Дунё ва мусулмонлар: Бокираликни тиклаш амалиёти тақиқланиши мумкин - O`zbekiston

Жарроҳлик жараёни

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Британияда 22 хусусий касалхона қизлиr пардасини тиклаш амалиётни таклиф этади.

Британияда фаоллар қизликни тиклаш амалларини қонун билан тақиқлашни сўрашмоқда.

Бу мамлакатда асосан муслималар ушбу жарроҳликдан фойдаланишади.

Чунки тўйдан олдин бокиралигини йўқотган қизларни оиласи оқ қилади, баъзан ўлдиришгача боришади.

Тўйдан кейин эри унинг бокира бўлмаганини билиб қолса, ажралади.

Кўплаб муслималар тўйдан олдин шифокорга учраб, қизлигини тиклашади.

Алоқадор мавзулар:

Айрим фикрларга кўра, бу амалиёт ҳам ноахлоқий, ҳам хавфли.

Лекин ушбу амалиёт тақиқланса, унда муслима қизлар яна ҳам каттароқ хавф остига тушади.

Улар ёки қизлигини тиклолмай, оиласи тарафидан оқ қилинади, ёки ноқонуний ва хавфли жарроҳлик амалиётидан фойдаланишга мажбур бўлади.

Биринчи кеча қўрқуви

Қизликни тиклаш баъзи давлатларда ноқонуний. Айримларида қонуний тақиқ йўқ, аммо пуллик.

Дейлик, Эрон, Тунис, Ўзбекистон ёки Тожикистон каби давлатларда бу жарроҳлик яширин ва 100-300 доллар эвазига бажарилиши айтилади.

Британияда эса 22та хусусий касалхона тахминан 4 минг доллар эвазига, бокираликни тиклаш амалиётини таклиф этади.

Аёллар ҳуқуқлари фаолларига кўра, бу касалхоналар тўйдан кейинги биринчи кечадан қўрқадиган муслималар ваҳимаси эвазига пул ишлашади.

Муслима

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Муслималар қизлигини йўқотса, оиласи ҳам юз ўгиради.

Даҳшатли амалиёт

Британия Соғлиқни сақлаш вазири Матт Ҳенкон бу даҳшатли амалиётга чек қўйиш йўлларини кўриб чиқишини айтди.

Аммо қандай қилиб тақиқлашмоқчи - маълум эмас.

Айрим фаолларнинг айтишича, ушбу амалиётни тақиқлаганда ҳар тарафлама обдон ўйлаб қўрилмаса, қизлар ўзини ўлдириши ҳам мумкин.

Бокираликни тиклаш амалиётини яқиндан биладиган Доктор Холид Хоннинг ўйлашича, тақиқлаш - энг оқилона ечим эмас.

"Ҳар бир аёл ўзи ҳал қилиши керак" - деб айтган Доктор Хон.

"Ишончим комилки, шифокорлар аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш учун бу ишга қўл урадилар".

Бироқ айрим шифокорлар қизликни тиклаш амалиётига қаршилар.

Уларнинг таъкидлашича, айни жарроҳлик бефойда ва у аёлларнинг заиф руҳий ҳолатларини суистеъмол қилиш устига қурилган, деган танқидлар ҳам айтилади.

Фақат муслималар эмас

Айни пайтда, лабиапластика, яъни жинсий аъзо лабларини қисқартириш ёки шаклини ўзгартириш амалиёти ҳам кенг тарқалган.

Бундай амалиётни Британияда нафақат муслималар, балки бошқалар ҳам қилишади.

Баъзи шифокорларнинг ўйлашича, айни жарроҳлик амалиётларини қиладиган аёллар қайсидир маънода ўзини инсон сифатида эмас, балки шаҳвоний объект сифатида кўради.

Лекин мусулмон аёллар фақатгина бокиралигини йўқотиб қўйганда, шармандаликдан қутулиш, оиласи шаънини булғамаслик ва ота-онаси оқ қилишидан қўрқиб, қизлик пардасини тиклашлари айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek