, глобал коронавирус пандемияси боис, айрим истиснолар билан ўтган йил март ойида тўхтатилган.
Томонлар орада бир неча бор умидбахш баёнотлар билан чиқишган, аммо, қарийб бир йилдирки, эҳтимолий ваъда ва режаларнинг ҳеч бири амалга ошмаган.
Шу кунга қадар имконли бўлган хабарлардан бу масаланинг ҳали- ҳануз муҳокамалар остида экани англашилган.
Пандемияга қадар, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликлар сонининг ўзиёқ расмий рақамларда икки миллиондан ортиши айтилган.
Имконли бўлган сўнгги маълумотларга таянилса, пандемия ортидан, турли сабабларга кўра, 600 мингга яқин ўзбекистонлик Россиядан ортга қайтган.
Айни пайтда 400 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаросининг Россияга кира олмаётгани айтилади.
Аксар аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилувчи Ўзбекистонда ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз чуқур илдиз отган муаммолардан бири бўлади. Бу ердаги миллионлаб ўзбекистонликнинг тирикчилиги, йилларки, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари ортга юбораётган пуллар ҳисобидан ўтиб келган.
Устига устак, айнан глобал коронавирус пандемияси боис, четда меҳнат муҳожирлигида банд ўн минглаб фуқароларининг бир йилнинг ўзидаёқ ортга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада оғирлаштириши, иқтисодий инқироз ва бунинг ортидан ижтимоий портлашлар хавфини кучайтиришига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Худди шу фонда Россия билан мунтазам парвозларнинг аниқ қачон тикланиши, ойларки, катта сондаги ўзбекистонликларни энг кўп қизиқтирган саволлардан бири бўлади.
Янги умидлар

Сурат манбаси, official
Шу кунларда Ўзбекистон Транспорт вазирининг ўринбосари Россия билан мунтазам парвозлар билан боғлиқ сўнгги вазиятга ойдинлик киритгандек бўлган.
Бугун, 2 март куни Россиянинг Sputnik нашри Жасурбек Чориевнинг сўзларига таяниб, бу ҳақда хабар берган.
Мазкур хабарда Транспорт вазири ўринбосари "барча стандартларга мувофиқ, Ўзбекистон Россия комиссияси томонидан белгиланган мезонларга жавоб бериши"ни таъкидлаган.
"Ўзбекистонда мунтазам парвозларни тиклаш учун яхши сабаблар мавжудлиги"ни айтган.
Хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Жасурбек Чориев "журналистларга ўз ҳисоб-китобларига таяниб, Россия билан ҳаво алоқаси қачон тикланиши мумкинлигини ҳам айтган, март-апрель ойлари", деб тахмин қилган.
Нашрнинг Ўзбекистондаги ўз мухбирига таяниб ёзишича, "мунтазам парвозларни тиклаш учун Россия Федерациясининг махсус комиссиясига мурожаат хати юборилган".
Парвознинг қачон ва ким билан тикланиши масаласини айнан шу комиссия ҳал қилиши айтилган.
Агар, Sputnik келтирган иқтибосга таянилса, Жасурбек Чориев "бу масалада шошмаслиги, лекин март-апрель ойларида ижобий натижа бўлади, деб ўйлаши"ни билдирган.
"Мамлакатдаги эпидемик вазият борасида тўлиқ маълумот берган бўлишса-да, ҳозирча бу хусусда жавоб ололмаганликлари"ни ҳам ўз сўзларига илова қилган.
Россия, минтақа ва парвозлар

Сурат манбаси, Getty Images
Россия ўтган йилнинг август ойига келиб, халқаро авиарейсларни яна босқичма-босқич йўлга қўйишга киришган.
Сентябрь ойидаёқ Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қирғизистон ва Қозоғистон билан мунтазам ҳаво қатновларини қайта йўлга қўйган.
Шу йил 15 февралдан бошлаб Қирғизистон билан мунтазам парвозлар сонини янада кўпайтирган, ҳафтасига биттадан учтага оширган.
Худди шу хабар манзарасида Тожикистон ҳукуматининг Россия билан бу хусусда олиб борган навбатдаги музокараларнинг ҳам чиппакка чиққани маълум бўлган.
Бу ўшанда Тожикистонда мунтазам авиарейслар қайта тикланиши учун Россия шарт қўйяптими, бунинг учун Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш керакми, деган гап-сўзларга сабаб бўлган.
Тожикистон Ташқи ишлар вазири бу хусусда расман раддия билан чиқишга ҳам мажбур бўлган.
Ҳукуматлараро комиссиянинг 8-9 февраль кунги йиғини эса, шахсан Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг "коронавирус устидан буткул ғалаба қозонганликлари"га оид баёнотидан қисқа вақт ўтмай бўлиб ўтганди.

Сурат манбаси, Getty Images
Марказий Осиё давлатлари орасидан фақат Қирғизистон ва Қозоғистон расман ушбу иттифоқнинг аъзоси саналишади.
Бошқа томондан, айни шу икки давлат ҳозир минтақанинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол энг ёмон икки давлати бўлишади.
Расмий хабарларга кўра, бугун, 2 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Россия россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашган.
Расмий Тошкентнинг билдиришича, томонлар Ўзбекистон ва Россия ўртасида доимий авиақатновларни тиклаш масаласини, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига киришлари билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш имконияти юзасидан ҳам фикр алмашишган.
Аммо шу соатларда бўй кўрсатган расмий хабар тафсилотларидан бу хусусда аниқ қандай тўхтамга келишгани ноаён қолган.
Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви билан боғлиқ расмий хабарлардан англашилишича, жорий йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам давлат ташрифи билан Россияга боради.
Бундан аввал ҳар икки давлат Ташқи ишлар вазирларининг Москвадаги бугунги учрашуви чоғида мазкур "ташрифни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилиши" айтилганди.
Ўзбекистон ўтган йил охирида ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи қошида расман кузатувчи мақомини қўлга киритган.
Парвозлар масаласи

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари бу масалага ўтган йил сентябрь ойида тўхталган.
Худди ўша пайтда Транспорт вазирлигининг ҳам бу хусусдаги изоҳи кўзга ташланган.
Баҳодир Юсупалиев Россия билан авиақатновларнинг худди ўша ойда бошланиши эҳтимолини назардан соқит этмаган.
Аммо карантин чоралари яна юмшатилган 5 сентябрдан кейинги ҳолатни баҳолаш учун вақт кераклигини тушунтирган.
Aгар касалланиш ҳолатлари камайиб борса, Россия билан авиақатновлар тикланиши мумкинлигини айтганди.
Бу савол билан ўшанда Россиянинг "Коммерсантъ" нашри қизиққан.
Ўзбекистон Соғлиқни Сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари мазкур нашрга интервью берганди.
Транспорт вазирлиги эса, бу масалада Россия билан ҳам музокаралар давом этаётгани, тез орада янгилик бўлиб қолиши мумкинлигини айтганди.
Ўзбекистон мунтазам ҳалқаро қатновларни 4 сентябрдан тиклай бошлаган.
Россия бу ишга биринчи августдан бошлаб киришган.
Россия томонига кўра, авиақатновларни тиклашда ўзаро розилик тамойилига асосланишмоқда.
Яна хавфсизлик критерияларидан келиб чиқиб, қарор беришмоқда.
Ўзбекистон томонига кўра, ҳозирга келиб, мамлакатдаги коронавирус беморларининг деярли барчаси соғайиб бўлган.

Сурат манбаси, official
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















