Украина: ‘Рус аскарлари мени зўрлашди, эримни эса ўлдиришди’ - жинсий зўравонлик уруш қуролига айландими? Video Rossiya Ukraina Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-си рус аскарлари Киев яқинида тинч аҳолини зўрлагани ва ўлдирганига оид дастлабки далилларни топди. Жабрдийда инсонларнинг ўзлари билан суҳбатлашди. Кўрган-кечирганларини ўз оғзиларидан эшитди. Жинсий зўравонлик Украинада ҳам уруш қуролига айландими?
Алоқадор мавзулар:
Битмас жароҳат
Россия қўшинлари ҳозир пойтахт Киев атрофидан чиқиб кетишган.
Аммо улар ўзларининг ортларидан ҳеч қачон битмайдиган жароҳат қолдиришган.
Би-би-си худди шундай инсонларнинг ўзлари билан суҳбатлашди.
Уларнинг ўз гувоҳликларига қулоқ тутди.
Украиналик аёлларнинг босқинчи аскарлар томонидан зўрланишгани далилларини топди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"Бир аскар уйимизга кириб келди. Уйда мен ва эрим ўтиргандик. Қуролини ўқталиб мени қўшнимизнинг уйига олиб ўтди. "Кийимларингни еч, бўлмаса отиб ўлдираман", деди. Кейин жинсий зўрлашни бошлади. Ўша вақт хонага тўрт аскар кириб келди. "Бўладиганим бўлди", деб ўйладим. Лекин аскарлар уни олиб чиқиб кетдилар", - деб айтган жабрдийда аёллардан бири.
Унинг ҳимояси учун шахсини сир сақлашга қарор қилдик.
Аммо бу ягона ҳолат эмас.
Зўравонлик - уруш қуролига айландими?
Украинанинг озод қилинган вилоятлари ва шаҳарларида маҳаллий аҳоли ва журналистлар россиялик ҳарбийлар томонидан жинсий зўравонлик бўлганинини аниқламоқда.
Зўрлаш ҳақидаги хабарлар сони кундан-кунга ортиб бормоқда, аммо содир бўлаётган воқеаларнинг асл кўламини тушуниш осон бўлмайди.
Украина Бош прокуратураси зўрлаш бўйича биринчи иш тергови бошланганини эълон қилган бўлса, кўнгилли ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари жабрланувчилардан кўрсатма йиғишни бошлади.
Кўпроқ ҳолатлар
Украина Бош прокурори Ирина Венедиктова камида битта зўрлаш иши бўйича тергов ҳақида гапирди.
Жабрланувчининг ҳикоясини биринчи марта Times журналистлари хабар берган.
Нашрнинг таъкидлашича, Киев яқинидаги Бровари шаҳрида яшовчи 33 ёшли Наталья зўравонликка учраган.
Аёлнинг журналистларга айтишича, россиялик ҳарбийлар унинг эрини отиб, ўзини тўрт ёшли ўғли ёнида зўрлаган. Аскарлар ухлаб қолишганда, Наталья қочишга муваффақ бўлган.
Ирина Венедиктованинг айтишича, прокуратура битта ҳарбий хизматчининг шахсини аниқлаган - унга жиноят содир этишда гумон қилиниб, сиртдан айблов эълон қилинган.
Би-би-си урушдан жабрланганларга психологик ёрдам кўрсатиш учун кўнгилли бўлган икки психолог билан суҳбатлашди. Уларга кўра, зўрлаш ҳолатлари ҳозир маълум бўлганидан анча кўп бўлиши мумкин.
Мутахассис Василиса Левченконинг айтишича, унга жинсий зўравонликдан омон қолганлар мурожаат қилган. Мисол учун, бир мижоз психологга вояга этмаган қизи зўравонликка учраганини айтди. Бу аёлнинг сўзларига кўра, "ҳаммаси тугагач, [қизидан] қон кетаётган эди". Оилага қўшниси ёрдам берди - икки аёл қизни бирга касалхонага олиб боришди. Василиса Левченконинг айтишича, қиз бир неча кун гапирмаган. Она ва қизнинг кейинги тақдиридан психолог бехабар.

Сурат манбаси, SERGEI SUPINSKY/AFP VIA GETTY IMAGES
Яна бир психолог (исмини ошкор қилмасликни сўраган) Би-би-си билан суҳбатда унга бир неча зўрлаш ҳолатлари бўйича мурожаат қилинганини тасдиқлади.
Хабарларнинг кўплиги сабабли далил йиғишга ҳуқуқ ҳимоячилари ва кўнгиллилар қўшилди.
Кўнгиллилар ёрдам беради
Александра Матвийчук Киевдаги Фуқаролик эркинликлари маркази раҳбари бўлиб, уруш жиноятлари далилларини тўплашга тайёр бўлган юзлаб кўнгиллиларни бирлаштирган. Унинг Би-би-сига айтишича, кўнгиллилар зўрлаш ҳолатларини ҳам ҳужжатлаштирмоқда.
"Кўнгиллилар бошланғич тайёргарликдан ўтишган, шунинг учун биз зўрлаш ҳолатларини олганимизда, уларни ҳужжатлаштириб, жабрланганларга ёрдам берадиган халқаро ташкилотларга топширамиз", дейди Матвийчук.
Унинг фикрича, кўнгиллилар томонидан тўпланган маълумотлар уруш жиноятлари бўйича тергов бошлаган Халқаро Жиноят суди учун фойдали бўлиши мумкин.
Матвийчукнинг айтишича, ҳозир кўнгиллилар ҳар бир иш бўйича батафсил далиллар базасини тўплаш имконига эга эмас - улар қайси ҳолатлар бўйича қўшимча маълумотлар зарурлигини кейинроқ ҳал қилиш учун барча маълумотларни ёзиб олишади.
"Биз [Халқаро Жиноят Суди] юқори даражадаги далилларни талаб қилишини тушунамиз. Шунинг учун биз батафсилроқ суҳбатлар ўтказишимиз ва қўшимча маълумот тўплашимиз керак. Лекин булар БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Украинадаги уруш бўйича ташкил этилган халқаро комиссияси фаолияти учун керакли бўлиши мумкин. Шунингдек, биз ЕХҲТнинг Москва механизмига нима бўлаётгани тавсифини юборамиз - учта мустақил эксперт иш бошлади, улар тергов ўтказадилар ва ЕХҲТ аъзо мамлакатларига ўз фикрларини билдирадилар.
"Менимча, биз жуда кўп [зўравонлик] ҳолатлари ҳақида гапиряпмиз", дейди Катерина Бусол, Британиянинг Chatham House (Россияда номақбул деб тан олинган) таҳлил марказининг халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича украиналик юристи, у илгари ўзини мустақил эълон қилган ДПР ва ЛНР ҳудудларида жинсий зўравонлик ҳолатлари бўйича ишлаган.

Сурат манбаси, CHRIS MCGRATH/GETTY IMAGES
Айрим ҳудудлар ҳамон Россия назорати остида қолаётгани, кўнгиллилар ва адвокатлар қурбонларнинг гувоҳликларини тўплай олмаётгани вазиятни мураккаблаштирмоқда, дейди Бусол. "Аммо бундан ҳам муҳими омон қолганларнинг зўравонлик ҳақида гапириши айниқса қийин бўлаётганидир. Ҳозир бизда аниқ рақамлар йўқ", дейди эксперт.
Александра Матвийчук жамоаси бир қурбон ҳақидаги маълумотни Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотига етказди. Ташкилот маълумотни текшириб, унинг тўғрилигини тасдиқлади.
"Менга синфдошимни эслатасан"
Мустақил равишда Human Rights Watch зўрлаш бўйича бир нечта хабарни олган, аммо уруш жиноятлари ҳақидаги ҳисоботига фақат битта ишни киритди.
"Бошқа уч киши бизга ўзлари билган аниқ ҳолатлар (зўрлаш) ҳақида айтиб берди. Лекин биз уларни ҳисоботга киритмадик. Биз жуда эҳтиёт бўлишимиз керак ва фақат ўзимиздаги фактлар ҳақида гапиришимиз керак. Бу урушда зўрлаш ҳолатлари қанчалик кенг тарқалганини айта олмаймиз", дейди ҳисобот ҳаммуаллифи Рейчел Денбер.
HRW Харков вилоятидаги қишлоқ аҳолиси ҳақида ҳикоя қилади. Ольга (исми ўзгартирилган) қизи, бошқа оила аъзолари ва ўнлаб маҳаллий аҳоли билан рус ҳарбийлари қишлоққа кириб келганида маҳаллий мактабнинг ертўласига яширинган.
Ольга ҳуқуқ ҳимоячиларига 13 март куни россиялик ҳарбий хизматчи мактаб ертўласига бостириб кириб, унга эргашишни буюрганини, аёлни иккинчи қаватдаги синфга олиб чиққанини ва қурол ўқталиб, ечинишни буюрганини айтди.
HRW'нинг ёзишича, ҳарбий хизматчи аёлни бир неча бор зўрлаган, уни доимо қурол билан қўрқитган ва "кўпроқ мажбурлаш учун" шифтга икки марта ўқ узган.
Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, ҳарбий хизматчи Ольгага исм-шарифини ва ёшини - 20 ёшда - айтган. HRW исмни кўрсатмаган.
"У менга сен синфдошимни эслатасан деди", дея Ольга сўзларини келтиради HRW.
Ольганинг таъкидлашича, ҳарбий хизматчи унинг юзига китоб билан урган ва бўйнига ва ёноқларига пичоқ билан жароҳат етказган - бу сўзларни тасдиқловчи фотосурат HRW'да бор.
Рейчел Денбернинг Би-би-сига айтишича, Ольга қишлоқдан қочишга муваффақ бўлган, Харьковга етиб борган ва тиббий ёрдам сўраган.
Украина Мудофаа вазирлиги россиялик ҳарбийларни яна бир зўрлаш ишида айбламоқда.
Мудофаа вазирлигининг даъво қилишича, Мариуполда бир неча ҳарбий хизматчи аёлни кичкина ўғлининг кўз ўнгида зўрлаган. Аёл вафот этган.
Кейинроқ кўнгилли Юлия Смирнова жароҳатланган бола касалхонага олиб кетилганини ёзди - у шокда эди.
Кўнгиллилар ўлган аёлнинг Прагада яшовчи қариндошларини топишга муваффақ бўлишди - улар болани ўзларига олиб кетишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Қўшимча хўрланиш
Мутахассис Катерина Бусолнинг қайд этишича, у учун энг ҳайратланарлиси ўз оиласи ва фарзандлари олдида зўравонликка учраган аёлларнинг кўрсатмалари бўлган: "Бу хўрликнинг қўшимча даражасидир, на инсон сифатида, на аёл сифатида, на оила аъзоси сифатида қадринг бор. Сен ҳеч нарсага арзимайсиз. Биз сени ҳар томонлама, жумладан, зўравонликнинг кўргазмали шакллари билан эзгани келдик. 2022 йил февралигача мен Россия ва Украина ўртасидаги можарода бундай ҳолатларга дуч келмагандим".
Буюк Британиянинг Украинадаги элчиси Мелинда Симмонс ҳам зўрлаш ҳақида гапирди: "Бу уруш қуролидир. Гарчи биз Украинада унинг қўлланилишини ҳали тўлиқ билмасак ҳам, у Россия арсеналининг бир қисми бўлганлиги аниқ", дейди элчи.
"Афсуски, жинсий зўравонлик урушнинг деярли анъанавий жиҳати, - дейди Катерина Бусол. - Душманни дегуманизация қилиш мавжуд бўлиб, бу жанг майдонидаги воқеалар билан биргаликда аёлларга қаратилган зўравонликни кучайтиради".
Кўплаб ҳарбий тўқнашувлар пайтида зўравонлик ҳолатлари қайд этилган.
Чеченистондаги урушлар пайтида HRW ҳуқуқ ҳимоячилари жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳақида бир неча бор хабар берган.
"Чеченистон жамиятида жинсий зўравонлик ҳолатларини ошкор қилишга қарши қатъий табу мавжуд. Мусулмон маданияти ва чеченларнинг миллий урф-одатлари эркаклар ва аёллар ўртасидаги муносабатларни қатъий тартибга солади ва номақбул хатти-ҳаракатлар қаттиқ, кўпинча жисмоний жазога тортилади; очиқчасига беҳаё сўзларни аёллар олдида сўзлаш жиддий ҳақорат ҳисобланади. Турмушга чиқмаган зўрлаш қурбонлари турмушга чиқа олмай қолиш эҳтимоли кўпроқ, зўрланган турмуш қурган аёлларни эса эрлари ташлаб кетиши эҳтимоли кўпроқ", деб ёзган HRW бу фактлар зўрлаш ҳолатларини ҳужжатлаштиришни қийинлаштиришини изоҳлар экан.
Судгача етиб борган энг машҳур иш 2000 йилда 18 ёшли чечен қизи Элза Кунгаеванинг ўғирланиши, зўрланиши ва ўлдириши иши бўлди. Уч йил ўтгач, танк полкининг командири, иккала Чечен урушида қатнашган полковник Юрий Буданов айбдор деб топилди.
Халқаро ҳуқуқда жинсий зўравонлик Руанда бўйича халқаро трибунал туфайли геноциднинг мумкин бўлган шакли сифатида кўриб чиқила бошланди - айнан ўша ерда зўрлаш уруш қуроли сифатида тан олинган ва кўпинча оломон - ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам ҳарбийлар кўз ўнгида содир бўлган.

Сурат манбаси, NICHOLE SOBECKI/AFP VIA GETTY IMAGES
Югославиядаги урушлар пайтида зўрлаш ҳолатлари ҳам аёллар, ҳам эркаклар томонидан хабар берилган. Уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларни тергов қилган БМТ Халқаро трибунали 70 дан ортиқ одамни жиноятда айблаган. Биринчи судланган босниялик хорват Анто Фурунжия, махсус кучлар гуруҳи қўмондони эди: трибунал Фурунжия аёлни сўроқ қилаётганда уни масхара қилган ва зўрлаганини аниқлади.
Ушбу иш орқали Трибунал зўрлаш геноцид қуроли ҳисобланиши ва Женева конвенциясининг бузилиши сифатида жиноий жавобгарликка тортилиши кераклигини тасдиқлади. Бироқ жабрланувчиларнинг таъкидлашича, жиноятга алоқадор шахсларнинг оз қисмигина судланган, кўплари жазосиз қолган.
Қўшма Штатларда шов-шувли ишлардан бири ҳарбий жиноятда айбланган Стивен Дейл Грин иши бўлди. Ироқ уруши пайтида ҳарбий хизматчи спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлганида, 14 ёшли қизни зўрлаб, тўрт кишилик оилани ўлдирган. Қўшма Штатларда Грин қамоқхонага жўнатилди, у ерда бир неча йил ўтиргач, ўз жонига қасд қилди. Гриннинг ҳамкасблари ҳам қамалган.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков россиялик аскарларнинг Украина ҳудудида содир этган зўрлашлари ҳақидаги маълумотни ёлғон деб атади, ҳатто бундай хабарларни ўрганиш ва текшириш кераклигини ҳам айтмаган.
Уруш жиноятлари, жумладан, зўрлаш ишларини тергов қилиш Халқаро жиноят судининг ваколатига киради, Украина ҳозирда бундан катта умид қилмоқда. Бироқ суд фақат аниқ шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ва уларнинг шахсий жавобгарлигини белгилаш мумкин бўлган ишларни текширади.
Бундан ташқари, рад этиб бўлмайдиган далилларни тўплаш учун йиллар керак бўлиши мумкин: ҳатто прокуратура барча далилларни тўплаши мумкин бўлса ҳам, гумонланувчи Халқаро жиноят судига шахсан келиши керак - бу суд сиртдан ҳукм чиқармайди.
Киевдаги Фуқаролик эркинликлари маркази раҳбари Александра Матвийчукнинг айтишича, кўнгиллилар халқаро трибунал ғоясини илгари сурмоқда, чунки Халқаро жиноят суди "катта балиқ"қа эътибор қаратади ва суд муҳокамаси учун алоҳида ишларни танлайди.
"Жиноятлар жазосиз қолмаслиги биз учун муҳим", дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













