Секс эвазига ёрдам ёки фаришта қиёфасидаги йиртқич

Qizil va ko‘k chiziqli oq ko‘ylak va qora kostyum kiygan odamning surati. Uning soqollari oqarib, boshida soch yo‘q.
Сурат тагсўзи, Туркиялик хайрия ташкилоти раҳбари Садеттин Карагўз унга ёрдам сўраб келган қочқинларга жинсий зўравонлик қилган деган айбловларни рад этди
    • Author, Фунданур Ўзтурк
    • Role, BBC News Турк хизмати
    • Author, Kawoon Khamoosh
    • Role, BBC Жаҳон хизмати
  • Ўқилиш вақти: 7 дақ

BBC News'нинг Турк хизмати ёритган жинсий зўравонликда айбланган шахс – турк хайрия дўкони эгаси қамоққа олинди.

BBCнинг бир йил давомида олиб борган суриштируви Садеттин Карагўз исмли шахс Анқарадаги ҳимоясиз суриялик қочқин аёлларни жинсий эксплуатация қилгани ва уларга секс эвазига ёрдам ваъда бергани ҳақидаги айбловларни ўртага чиқарди. Унинг ўзи барча айбловларни рад этмоқда.

Ёрдамга муҳтож суриялик аёллар таъкидлашича, дастлаб Карагўз уларга осмондан тушган "фаришта"дек кўринган. Яқинлари эса уни "қочқинлар бобоси" сифатида кўриб келган.

Анқаранинг Алтиндағ маҳалласини минглаб суриялик қочқинлар яшагани сабабли "кичик Ҳалаб" деб аташган. Карагўз айнан шу ерда 2014 йилда ўз хайрия дўконини ташкил этган.

Алоқадор мавзулар:

Туркия дунёдаги энг кўп қочқинлар яшайдиган мамлакатлардан бири ва Карагўзники каби хайриялар, айниқса, ишсиз аёллар учун ҳаёт манбаи бўлиши мумкин.

Шундай аёллардан бири Мадинадир*. У 2016 йилда, фуқаролар уруши унинг шаҳри Ҳалабни қамраб олганда қочишга мажбур бўлган.

Унинг айтишича, орадан икки йил ўтгач, уч фарзандидан бири оғир хасталикка чалинган ва эри уни ташлаб кетган. Анқарада болаларга ёлғиз ўзи қарашга мажбур бўлган аёл ёрдамга ўта муҳтож эди.

Ҳамма уни Садеттин Карагўзнинг "Umut Hayir Magazasi" ёки "Умид хайрия дўкони"га боришни тавсия қилган. У таглик, макарон, ёғ, сут ва кийим-кечак каби хайрияларни тўплаб, қочқинларга тарқатарди.

Devorlari qizil, oq va yashil rangga bo‘yalgan ikki qavatli bino. Devorlarga o‘rdaklar va bolalar tasvirlangan bo‘lib, unda sutni targ‘ib qilish va odamlarga ko‘proq meva va sabzavotlar iste’mol qilish kerakligi to‘g‘risidagi so‘zlar yozilgan.
Сурат тагсўзи, Карагўзнинг ташкилоти Анқаранинг минглаб суриялик қочқинлар яшайдиган Алтиндағ ҳудудида жойлашган.

"У менга: Эшигим сиз учун доим очиқ деди", эслайди Мадина. Унинг айтишича, Карагўз "Борадиган жойингиз бўлмаганда, меникига келинг, сизга ғамхўрлик қиламан", деган.

Аёлнинг айтишича, кейин ёрдам сўраб борганда, бу эркак ўзгариб қолган эди. У дўконда аёлларга рухсатсиз тегинаётганини, ўзига ҳам қўл теккизганини пайқайди. У ерга сўнгги марта борганида вазият кескинлашди.

У Карагўз уни офисда парда ортидаги жойга баъзи нарсаларни келтириш учун олиб киргани ҳақида гапирди.

"У мени ушлаб олиб, мени ёқтиришини айтди, – дейди у. – У мени ўпа бошлади... Мен бақира бошладим, унга мендан нари кетишини айтдим. Агар қичқирмаганимда, у мени зўрламоқчи эди."

Мадина бинодан қочиб чиққани ва Карагўзга бу ҳақда полицияга хабар беражагини айтгани ҳақида гапирди.

Бироқ унинг айтишича, Карагўз уни "олдига келишга" кўндиришга уринаверган ва бир куни унинг уйига келиб, эшикни қаттиқ тақиллатиб, очишни талаб қилган.

"У даҳшатли гапларни айтди, – дейди у. – Мен қўрққанимдан эшикни очмадим," дея қўшиб қўяди кўз ёшларини тийишга уриниб. Карагўз уни Сурияга қайтариб юбориш билан таҳдид қилган экан.

Оқибатлардан қўрққан Мадина полицияга бормаганини ва бўлиб ўтган воқеани бошқа ҳеч кимга айтмаганини таъкидлайди.

Jovonlarda paketlangan guruch, pomidor konservalari va qadoqlangan sut turibdi.
Сурат тагсўзи, Карагўзнинг айтишича, унинг ташкилоти сўнгги ўн йил ичида қочқинларга гуруч, сут ва консерваланган помидор каби зарур нарсаларни берган.

Нафақадаги банк ходими бўлмиш Карагўз бу айбловларни рад этиб, BBC билан суҳбатда унинг дўкони 37 мингдан ортиқ одамга, асосан қочқинларга ёрдам берганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ёрдам тарқатиш пункти кичик, гавжум ва видеокузатув остида бўлгани учун у ҳеч қандай аёл билан ёлғиз қолмаган.

Йиллар давомида унинг хайрияси кенг эътирофга этилиб, 2020 йилда маҳаллий газетанинг мукофотини қўлга киритган. У ҳақда миллий телевидениеда ҳикоя қилишгани, миллий ҳамда халқаро ташкилотлар қўллаб-қувватловига ҳам эришганини таъкидлайди.

BBC
Men yordamni olish uchun o‘girilganimda, u qo‘llarini orqamga tegizdi. Xafa bo‘ldim. G‘azablandim... Uni itarib yubordim. Yordamni olmay, do‘kondan chiqib ketdim.
Batul
Jabrlanuvchi (Batafsil: BBC.COM/UZBEK)

Жами уч аёл, шу жумладан, Мадина ҳам BBCга Карагўз уларга жинсий тажовуз қилгани ва безовта қилганини айтди. Яна етти киши, жумладан, унинг хайрия ташкилотида илгари ишлаган икки собиқ ходим 2016-2024 йиллар мобайнида унинг жинсий зўравонлик қилганига гувоҳ бўлганликларини ёки бевосита гувоҳлардан эшитганликларини таъкидлади.

"Унинг столи орқасида кичкина хона бор эди, у ерга биз ёрдам пакетларини қўярдик, – дейди собиқ ходимлардан бири. – Биз унинг ўша хонада аёлларга тегажоғлик қилишини кўриб, ўрганиб ҳам қолган эдик."

27 ёшли суриялик қочқин Наданинг* айтишича, Карагўз дастлаб унга ёрдам таклиф қилганида, у "худди фаришта келгандек ҳис қилган."

Бироқ аёлнинг айтишича, у биринчи гал унинг ташкилотига борганида, Карагўз ўзи билан бирга бўш квартирага борсагина ёрдам беришини айтган. "Узоқ қолмаймиз, атиги 10 дақиқа... Рози бўлмасангиз, сизга ҳеч нарса бермайман," дея Карагўзнинг сўзларини келтиради Нада.

У қайнсинглиси ҳам ёнида бирга бўлганини ва улар дарҳол у ердан чиқиб кетишганини айтади.

Divanda o‘tirgan ayolning profildan olingan surati. U jigar rangli, uzun yengli oq chiziqli ko‘ylak kiygan va yuzini qora burka bilan yopgan. Bir ko‘zning faqat bir qismigina ko‘rinadi.
Сурат тагсўзи, Наданинг айтишича, у жаноб Карагўзнинг олдига оиласи ёрдамга муҳтож бўлгани учун борган.

Нада эри ва фарзандлари билан Анқарада совутгич каби қулайликлар бўлмаган ёмон жиҳозланган квартирада яшагани ҳақида гапирди. Оиласини таъминлашга ёрдам беролмаётганидан умидсизликка тушган аёл бошқа борар жой тополмаганидан яна ўша дўконга қайтганини айтди.

Нада бир сафар Карагўз уни ўғлига таглик олиш учун парда ортидаги жойга олиб борганини айтди. "Унинг бир қўлида таглик, иккинчи қўли бўш эди. У кўкрагимни ушлашга уринди," дейди у.

У Карагўз шундай деганини эслайди: "Ҳаяжонланманг, бу нормал ҳолат."

Кейинги сафар борганда эса, у "орқамдан келиб, қўлимни ушлади... мени жинсий аъзоларига тегишга мажбур қилди... менга ҳужум қилаётган махлуқдек эди" дейди.

"Бутун вужудим қалтирарди... Йиғлаётгандим, – дейди у. – У менга: Тинчлан. Бу оддий ҳолат, тез бўлади, деди." Аммо у қочиб кетганини, ташқарида турган бошқа аёлларни дўконга киришдан огоҳлантирганини айтади.

Бу Наданинг Садеттин Карагўздан сўнгги марта ёрдам сўрагани эди.

Жинсий зўравонлик билан боғлиқ уятдан қўрқиб ва ўзини айблаб қўйишларидан хавотирланиб, Нада бўлиб ўтган воқеани ҳеч кимга, ҳатто эрига ҳам айта олмаганини таъкидлайди.

Qora va oq rangli kletkali ustki kiyim bilan oq hijob kiygan ayolning surati. U labini pushti rang pomadaga bo‘yagan. Orqa tomonda sariq gullar o‘sayotgan oq rangli to‘rtburchak tuvak bor.
Сурат тагсўзи, Батулнинг айтишича, у Карагўз билан учрашишдан қўрқиб юрган, кейинчалик у уйидан чиқмай, кимгадир эшик очишдан қўрққан.

BBCга Карагўздан ҳужумга учраганини айтган учинчи аёл Батул бўлиб, у кейинчалик Германияга кўчиб кетган.

Уч фарзандини ёлғиз тарбиялаётган она ҳам ундан ёрдам сўраб борганини айтади. "Мен ёрдамни олиш учун ўгирилганимда, у қўлларини орқамга тегизди," деб тушунтиради у.

"Хафа бўлдим. Ғазабландим... Уни итариб юбордим. Ёрдамни олмай, дўкондан чиқиб кетдим."

У очиқ гапириш орқали ўзи каби "азият чеккан кўплаб аёлларга" ёрдам беришга умид қилмоқда.

Карагўзга қарши бу каби кўрсатмалар илк бор пайдо бўлгани йўқ. Полиция уни ўтмишда камида икки марта сўроқ қилган.

Ҳужжатларга кўра, 2019 йилда бир аёл уни жинсий шилқимлик ва тажовузда айблаган. Аммо турк прокурори уни судга бериш учун етарли далил йўқ деб қарор қилган.

Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз:

2022 йилда БМТнинг қочқинлар агентлиги Карагўзга қарши айбловлар ҳақида хабар топгач, бир нечта махфий суҳбатлар ўтказган. 2025 йилда эса полиция унинг дўконига бостириб кириб, фаолиятини тўхтатган ва жинсий зўравонлик бўйича янги шикоят юзасидан сўроқ қилган.

Карагўзнинг адвокатлари бизга прокуратуранинг шу йил июнида чиқарган қарорини кўрсатди. Унда далиллар етишмаслиги сабабли уни судга бермаслик тўғрисида қарор қабул қилингани айтилган.

БМТ ҳам, полиция ҳам айбловларга жиддий қарамаганини, аммо жабрланувчилар ҳам, гувоҳлар ҳам расман шикоят қилишга тайёр бўлмагани сабабли бошқа чора кўра олмаганликларини билдиришди.

Баъзи аёллар гувоҳлик беришдан қочади, чунки бу уларни таъқиб қилишлари ёки мамлакатдан чиқариб юборишларига сабаб бўлишидан қўрқишади.

Qizil va ko‘k chiziqli oq ko‘ylak kiygan, qora kostyum kiygan kishi kameraga qaragan. Uning soqollari oqarib, boshida soch yo‘q.
Сурат тагсўзи, Карагўзга кўра, соғлиғи билан боғлиқ муаммолари туфайли у жинсий алоқа қила олмайди.

Аммо BBC суриштирувидан сўнг маълум бўлишича, Карагўз ҳақида хабар бериш учун яна икки аёл чиққан ва уларнинг кўрсатмаларига кўра у жинсий зўравонликда айбланган. У ҳозир қамоқда судни кутмоқда.

У ҳибсга олинишдан олдин биз Мадина, Нада, Батул ва хайрия ходимлари қўйган айбловларни Карагўзга етказган эдик. У барча айбловларни рад этган ва агар улар ҳақ бўлса, кўпроқ аёллар чиқишини таъкидлаганди. "Уч киши, беш киши, 10 киши [шикоят қилиши мумкин]. Бундай ҳоллар учраб туради, – деганди у. – Агар сиз 100, 200 [киши айбламоқда] десангиз, унда майли, ҳақиқатан ҳам бу ишларни қилганимга ишонишингиз мумкин."

Шунингдек, у қандли диабет ва қон босимидан азият чекишини айтиб, бизга 2016 йилда чап моягини олиб ташлаш бўйича операция тафсилотлари ёзилган тиббий хулосани кўрсатди – бу унинг ҳеч қандай жинсий алоқа билан шуғуллана олмаслигини англатишини айтди.

Биз Истанбул университети урология профессори ва эркаклар жинсий саломатлиги бўйича мутахассис Атеш Кадиўғлидан Карагўз ўтказган муолажа шундай таъсир кўрсатиши мумкинми, деб сўрадик. У бизга битта мояк олиб ташланганда "тестостерон даражаси 90 фоизда қолишини ва шунинг учун у одамнинг жинсий ҳаётига таъсир қилмаслигини" айтди.

Биз буни Карагўзга етказганимизда эса, у жинсий алоқа "менга мумкин эмас" деб таъкидлади.

Шунингдек, биз унга жинсий зўравонлик жинсий майлдан кўра кўпроқ ҳокимият ва назорат истаги билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тушунтирдик. У шундай жавоб берди: "Менда бундай истак йўқ.

"Биз фақат савоб иш қилдик, эвазига мана шуларни оляпмиз, уч-бешта одамнинг гапи деб синиб қолмаймиз."

Унинг айтишича, илгари уни зўравонликда айблаган аёллар наркотик сотгани ёки бошқа ноқонуний ишлар билан шуғуллангани учун полицияга хабар бергани сабабли шундай қилган. Унга қарши шунга ўхшаш «сохта» айбловларни прокурорлар рад этган.

Биз суҳбатлашган аёлларнинг барчаси ўзлари ёки қариндошлари жиноятга алоқадор эканлигини инкор этишди ва Би-би-си бу ҳақда ҳеч қандай далил топмади.

Шу йил март ойида Карагўз ўз ташкилоти номини "Bir Evim Aşevi Derneg'i" – "Менинг уй ошхонам уюшмаси" деб ўзгартирди ва уни биринчи марта расман хайрия ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтказди.

Мадина янги уйга кўчиб ўтди ва телефон рақамини ўзгартирди, аммо Карагўзни ҳамон қўрқинчли тушларида кўраётганини айтади. "Мен бирор эркакка ишонолмайдиган бўлиб қолдим... Одамлардан узоқлашдим, тушкунликка тушдим. Ўлишни хоҳлардим, – дейди у. – Мени фақат болаларим ҳаётга боғлаб турарди."

У бор кучини ўғлининг ҳаётини сақлаб қолишга қаратганини, аммо ўғли етти ёшида вафот этганини айтди.

Мана, Туркияда ўтган ўн йилдан сўнг унинг оиласига бошқа давлатга кўчиб ўтишга рухсат берилди.

*Мадина ва Наданинг исмлари уларнинг шахсини ҳимоя қилиш мақсадида ўзгартирилган.