Ўзбекистон: беш ой деганда илк жамоат намозлари, 22900 маҳкум ва парвозлар бекор қилиниши O'zbekiston

Сурат манбаси, Muslim.uz
17 август тонгида Ўзбекистон масжидларида қарийб беш ой деганда илк Бомдод намози жамоат бўлиб ўқилган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Covid-19 вируси тарқалиши олдини олиш мақсадида Ўзбекистонда март ойидан оммавий тадбирлар, шу жумладан, масжидлардаги жамоат намозларини ҳам вақтинча тўхтатишга қарор қилинган эди.
Ўзбекистон Мусулмонлари Диний идорасининг матбуот хизмати хабар қилишича, бугун эрталаб намозхонлар "онгли равишда ўзаро масофани сақлаш, ниқобларни тўлиқ тақиш, қўлларига махсус суюқликни суриш, махсус дизинфекцияловчи қурилмадан ўтиш каби карантин қоидаларига тўлиқ амал қилиб, жамоат намозида ҳозир бўлишди".

Сурат манбаси, Muslim.uz
"Қарийб 5 ойдан ортиқ вақт мобайнида намозхонлар жамоат намозини интиқлик билан кутишган эди. Шу боис соғинган қалблар масжидларда таскин, ҳаловат топди, имом-хатиб, қориларимизнинг бир-биридан ажойиб Қуръон тиловатига соме бўлишди, бамдод намозини жамоат ихлос билан адо этишди", деб ёзди Мусулмонлар Диний идорасининг расмий веб-сайти muslim.uz.
Uzbekistan Airways халқаро парвозларни сентябргача бекор қилди

Сурат манбаси, UZAIRWAYS INTERNET
Uzbekistan Airways авиаширкати 1 сентябргача халқаро рейслар ва маҳаллий рейсларнинг айримларини бекор қилгани ҳақида хабар тарқатди.
Авиакомпания расмий веб-сайтида айтилишича, бунинг сабаби "парвозлар амалга ошириладиган ва Ўзбекистон Республикасининг маъмурий марказларидаги эпидемиологик чекловлар"дир.
Шу муносабат билан 16 августдан 31 августгача "халқаро қатновларнинг ва маҳаллий йўналишлар бўйича мунтазам қатновларнинг бир қисми мажбурий бекор қилинган".
Авиаширкат август ойича самолёт чиптаси сотиб олган йўловчиларга чиптасининг пулини ваучер шаклида олиш ёки билетини 1 сентябрдан кейинги саналарга қайта бронлаш вариантларини таклиф этган.
Чартер рейслар ўзгаришсиз қолиши айтилган.
"Ўзбекистондаги тутқунларнинг сони қарийб 23000 та"

Сурат манбаси, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати
Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг айтишича, ҳозир Ўзбекистон қамоқхоналарида 22900 нафар маҳкум сақланмоқда.
Ўзбекистон Ички ишлар вазири бу ҳақда ЎзА ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда айтган.
Ички ишлар вазирига кўра, ҳозир вазирликнинг "Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфида 43 жазони ижро этиш муассасаси ва 11 тергов ҳибсхонаси мавжуд. Муассасаларнинг 18 таси ёпиқ турдаги колония ва 25 таси манзил-колония ҳисобланади. Жазони ижро этиш тизимидаги колонияларнинг сиғимига нисбатан сақланаётганлар кўрсаткичи 56,4 фоизни ташкил қилмоқда".
Вазир Бобожонов Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига 67 тутқун тўғри келишини айтган.
"Лондонда жойлашган Қамоқхоналарни тадқиқ қилиш халқаро маркази томонидан 2019 йилда эълон қилинган маълумотга кўра, республикамизда ҳар 100 минг аҳолига 150 нафар жазо ўтаётган шахс тўғри келиши, тизимда 43,9 минг нафар шахс сақланаётганлиги кўрсатилиб, Ўзбекистон бу борада 222 давлат ичида 105-ўринни эгаллаган", деган Ички ишлар вазири.
"Аслида Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигининг либераллаштирилиши натижасида сўнгги ўн йилликда жазо муддатини ўтаётган шахслар сони кескин қисқарди", деб айтган вазир Бобожонов.
Россиялик 40 қа яқин тиббиёт мутахассиси Тошкентга боришди
Улар орасида эпидемиолог, вирусолог, эндокринолог, реаниматолог, кардиолог ва пулмонологлар бор.
Хабар қилинишича, улар бир мобайнида ўзбекистонлик ҳамкасбларига коронавирус инфекциясига қарши курашда ёрдам берадилар.
Бундан олдин Россия ўз мутахассисларини Қозоғистонга COVID-19га қарши курашда кўмаклашиш учун юборган эди.
Улар июл ойи бошидан августгача Қозоғистонда бўлгандилар.
- Ўзбекистон: Карантин узаймайди, Skills паспорти, Самарқанд форуми, Сўхга ҳаво қатнови йўлга қўйилади
- Коронавируснинг 12 дан ортиқ тури мавжудми?
- Ўзбекистон: Карантин яна узайтирилиши керакми, "Қора мерган" ва сўз эркинлиги тақдири
- Ўзбекистон: Тошкентликлар норозилиги давом этмоқда ва масжидлар қачон очилади?
- Ўзбекистон: Аҳолига 2 триллион сўм тарқатилади, Тошкент кенгаяди
- Ўзбекистон ва коронавирус: Covid – 19 қачон йўқолади?
- Ўзбекистон иссиғида қандай ниқоб тақиш керак? Коронавирус
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















