Муштумзўр эркакнинг ўз қадрини билмаган аёли ҳам айбдорми? Ўзбекистон O'zbekiston

Сурат манбаси, Samarqand IIB
- Author, Настарин Амин
- Role, Мустақил журналист, Тошкент
Ўзбек ҳовлиси. Ёш эркак ерда ўтирган аёлни аёвсиз уряпти. Мушт зарбаларидан ерга урилаётган аёлни эркак сочидан тутиб қайта-қайта тепади. Тасвирда учинчи шахс ҳам бор - у муштумзўр йигитнинг онаси бўлса керак… Видеони тўлиқ кўришга асабим чидамади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу видеода, энди маълум бўлишича, Самарқандда ўз эри ва оила аъзолари томонидан доимий зулм кўриб келган келин ҳаётининг бир оддий куни тасвирланган. Бу оила аъзолари хусусида жамоатчилик томонидан асосан салбий-агрессив, бир ёқлама муносабат билдириляпти. Тасвирдаги ваҳшийликни ҳисобга олсангиз, буни балки тушуниш мумкиндир.
Лекин, оддий шархловчилар ва блогерларнинг бу оилага нисбатан қаҳри-ғазаби, таклиф қилаётган жазо усулларидан Ўзбекистонда мўътадил оилавий муҳит масаласи кўп оилаларда долзарблигича қолаётганини англаш қийинмас. Ҳар бир бундай ёндашув муаллифи ўша эркакдан деярли фарқи йўқлигини, ҳатто ваҳшийроқ эканлигини ўзи истамаган тарзда намойиш қилиб кўяётгандек гўё.
Бу мақолани ёзишимга айнан шу нарса туртки бўлди. Чунки бу каби воқеалар сўнгги йилларда матбуотда жуда кўп кузатиляпти. Энг аввало муаммонинг илдизига назар ташласак. Фикримча, асосий фигура бу ерда - она. Яъни, ҳар икки томоннинг онаси.
Фикримни атрофлича изоҳлашга ҳаракат қиламан. Аёлига руҳий ва жисмоний азоб берадиган эркаклар кўп ҳолларда худди шундай муҳитда улғайган болалардир. Зулмкор отанинг ўғли катта эҳтимол билан бўлажак золим бўлиб етишади. Буни болаликдаги руҳий жароҳатни муқаррар оқибати деб қараш керак. Аслида бу кабиларни ўзи ҳам - жабрланувчи. Руҳи кемтик фарзанд вояга етгач, ғайриихтиёрий равишда ўзига умр йўлдош сифатида тўлақонли нормал психикадаги аёлни эмас, худди онасидек тобеъ характердаги "потенциал қурбон"ликка мойил аёлни танлаши мумкин. Кўп ҳолларда беозор қизларга зўравон йигитлар учрашининг сабаби ҳам шу.

Сурат манбаси, Aqida Xanum/Facebook
Бу тоифа эркакларнинг одатда параллель бошқа аёл билан ҳам муносабатда бўлиши эҳтимоли юқори. Энг қизиғи иккинчи муносабатида улар кучли, ўз шахсини биринчи ўринга қўядиган аёлга қарам позицияда бўлишади. Чунки бу эр болалигида онасида кўришни истаган жиҳатларни айнан иккинчи аёлда кўради.
Турмуш ўртоғи билан қўпол, ноинсоний муносабати - бу руҳиятига етказилган дарзнинг товони, шу йўл билан у руҳий мувозанатни ушлаб туришга уринади.
Энди қайнона масаласида. Ўзи бир умр турмушда қийналган аёл келинига хайрихоҳлик кўрсатмайди. У босиб ўтган йўлдан ҳар бир аёл юришини, у чеккан азобларни бошқалар ҳам татиб кўришини хоҳлайди, ҳатто бундан енгил ҳам тортиши мумкин. У аёл учун айнан шу ҳолат - бу адолат.
Келин ҳакида. Келин ҳам худди шундай муҳитнинг меваси. Бошқача бўлганида, турмуши эмоционал таҳдидлар бошланганидаёқ ўз ниҳоясига етган бўларди. Унда болалигидан «бу нормал ҳол» деган тасаввур шаклланган. Ўз имкониятларига ишончи йўқлиги, шахсий қадр-қиммат ҳисси шаклланмагани ҳисобига у "тайёр ўлжа" бўлиб вояга етади. Бу каби қизларнинг онгги мутеъликка мойил қилиб «дастурлаштирилган».
Қандай амалий ёрдам бериш мумкин? Бундай тақдирли аёлларга ёрдам кўрсатиш кўп ҳолларда беҳуда эканига гувоҳ бўлганман. Улар жуда тез ҳаммасини унутиб, эски ҳаётларига ўз хоҳишлари билан қайтишади. Ёлғон ваъдаларга тез алданишади, бу ваъдаларга ишонишни истадашади, айбдорлик, ачиниш ҳисси устун келади.
Четдан ҳушёр ақл билан кузатганингизда, бу худди занжир реакциясига ўхшайди. Авлоддан-авлодга ўтиб бораверади. Лекин, бу ҳалқани қандай узиш мумкин?
Муаммонинг ечими, менинг назаримда, яна оналарга бориб тақалади. Бу ҳол, аёл, айнан она қачон бу хўрликлар тугашини хоҳласа, ўша куни барҳам топиши эҳтимоли катта.
Афсуски, бизнинг жамиятимизда масъулиятни англаган ҳолда ўзи ва фарзандлари тақдири олдидаги жавобгарлик туйғуси, қайтадан қандай оёққа туриш хавотирлари, иқтисодий-ижтимоий таъминот масаласи осон эмаслиги учун уларга бундай ечим маъқул эмас. Курашиб, меҳнат қилиб, қийинчиликларга бардошли бўлишдан кўра, боқиманда бўлиб яшашни афзал билади.
Буни ўзига хос комфорт зонаси - қулай ҳудуд деб билади. Бир кун келиб эри ва оиладаги ҳолат ўзгаришига умиди ҳеч сўнмайди. Шундай бўлади ҳам баъзида - зўравон эрлар қариганда кўп ҳолларда ўтмишдаги айблари учун аёли ва фарзандлари олдида тиллари қисиқ бўлиб қолади. Лекин, ўз қадрини билмаган аёл ўз-ўзини ҳимоя қилиш инстинкти яхши ривожланмаганлиги учун ўша кунларга тирик етиб олиш имкони камлигини ҳис қилмайди. Ва тирик етиб бормаганлар ҳам қанча?
Муаллифнинг қарашлари Би-би-си таҳририяти қарашларидан фарқ қилиши мумкин. Сиз қандай фикрдасиз?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












