Ҳиндистон: зўрлангани ҳақида полицияга шикоят қилган қизни яна зўрлашди

Протест против сексуального насилия в Индии

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Аёлларга қарши содир этилган жинсий зўравонликлар Ҳиндистонда кўплаб норозилик намойишларига сабаб бўлган

Ҳиндистон полицияси зобити зўрлангани ҳақида хабар бериш учун келган 13 ёшли қизни зўрлаганликда айбланиб ҳибсга олинди.

Ҳиндистонда зўрлаш, жумладан, гуруҳ бўлиб зўрлаш узоқ вақтдан бери одатий ҳол бўлиб келган. Сўнгги маълумотларга кўра, 2020 йилда, ушбу жиноят бўйича маълумотлар мавжуд бўлган сўнгги йилда, Ҳиндистонда ўртача ҳар 18 дақиқада 28 379 нафар аёл ва қиз зўрланган.

Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штатида содир бўлган воқеа шу ҳафтада ҳинду каста тизимининг энг қуйи поғонаси Далит жамоасидан бўлган жабрланувчи ўсмир қиз полицияга шикоят қилишга муваффақ бўлганидан кейин маълум бўлди.

У ўз аризасида 22 апрель куни тўрт нафар йигит томонидан қўшни штатга олиб кетилганини, бироқ орадан бир неча кундан кейин қочишга муваффақ бўлганини айтган. 27 апрель куни у полиция бўлимига борган ва у ерда яна зўрланган.

Қочиб кетаётган гумонланувчи чоршанба куни қўлга олинган. Унга "Болаларни жинсий жиноятлардан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун бўйича айблов қўйилган.

Айни вақтда полиция зўрлаш вақтида полиция бўлимида бўлганлиги айтилган тўрт киши ва қизнинг бир қариндошини ҳибсга олган. Ҳибсга олинганлар орасида Уттар-Прадеш штатининг Лалитпур шаҳридаги қишлоқ полиция бўлими раҳбари ҳам бор, дейди штат полицияси вакили.

Ҳужум содир этилган пайтда полиция бўлимида бўлган яна 29 нафар лавозимдаги шахс ўз вазифаларидан четлаштирилди.

"Айбдор топилганларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади, - деди пайшанба куни Reuters агентлигига полициянинг юқори лавозимли зобити Прашант Кумар. - Зўрлаш қурбони даволаниш учун туман касалхонасига ётқизилган".

Муаммо сақланиб қолмоқда

Ушбу воқеа ҳақидаги хабар Ҳиндистон ижтимоий тармоқларида норозилик уйғотди. Сиёсатчилар ва фаоллар аёлларни ҳимоя қилиш учун шошилинч чоралар кўришни талаб қилишди.

Мухолифатдаги Конгресс партиясининг юқори мартабали аъзоси Приянка Ганди Вадра "Агар полиция участкалари аёллар учун хавфсиз бўлмаса, улар қаерга шикоят қилади? - деб ёзди. - [Уттар-Прадеш] ҳукумати аёллар учун хавфсиз бўлиши учун полиция участкаларида аёл зобитлар сонини кўпайтириш ҳақида ўйладими?"

2012 йил декабрь ойида Янги Деҳлида талаба қизни гуруҳ бўлиб зўрлаш катта шов шув кўтарганидан бери Ҳиндистоннинг зўрлаш қонунлари ва ҳукм чиқариш қоидалари қайта кўриб чиқилди. Кейинчалик у қиз ҳужум пайтида олган жароҳатлари туфайли вафот этганди.

Бу воқеа бутун дунё бўйлаб матбуот сарлавҳаларга айланди ва Деҳлида оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Ҳиндистон жинсий жиноятларга қарши курашиш учун янги қаттиқ қонунларни киритишга мажбур бўлди. 2020 йилда жиноятда айбдор деб топилган тўрт киши қатл этилган.

2018 йилда Ҳиндистон болаларга қилинган қатор ҳужумлардан сўнг жамоатчилик босимига жавобан 12 ёшгача бўлган қизларни зўрлаш учун жазо сифатида ўлим жазосини жорий қилди.

Аммо жиноят даражаси юқорилигича қолмоқда: охирги расмий маълумотларга кўра, 2020 йилда, жиноят маълумотлари мавжуд бўлган сўнгги йилда, Ҳиндистонда ўртача ҳар 18 дақиқада 28 379 нафар аёл ва қиз зўрланган.

Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, бу рақам аслида анча юқори, чунки кўплаб жинсий зўравонлик қурбонлари полицияга мурожаат қилмайди.

Уттар-Прадеш ҳукумати айниқса кескин танқидга учради.

2020 йилда штат 19 ёшли қизнинг ўлимидан сўнг тилга тушди, матбуот гуруҳ бўлиб зўрлаш ва шафқатсиз ҳужумлар ҳақида хабар берди. Полиция ва маъмурият оиласининг розилигисиз қизнинг жасадини тунда яширинча куйдирган.

Кўп далилларга қарамай, расмийлар унинг зўрланмаганлигини таъкидламоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek