Ўзбекистон коронавирус чўққисидан ўтдими, ўз қизини зўрлаган ота ва коронавирусдан даволанмаса, энди нима бўлади? – O’zbekiston, dunyo, yangiliklar video

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон коронавируснинг иккинчи тўлқинига ҳозирлик кўрмоқда, Тожикистонда шов-шувли маҳкама иши ва Туркманистонда янги қамоқ жазоси - bbcuzbek.com дайжести

Ўзбекистон

Ўзбекистон коронавируснинг иккинчи тўлқини эҳтимолини назардан соқит этмайди ва бунга "ҳозирлик кўрмоқда".

Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари, санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори Баҳодир Юсупалиев Россиянинг "Комерсантъ" нашрига берган суҳбатида маълум қилди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Айни шу суҳбат тафсилотларидан маълум бўлишича, Россия вакцинасини сотиб олиш бўйича мутахассислар ва ҳукуматлар даражасида музокаралар давом этмоқда.

"Ўзбекистон, бу хусусда, балки, икки ҳафталардан кейин қандайдир тўхтамга келиши мумкин".

"Ўзбекистон ҳукумати эса, жорий пайтда вакцина олиш учун пул ажратиш масаласини кўриб чиқмоқда".

Баҳодир Юсупалиевнинг айтишича, "Ўзбекистон аҳолиси учун ўз вақтида вакцинани қўлга киритиш учун тайёрлар. Бунда вакцинанинг хавфсизлиги ва таъсирчанлиги ўзлари учун катта аҳамият касб этади".

Хитой ва бошқа давлатларда яратилаётган вакциналар клиник синовининг учинчи босқичида иштирок этиш, этмасликлари масаласи ҳам ҳукумат ва мутахассислар томонидан кўриб чиқилмоқда.

Россия билан авиақатновларни қайта тиклаш масаласи эса, сўнгги карантин чоралари юмшатилиши ортидан, Ўзбекистондаги эпидемиологик ҳолат қандай тус олишига боғлиқ бўлади.

Агар, суҳбат тафсилотларига таянилса, Ўзбекистон коронавируснинг чўққисидан ўтиб бўлган.

Ҳозирга келиб, мамлакат коронавирус билан боғлиқ аҳвол барқарорлашган.

Аммо, ўзбекистонлик масъулга кўра, бу - ўткир респиратор инфекциялар билан кечувчи куз ва қиш мавсумида коронавируснинг яна авж олиши эҳтимолини назардан соқит этишларини англатмайди.

"Худди шу боис ҳам, пандемияга қарши тайёргарлик ишларини кучайтиришда давом этишмоқда".

Туркманистон

Turkmaniston

Сурат манбаси, VALERY SHARIFULIN\TASS VIA GETTY IMAGES

Туркманистондан олинаётган хабарларга кўра, "хавфли юқумли хасталиклардан даволанишдан бўйин тортганлик учун энди қамоқ жазоси берилиши мумкин".

"Хроника Туркменистана" нашрининг ёзишича, Туркманистон Жиноят Кодексининг 119-моддаси тўлдирилган, яна бир банд киритилган.

Унга кўра, пандемия ёки эпидемия сифатида таснифланган юқумли касалликлардан даволанишдан бўйин товлаш энди икки йилгача, бу ҳолат такрор содир этилган тақдирда, беш йилгача қамоқ жазосини кўзда тутади.

Қонунбузарларга хайрихоҳлик қилган шахслар ҳам бежазо қолишмайди, уч йилдан беш йилгача қамалишади ва уларнинг муайян лавозимларни эгаллашлари маън этилади.

Нашрнинг ёзишича, янги таҳрирдаги қонун Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов томонидан шу йилнинг 22 август куни имзоланган.

Хабарларга кўра, қонун 7 сентябрдан бошлаб кучга киради.

Туркманистон ҳали-ҳануз дунёнинг коронавирус расман қайд этилмаган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Тожикистон

Глобал коронавирус пандемияси манзарасида Тожикистонда шов-шувли маҳкама иши шу кунларда минтақавий нашрларнинг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Жанубий Хатлон вилоятининг Данғара туманида ота уйда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, ўзининг ҳали вояга етмаган 16 яшар қизини "жинсий зўрлаган".

Бу ҳақда Тожикистон Бош прокуратураси расман хабар берган.

"Жинсий зўравонлик"да айбдор, деб топилган ота 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Қамоқ муддатини қатъий тартибдаги колонияда ўташи айтилган.

Душанбе шаҳар ҳокими, Тожикистон президентининг тўнғич ўғли Рустам Эмомали эса, пойтахтга 13 миллион дона кўргазмали дарахт, бўта ва гуллар ўтказишни буюрган.

Масъуллар бу ишни шу йил кузда бошлаб, келаси йил баҳоригача уддалашлари керак бўлади.

Tojikiston

Сурат манбаси, official

Президент Эмомали Раҳмон яна беллашмоқчи бўлаётган сайловга 30 ёшли адвокатнинг ўз номзодини илгари суриш қарори эса, шу кунларда Тожикистон билан боғлиқ сарлавҳаларга чиққан яна бир хабарга айланган.

Тожикистонда амалдаги бўлган қонунчиликка мувофиқ, фақат сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва халқ депутатлари кенгашлари бунга ҳақли, деб ҳисобланишади.

Аммо, маълум бўлишича, мазкур қонунчилик мустақил равишда ўз номзодини илгари суришни тўғридан-тўғри маън этолмайди.

Аммо, шунда ҳам, ўз режасини амалга ошириши учун Фаромуз Иргашев 200 мингдан ортиқ имзо тўплаши керак бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek