Тўй ва карантин: Орзу-ҳавасларимизни қотил вирус ҳам ўлдира олмайдими? Ўзбекистон O'zbekiston

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Настарин Амин
- Role, Мустақил журналист, Тошкент
Чет элда метрода сиз билан ёнма-ён кетаётган - эски кроссовка, ғижим футболка кийган одам катта бир корпорация эгаси, ёки машҳур жамоат арбоби бўлиши ҳам мумкин. Бу оддий ҳол. Катта мегаполисларда кўп тушунчалар бизнинг тасаввуримиздагидан кўра тескари: ижтимоий-иқтисодий таъминот ошган сари инсонлар дабдабалардан узоқлашиб бораверадилар.
Чет давлатда, машҳур каҳвахоналар тармоқларидан бирига тушлик қилиш учун кирдим. Уст-бошим ҳаминкадар, елкамда чангга ботган рюкзагим ҳам бор. Таомномани узоқ ўрганадиган одатим борлиги учун мен ҳар доим энг аввал оддий сув сўрайман, менга бироз вақт кераклигини хизмат кўрсатувчига айтиб, сув буюртма қилдим.
Ҳеч қанча ўтмай ёнимдаги столда ўтирган одам "Бу ерда ажойиб музли капучино тайёрлашади, истайсанми?" - деди. Ҳайрон бўлдим, ёки мени нотўғри қабул қилди, ёки пули йўқ деб уйлаяпти, деган фикр келди бошимга. Унга жавоб бермасликни мақул кўрдим. "Балки американо ёқар сенга?" - унинг навбатдаги саволи энди асабимга теккан эди. Кимлигини билиш учун бу сафар диққат билан унга қарадим - нуроний ёшдаги, униқиб кетган рангпар футболка кийган, соч-соқоли тартибсиз ўсиб кетган отахон экан. Энди менда "оддий одамлар раҳмдил бўлади, ўзини ўйламайди" деган фикр уйғонган эди.
"Безовта бўлманг, пулим бор" дедим. Мен ўша куни машҳур fish and chips, аччиқ американо, музқаймоқли десерт, яна ўзим билан олиб кетишга музли эспрессо ҳам буюртма қилдим. Чиқиш олди ҳисоб сўраганимда, официант ҳисоб йўқ, сал аввал ёнингиздаги ўриндиқда ўтирган мистер - менинг бошлиғим шуни ҳоҳлади, деб жавоб берди. "Бу нормал ҳол, бошлиғим ҳар сафар бу ерга келганида шундай қилиб туради, шаҳарда яна кўп каҳвахоналари бор, бугун сизнинг омадли кунингиз экан, аслида у бу ерга кам келади," дея қўшимча қилди у оғзим очилиб қолганини кўргач.
Бойлар ҳам ҳашамат ва дабдабалардан ҳоли бўлиши мумкинлигини биринчи марта шунда билганман.
Яқинда Ўзбекистонда жуда ўзига тўқ, бой деб тасвирласа ҳам бўладиган кўшним ягона ўғлини уйлантирди. Тўйни ортиқча дабдабаларсиз, жуда камчилик билан оила даврасида ўтказишди. Ҳурмат юзасидан фақат яқин кўшниларга тўй таомларини махсус бир марталик идишларда уйма-уй тарқатишди. "Бизда ҳам бойларга ақл киряпти" - ўша куни хаёлимда фақат шу фикр айланди…
Айни тўйлар мавсуми ҳозир. Карантин қоидалари бекор қилинганидан буён маҳалламизда туннинг алламаҳалигача тўйларнинг шовқини тўхтагани йўқ. Бир томондан тушунаман, инсонлар изоляция даврида диққанафас бўлиб кетишди. Тўй эса ўзбекнинг энг яхши кўнгилочар тадбири. Лекин карантин қоидалари бекор қилинди дегани вирус занжири узилди дегани эмас-ку ахир?
Биз ҳозир олдингидан кўра кўпроқ эътиборли бўлишимиз керак эмасми? Биз ҳозир олдингидан кўра кўпроқ камхарж бўлишимиз керак эмасми? Карантин бизга ўргатган энг яхши янги одат назаримда тўй-тадбирларнинг соддалаштирилгани эди, бу одатни умуммиллий даражада сақлаб қоламиз деб чин юракдан умид қилган эдим…
Мен юқорида чет элларда бойлар, бойлик тушунчасига тўхталганимнинг сабаби ҳам шу аслида. Чет элликлар орасида ҳам ҳашамдор зиёфатлар уюштирадиган одамлар бор албатта, лекин бунга уларнинг жамияти адекват нуқтаи-назар билан қарайди. Тақлид деярли йўқ, чунки ҳар бир инсон ўз иқтисодий шароитидан келиб чиққан ҳолда маракасини ташкил қилади. Биз учун эса тўйнинг барча қонун-қоидаси ҳам камбағал, ҳам бой учун бир хил.
Биз бошқа миллатларнинг энг яхши хусусиятларини ўзлаштиришимиз керак бўлган вақтга етиб келмадикмикан? Орзу-ҳавас бу бир кунлик тўй эмас, бир оиланинг келажаги учун қўйиладиган асос эканлигини англашимиз шарт вақт аллақачон етиб келди.
Ҳозирги бозор шароитида бизни тўкис таъминлашни давлатдан кутиш ноўрин. Бу билан ҳукуматнинг халқ олдидаги вазифаларини асло инкор этмоқчи эмасман. Мен шунчаки онгимизни, дунёқарашларимизни ўзгартиришни ҳар биримиз ўзимиздан бошласак унумлироқ эканлигини ҳис қиляпман.
Шу кунларда бошқа бир қўшним ҳам тўй қилди. (Айтдим-ку, тўй кўп!) Камида 200-300 кишини мўлжаллаб ош дамлашган. Пандемик вазият бўлишига қарамасдан, меҳмонга жуда гавжум тўй бўлди. Қўшним мавсумий уста, аёли ишламайди. Ўғли кўп йиллардан буён Россияда эди, келиб уйланди. Бу йигит мактабни тугатганидан ҳозиргача тўй харажатлари учун Россия ва Козоғистонда ишлади. Бировнинг пулини санамоқчимасман, лекин… шўрлик боланинг шунча йиллик меҳнати, азоблари бир-икки кунда шамолга совурилгандек бўлди назаримда... У шу пулларни келажакда яна узоқларга кетмасдан ватанида яхши яшаши учун бирор бир бизнесга тикиши мумкин эдими?
Фейсбукда аёлларнинг бир гуруҳига "Ихчам тўйлар сақланиб қолишини истармидингиз" қабилида савол қўйишди. Изоҳларга кўз югуртирдим. Кўп аёл-қизлар "Орзу-ҳавасим бор, кичик тўйни истамайман" дея жавоб беришган.
Орзу-ҳавас нима? Ҳавас деганда бойлар тўйига ҳавасни назарда тутишадими?
Орзу-чи? Бир кунлик ижараси фалон пул турадиган кийим, латта-путтага тўла қутилару сандиқлар, қарзга кириб олинадиган сифатсиз мебель, исроф бўладиган овқат тўла тоғораларми? Ёки қизнинг келажаги - уни касб ё ҳунарли қилиш, турмушга чиққач эри билан яхши яшаши учун ёрдам беришми?
Ўз меҳнатимизни қадрлайдиган, ўзимизнинг қадримизни биладиган, кенгроқ тафаккур қиладиган вақт етиб келмадими? Сиз нима деб ўйлайсиз? Сизнинг наздингизда орзу-ҳавас нима? Орзу-ҳаваснинг баҳоси неча йиллик умр билан ўлчанади?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














