Россия: Ўзбеклар нега жинсий зўравонликда кўп айбланади?

Ўзбекистонлик икки меҳнат муҳожири петербурглик 25 ёшли қизни жинсий зўрлаганликда айбланмоқда.
Маҳаллий нашрларда тарқалган хабарларга кўра, Киров туманида володарлик қиз 30 сентябр куни унга ўзбекистонлик мигрантлар жинсий тажовуз қилгани ҳақидаги даъво билан полицияга мурожаат қилган.
Қизга кўра, тонгги соат бешларда Дачный проспектидаги 16-уй ёнида яхши таниш бўлмаган йигитлар унга аввал тегажоқлик, кейин эса жинсий зўравонлик қилишган.
Янги танишлари қизга ўзларини "Дима" ва "Коля" деб таништиришган. Ҳодиса эрта тонгда, кўчада содир бўлганлиги билдирилади.
Алоқадор мавзулар:
Хабарларда гумондорлардан бири қўлга олингани ва ҳодиса юзасидан Санкт-Петербург Тергов қўмитаси томонидан жиноий иш қўзғатилгани маълум қилинган.
"Росгвардия ходимлари жиноят жойида 27 ёшли Давронбекни қўлга олди. Унинг 26 ёшли Камолиддин исмли шериги қочишга улгурган, айни пайтда у қидирилмоқда" - хабар қилмоқда маҳаллий матбуот.
Маълумотларда мигрант йигитлар ҳеч қаерда ишламаслиги таъкидланган.
Би-би-си ўзбек хизмати маҳаллий матбуотда ушбу маълумотни текширишга уринди.
Санкт-Петербург Тергов қўмитаси расмий сайтида кўрсатилган бир неча телефон рақамлари билан боғланишнинг имкони бўлмади. Шаҳар бошқармаси ва туман бўлими телефон рақамларига ҳеч ким жавоб бермади.
Расмий сайтнинг ўзида ушбу маълумот берилмаган, аммо унинг ҳамкор нашри Газета.спб хабарни манба ўлароқ қўмита маълумоти асосида эълон қилганлигини билдирди.
Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги консуллиги вакили эса бу хабар борасида консулликка бирор бир ҳали маълумот келиб тушмаганини билдирди.
Ўз ватандошларига ҳам зўрлик
Миграция бўйича таҳлилчилар Санкт-Петербургни муаммоларнинг "қайноқ нуқта"си дейишади. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг Москвадан кейин энг катта қисми жойлашган бу ҳудудда турли бахтсиз ҳодисалар билан бирга жиноятлар ҳам кўп тилга олинади.
Би-би-си ўзбек хизмати сўнгги икки ой ичида Санкт-Петербургда ўзбекистонлик мигрантлар билан боғлиқ 30 га яқин фалокатлар ва 20 дан ортиқ жиноятларни санади.
Жинсий зўравонликлар билан боғлиқ хабарларда муҳожирлар нафақат маҳаллий аҳоли вакилаларига, балки ўз ватандошлари ва ҳаттоки вояга етмаган болаларга нисбатан ҳам содир этилганлиги кўринади.
Жумладан, август ойининг охирида уч ўзбекистонлик ўз ватандошини зўрлаганликда гумонланиб қўлга олинган.
Ленинград вилояти Тергов қўмитасининг маълум қилишича, 24 август куни ўзбекистонлик 31 ёшли аёл жинсий зўрланган. Сосновий Бор шаҳридаги квартиралардан бирида содир бўлган бу жиноятни аёлнинг ўз ватандошлари содир этгани аниқланган.
Айбланувчи сифатида 20, 27 ва 44 ёшдаги уч нафар ўзбекистонлик эркаклар қўлга олинган. Аёлнинг кўрсатмасига кўра, бу уч эркакнинг бири унинг таниши бўлган.
Педофилликда айбланаётганлар
30 ёшли ўзбекистонлик ўз танишининг 13 ёшли ўғлини зўрлагани хабар қилинди.
РФ ИИВ маълумотига кўра, 4 август куни 40 ёшли ўзбекистонлик аёл ўғлини ўз юртдоши зўрлагани ҳақидаги шикоят билан Фрунзе туман полициясига мурожаат қилган. Тергов қўмитасига кўра, ҳеч қаерда ишламайдиган меҳнат муҳожири кундуз соат 12-13 лар атрофида юртдошининг 13 ёшли ўғлини Боровая кўчаси 64-уйда жойлашган хостелга олиб келган. Улар аввалдан таниш бўлгани учун бола ҳавф сезмаган.
Ўсмирга нисбатан жинсий зўравонликдан сўнг, боланинг онаси хабар топиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилган.
Айни пайтда гумонланувчи қўлга олинган ва унга нисбатан «Вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий зўравонлик» иши бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Митишида эса Ўзбекистон фуқароси педофилликда айбланмоқда. Маълумотларга кўра, Россияга ишлашга келган ўзбек йигит ҳовлини айланиб, у ерда ўйнаётган 8-10 ёшли қизчаларни телефонига тасвирга олган. Кейин эса қизчаларни музқаймоқ билан меҳмон қилишни таклиф қилган. Рози бўлган қизчаларни уйига таклиф қилган. Тергов чоғида муҳожир «оила қуриш» истагида бўлганини айтган, деб ёзди рус нашрлари.
Ноҳақ айбловлар ҳам бор
Суриштирувларимизга кўра, аксар ҳолларда жиноятлар ўз исботини топади. Гумондор муҳожирларнинг оз қисми эса ноҳақ айбловлардан яқинлари ва ёки улар орқали ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қиладилар, - дейди юрист Зарнигор Омониллаева.
Москва вилоятида ишловчи бухоролик муҳожир йигитнинг яқинлари юристга жинсий зўравонлик айби унга ноҳақ қўйилганини билдириб ёрдам сўраган.
"Муҳожир ёш қизга яхшилик қилмоқчи бўлиб, нарсаларини кўтаришиб уйига элтиб қўйган. Бошқа ҳеч гап бўлмаган. Орадан бир неча кун ўтиб, уни полиция олиб кетган. Қиз жинсий зўравонликда айблаб ариза ёзибди" - дейди юрист Омониллаева.
Юристга кўра, одатда полицияга ёзилган аризани қайтиб олиш учун пул талаб қилиш ҳоллари учрайди.
"Қонунчиликда аризани қайтариб олиш бекор қилинган. Шу боис, бухоролик йигитга адвокат топишда кўмаклашдим, яқинларига ҳуқуқий маслаҳатлар бердим. Айбсизлигининг исботланиши учун барибир, судгача ойлаб ҳибсда ўтиришга мажбур" - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Таҳлилчилар эса, меҳнат муҳожирлари орасида жинсий зўравонликларнинг кўплигини уларнинг ёши ва назоратсизлиги билан боғлашади.
"Айни уйланадиган ёшдаги қони қайноқ йигитчалар, хотинсиз эркаклар. Россиядаги очиқ-сочиқ муҳит уларни "айнитиб" юбораяпти. Ўзини бошқариши қийин ҳолатлар бўлади. Бунинг устига ота-она ёки яқинлари тергамаса, текширмаса, уйга пул юбориб қўйиб, бу ерда билган ишларини қилиб юришибди-да" - дейди собиқ ўқитувчи Наргиза Ҳамидова.
Россияда ишлаётган 2 ярим миллионга яқин ўзбекистонликларнинг 70 фоизи эркаклардир. Уларнинг ўртача ёши эса 18-45 оралиғида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












