Ўзбекистон: Автомобиллар нархини туширишга кўрсатма берилди O'zbekiston

Сурат манбаси, BBC uzbek
Монополияга қарши курашиш қўмитаси "UZAUTOMOTORS" АЖ томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари бузилиши аломатлари бўйича қўзғатилган иш тафсилотларини ошкор этди.
Хабарда ишлаб чиқарилаётган "UZAUTOMOTORS" енгил автомобилларнинг базавий улгуржи ва чакана сотиш нархларининг шакллантирилишида харажатларни асоссиз ошириб киритиш орқали монополь юқори нарх қўлланилганлиги ва натижада енгил автомобилларнинг нархлари ўртача 10,29 фоизга ошириб шакллантирилганлиги маълум қилинган.
Шунингдек, монополист истеъмолчилар ва хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатларни содир этганлиги, автомобилларни реализация қилиш бозорига бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришига тўсиқлар қўйиш орқали устун мавқейини суиистеъмол қилиш ҳолатларини содир этганлиги аниқлангани ҳам таъкидланади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси "UZAUTOMOTORS" АЖ шу йилнинг март ойидан енгил автомобиллар нархларини 3 миллион сўмдан қарийб 20 миллион сўмга қадар асоссиз оширгани ҳамда ушбу маблағлар мазкур вақт ичида машина харид қилган истеъмолчиларга қайтариши лозимлигини билдирган.
Монополистга енгил автомобилларнинг қайта кўриб чиқилган янги тасдиқланган нархларини қўмитага тақдим этиш мажбурияти ҳам юклатилган.
Хабарда "UZAUTOMOTORS" АЖ бир ой муддатда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳайъати ёки тегишли маъмурий судга шикоят қилиниши мумкинлиги қўшимча қилинган.
Ҳожатхонаси йўқ АЁҚШлар
Ҳожатхонаси йўқ АЁҚШларга нефть маҳсулотлари ва газ етказиб бериш тўхтатилиши мумкин, дея хабар бермоқда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси.
Қўмита Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 мартдан бошлаб жамоат мақсадларига мўлжалланган ва кеча-кундуз ишлайдиган, санитария ва шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига жавоб берадиган санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган АГТКС, АГҚС, АЁҚС фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслиги белгиланганини эслатиб ўтган.
"Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги қарорига мувофиқ, санитария-гигиена шохобчалари билан жиҳозланмаган станциялар 2020 йилнинг 1 сентябрдан фаолият кўрсатишига йўл қўйилмаслигини белгиланган", маълум қилинган қўмита хабарида.
Исириқли дезинфекция
18 август куни ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳри кўчаларида ҳаракатланиб кетаётган юк машинасида ободонлаштириш ходимлари кийимидаги инсонлар исириқ тутатиб кетаётгани тасвирланган видео пайдо бўлган, видеога берилган изоҳда "коронавирусга қарши исириқ билан дизенфекция қилинмоқ", дея киноя қилинган эди.
Видео кенг тарқалиб кетгач, Қўқон шаҳар ҳокимлиги зудлик билан ҳолат бўйича изоҳ берган.
Изоҳда Қўқон шаҳар "Тоза ҳудуд" ДУК ҳодимлари шаҳар ва шаҳар атрофидаги маиший чиқиндиларни йиғиб олишлари давомида маиший чиқиндилар билан бирга олинган чўғланган исириқ қолдиқларини ўчириш мақсадида автомашина ҳаракатланаётганда бир-бирига ҳазил қилиб, ўйнашиб, ўзларини кўрсатиш учун исириқ тўлиқ ёниб тугагунча йўл-йўлакай тутатиб кетишгани айтилади.
"Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари шаҳарда олиб борилаётган коронавирусга қарши дезинфекция ишлари билан боғлиқ эмас. Қўқон шаҳар ҳокимлиги ёки бошқа мутасаддилар томонидан мазкур ҳолат бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаган", билдиради шаҳар ҳокимлиги.
Миллий гвардия ва $27 минг
Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Миллий гвардия тизимига ишга киритиб қўйиш ваъдаси билан фуқародан $27200 миқдорида пул олган шахс қўлга олинганини хабар бермоқда.
Хабарда ургутлик У.Ш. 2000 йилда туғилган С.Б.дан мазкур ваъда асосида январь ойидан июль ойининг охирига қадар бўлиб-бўлиб, жами $27200 миқдоридаги пулларни талаб қилиб олиб, уни ишга киритмасдан яна $300 беришини сўраб келгани айтилади.
- Ўзбекистон: беш ой деганда илк жамоат намозлари, 22900 маҳкум ва парвозлар бекор қилиниши
- Ўзбекистон: Карантин узаймайди, Skills паспорти, Самарқанд форуми, Сўхга ҳаво қатнови йўлга қўйилади
- Коронавируснинг 12 дан ортиқ тури мавжудми?
- Ўзбекистон: Карантин яна узайтирилиши керакми, "Қора мерган" ва сўз эркинлиги тақдири
- Ўзбекистон: Тошкентликлар норозилиги давом этмоқда ва масжидлар қачон очилади?
- Ўзбекистон: Аҳолига 2 триллион сўм тарқатилади, Тошкент кенгаяди
- Ўзбекистон ва коронавирус: Covid – 19 қачон йўқолади?
- Ўзбекистон иссиғида қандай ниқоб тақиш керак? Коронавирус
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek


















