Ўзбекистон: Бухорода янги ҳоким ва киракашлик лицензияси нега бекор қилинмади? - O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, official
Ўзбекистон: Бухорода янги ҳоким ва киракашлик лицензияси нега бекор қилинмади? Бухорода янги ҳоким ва ўғирланган миллиардлар - bbcuzbek.com дайжести.
Ўзбекистон: Имтиҳонлар очиқ осмон остида қандай ўтади? - O'zbekiston, koronavirus BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Президентнинг 24 августдаги фармони билан қатор фаолият турлари учун лицензиялар ва рухсатномалар бекор қилиниб, тадбиркорлар ортиқча қоғозбозлик юкидан халос этилди, иқтисодиётга давлат аралашуви минималлаштирилди.
Бироқ бу фармонда аксар ўзбекистонликлар узоқ кутган янгилик - такси фаолияти учун лицензияни бекор қилиш кўзда тутилмаган эди.
Бу ҳолат ўзбекистонликлар орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлган.
Адлия вазирлиги хусусий йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланишни лицензиялаш нима учун бекор қилинмаганига изоҳ берган.
«Гап шундаки, ушбу соҳа фуқароларнинг хавфсизлиги, саломатлиги, мулк ва бошқа ҳуқуқлари дахлсизлигига доир масалаларни чуқурроқ ўрганишни талаб қилади. Бироқ ҳозирда таҳлиллар ва ўрганишлар натижалари умумлаштириб, таклифлар тайёрланган. Яқин орада бу соҳада ҳам енгилликлар бўлиши кутилмоқда», дейилади Адлия вазирлиги масъул ходими Шаҳноза Соатова ёзган мақолада.
113 маҳкум афв этилди

Сурат манбаси, official
Президент Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрамининг 29 йиллиги арафасида 113 нафар маҳбусни афв этиш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.
«Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармон орқали афв этилганларнинг 5 нафари асосий жазодан озод этилган, 53 нафари жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинган, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилган.
Шунингдек, 40 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилган.
27 август куни давомида уч нафар таниқли сиёсий маҳкум - Акром Малик, Руҳиддин Фахриддинов ва Искандар Худойберганов ҳам президент афви доирасида озодликка чиқарилгани маълум бўлган эди.
Бухорода янги ҳоким
Фарҳод Умаров Бухоро вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги.
Умаров бунга қадар Бухоро вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалчиликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Вилоятни вақтинча бошқариб келган Карим Камолов коронавирус юқтириб олиши ортидан 22 август куни 65 ёшида вафот этган эди.
Ўғирланган миллиардлар

Сурат манбаси, BBCuzbek
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти томонидан «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамоат жамғармаси фаолияти юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувнинг дастлабки натижалари ҳақида ахборот берилди.
Бу ҳақида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берган.
Хабарга кўра, жамғарма масъуллари ўзаро олдиндан тил бириктириб, дори воситалари ва тиббиёт ускуналарини қиммат нархларда сотиб олиб, жамғарманинг 2,8 миллиард сўм маблағларини талон-торож қилгани аниқланган.
«Пандемия муносабати билан ажратилган пул маблағларини ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари бундан аввал ҳам аниқланган. Жумладан, Андижон, Наманган, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва бошқа ҳудудларда Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази мансабдор шахслари томонидан катта миқдордаги пул маблағлари ноқонуний ўзлаштирилган», ёзилади агентлик хабарида.

Сурат манбаси, MAXIM MARMUR
Алоҳида маъмурий бошқарув
Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Тошкент вилоятидаги Бўстонлиқ туманида алоҳида маъмурий-бошқарув тизими жорий этиш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан.
Фармонда мавжуд туризм салоҳиятидан етарли даражада фойдаланилмагани, туристик инфратузилмани ривожлантириш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган, хизмат кўрсатиш соҳасида ривожланган мамлакатлар даражасидан кам бўлмаган салоҳиятга эга бўлсада, бугунги кунга келиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар етарли даражада эмаслиги шундай қарор олинишига сабаб бўлгани ҳақида сўз боради.
Эндиликда, фармонга кўра, Бош вазир ўринбосари - Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида «Чорвоқ» эркин туристик зонаси дирекцияси директори лавозимини эгаллайди ва Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги фаолиятини мувофиқлаштириб боради.
Туман ҳокими эса тўғридан-тўғри Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади, туман прокуратураси, ички ишлар ва солиқ бўлинмаларининг раҳбарлари эса мақоми, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича тегишлича ушбу давлат органларининг республика даражасидаги раҳбарлари ўринбосарларига тенглаштирилади.
Фармонда мазкур бошқарув тизими 2022 йил 31 декабрга қадар амалда бўлиши белгилаб қўйилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
















