Ўзбекистон: Афғонистонда ҳужумга учраган ўзбекистонлик даволанмоқда - O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, BBC UZBEK
Ўзбекистон: Афғонистонда ҳужумга учраган ўзбекистонлик даволанмоқда, АҚШдан Ўзбекистонга янги ёрдам ва Ўзбекистонда масжидлар қанчага кўпайди? - bbcuzbek.com дайжести.
20 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига кирувчи "Сўғдиёна транс" корхонаси ишчи-ходимларини иш жойига олиб кетиш учун келган масъуллар Балх вилоятидаги Ҳайратон ишчилар яшаш базасидан чиқишганда ҳужумга учрагани ҳақида хабар берган эди.
Ҳужум оқибатида корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари жароҳат олган, икки нафар Афғонистон фуқароси (Ички ишлар вазирлигининг темир йўлни қўриқлаш батальони аскари ва бир нафар ҳужум қилган номаълум шахс) ҳалок бўлган.
23 август куни Сурхондарё ҳужум оқибатида жароҳатланган ўзбекистонлик - "Сўғдиёна транс" корхонасининг координация бўлими бошлиғи ўринбосари Термиз шаҳридаги касалхонада даволанаётганини маълум қилган.
Ҳужум ортидан Ўзбекистон томони Афғонистон ташқи ишлар вазиридан мамлакатда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари ва корхоналари ходимлари учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини сўраган.
Самарқандда кислород заводи ўрнатилди

Сурат манбаси, BBC UZBEK
Самарқанд шаҳрида қиймати 600 минг АҚШ долларига тенг, қуввати соатига 55 куб бўлган Францияда ишлаб чиқарилган тиббий кислород заводи олиб келиб ўрнатилди.
Бу ҳақида Самарқанд вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.
Расмий хабарда заводнинг қуввати ва хусусиятларига ойдинлик киритилмаган.
Шунингдек, тез тиббий ёрдам хизмати сифатини яхшилаш мақсадида 83 дона "Damas", 10 дона "Volkswagen" ва 2 дона "Isuzu" русумли махсус автомашиналари учун жами 10 миллиард 799 миллион сўм маблағ ажратилгани ҳам айтилмоқда.
Масжидлар сони биттага кўпайди
20 август куни Сурхондарё вилоят Адлия бошқармаси томонидан "Варроқ Термизий" масжиди рўйхатдан ўтказилиб, унинг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома диний ташкилотга топширилган, дея хабар бермоқда Дин ишлари бўйича қўмита.
Шу тариқа, мамлакат бўйлаб масжидлар сони 2,072 та, Сурхондарё вилоятида эса 115 тага етган.

Сурат манбаси, Muslim.uz
АҚШдан янги ёрдам
АҚШ Ўзбекистонга умумий қиймати 2,5 миллион доллар бўлган 200 та ўпкани сунъий шамоллатиш мосламасини юборди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги.
Хабарда мосламалар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш муассасаларининг техник инфратузилмасини ҳисобга олган ҳолда, махсус буюртма асосида, Американинг "Zoll Medical Corporation" компанияси томонидан ишлаб чиқарилгани айтилади.
Шунингдек, ушбу мосламалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатнинг барча минтақаларидаги 62 та тиббиёт муассасаси ўртасида тақсимланиши қўшимча қилинган.
Болалар ниқобда юриши шартми?
24 август куни бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева ана шу саволга жавоб қайтарган.
Мулозим клиник тавсияномаларда «5 ёш ва ундан кичик ёшдаги болалардан ниқоб тақиб юриш талаб этилмаслиги, бу боланинг хавфсизлиги ва умумий қизиқишлари, бундан ташқари ниқобни тегишли тартибда тақиш имкониятларига асосланиши»ни айтган.
У 12 ёш ва ундан катта ёшдаги болаларга ниқобларни катталар каби тақиш тавсия қилинишини қўшимча қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















