Дайжест. Россия, мигрантлар: Ўзбекистонлик муҳожир бир оиланинг 4 аъзоси қотиллигида гумонланмоқда, Rossiya, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, ANTON NOVODEREZHKIN/TASS
- Author, Соҳиба Ҳаёт
- Role, Би-би-cи, Москва
- 26 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг 2 шериги бўлиши мумкин;
- Россия сохта паспортли ўзбекистонликлар Украина орқали Доминиканга қочишаётганди;
- Санкт-Петербургдаги новвойхонада ўзбекистонлик муҳожирнинг жони узилди;
- Россиядаги ўзбекистонликлар сони тобора ортмоқда;
- Ташқи ишлар вазирининг Москвага ташрифи кутилмоқда;
Кексалар ва болакай буғиб ўлдирилган, келин зўрлаб кейин пичоқланган
Новгородда бобо, буви, келини ва 5 ёшли болакайни ўлдиришда айбланиб, 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинган.
Россия ИИВ си маълумотига кўра, муҳожир бу қотилликдан сўнг уйдаги барча қимматли буюмларни ўмариб қочган. Полиция шу куниёқ ўзбекистонликни қўлга олган.
Уйдаги кексалар, уларнинг 5 ёшли неварасининг "ваҳший қотиллиги ва келинини жинсий зўрлаб ўлдириш"да айбланаётган ўзбекистонлик муҳожир Нижний Новгород яқинида жойлашган қишлоқдаги хонадонларнинг бири томорқасида ишлаётган бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг билдиришича, "кексалар буғиб ўлдирилган, ёш келин эса аввал жинсий зўрланган, кейин пичоқланган".
Ҳодиса вақтида уй соҳиби (келиннинг эри) хизмат сафарида, 13 ёшли қизи спорт машғулотига кетган бўлган. Қотилликлардан сўнг уйда ўғирлик бўлган.
Полиция тахминига кўра, мигрантнинг яна 2 нафар жиноий шериги бўлган. Бу икки шахс ҳам муқаддам худди ўша оилада ишлаган муҳожирлардир.
Айни пайтда тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.
Украинада сохта паспортли ўзбекистонликлар ҳибсга олинди
Украинанинг «Бориспол» аэропортида 4 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди, дея хабар берди Украина чегара хизмати расмий сайти.
Хабарда ёзилишича, қўлга олинган ўзбекистонликларнинг барчасида Россия паспорти бўлган. Улар Доминикан Республикаси «Киев - Ла Романа» рейсига авиабилет расмийлаштирилаётган вақтда ушланган.
Ўзбекистон фуқароларига нисбатан «Украина давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уриниш» ҳамда қалбаки хужжатлар тайёрлаш бўйича жиноий ишлар қўзғатилиб, қамоқ жазоларига ҳукм қилиниши кутилмоқда.
Муҳожир «Тез ёрдам» келгунича оламдан ўтди

Сурат манбаси, MIKHAIL TERESCHENKO/TASS
Санкт-Петербургда эса ўзбекистонлик 64 ёшли муҳожир вафот этди.
Марҳум София кўчасидаги новвойхонага ишга кирмоқчи бўлган.
Маҳаллий нашрларга кўра, ишлаш истагида новвойхонага келган мигрант қисқа вақтда ўзини ёмон ҳис қилган.
Тоби қочган муҳожир учун «Тез тиббий ёрдам» чақирилган, аммо шифокорлар етиб келмасидан 64 ёшли мигрантнинг жони узилган.
Унинг вафоти сабаби аниқланиши учун марҳумнинг жасади ўликхонага юборилган.
Мазкур ҳодиса юзасидан текширув ишлари ўтказилмоқда.
Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар сони 2 млнга яқинлашди

Сурат манбаси, official
Жорий йилнинг 29 январь куни Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Telegram даги расмий канали хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар сонини маълум қилган эди.
Маълумотга кўра, 2021 йилнинг 1 январь ойи ҳолатига кўра, 1 678 400 нафар ўзбекистонлик хорижда ишламоқда.
Бу 2020 йилнинг айни вақтига таққослаганда, 780 мингга кам, деганидир.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, пандемия ортидаги карантин чекловлари сабаб юз минглаб ўзбекистонликлар Россияга ишлашга кета олишмаяпти.
Юқоридаги статистикадан сўнг, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан ўзбекистонликларнинг xорижга ишга юборилаётгани бўйича қатор маълумотлар ва рақамлар бериб борилди.
Жумладан, февраль ойининг сўнгги ҳафтасининг ўзида 1086 нафар ўзбекистонлик Россияга ишга юборилган.
Ташқи ишлар вазирининг Москвага ташрифи кутилмоқда
Ўзбекистон Tашқи ишлар вазирлиги расмий сайти маълумотига кўра, вазир Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 1-2 март кунлари амалий ташриф билан Россияда бўлади.
"Музокаралар чоғида сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон - Россия муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади", - дейилади ТИВ маълумотида.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek














