Россия - Ўзбекистон, мигрантлар: Сен унда зор, мен бунда зор - янгиликлар, Rossiya, Navalniy, Putin, O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Россия - Ўзбекистон, мигрантлар: Миллатчилик камайди. Иш кўп, ишчи йўқ. Мигрантларнинг қадри ўтаяптими? Ўзбекистонликлар Россияга кетмоқчи - дайжест.

Миллатчиларнинг диққати намойишлардами?

Россияда жорий йилнинг январь ойида этник ва диний белгиларга кўра ҳужумлар қайд этилмагани айтилмоқда.

"Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси" нодавлат ташкилоти ўзининг янги ҳисоботида январь ойида Россия Федерациясида ирқий ва диний тоқатсизликка асосланган хужумлар қайд этилмаганини билдирди.

Ваҳоланки, ҳуқуқ ҳимоячиларининг таҳлилларида Санкт-Петербург, Ставропол ва Краснодар ўлкаларида миллатчилик мазмунидаги вандализмга оид 3 иш бор.

Россияда фаолият олиб борувчи "Инсон ҳуқуқлари бўйича Москва бюроси" нодавлат ташкилоти мамлакат ҳудудида инсон ҳуқуқларининг топталиши ва тажовузкор миллатчиликнинг кўринишлари бўйича махсус мониторинглар олиб боради.

Бюро қошида таҳлилчилар ва журналистлардан иборат гуруҳ ишлаб, ОАВлар ва кенг жамоатчилик учун мунтазам шарҳлар тайёрлашади.

Январь ойида Россиянинг кўплаб ҳудудларида муҳолифатчи Алексей Навальнийни қўллаган, мамлакатда сўз эркинлиги ва ҳукумат ўзгаришини ёқлаб кетма-кет ўтказилаётган намойишлар ҳисобга олинса, маҳаллий аҳолининг диққати миллатчиликдан бироз чалғиб, сиёсий жараёнларга қаратилган бўлишини тахминлаш мумкин.

Ҳосилни ким йиғади?

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Россия қурилиш объектларида ишчи муҳожирлар етишмаётгани бот-бот такрорланмоқда. Россия Бош вазирининг ўринбосари Марат Хуснуллин мамлакатда ишчи кучига эҳтиёж ортаётганига тўхталиб, пандемия сабабли 1,5 миллиондан зиёд меҳнат муҳожирлари Россияни тарк этганини билдирди.

Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги эса, РФ ҳукуматига муҳожирларнинг Россияда далада мавсумий иш олиб боришлари учун рухсат бериш тўғрисида илтимоснома билан расмий равишда мурожаат қилди.

Қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари ҳосилни йиғиш учун кўп миқдорда ишчилар етишмаётганидан жиддий хавотирда.

Масъуллар маҳаллий аҳоли бундай ишларга боришга тайёр эмас ва бу борада етарли билимга эга эмас, дея ҳисоблашмоқда.

Ушбу расмий мурожаатдан сўнг Россия Бош вазирининг ўринбосари Виктория Абрамченко Қишлоқ хўжалиги, Меҳнат ва Ички ишлар вазирликлари олдига қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишларга мигрантларни жалб этиш масаласини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Россияга юборилаётган ишчилар

Чегаралар бир томонлама ёпиқ бўлган бир пайтда ўзбекистонликларга Россияда ишлаш имкониятини Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги таклиф этмоқда.

Агентлик ўзининг расмий саҳифасида хорижда ишлашни истовчи ўзбекистонликлар учун мунтазам равишда чет элдаги корхоналар билан ҳамкорликда иш ўринларини таклиф этмоқда. Талаб асосан Россияга бўлганлиги боис, энг кўп иш ўринлари мазкур давлатга эълон қилинмоқда.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия Федерациясининг "ПИК Индустрия" АЖ ва "Техстрой" МЧЖ қурилиш корхоналарида ишлашни истовчи ўзбекистонликларни танловдан ўтказаётганини билдирган.

Фарғона, Хоразм, Самарқанд ва Қашқадарё каби вилоятларида суҳбатдан ўтказилган ўзбекистонликлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб Россияга юборилаётганини расмий саҳифаларида маълум қилмоқда.

"Россияда ишлаш учун кетаётган юртдошларимизга аэропортда тегишли тушунтиришлар берилиб, меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан материаллар тарқатилди. Юртдошларимиз белгиланган эпидемиологик талаблар ва карантин чекловларига риоя қилган ҳолда қурилиш объектларида иш бошлайди", деб ёзади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Телеграм каналида.

Migrantlar

Сурат манбаси, Getty Images

Россияга кетаман деб…

Ўзбекистонликларнинг Россияга ишлашга кетиш учун фирибгарларга сохта ҳужжатлар учун пул бериб, алданиб қолаётган ҳоллари ҳам кўпайиб бораяпти.

"Фирибгарлик жиноятининг энг кўпи чет элга ишга жўнатиш билан боғлиқ", деб ёзмоқда маҳаллий нашрлар.

Маълумотларга кўра, 2020 йил давомида Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ фирибгарлик жиноятлари оқибатида 17 мингдан зиёд ўзбекистонликлар жабрланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти тақдим этган маълумотларга кўра, хорижга ишга жўнатиш ваъдалари билан содир этилаётган фирибгарликлар энг кўп учрамоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг маълум қилишича, ўзбекистонликларни Россияга сохта ҳужжат билан жўнатмоқчи бўлган шахслар қўлга олинган.

Муқаддам Россиянинг "Внуково" аэропортида бир гуруҳ ўзбекистонликлар сохта ҳужжатлар боис, Россияга киритилмаган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, пандемия ортидан 600 мингга яқин ўзбекистонликлар турли сабабларга кўра, Россиядан ўз ватанига қайтган. Ва айни пайтда 400 мингдан зиёд ўзбекистонликлар Россияга кира олмаяпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek