Ўзбекистон: ИИВ тўй ва маракаларга рўмол ўраб бормаслик тўғрисида огоҳлантирдими?

Расмий огоҳлантириш ИИВ номидан берилган

Сурат манбаси, Courtesy

Сурат тагсўзи, Расмий огоҳлантириш ИИВ номидан берилган

Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратда сирдарёлик аёл жамоат жойларда ибодат либосида юрмаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан расмий огоҳлантириш олгани кўрсатилган. Участка нозири рўмол билан бозор, тўй ва маракаларга бориш мумкин эмас, деган. Вазирлик марказдан бу каби топшириқ бўлганлигини рад қилмоқда.

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар Наврўзобод маҳалласида яшовчи фуқаро Ж. Х. нинг уйига 14 сентябр куни маҳалла участка нозири Эргаш Абдувоитов маҳалла идорасидан яна бир аёл билан кириб келган.

Улар маҳаллада ҳижоб ўраб олган бошқа аёлларни ҳам огоҳлантириб юришгани ва бу буйруқ тепадан келганини айтишган.

"Келибди-да аёлимнинг қўлига қанақадир қоғоз беришибди. Жамоат жойида бунақа кийимда юриш мумкин эмас. Бу ибодат либоси, дейишибди. Аёлим, бу ибодат либоси эмас, намозда алоҳида кийим йўқ. Жамоат жойи деганда нимани тушунай, қаерга бормаслигим керак, деб сўраган. Улар бозор, одамлар бор жой, тўй-маракага бориш мумкин эмас, деб мисол келтирган", дейди унинг турмуш ўртоғи Ильяс Эшқўзиев (Кубаев).

"Ўзбекистон ички ишлар вазирлиги расмий огоҳлантириш", деб ёзилган ҳужжатга (серия рақами 0008606) "Жамоат жойларида ибодат либосида юриш тўғрисида расман огоҳлантираман", деб ёзилган.

Унга лейтенант Эргаш Абдувоитов имзо чеккан.

Би-би-си Абдувоитов билан боғланиб, нима мақсадда қўнғироқ қилаётганини тушунтирди.

Эргаш Абдувоитов ҳозир машина бошқариб кетаётганини, тўхтаб кейин гаплашишини айтди.

Шундан сўнг у гўшакни қўйиб қўйди ва бошқа кўтармади.

Би-би-сига маълум бўлишича, маҳалла участка нозири Абдувоитов бу буйруқ тепадан келганини ва маҳалладаги бошқа ҳижобли аёлларни ҳам огоҳлантириб юрганини айтган.

Фуқаро Ж. Х.нинг уйига келган расмийлар огоҳлантирилиши керак бўлган бошқа рўмолли аёлларнинг рўйхатини ҳам кўрсатган.

Огоҳлантириш тўғрисидаги ҳужжатга қўл қўйдириб олган Эргаш Абдувоитов фуқаро Ж. Х.ни ихтиёрига қарши равишда 3-4 марта телефонига расмга тушириб олган.

"Бу юқорига ҳисобот беришимиз учун керак", деб тушунтирган у ўз ҳаракатларини.

Ж. Х. огоҳлантиришга қарамасдан кўчага рўмоли билан чиқса нима бўлишини ва уни қандай жазо кутаётгани ҳақида сўраган.

Участка нозири кейинги ҳаракатлар тўғрисида унга топшириқ берилмагани ва қандай чора кўрилиши ёки кўрилмаслиги борасида ахбороти йўқлигини билдирган.

Ушбу тушунарсиз ҳолатдан сўнг Ж. Х. руҳий тушкунликка тушган ва бошида кучли оғриқ пайдо бўлган.

"Биз тинч юрган, ҳеч кимга ҳалақит бермаётган одамлар бўлсак. Аёлим ўқимаса, ишламаса. Унинг рўмолини ечишга қандай қарор бор? Кўчага чиқишига тинч қўйишсин. Бизни ҳеч ким безовта қилмаса бўлди. Оиламизни тинч қўйишсин", дейди айни дамда Туркияда меҳнат муҳожири бўлган Ильяс Эшқўзиев (Кубаев).

Би-би-си ҳолатга изоҳ олиш учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига боғланди.

Вазирлик матбуот котиби Қутбиддин Бурхонов юқоридан рўмолли аёлларга огоҳлантириш бериш тўғрисида топшириқ бўлмаганини маълум қилди.

"Бу ҳолатни ҳозир сиздан эшитиб турибман. Аниқлаб, кейин жавоб беришга тўғри келади. Ҳар бир вилоятнинг матбуот хизмати бор. Улар мустақил юридик хизмат ҳисобланади. Мен уларга айтаман. Суриштирамиз, биламиз, кейин сизга жавоб берсак бўлади. Тепадан келса, буйруқ бўлади ё очиқ сайтга берамиз. Ҳозир тушунчаси нотўғри бўлиб кетган одамлар кўп", - дейди у.

Ижтимоий тармоқдагилар лейтенант Абдувоҳидов томонидан берилган огоҳлантириш ҳужжатида ИИВнинг муҳри йўқлигига эътибор қаратган.

Сентябр ойи келиб ўқув мавсуми бошланиши билан мактаб ва айрим олийгоҳларда рўмол ўраб келган ёки соқол қўйган ёшларга қарши кампания бошлангани айтилмоқда.

Тошкент Архитектура ва Қурилиш институти талабаси Қудратуллоҳ Аҳмад ўқиш бошланганидан бери соқолингни калталат, деб ҳоли жонига қўйишмаётганини ёзди.

"Тошкент Архитектура ва Қурилиш институтида ўқийман. Ўқиш бошлангандан бери соқолингни калтала деб қўйишмади. Кеча пайпоқ ва оёқ кийимнинг қандай бўлишлиги хақида хам огоҳлантириш эшиттим. Бугунгиси хаммасидан ошиб тушди. Институтимиздаги хижобли қизларни йиғиб, ё ечасан ё ўқишдан хайдаласан дейишибди. Етар энди", дейди у.

"Ҳижобини ечгани учун уруш очган" - мусулмонлар идораси нима дейди?

Рўмолга бўлаётган у ёки бу кўринишдаги босимларга мусулмонлар диний идораси расмий изоҳ бергани йўқ.

Бироқ Тошкент шаҳар Юнусобод туман бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов хотинлари Туркияда савдо қилиб юрган эркакларга қарши гапирган маърузасида эркакларнинг ғаййурлигини ҳам тилга олган.

"Ҳажжож золимни кўп гапирганмиз. Лекин Ҳажжож ғаййур бўлган экан. Рашкли бўлган. Бошқа бир диёрда мажусийлар мусулмон аёлнинг рўмолини ечиб хорлашганида. Ҳажжожга нидо қилиб нома ёзган. Мажусийлар орасида яшаётган бир муслима аёлнинг ёрдам сўраган ноласидан Ҳажжож Ҳинд ва Синд фатҳларини очиб юборган. Бир аёлнинг рўмоли ечилиб хўрлангани учун Ҳажожжи золим иккита катта урушни очиб юборган. Ҳатто Ҳажжожи золим ҳам ғаййур бўлган, муслима аёлнинг рўмоли ечилишига рози бўлмаган", деган Раҳматуллоҳ Сайфуддинов.

Сайфиддиновнинг бу гапларини айрим Facebook фойдаланувчилари "оқилга ишоранинг ўзи кифоя", деб Раҳматулоҳ қори Ўзбекистонда рўмолга бўлаётган босимларга муносабат билдирди, дея талқин қилишди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek