Ўзбекистон: Карантин яна узайтирилиши керакми, "Қора мерган" ва сўз эркинлиги тақдири O'zbekiston (видео)

Ўзбекистонда кучайтирилган карантин тартиби бир неча кундан сўнг ўз ниҳоясига етади. Ўзбекистонликларнинг ўзаро суҳбати, ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларга разм солинса, одамлар карантин тугашини интиқлик билан кутаётгани кўринади.
Бир вақтнинг ўзида эса коронавируснинг тарқалиш суръати ҳануз пасаймаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган кунлар давомида суткасига ўртача 600 дан зиёд янги бемор аниқланаётгани ҳақида маълум қилиб бормоқда.
Эпидемиологик вазият оғирлигича қолаётганига қарамай, мамлакат раҳбарияти карантин чораларини босқичма-босқич юмшатилиши ҳақида гапирган.
Хусусан, 10 август куни ўтган видеоселектор мажлисда Президент Шавкат Мирзиёев пандемия шароитида ишлаш ва яшашда давом этиш ҳамда карантин чораларини босқичма-босқич юмшатиш муҳимлигини таъкидлаган.
Аммо фаоллар ҳали карантинни юмшатишга эрта эмасми қабилида саволларни ўртага ташламоқда.
"Ҳали эрта эмасми?"
Бир вақтнинг ўзида ҳукумат карантиннинг яна бир бор юмшатилишига қанчалик тайёр экани борасида саволлар ҳам юзага чиққан.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бундай саволни ўртага ташлаётган инсонлар июнь ойида карантин юмшатилганидан сўнг касаллик тарқалиши авж олиб кетгани, расмийлар эса бу ҳолатда, асосан, одамларнинг тиббий ҳимоя қоидаларига амал қилмаганини таъкидлаганини эсга олмоқдалар.
Карантин бу сафар юмшатилганидан сўнг ҳам вазият яна изидан чиқиб кетса, расмийлар айбни яна оддий фуқаролар елкасига ағдариб қўймайдими мазмунидаги муҳокамалар ҳозиргача давом этмоқда.
Шунга қарамай, деярли беш ой давомида муаммою қийинчиликлар ичра яшашга мажбур бўлаётган ўзбекистонликларнинг аксарияти карантин юмшатилиши борасидаги хабарни хуш қарши олмоқда.
"Журналистларга раҳмат"

Сурат манбаси, Facebook screenshot
7 август куни ўтган Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам карантин чекловлари босқичма-босқич бекор қилиниши, иқтисодиётни ривожлантириш зарурияти ҳақида гапирган.
Айни мажлисда Норбоева хоним қилаётган танқидлари орқали амалдорларни ишлашга ундаётган журналист ва блогерларга раҳмат айтган.
8 август куни эса Бош вазир Абдулла Арипов оммавий ахборот воситалари, блогерлар мавжуд муаммоларни яққол кўрсатиб бераётгани, йўқса, амалдорлар "ура-ура"дан бўшамаслигини таъкидлаган.
Сенат раиси ва Бош вазирнинг бу сўзлари эса Ўзбекистон бўйлаб Facebook ижтимоий тармоғи деярли ишламай қолган ва айрим блогер-журналистларга кибер-ҳужумлар уюштирилган бир пайтга тўғри келган.
8 август куни мамлакат медиа соҳасидаги таниқли шахслардан бири, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов кўплаб блогерларнинг Телеграм аккаунтларини бузишга уриниш ҳолати кузатилгани, кибер-ҳужум ортида кимлар тургани ҳозирча аниқ бўлмасада, журналистлар ва блогерлар овозини ўчиришга йўналтирилган ҳар қандай ҳаракат ҳеч қачон яхши натижа билан тугамаслиги ҳақида гапирган.
Айни вақтда эса ўзбекистонликларнинг ўз сўзи ва фикрини нисбатан эркин изҳор эта олишида асосий платформа ўлароқ хизмат қилаётган Facebook ижтимоий тармоғига кириш эса Ўзбекистонда муаммолигича қолмоқда.
Ўзбекистонликлар Facebook билан муаммолар бошлангани ҳақида бундан бир ой аввал хабар бера бошлаган.
Аввалига муаммо ҳаммада бир хил кузатилмаган, аммо бугунга келиб бутун мамлакат бўйлаб мазкур тармоққа VPN-иловаларсиз кириш деярли имконсиз бўлиб қолган.
Ҳатто, айрим фойдаланувчилар VPN илова билан ҳам тармоқ сайтини очиш жуда секин кечаётганидан шикоят қилган.
Расмийлар Facebook блокланаётганини ҳозирча тан олмаганлар, одамларда эса тармоқнинг блокланаётганига президент ва унинг оиласи дохил айрим расмийларга нисбатан қаттиқ танқидий руҳда мақолалар эълон қилган Қора Мерган саҳифаси сабаб, деган фараз пайдо бўлган.
Айни дамда саҳифа Facebook'дан ўчириб ташланган бўлсада, тармоқ билан муаммолар тамом бўлмаган.
Ҳозирда маҳаллий нашрлар Ўзбекистонда сўз эркинлигининг муҳим таянчларидан бири ўлароқ кўрилган Facebook билан боғлиқ бундай муаммоларни кўтариб чиққани кўзга ташланмаётир.
Тармоқдаги муҳокамаларга назар ташланса, одамлар аллақачон ҳукумат блокларини айланиб ўтиш йўлларини ўзлаштириб олгани, замонавий технологиялар ривожланган бир замонда одамларнинг ўз сўзини баралла айтишини чеклашга уриниш мантиқсиз қадамга айланиб қолаётгани кўринади.
Шундай бўлсада, ижтимоий тармоқларни изоҳсиз тўсиб қўйиш ҳаракатлари пандемия туфайли норозилик кайфияти кучайиб бораётган халқнинг ҳукуматга нисбатан ишончига путур етказаётгани, мамлакатнинг эса халқаро имижига доғ тушаётгани борасидаги фикрлар кундан-кунга ортиб бормоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















