Ўзбекистон: Дабдабали тўйлар учун санъаткорлар айбдорми? (видео)

BBC Uzbek

Сурат манбаси, BBC Uzbek

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистонда, эндиликда, оилавий йиғин ва тадбирларда икки нафардан ортиқ хонанданинг ёки гуруҳнинг хизмат кўрсатишига рухсат берилмайди. Асосий тирикчилик манбайи тўйлар бўлган ёш санъаткорларнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига маълум қилишича, бундай чеклов уларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ушбу янги тартиб 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг "Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қўшма қарори асосида қабул қилинган Низомда белгилаб қўйилган.

Бу тартиб 2020 йилнинг 1 январидан кучга киради.

Олий Мажлис Сенатининг расмий сайтида эълон қилинган ахборотда таъкидланишича, «тўй-ҳашамларда, оилавий тантаналарда, маърака ва маросимларда, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда».

Бундан ташқари мазкур ахборотда айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботаётгани, ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетаётгани ҳам айтилади.

BBCUzbek

Сурат манбаси, BBCUzbek

«Баъзи фуқаролар оилавий тадбирларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошлар томонидан бўладиган танқидлардан, умуман олганда, ижтимоий тазйиқдан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида қарздорликнинг вужудга келишига ва оқибатда кескин зиддиятларга олиб келмоқда», дейилади Сенат ахборотида.

Ёш санъаткорлар: «Дабдабали тўйларга биз сабабчи эмасмиз»

Бироқ Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатлашган айрим ёш санъаткорлар хонандалар тўйларнинг серчиқим тус олаётганига сабабчи эмаслигини таъкидлайди.

Тўйларда хизмат қилишини билдирган санъаткор Достон Валиев битта тадбирда икки нафардан зиёд қўшиқчи ёки хонандалар гуруҳининг иштирок этишига йўл қўйилмаслиги ёш ижодкорларнинг келгуси фаолиятига ўта даражада салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юзасидан хавотир билдиради.

«Бизда санъаткорларнинг асосий, балки ягона даромад манбайи - тўйлар. Агар шу тўйларга чиқишимизни ҳам чеклаб қўйишса, билмадим, биз бошқа қаердан тирикчилик қиламиз.»

"Тўйларга бир неча қўшиқчининг "бирров"га келиш одатини санъаткорларнинг ўзи ўйлаб топмаган ёки одамларга таклиф қилмаган. Тўй эгалари ният ё ҳавас қилганидан яхши кунида бир неча санъаткорнинг хизмат қилишини истайди. Талаб бор экан, таклиф ҳам бор", сўзлайди у Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда.

Ёш ижодкорнинг фикрича, санъат намоёндаларининг фаолияти эркин бўлиши керак ва бундай чекловлар тўйларда хизмат кўрсатиш орқали тирикчилик кўрсатаётган юзлаб, эҳтимол, минглаб ёш санъаткорларни қийин аҳволга солиб қўяди.

«Ҳозир ёшлардан иборат гуруҳлар кўпайган. Улар, асосан, уч киши бўлиб тўйларни ўтказишади. Улар ўғрилик қилмаяпти, бировни таламаяпти. Талаб бор экан, ижодини пуллаяпти. Бундай ёш санъаткорларнинг тўйга чиқиши чекланса, улар кейин нима қилсин?» савол беради у.

«Агар тўйлардаги харажатлар кўплигига санъаткорлар айбдор, деб ҳисоблашаётган бўлса, мен бу фикрга қўшила олмайман. Тўйларни тартибга солишмоқчи бўлишса, аввало, одамларнинг онгини ўзгартириш йўлларини ўйлашсин. Одамлар тўйи гала концертга айланишини истаса, санъаткорда нима айб?» давом этади Достон Валиев.

Валиев Ўзбекистонда санъаткорларнинг тўйдан бошқа манбалардан даромад кўриш имконияти жуда чекланганини тилга олади. Унинг билдиришича, муаллифлик ҳуқуқи яхши ҳимоя қилинмаганидан ва ижод маҳсулини интернет каби майдонларда пуллашга шароит йўқлигидан, ўзбек қўшиқчилар ҳозирда фақат тўйларга қараб қолган.

Маълум этилишича, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва "Ўзбекконсерт" давлат муассасаси тўй-ҳашамларни ихчам ва камхарж ўтишига эришиш мақсадида санъаткорлар томонидан кўрсатилаётган хизматни тартибга солади.

Аммо Достон Валиев бундай қарор-тартиблар қабул қилиниши вақтида айнан "Ўзбекконсерт" қўшиқчилар манфаатини ҳимоя қилиши зарурлигини айтади.

"Бу ташкилотга лицензия олиш учун 9 миллион сўм тўлайди ҳар бир санъаткор. Ундан ташқари солиқлар ҳам бор. Санъаткорлар манфаатига зид қарорлар қабул қилинаётганда, "Ўзбекконсерт" бизни ҳимоя қилиши керак. Бизни оталиққа олдими - ёнимизни олиши керак. Санъаткор айбдор ҳамма нарсада, деб бошқаларга қўшилиб тепкилаши керак эмас," дейди у.

Янги тартиб иш бермайдими?

BBCUzbek

Сурат манбаси, BBCUzbek

Мақолада исмининг ошкор этилишини истамаган бошқа ёш санъаткорлар ҳам Би-би-си Ўзбек Хизматига куни кеча қабул қилинган янги тартибнинг ўз манфаатлари учун зидлигини билдирдилар.

«Биз ўз номи билан шоу-бизнес қозонида қайнамоқдамиз. Бу ўз номи билан бозор. Биз ўз ижодимизни, дангал айтганда, одамларга сотамиз, уларнинг яхши кунида хизмат кўрсатамиз. Шоу-бизнесга бундай чекловлар қўйилиши, албатта, бу бозорнинг ўлишига, ноқонуний ҳаракатларнинг авж олишига олиб келади,» дейди уларнинг бири.

Яна бир мусиқачининг таъкидлашига кўра, мазкур тартиб ҳаётда ўз натижасини бермайди. У одамлар барибир тўйларга кўпроқ санъаткор чақиришда давом этиши, тадбирларни назорат этувчи комиссиялар эса маълум ҳақ эвазига бундай ҳолатларга кўз юмиши ҳоллари кўпайишини тахмин қилади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати тўйларда икки нафардан ортиқ санъаткорнинг хизмат қилишига йўл қўйилмаслиги оилавий тантаналарнинг камхарж бўлишига қандай ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлигини сўраб "Ўзбекконсерт" давлат муассасасига сим қоқди. Бироқ идоранинг расмий сайтида кўрсатилган рақамларга қилинган қўнғироқларга ҳеч жавоб бермади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek