Ўзбекистон: Одам савдоси жабрланувчилари идентификация қилинади – янгиликлар - O'zbekiston, yangiliklar

Ўзбекистон сўми

Сурат манбаси, .

Norma.uz ахборот-ҳуқуқий портали янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонун қабул қилингани тўғрисида хабар берган.

2021 йил 19 февралдан кучга кирувчи ушбу қонунда икки босқичдан иборат одам савдосидан жабр кўрганларни идентификациялаш тартиби акс эттирилган.

Дастлабки идентификация Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, ДХХ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари томонидан амалга оширилади.

Мазкур босқичда шахсни одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс деб тан олиш тўғрисида қарор қабул қилиш мақсадида маълумотларни олишга, ўрганишга ва баҳолашга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинади.

Одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс вақтинчалик бошпана, тиббий, психологик, ҳуқуқий ёрдам ва бошқа зарур ёрдамларни олишга, шунингдек таржимон хизматларидан бепул фойдаланишга ҳақли экани қонунда белгилаб қўйилган.

Ҳудудий комиссиялар томонидан якуний идентификация зарурий ҳолатлар коллегиал белгиланиб, аниқлаштирилганидан кейин амалга оширилади.

Натижалар бўйича шахсни одам савдосидан жабрланган деб тан олиш ёки тан олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Одам савдосидан жабрланганларнинг ижтимоий реабилитация ва мослашуви қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни;
  • вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитария-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа энг зарур ашёлар билан таъминлашни;
  • ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни;
  • ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларини излашида ёрдам кўрсатишни;
  • ижтимоий реабилитация ва мослашув, шахсларнинг одам савдоси билан боғлиқ бўлган жиноятларга такроран жалб этилишининг олдини олиш учун ишлаб чиқилган дастурларни ташкил этишни.

Ойлик инфляция - 0,5 фоиз

Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, 2020 йил август ойи давомида истеъмол нархлари ва тарифлари даражаси 0,5 фоизга кўтарилган.

Қўмита мева ва сабзавот нархларининг ўзгаришини ҳисобга олмаганда, август ойи давомидаги инфляция 0,8 фоизни ташкил этганини билдирмоқда.

Расмий ҳисоботда, шунингдек, 2020 йилнинг январь-август ойларидаги ўртача инфляция кўрсатгичи 4,8 фоизни ташкил этгани қайд этилган.

Аҳолига балиқчилик ўргатилади

Интенсив усулда балиқ етиштираётган аҳолини ўқитиш йўлга қўйиш кўзда тутилган президент қарори қабул қилинди.

«Балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлаш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, 2020 йилдан бошлаб сунъий сув ҳавзаларида балиқ етиштирадиган хўжаликларга сувдан фойдаланганлик учун солиқ қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун белгиланган ставкаларда ҳисобланади.

Коллектор-дренаж сувларидан олиб фойдаланилган сув ресурслари солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

Қарорга кўра, балиқчилик хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларини ўқитиш мақсадида пуллик асосда ўқув курслари ташкил этилади.

Балиқчиликка ўқитиш бўйича таянч аудиториялар, кўргазмали балиқхоналар ташкил этилади, шартнома асосида ушбу йўналишдаги кластерлар, фермер хўжаликлари ходимлари, шунингдек, интенсив усулда балиқ етиштираётган аҳолини ўқитиш йўлга қўйилади.

Аҳоли хонадонларида интенсив усулда балиқ етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш учун дастурлар доирасида ажратиладиган кредитлар устувор равишда балиқчиликка ўқитиш бўйича курсларнинг тегишли сертификатига эга бўлган фуқароларга ажратилади.

Чегарадаги йўлдош шаҳарча

Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг пойтахтнинг Тошкент вилояти, Тошкент тумани ҳудудидан «Йўлдош шаҳарча ва саноат зонаси» ташкил этиш назарда тутилган қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада Тошкент туманидаги майдони 493,56 гектарга тенг ерда Тошкент шаҳри таркибига кирувчи йўлдош шаҳарча ва саноат зонаси ташкил этиш тўғрисида сўз боради.

Лойиҳада бўлажак йўлдош шаҳарча барпо этилиши таклиф этилаётган майдоннинг айрим жойлари Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида жойлашгани кўзга ташланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek