Қизи жинсий зўрланган ота нима қилмоқчи? Жинсий зўравонлик, аёллар ва дунё, Hindiston, dunyo, jinsiy zo'ravonlik, yangiliklar

- Author, Дивия Ария
- Role, Би-би-си
Жинсий зўравонлик ва дунё: Қизи жинсий зўрланган ота нима қилмоқчи? - У жинсий зўрланиб, сўнгра осиб ўлдирилганини айтаётган қизи учун қасос олмоқчи. Аммо суд-чи?
Вақти-вақти билан Ҳиндистонда аёлларнинг зўрланиши шундай шафқатсиз тус оладики, у нафақат маҳаллий матбуотнинг бош саҳифаларидан жой олади, балки халқаро миқёсда ҳам эътибор тортади.
2012 йилда Деҳлида юз берган аёвсиз зўрлашдан кейин ҳукумат қонунларни қаттиқлаштирди ва полицияга мурожаатлар ҳам тобора кўпайиб бормоқда.
Кўпчилик буни аёлларга нисбатан жинсий зўравонлик муаммосига эътибор кучайганлиги билан изоҳламоқда. Бошқалар ўтказилган ислоҳотларга, шу жумладан, жинсий тажовузлар учун ўлим жазоси жорий этилишига ишора қилмоқда.
Аммо баъзи экспертлар буларнинг барчасини ҳинд жамиятида чуқур илдиз отган муаммоларни ҳал қилмайдиган кенг тарқалган популизм, деб атамоқда.
Би-би-сининг "100 аёл" лойиҳаси доирасида Дивя Аря нима учун Ҳиндистоннинг қаттиқ қонунлари зўрлаш қурбонларига ёрдам бермаслигини кўрсатадиган учта воқеани айтиб берди.
"Биз адолат қарор топганига гувоҳ бўлишимизга умид қиламан."
Бугунги кунгача ушбу қишлоқ "қизлар осилган жой" деб номланади.
Бир куни тонгда қишлоқликлар 12 ва 15 ёшли амакивачча қизларнинг манго дарахтига осилган жонсиз жасадини кўриб қолдилар. Уларнинг оилалари жиноятни яшириш учун қизлар зўрланган ва осилган, деб ҳисобламоқда.

Бу 2012 йили Деҳлида тўда бўлиб зўрлаш воқеасидан кейинги биринчи йирик иш эди. Олти йилдан кўпроқ вақт ўтди, аммо кўпчилик учун бу жиноят худди кеча содир этилгандек.
Машинамиз Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги Бадаун округидаги тор йўллар бўйлаб юриб боради. Кейин қайси томонга боришни билиш учун вақти-вақти билан тўхтаб турамиз. Йўлни тез ва аниқроқ кўрсатишлари учун "қизлар осилган қишлоқ" кераклигини айтиш кифоя.
Аммо Бадуандан бўлган оила учун - ҳозирги номи шундай - адолатга эришиш осон кечмаган.

Улар билан 2014 йилнинг ёзида учрашганман. Мен бу қишлоққа саккиз соатлик йўл босиб келган Деҳли журналистларининг биринчиларидан бири бўлдим.
Қизлардан бирининг отаси уларнинг жасадлари топилган дарахт тагида мени кутиб турарди. Унинг сўзларига кўра, у қўрқиб кетган, чунки маҳаллий полиция уни масхара қилган ва ёрдам беришдан бош тортган. Аммо у қасос олмоқчи: "Уларни омма олдида осиш керак, - дейди у. - Бизнинг болаларга нима қилган бўлса, биз ҳам уларга шундай қилишимиз керак!"
Қонунларнинг кучайтирилиши полицияга мурожаат қилишни қулайлаштириши керак эди. Ҳиндистонда зўрлаш учун ўлим жазоси жорий этилган ва ҳаттоки бундай ишларни тезда кўриб чиқиш учун махсус судлар ташкил қилинган.

Бир моддада балоғатга етмаганларни зўрлаш бўйича жиноий ишларни бир йил ичидаёқ битириш тавсия этилади.
Бироқ судда кўриб чиқилаётган зўрлаш ҳолатлари сони тобора кўпайиб бормоқда.
2013 йил охирида уларнинг сони 95 мингга, 2019 йил охирига келиб эса 145 мингга етди.
Бадуанда биз ўша дарахт ёнига яқинлашамиз, аммо ота бошқа томонга қарайди. Унинг айтишича, уни кўриш аччиқ хотираларни уйғотади. У анча толиққан ва ёшига нисбатан каттароқ кўринади.
Ғазаб аримайди, аммо адолат йўли узоқ бўлиши ва унда ёлғиз юришинг керак бўлишини тушунасан: "Қонунда бундай ишлар тезда кўриб чиқилиши керак, дейилган. Аммо судлар бизнинг илтимосимизни эшитмайди. Мен барча инстанциялардан ўтаман, лекин биз камбағалмиз, камбағаллар учун адолатга эришиш қийин".
Тергов қисқа давом этди ва шу қадар тез тугади. Хабарда зўрлаш ёки қотилликни исботлашнинг иложи йўқлиги айтилган ва гумондорлар дарҳол озод қилинган.
Оилалар ушбу ажрим устидан шикоят қилишди, иш қайта очилди. Бироқ суд зўрлаш ва қотиллик ўрнига, енгилроқ айблов - жинсий тегажоқлик ва ўғирлик айбловларини кўриб чиқишга розилик берди.
Энди оилалар ушбу иш бўйича дастлабки айбловларни қайтариш учун курашмоқдалар.

Муаммо шундаки, ҳинд суд тизимида на маблағ, на одам етишади.
Бадуан жинояти махсус "тезкор" судда кўриб чиқилмоқда. Бироқ ўлдирилган қизларнинг оилалари манфаатларини ҳимоя қилувчи адвокат Гайин Сингхнинг айтишича, у ерда ҳеч қандай шароит йўқ.
"Тезкор судлар ишларни тезда кўриб чиқишга ҳаракат қилади, аммо баъзида экспертиза натижалари кечиктирилади, баъзида шифокорлар ёки терговчилар бошқа жойга ишлашга ўтказилади, баъзида гувоҳларни кўрсатма бериш учун чақириш кечикади", дейди у.
Биз кўчадаги ўриндиқда ўтириб, қизлар ўлдирилганидан бери йиллар давомида тўпланган ҳужжатларни варақлаймиз. Улардан бирининг онаси айтган сўзлар ҳануз қулоғим остида жаранглайди: "Мен фақат адолатни кўришгача яшашимга умид қиламан".
"Ота-онам эримни қамоққа ташладилар"
Ота-онаси унинг маҳаллий йигитни севишини билиб қолганида Уша 17 ёшда эди. Уларнинг Гужаратнинг Панчмаҳал минтақасида жойлашган қишлоғида бундай ҳолат оз эмас.
Аммо ота-оналар никоҳга розилик бермадилар ва ёш эр-хотин қочишга қарор қилди. Қочиш узоққа чўзилмади: Ушанинг отаси тез орада уларни топди ва қизини уйига қайтарди.
"У мени қамчи ва таёқ билан уриб, оч қолдирди ва кейин бошқа одамга 125 минг рупийга (тахминан $1690 доллар - Би-би-си) сотди", дейди у менга.

Тўйдан кейинги биринчи кечада Уша яна қочишга муваффақ бўлди. У севган йигитига турмушга чиқди ва тез орада ҳомиладор бўлди. Аммо яна бир тўсиқ пайдо бўлди.
Ҳуқуқий ислоҳотлар қизларнинг розилик ёшини 16 ёшдан 18 ёшгача оширди. Бинобарин, Ушининг розилиги ўз қонуний кучини йўқотди, унинг ота-онаси ёш эрни Ушани зўрлашда айблаб, уни қаматишга муваффақ бўлдилар.
Унинг оиласини ҳам аямадилар - унинг онасини қизни ўғирлашда ўғлига ёрдам берганликда айбладилар.
"Мен икки ҳафта қамоқда ўтирдим. Унинг оиласи бизнинг уйимизга бостириб келди, эшикни синдириб, молларимизни олиб кетишди. Бизни ўлдириб қўймасликлари учун яширинишга мажбур бўлдик", дейди у.
Бу ёш аёл номидан очилган, аммо унинг иродасига зид бўлган "сохта" зўрлаш иши эди.
Шу билан бирга, қанча бундай "сохта" зўрлашлар ишлари судга боришини ҳеч ким билмайди.

Адвокатларнинг айтишича, бундай ишлар кўп ва улар ҳал қилинмаган ишлар юки остида шундоғам бўғилиб ётган судларга янада кўпроқ босим ўтказмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай ҳолатлар ҳеч ким, ҳатто энг қатъий қонунлар ҳам ҳал қила олмайдиган янада чуқур муаммоларни очиб беради.
Нидерландиядаги Тилбург университетида зўрлаш қурбонлари психологиясини ўрганаётган Гарима Жейннинг айтишича, қонуний ва иқтисодий жиҳатдан ота-онасига қарам бўлган ёш қизларга уларнинг хоҳишига қарши бориш жуда қийин.
"Мен кўплаб ҳикояларни тингладим, шундан биламанки, бирор йигит сохта зўрлаш айблови билан қамоқда ўтирганда, нафақат ёш жуфтликнинг муносабатлари тугайди, балки қиз ота-онасининг янада қаттиқроқ чангалида қолади", дейди Жейн.

Ушанинг ўзига "Anandi" номли нодавлат ташкилот ёрдам берди. Қиз эрининг қариндошларини гаров эвазига қўйиб юборишга ва ота-онаси билан муросага бормасликка муваффақ бўлди. Гарчи у можарони тинч йўл билан ҳал қилишни маъқул кўрса ҳам, 18 ёшга тўлиши билан у онасини ва отасини одам савдосида расман айблади.
"Агар аёллар ўзлари хоҳлаган одамга турмушга чиқсалар, дунёда бахт кўпроқ бўлар эди", дейди Уша. Афсуски, ота-оналарнинг қаршилигида чегара йўқ, айниқса қизи уларнинг назоратидан чиқиб кетганда.
Энди Ушанинг оиласи "Anandi" ходимларини одам савдоси учун судга бериш билан таҳдид қилмоқда.
Қишлоқ жойларда зўрлаш тўғрисидаги қонунни суиистеъмол қилиш кенг тарқалган. Ижтимоий ишчиларнинг таъкидлашича, 2013-2015 йилларда зўрлаш тўғрисидаги шикоят аризаларининг 95 фоизини жабрланувчиларнинг ўзлари эмас, балки уларнинг ота-оналари ёзган.
"Anandi" ходимларидан бири Сиима Шоҳ менга ушбу қонундан доим ҳам тўғри сабабларга кўра фойдаланилмаслигини айтди: "Катта муаммо шундаки, ёш аёлларга жонсиз нарсалар каби муносабатда бўладилар ва уларга эркин яшашларига йўл қўйилмайди".
"Мен сукут сақлашга мажбур бўлган тегиб бўлмас кастадан чиққан аёлларга ёрдам бериш учун адвокат бўлишга қарор қилдим"

Майа мулойим жилмайди. Кўриниб турибдики, у кучли бўлиш учун қўлидан келганича ҳаракат қилмоқда, аммо оқибати кутилгандек бўлмади.
У менга ўз ҳикоясини барча даҳшатли тафсилотлари билан айтиб беришни чин дилдан истаяпти, аммо жароҳатидан ҳамон қон оқади. Унинг кўзларига ёш қуйилиб кела бошлади.
Майа ҳиндларнинг каста иерархиясида энг паст деб ҳисобланган тегиб бўлмас каста ёки далитга тегишли. Далит аёллари эркакларига қараганда икки баравар оғирроқ азоб чекади.
Майа юқори кастадан бўлган бир кишининг эътиборини тортганда у муҳандис бўлиш учун ўқиётганди. Эркак уни таъқиб қилди, таъқиб қилди, рад жавобларига, ҳатто венасини кесганига ҳам эътибор бермади. Охир-оқибат у уни зўрлади.
"У жуда кучли эди, мен уни тўхтатмоқчи бўлдим, аммо уддалай олмадим", дейди Майа. Унинг ота-онаси полицияга ариза ёзишда ёрдам берди, аммо қўшнилари ва қариндошларининг босими остида таслим бўлган ва зўрлаган эркак қизга уйланишга ваъда бергач, уни олиб кетишган.
Улар шундай қилсак, зўрлаш сабабли қизга босиладиган тамғадан халос бўламиз, деб умид қилишди, аммо никоҳдан сўнг унинг ҳаёти жаҳаннамга айланди.
"Эримнинг оиласи менга, афсус, сиз далитдансиз, худди канализация қувури сингари ювуқсизсиз, сизни кўрсак нафратдан титраб кетяпмиз дейишди", деб эслайди у кўз ёшларини тўхтатишга уриниб.
"У маст ҳолда уйга келиб, полицияга ариза ёзганим учун мени калака қилди, мени калтаклади ва йўқ десам ҳам, мени ҳар хил ёқимсиз жинсий қилиқларга мажбур қилди". Ишлар шу даражага етдики, Майа ўз жонига қасд қилиш ҳақида жиддий ўйлай бошлади.
У эри эшикни қулфлашни тасодифан унутганидан кейингина қочишга муваффақ бўлди. Аммо у эркинлик мазасини фақат далит кастасидан чиққан адвокат ва фаол Маниша Машал билан учрашгандан кейингина ҳис қилди.
Маниша Ҳиндистон шимолидаги Харяна штатидаги тегиб бўлмас касталардан чиққан аёлларни зўрлаш ҳолатларини ўрганиб чиқди. Маълум бўлишича, кастага кўра камситишлар ва жинсий зўравонликни йўқ қилишга қаратилган қонунлар амалда ишламайди, чунки аксарият аёллар ҳатто бундай қонунлар борлигини ҳам билмайди.

Бундан ташқари, айбланувчилар кўпинча далитларга қараганда бойроқ ва сиёсий жиҳатдан муҳим касталарга мансубдир. Каста тарафкашлиги Ҳиндистон ҳукумати, полицияси ва судларида чуқур илдиз отганлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.
Манишанинг фикрича, ушбу муаммоларнинг баъзиларини паст каста аёлларига қонунлар ва уларнинг ҳуқуқлари тўғрисида ўргатиш орқали ҳал қилиш мумкин. У Майа сингари зўрлаш қурбонларига ҳуқуқни ўрганишни маслаҳат бера бошлади. Майанинг ўзи учун бу у ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган аввалги ҳаётидан кейинги янги ҳаётнинг бошланиши эди.
У зўрлаш ишини қайта очишга муваффақ бўлди ва унга ғайритабиий жинсий хатти-ҳаракатлар айбловларини ҳам қўшди. "Маниша билан учрашганим ва ҳаётда янги мақсадни топганимдан кейин ўзимга ишончим ортди", дейди Майа. "Мен ўзларига қилинган тажовузлар ҳақида сукут сақлашга мажбур бўлган бошқа далит аёлларига ёрдам бериш учун қонунни ўрганишга қарор қилдим."
Майа ва зўрлашдан омон қолган яна беш киши Маниша билан торгина квартирада яшайдилар. Уларнинг муносабатлари нафақат ўзаро ёрдам, балки дўстлик ва ҳамжиҳатликни ҳам намоён этади. Бу уларнинг таҳликали ва қайғули эски дунёсига ўхшамайди.

"Юқори касталар паст каста аёлларига ишлатилиши ва ташлаб юборилиши мумкин бўлган буюмдек қарайди, - дейди Маниша. - Агар аёл гапиришга журъат этса, уни шунчаки ўлдирадилар".
Зўрлашда айбланган эркакларнинг оилалари кўпинча уни ўлдириш билан таҳдид қиладилар, аммо бу Манишани тўхтатмайди. У далитнинг етакчиларидан бирига, бу ёш аёллар ва ҳуқуқий тизим ўртасида ўзига хос кўприкка айланди.
"Менинг кастамдан чиққан одамлар кўпинча зўравонлик қурбонлари бўлади ва қурбонлардек ўлади. Бу мен учун эмас. Агар менга ўлиш насиб қилса, мен жангда ўламан, мен жабрланувчи сифатида эмас, балки етакчи сифатида ўламан."
* зўрлаш қурбонларининг исмлари Ҳиндистон қонунларига мувофиқ ўзгартирилди.
Би-би-сининг "100 аёл" лойиҳаси
Ҳар йили Би-би-си Жаҳон хизмати аёлларга бағишланган, аниқроғи, улар дунёни қандай ўзгартираётганини намойиш этадиган ҳикоялар мавсумини ўтказади.
Ушбу лойиҳа атрофимиздаги дунёга энг катта таъсир кўрсатган 100 та аёлнинг рўйхатини тузади.
Бу рўйхат қандай тузилади?
Би-би-сининг оғир кечаётган 2020 йилги энг нуфузли 100 аёл рўйхатига дунёдаги глобал ўзгаришларни бошлаган ёки бошқарган аёллар киради.
Улар орасида, хусусан, Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская; Финляндиядаги барча аёллар коалиция ҳукумати раҳбари Санна Марин; Оксфорд университети тадқиқот лабораторияси раҳбари Сара Гильберт (у ерда коронавирусга қарши вакциналардан бири тайёрланяпти); ва шунингдек, таниқли америкалик актриса ва атроф-муҳит фаоли Жейн Фонда ҳам бор.
Бу йил Россияни Давлат Думаси депутати, Оила, аёллар ва болалар ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Оксана Пушкина, шунингдек, рассом ва ЛГБТ фаоли Юлия Цветкова тамсил этади.
Би-би-сининг 100 нафар аёл рўйхати лойиҳа таҳририяти томонидан тузилади, Жаҳон хизматининг бошқа бўлимлари, шу жумладан, Би-би-си Ўзбек хизмати билан маслаҳатлашилади.
Лойиҳанинг мақсади ўзлари намуна бўлиб, бошқаларни илҳомлантирган, жамиятни ўзгартирган ёки кам маълум бўлган фаолият соҳасида кутилмаган натижаларга эришган ёрқин аёлларни топишдир.
100 кишилик рўйхатдаги бир исм ўрни бўш қолдирилди. Шу йўл билан мазкур рўйхатнинг тузувчилари исмларини билмаган, аммо меҳнати ва кучи билан дунёни яхши томонга ўзгартираётган аёлларга ҳурмат кўрсатишга қарор қилдилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















